ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Пахтачилик /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.03.2020 й. ПҚ-4633-сон "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.03.2020 й.

N ПҚ-4633



ПАХТАЧИЛИК СОҲАСИДА БОЗОР

ТАМОЙИЛЛАРИНИ КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-5853-сон Фармони ижросини таъминлаш, жумладан қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиш, ишлаб чиқариш иқтисодий самарадорлигини ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар манфаатдорлигини ошириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" АЖ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Пахтачиликда бозор тамойиллари жорий этилиши муносабати билан пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари ва қайта ишловчи корхоналарнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

пахта хомашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади;

пахта хомашёсини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар)га районлаштирилган ғўза навларини эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилади;

пахта хомашёси етиштирувчиларни сифатли уруғлик билан таъминлаш мақсадида сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими (шу жумладан, уруғлик пахта учун амалдаги устама тўлаш тартиби) сақлаб қолинади ҳамда босқичма-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари зиммасига юклатилади;

б) пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилади.

Қуйидагилар кооперациянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кооперация аъзолари билан шартномалар тузиш орқали пахта хомашёси етиштириш юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

кооперация аъзолари томонидан пахта хомашёси етиштириш учун зарур бўлган мулк комплекслари, техника, ускуна, транспорт воситаларидан, пахта тозалаш заводларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этиш;

кооперация ва уларнинг аъзолари ўртасида имзоланадиган шартнома асосида кооперация аъзоларини қишлоқ хўжалиги техникаси, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит, уруғлик, шунингдек, кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари билан таъминлаш;

пахта хомашёсини тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тегирмон усулида қайта ишлашни шартномаларга асосан амалга ошириш ва воситачилик шартномалари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишни ташкиллаштириш;

кооперация аъзоларига агротехника, бухгалтерлик, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматларни кўрсатиш;

кооперация билан ҳамкорлик қилиш учун экспорт қилувчиларни жалб этиш, ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотлари ўтказиш;

кооперация аъзолари томонидан ишлаб чиқариладиган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотларни биржада ёки биржада шаклланган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерларига белгиланган имтиёзлар пахта хомашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади;

в) республикада ишлаб чиқарилган пахта толаси учун биржада бошланғич нарх шаклланишида амалда қўлланилаётган 10 фоиз миқдоридаги чегирма бекор қилинади;

г) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни ўз вақтида маҳаллий шароитга мос сифатли уруғлик билан таъминлаш, тегишли тартибда ишлов берилмаган уруғлик орқали касалликлар тарқалишининг олдини олиш, пахта хомашёси ҳосилдорлигини изчил ошириб бориш мақсадида 2020 йил ҳосили учун уруғлик чигит "Ўзпахтасаноат" АЖ тизимидаги уруғчилик цехлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан етказиб берилади.

4. Белгилансинки, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг имтиёзли кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағларидан фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик хўжаликлари агротехник тадбирлардан келиб чиқиб, эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

пахта хомашёси ва донни харид қилиш учун жалб этиладиган тижорат кредитлари фоизининг бир қисмини қоплаб бериш учун республика бюджетидан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига, эҳтиёжга қараб, 700 млрд сўмгача маблағ ажратсин;

пахта хомашёси ва ғаллани сотиб олишни кредит ресурслари билан таъминлашда тижорат банкларида маблағларга эҳтиёж туғилганда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, суверен ва корпоратив халқаро облигацияларни чиқариш ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тижорат банкларини зарур маблағлар билан таъминласин;

икки ой муддатда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш механизмларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:

пахтачилик соҳасида кластер тизимини самарали ташкил этиш мақсадида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни;

пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган республика ҳудудларида фермер хўжаликларининг ихтиёрий равишда бирлашиши асосида пахта тозалаш корхоналари негизида пахта хомашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи кооперациялар ташкил этишни назарда тутувчи қарорни қабул қилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг "Ўзпахтасаноат" АЖни тугатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

"Ўзпахтасаноат" АЖни тугатиш комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда "Ўзпахтасаноат" АЖни тугатиш бўйича "йўл харитаси"ни тасдиқласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзгидромет" маркази билан биргаликда қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий сервис хизматларини ташкил этиш мақсадида дарёлар ва республика ҳудудларида кутилаётган ва мавжуд сув ресурси, метеорологик, гидрологик ва агрометеорологик маълумотларни "on-line" режимида олиш имконини берувчи махсус электрон саҳифа ташкил этсин ҳамда доимий фаолиятини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига пахта толасини импорт қилиш бўйича чекловлар ўрнатилмаганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


10. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги "2020 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида"ги 985-сон қарорининг 1-банди тўртинчи хатбошиси, шунингдек, қарорга 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу қарор мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4633-сон қарорига

1-ИЛОВА



Пахтачиликда бозор тамойиллари жорий этилиши

муносабати билан пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари

ва қайта ишловчи корхоналарнинг ўзаро муносабатларини

тартибга солиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш

механизми


Ижро муддати


Масъул ижрочилар


1.

Пахта хомашёси етиштиришни молиялаштиришнинг янги тартибини ишлаб чиқиш.

Бунда, 2021 йил ҳосилидан бошлаб, пахта хомашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитларни фермер хўжаликларининг талабидан келиб чиқиб, ажратиш тизимини жорий этиш назарда тутилсин.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2020 йил

1 апрель

Молия вазирлиги, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


2.

Пахта хомашёси етиштириш учун кластер корхоналари ва фермер хўжаликларига ажратиладиган кредит маблағларини ягона махсус банк карталари орқали ойма-ой эркин тасарруф қилиш механизмини синов тариқасида Бухоро вилоятида татбиқ этиш ва тажриба натижаларига кўра бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш.


Чора-тадбирлар

режаси


2020 йил

1 апрель

Марказий банк, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


3.

2021 йил ҳосилидан пахта толасини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш балансини тасдиқлаш амалиётини бекор қилиш.


Чора-тадбирлар

режаси


2020 йил

1 сентябрь


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" АЖ, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси


4.

"Ўзагросервис" АЖ тизимидаги туман машина трактор паркларининг вилоят машина трактор парклари бирлашмаларига тегишли улушларини пахта-тўқимачилик кластерларига белгиланган тартибда сотиш.


Чора-тадбирлар

режаси


2020 йил

1 апрель


"Ўзагросервис" АЖ, Давлат активларини бошқариш агентлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзагролизинг" АЖ, тижорат банклари


5.

Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятга эга товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатидан пахта маҳсулотини чиқариш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2020 йил

10 апрель

Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" АЖ


6.

"Пахтасаноат ҳудудий акциядорлик" бирлашмаларининг пахта тозалаш заводларидаги акция (улуш) пакетлари сотилишига қадар, ушбу заводлар томонидан пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатилишини таъминлаш.


Чора-тадбирлар

режаси


2020 йил

20 март


"Ўзпахтасаноат" АЖ, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


7.

Пахта хом ашёси ҳисоб-китобини тўғри юритиш мақсадида "Ўзпахтасаноат" АЖнинг "Ўзпахта" автоматлаштирилган тизимини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказиш.


Чора-тадбирлар

режаси


2020 йил

1 июль

"Ўзпахтасаноат" АЖ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


8.

"Ўзпахтасаноат" АЖни тугатиш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган Лойиҳа офисини ташкил этиш.

Лойиҳа офисини

тузиш


2020 йил

20 март


Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар



Қуйидагиларни назарда тутувчи "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

а) "Ўзпахтасаноат" АЖни тугатиш, активларини ва мажбуриятларини хатловдан ўтказиш, унинг тизимидаги корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш;

б) "Ўзпахтасаноат" АЖни тугатиш комиссияси томонидан бажариладиган тадбирларни белгилаш.

Бунда:

пахта тозалаш корхоналаридаги "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари акция (улуш) пакетларини белгиланган тартибда сотиш;

Ҳукумат қарорларига асосан пахта-тўқимачилик кластерларига бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ҳамда тузилган олди-сотди шартномаси мажбуриятлари пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан бажарилмаган тақдирда, мазкур пахта тозалаш корхоналаридаги "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаларига тегишли акция (улуш) пакетларни белгиланган тартибда сотиш;

пахта тозалаш корхоналаридаги "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари улушларини сотиш жараёнлари якунлангандан сўнг "Ўзпахтасаноат" АЖ ва "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаларини тугатиш;

в) Лойиҳа офиси "Ўзпахтасаноат" АЖ ва "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаларини тугатиш жараёнини назорат қилиши ва тугатилганидан сўнг активларини қабул қилиши назарда тутилади.


Чора-тадбирлар

режаси

2020 йил

1 май

Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Лойиҳа офиси, "Ўзпахтасаноат" АЖ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


9.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 28 майдаги ПҚ-4341-сон қарорига мувофиқ 2020-2021 йилларда республика ҳудудларида ташкил этилиши белгиланган тикув-трикотаж мажмуаларини пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан ишга туширилишини таъминлаш.

Бунда, пахта-тўқимачилик кластерларига тикув-трикотаж мажмуаларини ишга тушириш учун алоҳида имтиёзли кредитларни ажратиш назарда тутилади.


2020-2021

йилларда

мажмуаларни

ташкил этиш

бўйича манзилли

(дислокация)

дастурга

ўзгартириш

киритиш ва

зарурий молиявий

манбалар билан

таъминлаш


Ўзбекистон

Республикаси

Президентининг

2019 йил 28

майдаги

ПҚ-4341-сон

қарорида

белгиланган

муддатларда


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Ўзпахтасаноат" АЖ, тегишли тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


10.

Жаҳон банкининг "Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш" лойиҳаси доирасида туманларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан пахта ва ғалла экилган майдонларда, экинларнинг ривожланиш ҳолати ва кутилаётган ҳосил прогнози билан шуғулланувчи ахборот-маслаҳат марказларини ташкил этиш ва уларни техник воситалар билан таъминлаш.

Ахборот-маслаҳат марказлари томонидан:

кутилаётган ҳосил, экинларнинг ривожланиш ҳолати, омборлардаги маҳсулот ҳажми бўйича ҳудудлар кесимида маълумотларнинг даврий равишда эълон қилиб борилиши;

хўжаликларга тупроқ унумдорлигини аниқлаш ва уни ошириш, агротехник тадбирларни мақбул муддат ва даражада ўтказиш, зараркунандаларнинг тарқалиши ва уларга қарши курашиш тадбирларини ўтказиш, маҳсулотларни сотиш ва бошқа масалаларида консультатив хизматлари берилиши йўлга қўйилади.


Чора-тадбирлар

режаси

2020 йил

1 сентябрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги

11.

Жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳосил йилида кутилаётган минимал нархларни эълон қилиш.


Бюллетень чоп этиш, ОАВда эълон қилиш


Ҳар йили

1 декабрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси


12.

Ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари тўғрисида махсус телекўрсатувлар ташкил этиш, реклама роликлари тайёрлаш орқали оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш.


Амалий

чора-тадбирлар

Ҳар ҳафта


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


      





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4633-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамиятини тугатиш комиссияси

ТАРКИБИ

1. С. Бекенов

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори, тугатиш комиссияси раиси


2. С. Ходжаев

-

қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, тугатиш комиссияси раиси ўринбосари


3. А. Эргашев

-

молия вазири ўринбосари, тугатиш комиссияси раиси ўринбосари


4. Ж. Хаитов

-

Ҳисоб палатаси бош инспектори


5. А. Равшанов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибияти мудири


6. Х. Мелиев

-

адлия вазири ўринбосари


7. Ў. Каримов

-

иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари


8. Ф. Умаров

-

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари


9. Ф. Карабаев

-

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари


10. А. Исроилов

-

Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори


11. Ш. Ахмедов

-

Давлат активларини бошқариш агентлигининг бошқарма бошлиғи


12. А. Мақсудов

-

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқарув раиси


13. И. Искандаров

-

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқарув раиси ўринбосари


14. Х. Джуманов

-

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқарма бошлиғи


15. Ф. Султонов

-

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқарма бошлиғи


16. А. Латипов

-

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқарма бошлиғи


17. О. Омонов

-

Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат департаменти директори ўринбосари


18. келишув бўйича

-

Лойиҳа офиси раҳбари, тугатиш комиссияси котиби


        

Изоҳ: Тугатиш комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 март


"Халқ сўзи", 2020 йил 10 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 16 март, 10-сон, 107-модда














































Время: 0.1982
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск