ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд экспертизаси. Криминалистика. Экспертлик муассасалари /

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.03.2020 й. 180-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 мартдаги

180-сон қарорига

2-ИЛОВА



Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд

экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий

билимини ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


суд эксперти - нодавлат суд-экспертиза ташкилотида ўз хизмат вазифаларини бажариш тартибида суд экспертизасини ўтказувчи суд эксперти;


суд экспертини қайта тайёрлаш - олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган шахсларни нодавлат суд-экспертиза ташкилотида суд эксперти сифатида фаолият олиб бориши учун зарур билим ва малакага эга бўлиши учун касбга қайта тайёрлаш;


суд экспертининг малакасини ошириш - нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертининг мазкур Низомда белгиланган муддатларда ва тартибда амалий билимлари, кўникма ва малакаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида малака ошириш курсларида касбий билим ва кўникмаларини ошириши;


суд экспертининг ҳуқуқий билимини ошириш - нодавлат суд-экспертиза ташкилотида суд эксперти сифатида фаолият олиб бориш учун лозим бўлган ҳуқуқий билимларни эгаллаш ва амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантириш.


3. Суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Фанлар академиясининг Зоология институти, Фанлар академиясининг Ботаника институти ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси (кейинги ўринларда давлат муассасалари деб аталади) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарорига 2-иловада белгиланган экспертиза турлари бўйича амалга оширилади.

Суд экспертларининг ҳуқуқий билимини ошириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув марказида амалга оширилади.

Давлат муассасалари қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтган шахслар ҳақидаги маълумотларни уч кун ичида ёзма тарзда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим қилади. Тақдим қилинган маълумотда суд экспертининг фамилияси, исми, отасининг исми, берилган сертификат рақами ҳамда санаси кўрсатилади.



2-БОБ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ


4. Суд экспертларини қайта тайёрлашнинг мақсади - суд экспертизаларининг муайян тури бўйича назарий билим, амалий кўникма ва малакани шакллантириш, талабгорни нодавлат суд-экспертиза ташкилотида суд эксперти сифатида фаолият олиб боришга тайёрлашдан иборат.

Суд экспертларини қайта тайёрлаш суд экспертларини қайта тайёрлашга қўйиладиган талаблар асосида ташкил қилинади.


5. Қуйидагилар суд экспертларини қайта тайёрлашнинг вазифалари ҳисобланади:

тингловчиларни суд экспертизаси бўйича мамлакатдаги ва хорижий давлатлардаги мавжуд илмий ахборот ресурслари, илмий ва ўқув адабиётлари билан таништириш;

тингловчиларда суд экспертизаларининг муайян тури бўйича замонавий фан ва технологияга мувофиқ бўлган, илмий асосланган методикалар амалда қўлланилиши кўникмаларини шакллантириш;

тингловчиларни муайян суд экспертизасининг шаклланиш босқичлари тўғрисида, замонавий суд экспертизасининг сўнгги ютуқлари ва имкониятлари ҳақида долзарб ахборот билан таъминлаш;

суд экспертлик фаолиятида зарур бўлган кўникмаларни етарлича шакллантириш учун лозим бўлган амалий машғулотларни ўтказиш;

тингловчиларда мустақил равишда суд экспертизасини ўтказиш ва суд экспертиза хулосасини расмийлаштириш учун зарур бўлган малакани шакллантириш.


6. Суд экспертларини қайта тайёрлаш ихтиёрийлик асосида суд экспертизасининг муайян тури бўйича касбий фаолият билан шуғулланиш истагини билдирган талабгорлар учун ташкил этилади.

Қайта тайёрлаш жараёнлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат муассасаларида ўқитиш;

масофавий таълим.

Давлат муассасаларида ўқитиш 1+3, 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 25, 50 ёки 75% - мустақил равишда билим орттириш, 75, 50 ёки 25% - бевосита давлат муассасаларида) масофадан қайта тайёрлаш ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.

Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.

Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали онлайн ҳамда офлайн тарзда амалга оширилади.

7. Суд экспертини қайта тайёрлаш шартномага мувофиқ пуллик асосда ўтказилади.


8. Суд экспертизасининг муайян тури бўйича узлуксиз равишда ўн йил давомида суд-экспертлик фаолиятини амалга оширган суд эксперти ҳамда узлуксиз равишда камида сўнгги уч йил давомида суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириб келаётган давлат суд экспертлари ушбу ихтисослик бўйича қайта тайёрлаш курсларини ўтмасдан якуний имтиҳон топширишга ҳақли.

Суд эксперти сертификатини олгандан кейин узлуксиз равишда беш йил давомида ўз ихтисослиги бўйича суд-экспертлик фаолиятини олиб бормаган шахс фақат қайта тайёрлаш курсларидан такроран муваффақиятли ўтгандан кейин суд экспертизасини ўтказишга ҳақли.


9. Давлат муассасаларида суд экспертларини қайта тайёрлаш ўқув дастурлари ва режалари асосида амалга оширилади.


10. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг раҳбари суд экспертларининг ўз вақтида малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш учун масъул ҳисобланади.



3-БОБ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИ ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ЎҚУВ КУРСЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


11. Қайта тайёрлаш ўқув курсига қ абул қилишни ташкил этиш учун ҳар йили давлат муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тоқ сондан иборат қабул комиссияси (кейинги ўринларда қабул комиссия деб аталади) ташкил этилади. Ушбу қабул комиссияси календарь йил давомида фаолият юритади.


12. Қабул комиссияси таркибига давлат муассасаси раҳбари, тегишли соҳа бўйича тажрибали суд экспертлари ҳамда давлат муассасаси буйсунадиган вазирлик ёки идора вакили киради. Давлат муассасаси раҳбари комиссия раиси ҳисобланади. Комиссия аъзолари ичидан унинг котиби тайинланади.

Комиссия унинг учдан икки қисми аъзолари ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади. Комиссия мажлисларида котиб томонидан мажлис баённомаси юритилади.


13. Суд экспертларини қайта тайёрлаш ўқув курслари, қоида тариқасида, йилига икки марта сентябрь ва март ойларида ташкил этилади.


14. Қайта тайёрлаш ўқув курсларига талабгорлардан ҳужжат қабул қилиш ўқув курси бошланишидан икки ой олдин бошланади ва ўқув курси бошланишига бир ой қолганда тўхтатилади.


15. Талабгорларни ўқув курсига қабул қилиш суҳбат шаклида ўтказилади ва ўқув курси бошланишидан бир ой олдин бошланади.


16. Қайта тайёрлаш ўқув курси ташкил этилиши, ўқув курсларининг тегишли суд-экспертлик ихтисосликлари бўйича давомийлиги, тўлов миқдори, ҳужжатлар қабул қилинадиган ва суҳбат ўтказиладиган жой тўғрисида давлат муассасасининг веб-сайтида ҳамда оммавий аборот воситаларида эълон берилади.


17. Талабгор тегишли давлат муассасасига онлайн тарзда ёки бевосита қуйидаги ҳужжатларни топширади:

давлат муассасаси раҳбари номига ариза (аризада талабгорнинг муассасада таълим бериладиган тиллардан бирида таълим олиш ва имтиҳон топшириш ҳоҳлаши кўрсатилади);

нодавлат суд-экспертиза ташкилоти номидан тавсиянома (агар шахс нодавлат суд экспертиза ташкилотида фаолият кўрсатаётган бўлса).

Бунда ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш давлат муассасасининг расмий веб-сайтида амалга оширилади.

Қуйидаги ҳужжатлар давлат муассасаси томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:

паспорт нусхаси;

3,5х4,5 ҳажмдаги икки дона фотосурат;

маълумоти тўғрисидаги диплом нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма ёки экспертлик фаолияти ва турини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.

18. Қабул комиссияси котиби томонидан ҳар бир талабгор учун ҳужжатлар йиғмажилди шакллантирилади ва қабул комиссиясига кўриб чиқиш учун киритилади.


19. Суҳбат талабгорнинг умумий дунёқараши ва касбга қизиқиши, соҳа бўйича билимларини синовдан ўтказиш мақсадида қабул комиссияси томонидан ўзбек ёки рус тилида ўтказилади.


20. Суҳбат натижаси бўйича ўқишга тавсия этилган талабгорга икки нусхада қайта тайёрлаш ўқув курсида ўқиш тўғрисидаги шартномани имзолаш таклиф этилади.


21. Қайта тайёрлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган ва тўловни амалга оширган талабгорлар қайта тайёрлаш ўқув курсларига давлат муассасаси раҳбарининг буйруғи билан қабул қилинади.



4-БОБ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ЎҚУВ КУРСЛАРИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


22. Суд экспертларини қайта тайёрлаш ўқув курсларида ўқув машғулотлари маъруза, семинар, амалий машғулот, шунингдек интерфаол ўқитиш шаклларида (амалий, лаборатория, кейс-стади, тренинг, дебат) ташкил қилинади.

Таълим жараёни ўзбек ёки рус тилларида олиб борилади.

Шартнома тузган талабгорлар сонидан келиб чиқиб, қоида тариқасида ўн нафардан йигирма нафаргача тингловчидан иборат академик гуруҳлар шакллантирилади.

Ўқув жараёнини ташкил этиш учун зарур миқдордаги харажатларни тўлиқ қоплаш тўғрисида қўшимча тўловларни амалга ошириш бўйича талабгорлар билан келишувга эришилган ҳолатларда, талабгорлар сони 10 (ўн) нафарга етмаса ҳам қайта тайёрлаш гуруҳлари шакллантирилиши мумкин.

Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда тингловчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари онлайн шаклида қайд этиб борилади ва курсларни тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга бевосита қайта тайёрлаш, малака ва ҳуқуқий билимни ошириш бўйича таълим муассасаларида ўтказиладиган онлайн тест синовларида иштирок этишга рухсат берилади.

Электрон портфолио кўрсаткичлари ва онлайн тест синовлари натижалари асосида тингловчиларга малакавий ишини (рефератни) ҳимоя қилишга рухсат берилади.

23. Ўқув жараёнининг давомийлиги ўқув режасига мувофиқ белгиланади. Ўқув жараёни ҳафтасига кўпи билан 36 академик соат ҳажмида амалга оширилади. Ўқув юкламасининг умумий ҳажми суд экспертларини қайта тайёрлашга қўйиладиган талаблардан келиб чиққан ҳолда фанлар блоклари бўйича тақсимланади.

Маъруза, семинар ва амалий машғулотнинг ўқув соатлари миқдори қайта тайёрлаш курсининг давомийлигидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда маъруза ва семинар ўқув юкламасининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим.


24. Суд экспертларини қайта тайёрлаш суд экспертиза турларига боғлиқ равишда камида олти ойдан (24 ҳафта) кам бўлмаган муддатда ташкил этилади.

Суд экспертларининг малакасини ошириш муддати уч ҳафта этиб белгиланади, бунда камида бир ҳафта суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини оширишга ажратилади.


25. Ўқув курсининг барча турдаги аудитория машғулотларининг давомийлиги - 80 минут (икки академик соат) этиб белгиланади. Ўқув машғулотлари орасида танаффус эълон қилинади.


26. Ўқув курсининг ҳар бир модуль ёки бўлим якунида тингловчи танланган мавзу бўйича малакавий ишини (рефератни) ҳимоя қилади ва малакавий иши (реферат) ҳажми, ҳимоя қилиш, тақриздан ўтказиш тартиби ўқув дастурида белгиланади.

27. Амалий машғулотларда тингловчилар тегишли суд-экспертлик фаолияти бўйича тадқиқотлар ва текширувларни мустақил тарзда ўтказади ҳамда уларнинг натижаси бўйича зарур ҳужжатларни расмийлаштириш кўникмаларини эгаллайди.


28. Жорий ва оралиқ назорат, амалий машғулотлар натижаларини қайд қилиш, тингловчилар давоматини юритиш учун тегишли журнал юритилади.


29. Тингловчилар ўқув жараёнидан қуйидаги ҳолатларда давлат муассасаси раҳбарининг буйруғи билан четлаштирилади:

давлат муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун;

узрли сабабларсиз 24 академик соатдан кўп ўқув машғулотларини қолдирганлик учун;

ўз аризасига асосан;

суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.


5-БОБ. ТИНГЛОВЧИЛАР БИЛИМИНИ БАҲОЛАШ


30. Ўқув курсида тингловчиларнинг билими ва амалий кўникмалари рейтинг тизими асосида баҳоланади.

Тингловчилар томонидан ўқув дастурларини ўзлаштириш даражаси жорий, оралиқ назорат ва якуний аттестация орқали аниқланади.

Якуний аттестация ўқиш даврида олинган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни аниқлашга қаратилган ёзма ва амалий имтиҳон шаклида ўтказилади.

Тингловчилар, шунингдек, қайта тайёрлаш курсларини ўтмасдан якуний имтиҳон топширадиган талабгорлар икки босқичда - компьютерда топшириладиган тест синовлари ҳамда суҳбат шаклида имтиҳон топширадилар.

Тест саволлари билан танишиб чиқиш, жавобни танлаш ва имтиҳон тестини тўлдириш учун 40 (қирқ) дақиқадан кўп бўлмаган вақт белгиланади.

Тест синовларининг натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади.

Жорий, оралиқ назорат ва якуний аттестация (имтиҳон) ўтказиш жараёнида талабгорга (тингловчига) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан, махсус адабиётлардан, алоқа воситаларидан, шунингдек, бошқа манбаалардан фойдаланиш, бошқа талабгорлар (тингловчилар) билан гаплашиш тақиқланади.

31. Ёзма ва амалий имтиҳон саволлари ўқув жараёнида ўзлаштирилган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни синовдан ўтказиш учун ўқув жараёнида ўтилган мавзулар ва материаллар асосида тузилади.


32. Якуний аттестация қабул комиссияси томонидан ўтказилади. Якуний имтиҳон натижалари комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган қайднома варақаларига киритилади..

Якуний аттестация ва апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёни узлуксиз видеотасвирга (овозли) тушурилади ва камида бир йил давомида муҳрланган ҳолда давлат муассасасида сақланади.

Аттестация жараёнлари онлайн тарзда ҳам узатилиши мумкин.

33. Якуний аттестациядан ўтолмаган тингловчи уч кун ичида давлат муассасаси раҳбари номига апелляция шикояти билан мурожаат қилишга ҳақли.

Апелляция шикоятини кўриб чиқиш учун давлат муассасаси раҳбари буйруғи билан тоқ сондан иборат апелляция комиссияси ташкил этилади. Қабул комиссияси аъзоларининг кўпи билан ярми апелляция комиссияси таркибига кириши мумкин.

Шикоят апелляция комиссияси томонидан тингловчи иштирокида уч кун ичида кўриб чиқилади ҳамда тингловчининг аттестациядан ўтганлиги ёки ўтмаганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади. Комиссия қарори унинг барча аъзолари томонидан имзоланади.



6-БОБ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИГА СЕРТИФИКАТ БЕРИШ

ЁКИ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ, ШУНИНГДЕК,

БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


34. Суд экспертларини қайта тайёрлаш курси бўйича якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган суд экспертларига ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ намунадаги суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат берилади.

Якуний имтихондан муваффақиятли ўтган ва касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификатга эга бўлган тингловчилар қонунчиликда белгилаган тартибда давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида суд эксперти сифатида меҳнат фаолиятини олиб бориши мумкин.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари баҳолаш йўналишидаги суд экспертизаси турларини амалга оширишда суд экспертизаларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли сертификатга эга бўлганда, улардан баҳоловчининг малака сертификата талаб қилинмайди.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларига суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат Низомга 2-иловага мувофиқ тартибда берилади.

Якуний аттестация топширган тингловчи аттестациядан ўта олмаган ҳолларда аттестация ўтказилган кундан уч ой ўтгандан кейин умумий тартибда қайта аттестация топширишга ҳақли.

Қайта якуний аттестациядан ҳам ўта олмаган тингловчиларга суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат ўрнига суд экспертларини қайта тайёрлаш бўйича курсларда таҳсил олганлиги ҳақида маълумотнома берилади.

Суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат беришни рад этиш асослари суд экспертиза турлари бўйича таълим дастурларида белгиланади.

35. Якуний аттестацияга узрли сабаблар билан қатнашмаган тингловчига бир ой ичида аттестацияни топширишга имконият берилади.


36. Суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат суд эксперти томонидан ҳар икки йилда малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириб борилганда муддатсиз амал қилади.


37. Суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади:

- суд эксперти хулосаси устидан тушган шикоят тасдиғини топса;

- суд экспертининг фаолияти ушбу Низом талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланса;

- суд экспертизасини ўтказишда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 январдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот томонидан суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга амал қилмаганлиги аниқланса;

- тегишли суд экспертизасини хавфсиз амалга оширишга имкон берадиган ва стандартлар талабларига мос бўлган моддий-техник базаси мавжуд бўлмаса;

- суд-экспертлик фаолияти билан шуғулланиш даврида белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда;

- қасддан содир этган жиноятлари учун судланганда;

- белгиланган тартибда ҳар икки йилда малакаси ва ҳуқуқий билимларини оширмаса.


38. Тушган шикоят юзасидан нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фаолиятини ўрганиш тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини хабардор қилган ҳолда давлат муассасаси томонидан амалга оширилади.


39. Суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат бекор қилинган суд эксперти умумий асосларда қайта сертификат олиши мумкин.


40. Давлат муассасаси суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат бекор қилинган суд эксперти тўғрисидаги маълумотни ўрганиш якунланганидан сўнг уч кун ичида нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтингига тегишли маълумотни киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим қилади.



7-БОБ. НОДАВЛАТ СУД-ЭКСПЕРТИЗА

ТАШКИЛОТЛАРИ СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


41. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талаблари (кейинги ўринларда - Талаблар) суд экспертларининг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари, таълим сифатини баҳолаш ва назорат қилиш бўйича ҳужжатларни давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

Суд экспертларини қайта тайёрлаш, уларнинг малака ва ҳуқуқий билимини ошириш курслари бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш, амалиёт ўташ, натижаларини баҳолаш ва назорат қилиш тартиблари давлат муассасаларининг коллегиал органи томонидан белгиланади.

42. Қуйидагилар суд экспертларини қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:

Конституция ва қонунларда белгиланган асосий принциплар ва қоидаларни билиш, қонун ҳужжатлари нормаларини тўғри англаш ва қўллаш қобилияти;

суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш қобилияти;

илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш қобилияти;

турли вазиятларга нисбатан руҳий барқарорлик.


43. Конституция ва қонунларда белгиланган асосий принциплар ва қоидаларни билиш, қонун ҳужжатлари нормаларини тўғри англаш ва қўллаш қобилияти қуйидагиларни назарда тутади:

Конституция ва қонунларда белгиланган асосий принциплар ҳамда қоидаларни, жумладан, процессуал нормаларни билиш ва уларнинг моҳиятини тушуниш;

қонун ҳужжатларида белгиланган фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларини билиш ва уларнинг қонун билан кафолатланишини англаш;

давлат ҳокимияти органлари тизимини ва уларнинг ташкил этилиши асосларини билиш;

соҳага оид қонун ҳужжатларини билиш, тушуниш ва уларни амалиётда қўллай олиш.


44. Суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш қобилияти қуйидагиларни назарда тутади:

суд экспертизаси соҳасидаги билимларни қўллаш кўникмаларига эга бўлиш;

мустақил ижодий фикрлаш ҳамда соҳага оид ҳуқуқий нормаларни тўғри, бир хилда тушуниш ва қўллаш, уларнинг мазмунини аниқлай олиш;

суд экспертизаларининг методикаларини билиш, уларни тадқиқотлар ўтказишда мустақил ва тўғри қўллай олиш;

дастлабки, қайта, қўшимча, комиссиявий ва комплекс экспертизалар бўйича тадқиқотларни ўтказа олиш;

суд экспертизаси соҳасида замонавий ахборот технологияларини мустақил қўллаш, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишнинг амалий кўникмаларига эга бўлиш;

суд экспертизаларини тайинлаш ва ўтказишда мавжуд хатолар аниқлай олиш ҳамда уларни бартараф этиш йўлларини билиш;

ўз фаолиятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишнинг асосларини билиш.


45. Илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш қобилияти қуйидагиларни назарда тутади:

суд-экспертиза соҳасида алоҳида мавзу ёки мавзунинг бир қисми бўйича илмий изланишлар ҳамда тажриба ўтказа олиш ва бундай фаолиятда иштирок этиш;

суд экспертизаларининг мавжуд методикаларини такомиллаштириш ёки янги методикалар яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш;

янги турдаги суд экспертизаларини жорий қилиш бўйича тегишли илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш.


46. Турли вазиятларга нисбатан руҳий барқарорлик қобилияти қуйидагиларни назарда тутади:

фаолиятида учраб турадиган зиддиятли вазиятларни олдиндан билиш ва уларни баҳолай олиш;

суд-экспертлик фаолиятида юзага келадиган коллизияларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини билиш;

турли вазиятларда аниқ ва қонунга мувофиқ ҳаракат қилиш.


47. Суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган умумий талаблар, суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини баҳолаш ҳамда назорат қилиш тартиби тегишли ўқув дастурлари билан белгиланади.



8-БОБ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИНГ МАЛАКАСИНИ

ВА ҲУҚУҚИЙ БИЛИМИНИ ОШИРИШ


48. Малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошираётган суд экспертларига ўқишнинг бутун даври мобайнида иш берувчи билан келишилган ҳолда асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолиниши мумкин.


49. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш курслари, давлат муассасаси томонидан тасдиқланган график-тақсимот асосида ташкил этилади.


50. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш шартномага мувофиқ тўлов асосида амалга оширилади.


51. Суд экспертининг навбатдаги малака ва ҳуқуқий билимини ошириш муддатидан камида бир ой олдин нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари тегишли давлат муассасасига мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ ариза билан мурожаат қилади.


52. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан тегишли ўқув курси бошланишидан камида ўн кун олдин шартномага мувофиқ тўлов амалга оширилади.


53. Суд экспертларининг малакасини ошириш муддати икки ҳафтани, ҳуқуқий билимларини ошириш муддати эса бир ҳафтани ташкил қилади.

Ўқув жараёни ҳафтасига кўпи билан 36 академик соат ҳажмида амалга оширилади.



9-БОБ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИНГ МАЛАКАСИНИ

ВА ҲУҚУҚИЙ БИЛИМИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА

ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


54. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимини ошириш алоҳида ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимини ошириш жараёнлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

Давлат муассасаларида ўқитиш;

масофавий таълим.

Давлат муассасаларида ўқитиш 1+3, 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 25, 50 ёки 75% - яшаш жойи бўйича мустақил равишда билим орттириш, 75, 50 ёки 25% - бевосита давлат муассасаларида) масофадан малака ошириш ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.

Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.

Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали онлайн ҳамда офлайн тарзда амалга оширилади.

55. Ўқув жараёни гуруҳ таркибида ёки якка тартибда суд экспертизаларининг муайян бир тури бўйича ташкил этилади.


56. Давлат муассасалари:

мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

фанларнинг суд экспертиза амалиёти билан алоқасини таъминлайди, ўқув жараёнига суд экспертизаси соҳасидаги илғор илмий тадқиқотлар натижалари, педагогик технологиялар, машғулотлар ўтказишнинг самарали шакл ва усулларини жорий этади;

суд экспертлари томонидан ўз мутахассислиги бўйича янги назарий билимлар ва замонавий тадқиқот усуллари, илғор амалий тажрибадан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришни таъминлайди;

мамлакатимизда ва хорижда ишлаб чиқилган суд экспертизаси фанларига тааллуқли илмий, методик ва техник янгиликлар, илғор тажрибани ўрганади ҳамда ўқув жараёнига жорий қилади;

ўқув жараёнининг лозим даражада ташкил қилиниши ва ўтказилиши учун жавоб беради.


57. Ўқув жараёни муайян йўналиш бўйича узлукиз машғулотлар (кун давомида бошқа турдаги машғулотларга жалб этмасдан) тарзида амалга оширилади.


58. Суд экспертларининг малакасини ошириш жараёнида малакавий амалиёт ўтказилиши назарда тутилади.


59. Суд экспертини малака ва ҳуқуқий билимни ошириш курсига қабул қилиш бўйича давлат муассасаси раҳбарининг буйруғи қабул қилинади.


60. Суд экспертлари қуйидаги ҳолатларда ўқув курсидан четлаштирилади:

давлат муассасаси ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун;

узрли сабабларсиз 8 академик соатдан кўп ўқув машғулотларини қолдирганлик учун.


61. Суд эксперти ўз аризасига кўра ўқув жараёнидан четлаштирилиши мумкин. Узрли сабабларга кўра ўқишни давом эттира олмаган суд экспертига келгусида ташкил этиладиган ўқув курсларида ўқиш имкони берилади.


62. Суд экспертини ўқув жараёнидан четлаштириш давлат муассасаси раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва бу ҳақда тегишли нодавлат суд-экспертизаси ташкилотига хабар берилади.



10-БОБ. СУД ЭКСПЕРТЛАРИНИНГ

БИЛИМИНИ БАҲОЛАШ


63. Ўқув жараёнига жалб қилинган суд экспертлари билимларини баҳолаш якуний назоратлар натижасига кўра амалга оширилади.

Малака ва ҳуқуқий билимларни ошириш бўйича якуний назорат компьютерда топшириладиган тест ёки ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади.

Тест синовларининг натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади.

64. Якуний назоратни ўтказиш учун давлат муассасаси раҳбарининг буйруғи билан комиссия ташкил этилади. Комиссия таркибига давлат муассасаси буйсунадиган вазирликлар ва идоралар, шунингдек, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари улар билан келишган ҳолда киритилиши мумкин.

Якуний назорат натижалари комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган қайднома варақаларига киритилади.


65. Малака ошириш ўқув дастурини муваффақиятли ўзлаштирган суд экспертига ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ намунадаги сертификат берилади.

Ҳуқуқий билимини ошириш ўқув дастурини муваффақиятли ўзлаштирган суд экспертига ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ намунадаги сертификат берилади.


66. Якуний назоратлардан ўта олмаган ёки узрли сабабларга кўра уларда иштирок эта олмаган суд экспертига, унинг аризасига биноан, бир ой ичида якуний назоратни қайта топшириш имкони берилади.


67. Белгиланган муддатларда малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширмаган ёки якуний назоратдан қайта ўта олмаган суд эксперти малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишдан ўтмаган деб ҳисобланади.


68. Малакасини ва ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтмаган суд эксперти ушбу Низомда белгиланган тартибда малака ва ҳуқуқий билимини ошириш курсида такроран ўқиши мумкин.


69. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишдан ўтган суд экспертлари тўғрисидаги маълумотни уч кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим қилади.


70. Белгиланган муддатларда суд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимлари оширилишини таъминламаган нодавлат суд-экспертиза ташкилотига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан огоҳлантириш берилади ва унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


71. Малакасини ва ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтган суд экспертлари тўғрисидаги маълумот Суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларнинг Ягона реестрига киритилади.






Низомга

1-ИЛОВА





(Давлат муассасасининг номи)


суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи

СЕРТИФИКАТ

N _____________

20____ йил "____" _______________




(берилган жойи)

(суд экспертининг фамилияси, исми, отасининг исми)

20____ йил "____" ________________ дан 20____ йил "____" _______________ гача ___________соатли

ни

(қайта тайёрлаш курсининг номи)


муваффақиятли тамомлади.


Мазкур сертификат суд экспертининг суд экспертизасининг ____________________________________________________ тури бўйича касбий лаёқатини тасдиқлайди.

Комиссия раиси



(Ф.И.О)


(имзо)



Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код







Низомга

2-ИЛОВА



Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд

экспертларига суд эксперти сифатида касбий

лаёқатни тасдиқловчи сертификат бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Муддатлар




1 босқич

Давлат муассасаси


Қайта тайёрлаш ўқув курси ташкил этилиши тўғрисида давлат муассасасининг веб-сайтида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон бериш.

Қайта тайёрлаш ўқув курсига қабул қилишни ташкил этиш учун қабул комиссияси ташкил этиш.


Қоида тариқасида, йилига икки марта сентябрь ва март ойларида









2 босқич

Давлат муассасаси ва талабгор


Қайта тайёрлаш курсларига талабгорлардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиш.


Ўқув курси бошланишидан 2 ой олдин, 30 кун давомида









3 босқич

Давлат муассасаси ва талабгор


Талабгорни ўқув курсига қабул қилиш учун суҳбат ташкил қилиш.


Ўқув курс бошланишидан 1 ой олдин бошланади, 2 кун муддат давомида









4 босқич

Давлат муассасаси ва тингловчи


Суҳбат натижаси бўйича ўқишга тавсия этилган талабгорга шартнома имзолашни таклиф этиш.

Талабгорларни қайта тайёрлаш ўқув курсларига қабул қилиш.


Суҳбат якунланганидан сўнг 3 кунлик муддатда









5 босқич

Давлат муассасаси ва тингловчи


Суд экспертизасининг тегишли тури бўйича қайта тайёрлаш курсларини ташкил қилиш (ўқув жараёни)


6 ойдан 1 йилгача









6 босқич

Давлат муассасаси ва тингловчи


Қайта тайёрлаш курслари бўйича якуний назоратдан муваффақиятли ўтган тингловчига сертификат бериш


Ўқув жараёни якунланганидан сўнг

3 кун муддатда






Низомга

3-ИЛОВА





(давлат муассасасининг номи)

   



га



(муассаса раҳбарининг Ф.И.О.)


     





(нодавлат суд-экспертиза ташкилоти номи)

      



дан



(ташкилот раҳбарининг Ф.И.О.)


Суд экспертларининг малакасини ҳуқуқий

билимини ошириш бўйича

ариза


Суд экспертларининг малака/ҳуқуқий билимини ошириш курсларида қуйидаги ходим(лар)ни ўқитиш бўйича амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман:

       

Т.р.

Ходим(лар)нинг Ф.И.О.

Ходим(лар)нинг лавозими

Мутахассислик номи

1.



2.



3.




(раҳбар лавозими)

(имзо)

(Ф.И.О.)





Низомга

4-ИЛОВА




(Давлат муассасасининг номи)


суд экспертининг малакасини оширганлиги тўғрисида

СЕРТИФИКАТ

N _____________

20____ йил "____" _______________




(берилган жойи)

(суд экспертининг фамилияси, исми, отасининг исми)

20____ йил "____" ________________ дан 20____ йил "____" _______________ гача ___________соатли

ни

(малака ошириш курсининг номи)


муваффақиятли тамомлади.

Мазкур сертификат суд экспертининг суд экспертизасининг ___________________________________________ тури бўйича касбий лаёқатини тасдиқлайди.

Комиссия раиси



(Ф.И.О)


(имзо)



Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код


Амал қилиш муддати 2 йил

         





Низомга

5-ИЛОВА





(Давлат муассасасининг номи)


суд экспертининг ҳуқуқий билимини оширганлиги тўғрисида

СЕРТИФИКАТ

N _____________

20____ йил "____" _______________




(берилган жойи)

(суд экспертининг фамилияси, исми, отасининг исми)

20____ йил "____" ________________ дан 20____ йил "____" _______________ гача ___________соатли

ни

(малака ошириш курсининг номи)

(курснинг номи)


муваффақиятли тамомлади.

Мазкур сертификат суд экспертининг суд экспертизасининг ___________________________________________ тури бўйича касбий лаёқатини тасдиқлайди.

Комиссия раиси



(Ф.И.О)


(имзо)



Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код


Амал қилиш муддати 2 йил

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 30 март, 12-сон, 134-модда











































Время: 0.0361
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск