ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар /

"Термиз" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 13.03.2020 й. 148-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 13 мартдаги

148-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Термиз" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси"

давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Термиз" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" (кейинги ўринларда - Дирекция) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади. У ўзига бириктирилган мулкка қонун ҳужжатларида белгиланган доирада ва ўз фаолияти мақсадларида, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи - муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.


2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобрақамларига, шу жумладан валюта ҳисобрақамларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Термиз" erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi" davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи - "Termiz" EIZ direktsiyasi" DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное унитарное предприятие "Дирекция свободной экономической зоны "Термиз";

қисқартирилган номи - ГУП "Дирекция СЭЗ "Термиз";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "Directorate of free economic zone "Termiz" State Unitary Company;

қисқартирилган номи - "Directorate of FEZ "Termiz" SUC.


5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ат-Термизий кўчаси, 1а-уй.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда - Муассис) ҳисобланади.


7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда иштирокчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.


9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. "Термиз" эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда - "Термиз" ЭИЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, "Термиз" ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, "Термиз" ЭИЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишларни (хизматларни) бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.


11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг (кейинги ўринларда - Маъмурий кенгаш) қабул қилинган қарорларига мувофиқ "Термиз" ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг реестрини юритиш;

Маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ инвесторлар билан "Термиз" ЭИЗ ҳудудида инвестиция киритиш тўғрисида битимлар, давлат мулкини "нол" харид қийматида сотиш тўғрисида "Термиз" ЭИЗ иштирокчилари билан шартномалар тузиш;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни топиш ва жалб этиш;

ишлаб чиқилган "Термиз" ЭИЗ бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;

"ягона дарча" тамойили асосида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур бўлган барча рухсатномалар беришни ташкил этиш;

белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудида жойлашган ва давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқариш;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва ташкилотларнинг доимий фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда "Термиз" ЭИЗ иштирокчиларига кўмаклашиш;

"Термиз" ЭИЗни ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш;

экологик ҳолатнинг яхшиланиши юзасидан назоратни таъминлаш, шунингдек, "Термиз" ЭИЗ ҳудудида жойлашган тарихий-маданий бойликларнинг бут сақланиши учун жавоб бериш;

"Термиз" ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.

Қонун ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.


12. Дирекция қонун ҳужжатларида фаолиятнинг тақиқланмаган бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.


14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;

Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;

Дирекция мулки бўйича амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш.


15. "Термиз" ЭИЗ мустақил бюджети ва "Термиз" ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Маъмурий кенгаш томонидан назорат қилинади.


16. Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади.


17. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.


18. Директор:

қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

"Термиз" ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифода этади;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


19. Директор:

Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;

ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларни бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг тўланишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;

"Термиз" ЭИЗнинг Маъмурий кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган мустақил бюджети маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига "Термиз" ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.


20. Директор ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


21. Дирекциянинг устав фонди "Термиз" ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.


22. Дирекция устав фондининг миқдори 1 млрд сўмни ташкил қилади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


23. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Муассис қарорига биноан амалга оширилади.



6-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МУЛКИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


24. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.


25. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


26. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.


27. Директор Муассис билан келишган ҳолда, Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни сотиш, ижарага ёки гаровга бериш;

мол-мулкни бошқа ҳўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;

мол-мулкни қонунчиликда белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.



7-БОБ. ДИРЕКЦИЯ БЮДЖЕТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


28. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулки бўлган ва "Термиз" ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

ЭИЗ иштирокчиларининг ажратмалари ва ЭИЗ иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.



8-БОБ. ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА ФОНДЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


29. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ДАРОМАДНИ (ФОЙДАНИ) ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


30. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.


31. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга хайрия мақсадлари учун йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.


32. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлари ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.



10-БОБ. ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


33. Дирекция ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


34. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Маъмурий кенгаш томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.


35. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.



11-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


36. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.


37. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



12-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ

ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


38. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.


39. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.

Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 март
























































Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск