ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Аҳоли / Демография. Аҳолини рўйхатга олиш /

Ўзбекистон Республикасининг 16.03.2020 й. ЎРҚ-611-сон "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 21.11.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.02.2020 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.03.2020 й.

N ЎРҚ-611



АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 21 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 28 февралда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунчилик

Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аҳолини рўйхатга олиш - Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни;


аҳолини рўйхатга олиш санаси - аҳоли тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва ҳисобга олиш амалга ошириладиган аниқ пайт (йил, ой, кун ва соат);


респондентлар - аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;


рўйхатга олиш варағи - кўрсатилган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни ёзиб олиш учун белгиланган шаклдаги бланка;


рўйхатга олиш ҳужжатлари - аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнига тааллуқли ҳужжатлар мажмуи;


рўйхатга олувчи ходимлар - Ўзбекистон Республикасининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўришга ва уни ўтказишга жалб этилган, махсус ўқувдан ўтган вояга етган фуқаролари;


уй хўжалиги - битта турар жойда ёки унинг бир қисмида биргаликда яшайдиган, ўзини яшаш учун барча зарур нарсалар билан таъминлайдиган, умумий хўжалик юритадиган, пул маблағларини тўлиқ ёки қисман бирлаштирадиган ва сарфлайдиган шахслар йиғиндиси. Бу шахслар қариндошлик муносабатларида бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Уй хўжалиги битта шахсдан иборат бўлиши мумкин.



4-модда. Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.



5-модда. Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, мамлакатнинг демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;

шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш;

аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш.



6-модда. Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

даврийлик;

умумийлик ва бир пайтдалик;

рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги;

шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги;

аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлиги.



7-модда. Даврийлик принципи

Аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор санаси ва муддати кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, қоида тариқасида, рўйхатга олишни ўтказиш мўлжалланган санадан камида уч йил олдин киритилади.



8-модда. Умумийлик ва бир пайтдалик принципи

Аҳолини рўйхатга олишнинг ягона белгиланган санасида шахсга доир маълумотларни барча респондентлардан йиғиш Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида бир пайтнинг ўзида амалга оширилади.



9-модда. Рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги принципи

Шахсга доир маълумотлар йиғилаётганда рўйхатга олиш варағи ҳар бир респондент учун якка тартибда тўлдирилади.



10-модда. Шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги принципи

Аҳолини рўйхатга олишнинг шахсга доир маълумотлари махфий бўлиб, респондентнинг розилигисиз ошкор этилмайди ва тарқатилмайди.



11-модда. Аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг

марказлаштирилганлиги принципи

Ўзбекистон Республикаси бўйича аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш аҳолини рўйхатга олишни ягона бошқарув тизимини яратиш асосида марказлаштирилган ҳолда амалга оширилади.



2-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

СОҲАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


12-модда. Аҳолини рўйхатга олиш соҳасини

давлат томонидан тартибга солиш

Аҳолини рўйхатга олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатларига мувофиқ амалга оширилади.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

аҳолини рўйхатга олиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартибини, Аҳолини рўйхатга олиш дастурини ҳамда рўйхатга олиш варағининг шаклларини тасдиқлайди;

аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фойдаланиш тартибини белгилайди;

давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

аҳолини рўйхатга олишга жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.



14-модда. Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни

ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси

Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси:

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар жараёнининг мувофиқлаштирилиши ва мониторингини амалга оширади;

аҳолини рўйхатга олиш натижаларининг таҳлилини ўтказади;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, аҳолини рўйхатга олиш материалларига ишлов беришни ташкил этиш ва унинг якуний натижаларини эълон қилиш масалаларига доир таклифларни кўриб чиқади;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг ишига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда жалб этишни ташкил этади;

халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг ишчи органидир.



15-модда. Аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги

махсус ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

рўйхатга олиш ҳужжатлари шаклларини, рўйхатга олувчи ходимлар гувоҳномаси шаклини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Аҳолини рўйхатга олиш дастурини ва рўйхатга олиш варағининг шаклларини ишлаб чиқади;

рўйхатга олиш варақлари тайёрланишини ва ҳудудларга етказилишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида аҳолини хабардор қилишга доир ишларни мувофиқлаштиради;

рўйхатга олувчи ходимларни танлаб олиш ва ўқитиш тартибини, шунингдек шахсга доир маълумотларга ишлов бериш тартибини белгилайди ва уларга ишлов беришни амалга оширади;

рўйхатга олиш варақлари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларининг сақланиши (шу жумладан вақтинча сақланиши), йўқ қилиниши тартибини белгилайди;

рўйхатга олиш варақлари ва бошқа аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини сақлаш ва йўқ қилишни таъминлайди.



16-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларни тузади;

маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларида доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда ушбу пунктларнинг тўлиқ рўйхати тузилишини таъминлайди;

маъмурий-ҳудудий бирликларда кўчаларнинг номлари, уйлар ва хонадонларнинг рақамлари кўрсатилган кўрсаткичлар бўлишини таъминлайди;

жалб этилган рўйхатга олувчи ходимлар таркибини тасдиқлайди;

рўйхатга олувчи ходимларни танлаб олиш ва ўқитишни ташкил этади;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш доирасидаги ишларни бажаришга жалб этиладиган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли мебель ҳамда алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик хоналар, шунингдек зарур транспорт воситалари берилишини таъминлайди;

рўйхатга олиш варақларини ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларини вақтинча сақлаш учун қўриқланадиган хоналар ажратиш юзасидан чоралар кўради;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этади.



17-модда. Вазирликларнинг ва идораларнинг

аҳолини рўйхатга олишда иштирок этиши

Аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш учун масъул бўлган вазирликлар ва идоралар махсус ваколатли давлат органига аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги вазифаларни бажариш юзасидан кўмаклашади.


18-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг,

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот

воситаларининг аҳолини рўйхатга олишда иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари:

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўришга ва уни ўтказишга кўмаклашиши;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш жараёнида иштирок этиши;

жойларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. РЕСПОНДЕНТЛАРНИНГ ҲАМДА

РЎЙХАТГА ОЛУВЧИ ХОДИМЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19-модда. Респондентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Респондентлар:

ўзининг шахсга доир маълумотлари нима мақсадда йиғилаётганлигини, ушбу маълумотлардан ким ва қандай тарзда фойдаланишини билиш;

ўзи учун тўлдирилган рўйхатга олиш варақлари билан танишиб чиқиш, рўйхатга олиш варақларига киритилган шахсга доир маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини аниқлаштириш;

рўйхатга олувчи ходимлардан тегишли гувоҳномани кўрсатишини талаб қилиш, рад этилган тақдирда эса - рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб бермаслик;

рўйхатга олиш варағининг шаклига биноан шахсга доир ишончли маълумотларни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Респондентлар аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга монелик қилмаслиги шарт.



20-модда. Рўйхатга олувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Рўйхатга олувчи ходимлар:

рўйхатга олиш варағига биноан респондентлардан шахсга доир маълумотларни олиш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларни бажарганлик учун меҳнатига ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Рўйхатга олувчи ходимлар:

шахсга доир маълумотларни йиғишни бошлашдан олдин респондентга ўз гувоҳномасини кўрсатиши;

ўз ваколатларига мувофиқ ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда бажариши;

шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнида Аҳолини рўйхатга олиш дастурида белгиланган саволлар рўйхатига риоя этиши, уларнинг мазмуни бузилишига йўл қўймаслиги;

шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши, уларнинг мазмунини ошкор қилмаслиги шарт.



4-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИ ЎТКАЗИШ


21-модда. Аҳолини рўйхатга олиш дастури

Шахсга доир маълумотларни йиғиш амалга ошириладиган саволлар рўйхати Аҳолини рўйхатга олиш дастуридир.

Аҳолини рўйхатга олиш дастури қуйидаги саволларни ўз ичига олади:

фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилган санаси ва жойи;

ёши;

жинси;

миллати;

фуқаролиги;

яшаш жойи (турган жойи);

тилларни билиши;

маълумоти;

никоҳ ҳолати;

болаларининг сони;

уй хўжалиги таркиби;

уй-жой шароитлари;

бандлиги;

яшаш учун маблағлар манбалари;

миграция (ички ва ташқи).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Аҳолини рўйхатга олиш дастурига қўшимча равишда бошқа саволлар киритилиши мумкин.

Жавоблари давлат сирларига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли ахборотни ўз ичига олиши мумкин бўлган, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи саволлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Рўйхатга олиш варағининг шакллари Аҳолини рўйхатга олиш дастури асосида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.



22-модда. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш

Аҳолини рўйхатга олиш дастури лойиҳасини ва рўйхатга олиш ҳужжатларининг шаклларини, шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов беришни, шунингдек аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирларни бир ёки бир неча маъмурий-ҳудудий бирликларда синовдан ўтказиш синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишдир.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



23-модда. Шахсга доир маълумотларни йиғиш тартиби

Шахсга доир маълумотларни йиғиш респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда респондентлар сўровини ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Респондентлар сўрови давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин.

Рўйхатга олиш варақлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати ичида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар бўлган респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар улар уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади.

Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.

Аҳолини рўйхатга олиш дастурида назарда тутилмаган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни йиғиш тақиқланади.



24-модда. Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан

шахсга доир маълумотларни йиғиш

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бўлган, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар бўлган ва уларнинг ёпиқ ҳудудларда яшаётган оила аъзоси бўлган респондентлар ҳақидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳарбий қисм командири ёки у ваколат берган шахс томонидан амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида:

болалар интернатларида, тарбия муассасаларида, "Болалар шаҳарчалари"да;

ижтимоий муассасаларда;

диний муассасаларда;

шифохоналарда ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида;

аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида;

қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшаётган (бўлган) респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ушбу қисмда назарда тутилган муассасалар ҳамда ташкилотлар маъмуриятлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рўйхатга олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет давлатлар доимий ваколатхоналарининг, халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ҳамда уларнинг оила аъзолари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёзларга ва иммунитетга эга бўлган бошқа шахслар рўйхатга олинмайди.



25-модда. Аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари

Шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш натижасида шакллантирилган йиғма статистик ахборот аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидир.

Аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг асосий кўрсаткичларини тавсифловчи якуний маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқдир ҳамда улар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ва махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишда мулкий ва маънавий зарар етказишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.



26-модда. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш

ва уни ўтказиш бўйича тадбирларни молиялаштириш

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27-модда. Низоларни ҳал этиш

Аҳолини рўйхатга олиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



28-модда. Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунчиликни бузлганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



29-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



30-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 17 март


"Халқ сўзи", 2020 йил 17 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 24 март, 11-сон, 116-модда







































Время: 0.0077
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск