ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Бюджет тизими / Маҳаллий бюджет /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2020 й. 182-сон "Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2020 й.

N 182



УЙ-ЖОЙ СОТИБ ОЛИШ ЁКИ ЯККА

ТАРТИБДАГИ УЙ-ЖОЙЛАРНИ ҚУРИШ

ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ УЧУН

ФУҚАРОЛАРГА СУБСИДИЯ ТЎЛАШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони билан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

уй-жой сотиб олишга ипотека кредитининг бошланғич бадали ва фоизларнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш;

якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоизларнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш;

уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар томонидан субсидия олиш учун ариза бериш, ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш;

туман (шаҳар)да уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ва ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;

сотиб олинадиган ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш уй-жойларни аниқлаш, ажратиладиган ипотека кредити бўйича субсидияни ҳисоблаш, ипотека кредитини расмийлаштириш ва субсидияларни тўлаб бериш тартиби.

3. Белгилансинки:

Давлат хизматлари марказлари ва ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлаш жараёнида кўрсатиладиган хизматлар;

тегишли ташкилотлар томонидан уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлашда фойдаланиладиган маълумотлар (ҳужжатлар) истисно тариқасида тўловларсиз амалга оширилади;

ҳар йили давлат бюджетидан шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган кўп қаватли уйлардан бирламчи бозорда квартиралар сотиб олишда ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ажратиладиган субсидиялар тегишли молия йили учун тасдиқланган параметрлар доирасида амалга оширилади.


3-1. 2020 йилдаги субсидиялар тўлашнинг мақсадли мўлжаллари доирасида, истисно тариқасида, белгилансинки:

субсидия олиш учун ариза топшириш муддати 2020 йил 31 декабрга қадар ва субсидияларни тўлаш муддати 2021 йил 1 декабрга қадар узайтирилади;

агар субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига унинг хотини (эри), улар билан бир уйда биргаликда яшовчи ота-онаси ҳамда фарзандларининг (шу жумладан, асраб олинган фарзандлари) даромадлари қўшилгандан сўнг ўртача ойлик даромадлари миқдори ушбу қарор билан тасдиқланган низомнинг 2-бандида кўрсатилган меъёрлардан кам бўлса, бошқа жисмоний шахслар даромадлари ҳам киритилиши мумкин;

талабгор томонидан танланган уй-жойнинг қиймати хабарномада кўрсатилган сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан ошган тақдирда, ушбу уй-жойни сотиб олишга ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарорига мувофиқ белгиланади. Бунда сотиб олинадиган уй-жой қийматининг ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган қисми қарз олувчининг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар, шу жумладан Тошкент шаҳри ва шаҳарларда бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари ҳисобидан тўланади.

3-2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармони қабул қилингунига қадар субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларни олган шахсларга ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратишда 2020 йилда амалда бўлган шартлар ва миқдорлар сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармони қабул қилинганидан сўнг субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиб ҳисобланаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3-3. Янги тартиб доирасида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия якка тартибда қурилган (реконструкция қилинган) уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгунга қадар олинган ижобий субсидия хабарномалари бўйича тўлаб берилади.

3-4. 2021 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида:

а) сотиб олинадиган квартиранинг нархи хабарномада кўрсатилган уй-жойнинг юқори қийматидан ошиб кетган тақдирда, қолган қисми қарз олувчи томонидан шакллантириладиган бошланғич бадал суммасини ошириш орқали қопланади.

Бунда ипотека кредитининг суммаси хабарномада кўрсатилган ва сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматининг 85 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим;

б) сотиб олинадиган уй-жойнинг шартномадаги қиймати субсидия хабарномасида кўрсатилган ва сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан кам бўлган тақдирда, ипотека кредити шартномада кўрсатилган уй-жойнинг қийматининг 85 фоизи ҳамда бошланғич бадалнинг бир қисми учун субсидия шартномада кўрсатилган уй-жой қийматининг 10 фоизи миқдорида ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК (кейинги ўринларда - Марказ) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 апрелга қадар:

давлат хизматлари марказларини, ариза берувчининг белгиланган ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолашга масъул бўлган ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимларини, субсидия тўланадиган талабгор шахсларни танлаб олиш бўйича доимий ишлайдиган ҳудудий комиссиянинг ЯИДХПга уланишини;

ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматини кўрсатиш ЯИДХП орқали жорий этилишини;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ЯИДХПга электрон давлат хизматини жорий қилиш бўйича Регламент бир ҳафта муддатда Марказга киритилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2020 йил 1 июнга қадар:

талабгорларнинг белгиланган ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолашга масъул бўлган ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимлари, субсидия тўланадиган талабгор шахсларни танлаб олиш бўйича доимий ишлайдиган ҳудудий комиссиянинг "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига уланишини;

Марказ билан биргаликда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланишини таъминласин.


6-1. Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги ва "UZINFOCOM" давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" МЧЖ билан ҳамкорликда ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни олишни автоматлаштириш мақсадида 2022 йил 1 октябргача Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари базаси "my.gov.uz" платформасига интеграция қилинишини таъминласин.

6-2. Молия вазирлиги тегишли тижорат банклари билан биргаликда:

а) ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидияни марказлаштирилган тартибда тўлаб берсин.

Бунда тегишли тижорат банкларининг Бош офиси ҳудудий банк филиалларида жамланган маълумотлар асосида буюртманомаларни Молия вазирлигига тақдим этади ва Молия вазирлиги ҳар ойнинг 25-кунига қадар субсидия тўлаб берилишини таъминласин;

б) 2022 йилнинг 1 октябргача қадар фоиз харажатлари учун субсидия тўлашнинг автоматлаштирилган тартибини жорий этсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги Марказ билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни баллар асосида баҳолаш дастурий таъминот (кейинги ўринларда - дастурий таъминот) тизими яратилишини ва ЯИДХПга интеграциялашувини таъминласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги дастурий таъминотнинг оператори этиб белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги дастурий таъминот тизими яратиш ҳамда зарур аппарат-дастурий комплекслар билан жиҳозлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни Давлат бюджетидан молиялаштириш чорасини кўрсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 30 март, 12-сон, 135-модда





































Время: 0.0034
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск