ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Ички ишлар органлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.02.2019 й. ПҚ-4212-сон "Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.02.2019 й.

N ПҚ-4212



ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ

ХОДИМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ОИЛА

АЪЗОЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

ҚИЛИШНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилди ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ҳар бир ходимнинг "Халқ манфаатларига хизмат қилиш"дан иборат ўз хизмат бурчини сўзсиз адо этиши ушбу фаолиятнинг асосига айланди.

Юртимизда тинчлик ва осойишталикни самарали таъминлаш соҳасида юқори натижага эришиш кўп жиҳатдан ички ишлар органлари ходимларининг доимий шайлиги ва касбий тайёргарлик даражасига, уларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатлари ҳимояси йўлидаги фидойилиги ва жасоратига боғлиқ.

Ички ишлар органларида хизмат ўташ амалиётини ўрганиш натижалари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги бугунги кун талаблари шароитида ўз ҳаёти ва соғлиғини аямай терроризм ва жиноятчиликка муносиб қаршилик кўрсатган, хизмат вазифаларини бажариш чоғида қаҳрамонлик ҳамда жасорат намоён этган ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тизимини йўлга қўйишнинг долзарблиги ортаётганлигидан далолат бермоқда.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш йўлида хизмат ўташ ҳаёт учун юқори хатарга эга эканлигини инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Белгилансинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

терроризм, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари (кейинги ўринларда - ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тавсияномаси асосида белгиланган қабул квоталаридан ташқари давлат гранти асосида Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда - олий таълим муассасалари)нинг бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) кириш имтиҳонларисиз қабул қилинадилар;

ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг олий (магистратура, иккинчи ва олий ўқув юртидан кейинги таълимдан ташқари) ва ўрта махсус таълим муассасалари (кейинги ўринларда - ҳарбий таълим муассасалари)га қабул квоталаридан ташқари дастлабки ва касбий танлов натижалари, шунингдек ички ишлар вазирининг тавсияномаси асосида қабул қилинадилар.

2. 2019 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига тўлов-шартнома (оширилган тўлов-шартнома ставкаси бундан мустасно) асосида олий таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) ўқишга мазкур қарор қабул қилингунга қадар кирган, шунингдек ўқиш давомида ушбу ҳолатларда ота-онасини йўқотган тақдирда:

терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига - шартномаларнинг тўлиқ ҳажмини;

терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига - шартномаларнинг эллик фоизи миқдорида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тўлашга рухсат берилсин.


3. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари учун (кейинги ўринларда - ходимларнинг фарзандлари) беш фоизли квота ажратилади:

республика олий таълим муассасаларига - давлат гранти асосида олий таълим муассасалари бакалавриати (иккинчи таълимдан ташқари)га умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари;

ҳарбий таълим муассасаларига - курсант (ўқувчи)ларнинг умумий қабул сонидан:

Белгилансинки:

ходимларнинг фарзандларини ажратилган беш фоизли квоталар доирасида олий таълим муассасаларига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тавсияномаси бўйича танлов асосида амалга оширилади ҳамда ўринлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонлари натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, абитуриент кириш имтиҳонларининг энг юқори баллидан камида ўттиз фоизини тўплаган тақдирда, кетма-кетлик тартибида тақсимланади;

ходимларнинг фарзандларини ажратилган беш фоизли квоталар доирасида ҳарбий таълим мyaccacaларига қабул қилиш дастлабки ва касбий танлов натижалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тавсияномаси асосида амалга оширилади;

ходимлар, шу жумладан ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларини олий таълим муассасалари ва ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тавсиянома (кейинги ўринларда - тавсиянома) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан вазирлик Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг илтимосномаси асосида берилади;

тавсиянома бир олий таълим муассасаси ёки ҳарбий таълим муассасасига бир марта кириш учун уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;

ходимларнинг фарзандларида ушбу қарорда кўзда тутилган тавсиянома билан бир қаторда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги бўйича ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси ҳам мавжуд бўлса, уларни танлов асосида қабул қилиш қўмондонлик тавсияномасида белгиланган қўшимча балларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади;

тавсиянома бланклари қатъий ҳисобда турувчи, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлган ҳужжат бўлиб, "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғига тавсиянома бериш тўғрисида илтимоснома киритиш борасида қарорлар қабул қилишда холисликни таъминлаш ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.

5 Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида психолог-мутахассисларни, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олиб белгилаган ҳолда жалб этиш ҳуқуқи берилсин.


6. Белгилансинки, терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари (вояга етмаган фарзандлари, болалигидан ногиронлиги бўлган фарзандлари, ота-онаси, турмуш ўртоғи), шунингдек ушбу ҳолатларда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимлар:

ички ишлар органлари тиббий муассасалари хизматидан бепул фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги санаторий-курорт муассасалари жойлашган жойга шаҳарлараро (ҳаво ва темир йўл) транспортда бепул бориш ва қайтиш ҳуқуқига эга.


7. Қуйидагиларга турар-жой хизмати бўйича коммунал ва бошқа кўрсатилган хизматлар тўлови учун ҳар ярим йилда бир марта қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида пул компенсацияси тўлови жорий этилсин:

терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларига;

қарамоғида терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг вояга етмаган фарзандлари бўлган шахсларга.


8. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 6 ва 7-бандлари:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ёки ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий хизматчиларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда тегишли мурожаатлар асосида терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари (вояга етмаган фарзандлари, болалигидан ногиронлиги бўлган фарзандлари, ота-онаси, турмуш ўртоғи)га, шунингдек ушбу ҳолатларда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларга республика санаторий-курорт муассасаларига йилига бир марта, харажатлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши маблағлари ҳисобидан қопланадиган йўлланмалар ажратилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топишнинг тартиби ва аниқ мезонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларини республика таълим муассасаларига қабул қилиш учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;

уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур карордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)
























Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск