ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология / Метрология /

Ўзбекистон Республикасининг 28.12.1993 й. 1004-XII-сон "Метрология тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири, ЎзР 07.04.2020 й. ЎРҚ-614-сон Қонуни билан тасдиқланган )

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.12.1993 й.

N 1004-XII



МЕТРОЛОГИЯ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади метрологияга оид фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Метрология тўғрисидаги қонунчилик

Метрология тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг метрология тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


метрологияга оид фаолият - ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш, ўлчаш услублари ва воситалари, шунингдек талаб қилинадиган аниқликка эришиш усуллари билан боғлиқ бўлган фаолият;


метрологик кузатилувчанлик - ўлчаш натижасининг ҳужжатлаштирилган узлуксиз калибрлашлар кетма-кетлиги орқали эталонга боғлаш мумкин бўлган хоссаси;


метрологик экспертиза - ўлчашларнинг ягона бирликда бўлиши билан боғлиқ метрологик талаблар, қоидалар ва нормаларни қўллаш тўғрилиги ҳамда тўлиқлигини баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ишлар мажмуи;


синов воситаси - синовлар ўтказиш учун мўлжалланган, нормаланган техник тавсифлари бўлган техник қурилма, модда ва (ёки) материал;


стандарт намуна - метрологик аттестация натижасида модда (материал)нинг хоссаси ёки таркибини тавсифлайдиган битта ёки ундан ортиқ қийматлари аниқланган шу модда (материал) намунаси шаклидаги ўлчаш воситаси;


эталон - муайян катталик бирлигининг ўлчамини бошқа ўлчаш воситаларига ўтказиш мақсадида уни қайта ҳосил қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган ўлчаш воситаси;


ўлчашлар аниқлигининг кўрсаткичи - ўлчаш услубиётининг қўлланилаётган нормалари ва қоидаларига риоя этилганда олинган ўлчаш натижалари аниқлигининг белгиланган тавсифи;


ўлчашларни бажариш услубиёти - ўлчашларнинг бажарилишини ва уларнинг натижалари белгиланган аниқлик кўрсаткичлари билан олинишини таъминлайдиган операциялар ва қоидалар мажмуи;


ўлчаш воситаси - ўлчашлар учун фойдаланиладиган ва нормаланган метрологик хусусиятларга эга бўлган техника воситаси;


ўлчаш воситаларини калибрлаш - берилган шароитларда ўлчаш воситаси ёрдамида олинган катталик қиймати ва эталон билан қайта тикланадиган тегишли катталик қиймати ўртасидаги нисбатни аниқлаш орқали ўлчаш воситасининг метрологик тавсифларини аниқлаш мақсадида бажариладиган операциялар мажмуи;


ўлчаш воситаларини қиёслаш - ўлчаш воситаларининг белгилаб қўйилган метрологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш мақсадида бажариладиган операциялар мажмуи;


ўлчашларнинг ягона бирликда бўлиши - ўлчашларнинг натижалари қонунийлаштирилган бирликларда ифодаланган ва ўлчашларнинг аниқлик кўрсаткичлари маълум эҳтимоллик билан белгиланган чегараларда жойлашган ҳолати.



4-модда. Метрологияга оид фаолият соҳасидаги асосий вазифалар


Метрологияга оид фаолият соҳасидаги асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш;

ишончсиз ўлчаш натижаларининг олдини олиш;

холис, ишончли ва солиштириладиган ўлчаш натижаларига бўлган эҳтиёжларни қондириш;

ўлчаш натижаларининг миллий ва (ёки) халқаро эталонларгача метрологик кузатилувчанлигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг ривожланишига ва илмий-техник тараққиётига кўмаклашиш.



5-модда. Метрологияга оид фаолият

соҳасинининг асосий принциплари


Метрологияга оид фаолият соҳасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

метрология текшируви ва назорати натижаларининг холислиги;

илмий асосланганлик;

ўлчаш бирликлари қўлланилишида халқаро бирликлар тизимининг устуворлиги;

бошқарув тизимининг ягоналиги;

маълумотларнинг ошкоралиги ва очиқлиги;

ўлчашлар ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича миллий ва халқаро талабларнинг уйғунлиги.



2-БОБ. МЕТРОЛОГИЯГА ОИД ФАОЛИЯТ СОҲАСИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


6-модда. Метрологияга оид фаолият соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари


Метрологияга оид фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

метрологияга оид фаолиятни халқаро талаблар асосида ривожлантириш;

инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда уларни ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграция қилиш;

метрологияга оид фаолият соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

илғор инновацион ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини рағбатлантириш;

нотўғри ўлчаш натижаларининг салбий оқибатларидан муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизими ишлаши ва ривожланишини, унинг халқаро бирликлар тизими ва бошқа мамлакатларнинг катталик бирликлари тизимлари билан уйғунлашувини таъминлаш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

метрологияга оид фаолият соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

метрологияга оид фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

метрологияга оид фаолият соҳасида давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида метрологияга оид фаолият соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

метрологияга оид фаолият соҳасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

катталик бирликларининг номлари ва белгилари, уларни ёзиш ва қўллаш қоидаларини, метрология текшируви ва назорати тартибини, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўтказилган ўлчаш воситаларини синаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш, қиёслаш, калибрлаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида эътироф этиш тартибини белгилайди;

ўлчаш натижалари давлат аҳамиятига эга бўлган ўлчаш воситалари туркумлари рўйхатини тасдиқлайди.


8-модда. Ўзбекистон Республикаси метрология хизмати


Метрологияга оид фаолият соҳасининг давлат томонидан бошқарилишини метрология бўйича миллий орган - Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади) амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси метрология хизмати давлат метрология хизматидан, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматларидан, шунингдек республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматларидан иборатдир.

Давлат метрология хизмати махсус ваколатли давлат органи ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмаларидан, шунингдек Ўзбекистон миллий метрология институтидан иборат.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳузуридаги махсус ташкил этилган ҳамда аккредитация қилинган бўлинмалардан иборатдир.

Юридик шахсларнинг метрология хизматлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган махсус ташкил этилган ҳамда аккредитация қилинган юридик шахслардан ва (ёки) улар ҳузуридаги бўлинмалардан (бундан буён матнда юридик шахсларнинг метрология хизматлари деб юритилади) иборат.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматлари ва юридик шахсларнинг метрология хизматлари зарурат бўлган ҳолларда ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича ишларни бажариш ҳамда метрология текширувини амалга ошириш учун ташкил этилади.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматларининг ҳамда юридик шахслар метрология хизматларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари давлат метрология хизмати органлари билан келишиб олинган низомларда ўрнатилади.


9-модда. Махсус ваколатли давлат органининг

метрологияга оид фаолият соҳасидаги ваколатлари


Махсус ваколатли давлат органи:

метрологияга оид фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

мамлакатда метрологияга оид фаолият соҳасидаги минтақалараро ва тармоқлараро ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

миллий эталонларни яратиш, тасдиқлаш, сақлаш ва ишчи ҳолатда сақлаб туриш қоидаларини ўрнатади, шунингдек уларнинг халқаро даражада солиштирилишини таъминлайди;

ўлчаш услублари, воситалари ва натижаларига қўйиладиган умумий метрологик талабларни белгилайди;

давлат метрология назоратини амалга оширади, шунингдек метрологияга оид фаолият соҳасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиради;

давлат синовларидан ўтган ва тури тасдиқланган ёки метрологик аттестациядан ўтказилган Ўлчаш воситаларининг давлат реестрини юритади;

ўз ваколатлари доирасида, шу жумладан бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни қабул қилади;

илмий кадрлар ва муҳандис-техниклар тайёрлашни ҳамда қайта тайёрлашни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича юклатилган вазифаларни бажариш учун республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг мутахассисларини жалб этади;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасининг ўлчашлар ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизими ишлаши ва ривожланишини ҳамда унинг халқаро бирликлар тизими ва бошқа мамлакатларнинг катталик бирликлари тизимлари билан уйғунлашувини таъминлайди;

истеъмолчилар ҳуқуқларини, фуқароларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини, атроф-муҳитни ҳамда давлат манфаатларини нотўғри ўлчаш натижаларининг салбий оқибатларидан муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларидан, шунингдек ташкилотлардан ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотни олади.


10-модда. Махсус ваколатли давлат органи

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва

Тошкент шаҳридаги бўлинмаларининг ваколатлари


Махсус ваколатли давлат органи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари:

ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

миллий даражада лабораториялараро солиштиришларда иштирок этади.



11-модда. Ўзбекистон миллий метрология

институтининг ваколатлари


Ўзбекистон миллий метрология институти:

Ўзбекистон Республикаси миллий эталонлар базасини такомиллаштиради ва ривожланишини таъминлайди;

эталонларни ва энг юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини сақлаб туриш ҳамда уларни халқаро даражада солиштириш, шунингдек катталик бирликларини сақлаш ва узатиш бўйича ишларни бажаради;

ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

метрология текшируви натижаларини ўзаро эътироф этиш бўйича халқаро шартномаларни рўёбга чиқаришда иштирок этади;

метрология текширувини ва метрологияга оид фаолият соҳасидаги илмий тадқиқотларни амалга оширади.



12-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият

органлари ва хўжалик бошқаруви органлари метрология

хизматларининг ҳамда юридик шахслар метрология

хизматларининг ваколатлари

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг метрология хизматлари:

аккредитация қилинган ҳолда ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш ишларини бажаради;

ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.

Юридик шахсларнинг метрология хизматлари:

аккредитация қилинган ҳолда ўлчаш воситаларини калибрлаш ҳамда ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган ҳолларда ўлчаш воситаларини қиёслаш ишларини бажаради;

ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.



3-БОБ. МЕТРОЛОГИЯГА ОИД ФАОЛИЯТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13-модда. Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини

таъминлашга доир норматив ҳужжатлар


Метрология нормалари ва қоидаларини белгиловчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг қуйидаги турлари қўлланилади:

ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиёти;

ўлчаш воситаларини калибрлаш услубиёти;

ўлчашларни бажариш услубиёти;

синов воситаларини аттестациядан ўтказиш услубиёти.

Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар жумласига метрология текширувини ўтказиш тартибини белгиловчи стандартлаштириш бўйича ҳужжатлар ҳам киради.

Ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш услубиётлари, синов воситаларини аттестациядан ўтказиш услубиёти метрологик экспертизадан ўтказилиши лозим.

Ўлчашларни бажариш услубиёти метрологик аттестациядан ўтказилади.



14-модда. Катталик бирликлари


Ўзбекистон Республикасида халқаро бирликлар тизимининг катталик бирликларини белгиланган тартибда қўллашга йўл қўйилади. Катталик бирликларининг номлари, белгилари, уларни ёзиш ва қўллаш қоидалари махсус ваколатли давлат органининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан халқаро бирликлар тизимига киритилмаган бирликларни қўллашга рухсат берилиши мумкин.

Ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида шартнома шартларига мувофиқ ўзга катталик бирликларидан ҳам фойдаланиш мумкин.



15-модда. Катталик бирликларининг эталонлари


Катталик бирликлари эталонлар воситасида сақланади ва қайта ҳосил қилинади.

Эталонлар орқали қайта ҳосил қилинадиган катталик бирликлари халқаро бирликлар тизимининг бирликларига қадар метрологик кузатилувчанликни таъминлаши керак.

Махсус ваколатли давлат органининг қарори билан миллий эталон Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муайян катталик бирлигининг ўлчамини белгилаш учун бирламчи эталон сифатида эътироф этилади.

Миллий эталонларни хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди.

Эталонларни яратиш, тасдиқлаш, сақлаш ва қўллаш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан ўрнатилади.



16-модда. Ўлчаш воситалари ва синов воситалари


Фойдаланишда бўлган ўлчаш воситалари ва синов воситалари ўлчаш натижаларининг белгиланган аниқликдаги қонунийлаштирилган бирликларда бўлишини таъминлаши ва қўллаш шартларига мос келиши керак.

Ўлчаш натижаларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган рухсат этилмаган созлаш ва аралашувларнинг олдини олиш мақсадида ўлчаш воситаларининг конструкцияси ўлчаш воситаларининг функционал қисмларига (шу жумладан дастурий таъминотга) кириш чекланишини таъминлаши керак.

Қуйидагилар техник воситалар, қурилмалар, моддалар ва (ёки) материалларнинг ўлчаш воситалари ва (ёки) синов воситалари жумласига киритиш мезонлари ҳисобланади:

қийматлари маълум вақт давомида ўзгармас деб қабул қилинадиган нормаланган метрологик хусусиятларга ва техник тавсифларга эга бўлиши;

ўлчаш натижаларининг белгиланган аниқликда қонунийлаштирилган бирликларда бўлишини таъминлаш қобилияти, шунингдек синов натижаларининг ишончлилиги;

механик, электрик, оптик, физик-кимёвий, электрон принципларда ишлаши.

Қуйидаги ҳолларда техник воситалар ўлчаш воситалари ва (ёки) синов воситалари ҳисобланмайди:

индикатор функциясига эга бўлганда;

натижалари ўлчаш ва (ёки) синов ҳисобланмайдиган, фақат дастлабки баҳолаш учун фойдаланилганда;

фақат ўлчаш ва (ёки) синов натижалари ҳақида ахборот узатиш функцияларини бажарганда.



17-модда. Ўлчашларни бажариш услубиётлари


Ўлчашларни бажариш услубиётлари ўлчаш натижаларининг аниқлик кўрсаткичларини баҳолашни ўз ичига олиши ва ўлчаш ўтказишнинг мавжуд шароитларида белгилаб қўйилган аниқликни таъминлаши керак. Ўлчашлар белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган ўлчашларни бажариш услубиётларига мувофиқ амалга оширилиши зарур.

Ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш ўлчашларни бажариш услубиётининг унга қўйиладиган метрология талабларига мувофиқлигини баҳолаш ҳамда тасдиқлаш мақсадида тадқиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ўлчашларни бажариш услубиётларини ишлаб чиқиш ва метрологик аттестациядан ўтказиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан ўрнатилади.



4-БОБ. МЕТРОЛОГИЯ ТЕКШИРУВИ

ВА ДАВЛАТ МЕТРОЛОГИЯ НАЗОРАТИ


18-модда. Метрология текширувини ва давлат

метрология назоратини амалга ошириш

Метрология текшируви Ўзбекистон миллий метрология институти, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг метрология хизматлари ҳамда юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан ушбу Қонунда белгиланган ваколатлар доирасида амалга оширилади.

Давлат метрология назорати махсус ваколатли давлат органи томонидан метрология тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



19-модда. Метрология текшируви ва давлат

метрология назорати объектлари

Қуйидагилар метрология текшируви ва давлат метрология назорати объектларидир:

эталонлар;

ўлчаш воситалари;

синов воситалари;

стандарт намуналар;

ахборот-ўлчаш тизимлари;

ўлчашларни бажариш услубиётлари;

ўрамларга қадоқланган товарларнинг уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдори;

метрология нормалари ва қоидаларида назарда тутилган бошқа объектлар.



20-модда. Метрология текшируви ва давлат метрология

назорати татбиқ этиладиган соҳалар

Метрология текшируви ва давлат метрология назорати қуйидаги соҳаларда бажариладиган ўлчашларга нисбатан қўлланилади:

соғлиқни сақлаш, ветеринария, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

моддий бойликларни ва ёқилғи-энергетика ресурсларини ҳисобга олиш;

солиқ, божхона, савдо-тижорат, почта ва телекоммуникация;

заҳарли, тез алангаланувчи, портловчи ва радиоактив моддаларни сақлаш, ташиш ҳамда йўқ қилиб ташлаш;

умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш ва ушбу соҳада хизматлар кўрсатиш;

аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, ёнғин хавфсизлигини, сув объектларида инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

саноат хавфсизлигини таъминлаш;

давлат мудофаасини таъминлаш;

меҳнат хавфсизлигини ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

сертификатлаштириладиган маҳсулотнинг хавфсизлиги ва сифатини аниқлаш;

геодезик, картографик ва гидрометеорологик ишларни бажариш;

ўлчаш воситаларини давлат синовидан, қиёслашдан, калибрлашдан, таъмирлаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш;

расмий спорт мусобақаларини ўтказиш;

маҳсулот ва хизматлар мувофиқлигини баҳолаш бўйича ишларни бажариш.

Метрология текшируви ва давлат метрология назорати қонунчиликка мувофиқ фаолиятнинг бошқа соҳаларига нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.


21-модда. Метрология текшируви

Метрология текшируви ва давлат метрология назорати объектларининг метрологик, техник тавсифларини аниқлаш ва (ёки) тасдиқлаш мақсадида метрология текшируви амалга оширилади.

Метрология текшируви:

ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш мақсадида синовдан ўтказиш;

ўлчаш воситаларини ва ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш;

ўлчаш воситаларини, шу жумладан эталонларни қиёслаш, калибрлаш;

синов воситаларини аттестациядан ўтказиш тарзида амалга оширилади.



22-модда. Давлат метрология назорати


Давлат метрология назорати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларининг метрологияга оид талабларга риоя этилиши устидан амалга оширилади.

Давлат метрология назорати:

ўлчаш воситаларининг (шу жумладан эталонлар, стандарт намуналар, ахборот-ўлчаш тизимлари) ишлаб чиқарилиши, таъмирланиши, прокатга берилиши, реализация қилиниши, уларнинг ҳолати ва қўлланилиши;

ўлчашларни бажариш услубиётларининг қўлланилиши;

белгиланган метрология нормалари ва қоидаларига риоя этилиши, шунингдек аккредитация қилинган метрология хизматлари, марказлари ва лабораториялари фаолияти;

ўрамларга қадоқланган товарларнинг уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдори устидан амалга оширилади.

Давлат метрология назоратини амалга оширувчи шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонунчиликда белгиланади.


23-модда. Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори

устидан давлат метрология назорати


Ўрамларга қадоқланган товарларнинг уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдори устидан давлат метрология назорати махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилади.

Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан давлат метрология назорати ўрам таркибини ўрамни очмасдан ёки деформация қилмасдан ўзгартириш мумкин бўлмаган тақдирда, ўрамдаги товар миқдорини кўрсатувчи масса, ҳажм, узунлик, майдон ёки бошқа катталиклар эса ўрамда белгиланган ҳолларда амалга оширилади.

Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан давлат метрология назорати суюқ ҳолдаги қадоқланган товарлар учун истеъмол идиши сифатида фойдаланиладиган ўлчамли идишларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ўрамлардаги қадоқланган товарларнинг миқдори устидан давлат метрология назорати текширув хариди орқали амалга оширилиши мумкин.



24-модда. Ўлчаш воситаларининг турларини тасдиқлаш


Ўлчаш воситаларининг турларини тасдиқлаш ўз ичига давлат синовларини ўтказиш орқали ўлчаш воситаларининг метрологик ва техник тавсифларини аниқлаш, ўлчаш воситаларининг метрология тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлигини белгилаш ҳамда ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича ишларни олади.

Ўлчаш воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш ягона нусхаларда ишлаб чиқариладиган (ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт бўйича ягона нусхаларда олиб кириладиган) ўлчаш воситаларининг хоссаларини тадқиқ этиш асосида улар қўллаш учун йўл қўйилишини эътироф этиш мақсадида давлат метрология хизмати томонидан амалга оширилади.

Ушбу Қонуннинг 20-моддасида кўрсатилган соҳаларда фойдаланиладиган, ишлаб чиқарилиши ва импорт бўйича олиб кирилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари давлат синовларидан ва турини тасдиқлашдан ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши керак.

Ўлчаш воситаларининг давлат синовларини ўтказиш, турини тасдиқлаш ва Давлат реестрига киритиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Тасдиқланган ўлчаш воситаларига ёки уларнинг фойдаланиш ҳужжатларига ишлаб чиқарувчи Давлат реестри белгисини қўйиши шарт.



25-модда. Ўлчаш воситаларини қиёслаш


Ўлчаш воситаларини қиёслаш аккредитация қилинган Ўзбекистон миллий метрология институти, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг метрология хизматлари, шунингдек ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.

Ўлчаш воситаларини қиёслаганда ўлчаш воситаларининг белгилаб қўйилган метрологик талабларга уларнинг мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш бажариладиган операциялар кетма-кетлигини белгиловчи ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиёти асосида амалга оширилади.

Қиёслашдан ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Ўлчаш натижалари давлат аҳамиятига эга бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати махсус ваколатли давлат органининг Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва ушбу ўлчаш воситалари қўлланиладиган соҳадаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўлчаш натижалари давлат аҳамиятига эга бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхатига киритилмаган ўлчаш воситаларини қиёслаш юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан амалга оширилиши мумкин.


26-модда. Ўлчаш воситаларини калибрлаш


Ўлчаш воситаларини калибрлаш аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.

Ўлчаш воситаларини калибрлашда ўлчаш воситасининг метрологик тавсифларини аниқлаш учун мўлжалланган ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиётидан фойдаланилади.

Ушбу Қонун 20-моддаси биринчи қисмининг иккинчи-ўнинчи хатбошларида кўрсатилганидан бошқа соҳаларда қўлланиладиган ўлчаш воситалари уларни ишлаб чиқариш, реализация қилиш, ишлатиш, ижарага бериш ва таъмирлашда калибрлашдан ўтказилиши мумкин.

Аккредитация қилинган метрология хизмати томонидан бажарилган ўлчаш воситаларини калибрлаш натижаларидан ўлчаш воситаларини қиёслашда фойдаланилиши мумкин.

Ўлчаш воситаларини калибрлаш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида метрология хизматлари ташкил этилишига йўл қўйилади.



27-модда. Синов воситаларини аттестациядан ўтказиш


Синов воситаларини аттестациядан ўтказиш уларнинг нормаланган техник тавсифлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

Синов воситаларини аттестациядан ўтказиш аккредитация қилинган метрология хизматлари томонидан амалга оширилади.

Синов воситаларини аттестация қилишда синов воситаларининг нормаланган техник тавсифлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш имконини берувчи синов воситаларини аттестация қилиш услубиётидан фойдаланилади.



28-модда. Метрология хизматларини метрология

ишларини ва хизматларини амалга ошириш

ҳуқуқига эга бўлиш учун аккредитация қилиш


Метрология хизматларини ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг метрологик экспертизасини, ушбу Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилган соҳаларда қўлланилиши ва фойдаланилиши мумкин бўлган ўлчаш воситаларини, синов воситаларини, ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш, синов воситаларини аттестациядан ўтказиш, ўлчаш воситаларини  қиёслаш, калибрлаш ва синашни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши учун аккредитация қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади.

Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг метрологик экспертизасини, ушбу Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилган соҳаларда қўлланилиши ва фойдаланилиши мумкин бўлган ўлчаш воситаларининг, ўлчашларни бажариш услубиётларининг метрологик аттестациясини, синов воситаларининг аттестациясини, ўлчаш воситаларини қиёслашни, калибрлашни, синашни амалга оширувчи аккредитация қилинган метрология хизматлари фаолиятининг инспекция назорати қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29-модда. Давлат метрология хизматини давлат

томонидан молиялаштириш


Давлат метрология хизматининг қуйидаги ишлари давлат томонидан молиялаштирилади:

метрологияга оид фаолият соҳасини ривожлантириш истиқболларини ишлаб чиқиш;

метрология бўйича халқаро, минтақавий ташкилотларнинг ишида иштирок этиш ва метрология бўйича чет эл миллий хизматлари билан ишлар бажариш;

метрологияга оид фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни, шунингдек халқаро, минтақавий нормалар ҳамда қоидаларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқишда иштирок этиш;

метрологияга оид фаолият соҳаси бўйича умумдавлат аҳамиятига молик илмий-тадқиқот ва бошқа ишларни ўтказиш;

эталонлар ва ўлчаш воситаларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, ясаш, сақлаш, қўллаш, олиш ҳамда асраш, шунингдек уларнинг халқаро даражада солиштирилишини таъминлаш;

стандарт намуналарни ишлаб чиқиш;

давлат метрология назоратини ўтказиш.



30-модда. Метрология ишлари ва хизматлари учун ҳақ тўлаш


Ўлчаш воситаларини синаш, турини тасдиқлаш, метрологик аттестациядан ўтказиш, қиёслаш ва калибрлаш, ўлчашларни бажариш услубиётларини аттестациядан ўтказиш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш соҳасидаги норматив ҳужжатларни метрологик экспертиза қилиш, техник жиҳатдан асослилигини ҳамда белгиланган метрология нормалари ва қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш, ўлчашлар ва синовлар бажарилишининг сифатини баҳолашга доир метрология ишлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек метрологияга оид фаолиятнинг давлат томонидан молиялаштириш соҳасига кирмайдиган бошқа турлари учун ҳақ тузиладиган шартномалар шартларига мувофиқ манфаатдор шахслар томонидан тўланади.



31-модда. Низоларни ҳал этиш

Метрологияга оид фаолият соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



32-модда. Метрология тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Метрология тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 8 апрель


"Халқ сўзи", 2020 йил 8 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 13 апрель, 13-14-сон, 137-модда





















































Время: 0.1632
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск