ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Алоҳида корхоналар ва лойиҳалар бўйича ҳужжатлар / Қурилиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.04.2020 й. ПҚ-4677-сон "Навоий вилоятида қуввати 100 МВТ бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.04.2020 й.

N ПҚ-4677



"НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА ҚУВВАТИ 100 МВТ

БЎЛГАН ФОТОЭЛЕКТРИК СТАНЦИЯНИ ҚУРИШ"

ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайта тикланадиган энергетикани жадал ривожлантиришни таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланишни камайтириш, шунингдек, электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

a) Халқаро молия корпорациясининг молиявий ва техник кўмагида Навоий вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва ишлатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини (кейинги ўринларда - инвестиция лойиҳаси) амалга ошириш учун инвестор танлаб олиш жараёни якунланганлиги;

б) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Жаҳон банки гуруҳи тартиб-таомилларига мувофиқ ўтказилган тендер савдолари натижаларига кўра, "Abu Dhabi Future Energy Company PJSC - Masdar" (БАА) компанияси (кейинги ўринларда - Инвестор) ғолиб деб топилганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Инвестор ўртасида 2019 йил 8 ноябрда инвестиция лойиҳасини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва ишлатиш мақсадида Навоий вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни (кейинги ўринларда - ФЭС) лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва 25 йил давомида ишлатиш билан боғлиқ Инвестор мажбуриятларини назарда тутувчи Инвестиция битими (кейинги ўринларда - Инвестиция битими) тузилганлиги;

г) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Инвестор томонидан Ўзбекистон Республикасида Инвестор номидан иш юритадиган "Nur Navoi Solar" масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) таъсис этилганлиги;

д) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Инвестор ўртасида 2019 йил 8 ноябрда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим) тузилганлиги, унга мувофиқ:

Инвестор ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ тимсолида ягона харидорга сотиш мажбуриятини олганлиги;

Инвестор ўзининг ва Лойиҳа компаниясининг мажбуриятларини лозим даражада бажариши бўйича 20 млн АҚШ доллари миқдоридаги банк кафолатини тақдим қилиши;

Инвестор кучланишни оширувчи ФЭС подстанциясини қуриш ва фойдаланишга топширилгандан кейин уни "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга бепул асосда бериш мажбуриятини олиши;

инвестиция лойиҳасининг бутун 25 йиллик муддати давомида инвестиция лойиҳаси доирасида ишлаб чиқарилган 1 киловатт-соат электр энергияси учун хорижий валютада деноминацияланган 2,679 АҚШ центи миқдорида қатъий тариф белгиланганлиги;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши ва электр энергияси учун тўловни маҳаллий валютада амалга ошириши;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ электр энергиясини олти ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Инвестор фойдасига хорижий валютада тасдиқланган тикланадиган аккредитив очиш мажбуриятини олиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Инвестор ўртасидаги Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Инвестор ўртасидаги Инвестиция битими тасдиқлансин.

Белгилансики, Инвестиция битими у имзоланган кундан эътиборан кучга киради.


4. Инвестиция битимига мувофиқ унинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясини сотиб олиш учун хорижий валютада деноминацияланган қатъий тариф ўрнатилганлиги белгилаб қўйилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Навоий вилояти ҳокимлигига Лойиҳа компанияси ва инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этаётган кредиторлар билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар Лойиҳа компанияси томонидан бажарилмаган тақдирда Лойиҳа компанияси ҳуқуқларини кредиторларга бериш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.


6. Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ:

Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ Лойиҳа компанияси билан Харидорнинг уланиш воситаларини бериш тўғрисидаги битимни тузсин;

Харидорнинг уланиш воситаларини бериш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ кучланишни оширувчи ФЭС подстанцияси фойдаланишга топширилгандан кейин уни Лойиҳа компаниясидан ўз мулкига қабул қилиб олсин;

ФЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини олти ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига хорижий валютада тасдиқланган тикланадиган аккредитивни очсин.


7. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

кредитлаш, хорижий валютадаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, бошқалардан ташқари хорижий валютада кредит маблағлари тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқарисидаги хорижий пудратчилар, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан тўғридан-тўғри амалга ошириш.


8. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги "2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги ПҚ-2343-сон қарорининг 5-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида сотиладиган электр энергияси ҳажмларига нисбатан татбиқ этилмайди.


9. Навоий вилояти ҳокимлиги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция битимида белгиланган ер участкасини ажратиб берсин ва Инвестиция битими шартларига мувофиқ Лойиҳа компанияси билан ерни ижарага бериш тўғрисидаги шартномани имзоласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция битими қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулоса берсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа ҳужжатларининг давлат экология экспертизасидан ўтказилишини ва инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя қилиниши устидан лозим даражада назорат ўрнатилишини белгиланган тартибда таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари расмийлаштирилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши (муддати узайтирилиши) ҳамда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаганлар орасидан) жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 20 апрель, 15-сон, 160-модда








































Время: 0.1311
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск