ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва захирага бўшатиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.03.2020 й. ПҚ-4630-сон "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.03.2020 й.

N ПҚ-4630



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФУҚАРОЛАРИНИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЧАҚИРИШ

ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини шакллантириш ва унинг нуфузини оширишда, шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан ўз муқаддас бурчини сидқидилдан адо этиб, ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланишига қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшлар ўртасида миллий армия билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.

Шу билан бирга, ҳарбий хизматга номзодларни танлаб олиш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва ҳарбий хизматга чақиришнинг амалдаги тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, бу борада янада самарали тизим ишлаб чиқишни, Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлиги ва салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга чақириш тизимини такомиллаштириш, мазкур жараённи амалга оширишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, номзодларга қўшин турларини танлаш имкониятини яратиш, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақириш жараёнидаги бир-бирини такрорловчи тадбирларга барҳам бериш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафини ҳар томонлама етук, соғлом, жисмонан бақувват, интеллектуал салоҳиятли чақирувчилар билан бутлаш;

чақирилувчилар онгида миллий ғурур, она юртга садоқат ва ватанпарварлик туйғусини кучайтириш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақиришнинг мавжуд тизимини оптималлаштириш;

чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда бир-бирини такрорловчи босқичларни соддалаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ҳарбий округлар ҳарбий госпиталлари мутахассислари томонидан ўтказиш;

ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, ҳарбий округ қўмондонларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.


2. Чақирув тадбирларини сифатли ташкил этиш мақсадида фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш бўйича қуйидаги комиссиялар тузилсин:

а) муддатли ҳарбий хизматга чақириш учун:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида Раҳбарият кенгаши (кейинги ўринларда - Раҳбарият кенгаши);

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларида ҳарбий-тиббий комиссия (кейинги ўринларда - ҳарбий-тиббий комиссия);

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш комиссияси (кейинги ўринларда - бутлаш комиссияси);

б) муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасига ўтказиш учун - туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида ҳудудий комиссия (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссия);

в) чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлиги даражасини аниқлаш ва даволанишга йўналтириш учун - мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида ҳудудий тиббий комиссия (кейинги ўринларда - ҳудудий тиббий комиссия).


3. Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Қуйидагилар белгилансин:

а) Раҳбарият кенгашининг асосий вазифалари этиб:

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тадбирларини сифатли ташкил этиш;

чақирилувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, фикрлаш қобилияти, тафаккури, фидойилиги, қизиқишлари ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда, улар бутлаш комиссияси томонидан қўшин турларига тўғри тайинланганлигига баҳо бериш;

ҳарбий-тиббий комиссия томонидан соғлиги бўйича ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчиларни Қуролли Кучлар қўшин тури командаларига тайинлаш (ёки турли сабабларга кўра командаларга тайинланмаганлиги) бўйича қарор қабул қилиш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан чақирилувчиларни йиғиш ва тантанали равишда ҳарбий қисмларга юбориш бўйича тадбирлар ўтказилишида ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

бутлаш комиссияси, ҳарбий-тиббий комиссия, ҳудудий тиббий комиссия учун жойларда зарур шарт-шароитларни яратиш, дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ишларини ташкил қилиш;

муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг ошкоралигини, шунингдек, чақирувга оид тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш;

ҳарбий-тиббий комиссия, бутлаш комиссияси ва ҳудудий тиббий комиссия қарорларидан норози бўлган чақирилувчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва ечими бўйича тегишли қарор қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан турли сабабларга кўра қайтарилган муддатли ҳарбий хизматчилари бўйича текширув ўтказиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш;

б) Ҳарбий-тиббий комиссиянинг асосий вазифалари этиб:

Бутлаш комиссияси томонидан қўшин турларига тайинланган чақирилувчиларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш;

шифокор-мутахассислар томонидан чақирилувчиларнинг ҳисоб карталарига киритилган ёзув ва хулосаларнинг тўғрилигини текшириш;

Раҳбарият кенгаши раиси билан ҳамкорликда чақирилувчиларни қўшимча текширув ва даволашга йўналтириш, шунингдек, қўшимча текширув ва даволашдан кейин уларнинг қайтишларини назоратга олиш;

чақирилувчиларнинг соғлиги даражаси бўйича ҳарбий хизматга яроқлилиги юзасидан якуний тиббий хулоса бериш;

тиббий комиссия фаолияти жараёнида йўл қўйилган камчиликлар таҳлилини инобатга олган ҳолда, ҳарбий-тиббий комиссия шифокор-мутахассислари билан кенгашлар ўтказиш;

Қуролли Кучларни бутлаш якуни бўйича тиббий комиссия иши натижаларини умумлаштириш, ҳисобот тайёрлаш ва белгиланган тартибда Раҳбарият кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиш;

в) Бутлаш комиссиясининг асосий вазифалари этиб:

муддатли ҳарбий хизматга юбориш учун тавсия этилган ва ҳудудий тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчилар билан суҳбат ўтказиш, соғлиги даражаси, жисмоний тайёргарлиги, фикрлаш қобилияти ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда, қўшин турларига тайинлаш бўйича қарор қабул қилиш;

қабул қилинган қарорларни чақирилувчилар йиғмажилдидаги тегишли саҳифага белгиланган тартибда расмийлаштириш ва имзолаш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг ошкоралиги ва холислигини таъминлаш;

жойлардаги тегишли идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотларининг чақирилувчиларни йиғиш ва уларни тантанали равишда ҳарбий қисмларга юбориш бўйича тадбирларни ўтказишда ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

чақирилувчилар, уларнинг ота-оналарининг чақирувга оид мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

г) Ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари этиб:

чақирилувчиларни муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасига ўтказиш;

чақирилувчиларни йиғиш, муқобил хизматга юбориш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш ҳамда Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни доимий яшаш жойларига қайтаришга оид тадбирларни тантанали равишда ўтказишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни доимий яшаш жойларига қайтариш бўйича тадбирларни ташкил этиш;

ҳудудий комиссиялар фаолияти ва чақирувнинг ошкоралигини таъминлаш;

д) Ҳудудий тиббий комиссияларнинг асосий вазифалари этиб:

чақирилувчиларни бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш;

руҳий-асаб касалликлари, наркологик, тери-таносил диспансерлари, ОИТСга қарши курашиш ва санитария-эпидемиология осойишталиги, фтизиатрия ва пульмонология марказлари рўйхатида турувчи чақирилувчилар тўғрисида маълумотга эга бўлиш;

чақирилувчиларни қўшимча текширув ва даволашга йўналтириш, қўшимча текширув ва даволашдан сўнг уларнинг тиббий комиссияга келишларини назоратга олиш;

чақирилувчиларнинг соғлиги даражаси бўйича ҳарбий хизматга яроқлилиги юзасидан хулоса бериш;

тиббий кўрикдан ўтказишни сифатли ва холисона амалга ошириш мақсадида мунтазам равишда тиббий комиссия аъзолари билан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш борасида кенгашлар ўтказиб бориш;

чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича ҳисобот тайёрлаш ва ушбу ҳисоботни ҳарбий-тиббий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаси (органлари) ҳамда мудофаа ишлари бошқармасига тақдим этиш.


5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда чақирув тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 24-банди иккинчи хатбошисидаги "туман (шаҳар) чақирув комиссияси" сўзлари "Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши" сўзлари билан алмаштирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4630-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 1 октябрдаги "Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш бўйича чақирув комиссиялари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 265-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2009 йил, 40-сон, 435-модда).


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги 90-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 йил, 2-сон, 15-модда) иловасининг 2-банди.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 712-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 йил, 37-сон, 996-модда) иловасининг 13-банди.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 960-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 йил, 49-сон, 1197-модда) иловасининг 7-банди.


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги 321-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 йил, 5-сон, 101-модда) 1-иловаси 13-банди.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги 210-сон қарори 1-иловасининг 2-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 16 март, 10-сон, 106-модда




































Время: 0.1815
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск