Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар /

Ўзбекистон Республикасининг 02.07.1992 й. 625-XII-сон "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.07.1992 й.

N 625-XII



БИРЖАЛАР ВА БИРЖА ФАОЛИЯТИ

ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Ушбу Қонун биржалар ташкил этиш ва биржа фаолиятини ҳуқуқий бошқариш тартибини белгилайди.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Биржа

Биржа аввалдан тайинланадиган манзил ва вақтда белгиланган қоидалар асосида очиқ савдо-сотиқ ўтказиш орқали биржа товарлари билан эркин улгуржи савдо қилиш учун шарт-шароитлар яратувчи, юридик шахс ҳисобланадиган корхонадир.



2-модда. Биржа фаолияти

Биржа фаолияти - товарларга бўлган талаб ва уларни таклиф қилишнинг амалда мавжуд нисбатларини аниқлаш ҳамда уни ҳисобга олган ҳолда нарх-навони шакллантириш асосида биржа товарларининг улгуржи бозорини вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатларнинг мажмуидан иборатдир.



3-модда. Биржа товари

1. Мол-мулк, шу жумладан кўчмас мол-мулк, хизматлар, маҳсулот етказиб беришга доир шартномалар, интеллектуал мулк, қийматли қоғозлар, валюта маблағлари ва фуқаролар ўртасида муомалага чиқариладиган бошқа товар биржа товари ҳисобланади.


2. Ер, ер ости бойликлари, сувлар, бошқа табиий ресурслар, маданият ва тарихга доир миллий бойликлар рўйхати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа турдаги товарлар биржа товари бўлиши мумкин эмас.



4-модда. Биржа фаолиятининг қатнашчилари

Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, ташкилотлар, брокерлик ва дилерлик фирмалари (идоралари), брокерлар, дилерлар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан чет эл юридик ва жисмоний шахслари биржа фаолиятининг иштирокчилари ҳисобланади.


5-модда. Биржа ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунлар

Биржа тузиш ва биржа фаолияти билан боғлиқ муносабатлар "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, ушбу Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида эса Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан ҳам тартибга солиб турилади.

Ушбу Қонун меҳнат биржасига тааллуқли эмас.



II БЎЛИМ. БИРЖА ТАЪСИС ЭТИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

6-модда. Биржа таъсис этиш ва уни тугатиш

1. Биржа юридик шахслар томонидан ҳам, жисмоний шахслар томонидан ҳам, шу жумладан чет эл юридик ва жисмоний шахслари томонидан улар ўртасидаги ихтиёрий келишув асосида таъсис этилади. Биржа таъсис этиш таъсис шартномаси билан расмийлаштирилиб, унда биржанинг вазифалари ва фаолият соҳаси, биржа муассисларининг таркиби, устав фондининг миқдори, ҳар бир муассиснинг устав фондидаги улуши, улуш киритиш муддатлари ва тартиби кўрсатилади.

Биржанинг устав фонди энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Устав фондининг энг кам миқдори ҳар йили нарх-наво даражасининг ўзгаришига мувофиқ равишда қонунларда белгиланган тартибда индексация қилиниши лозим.

Биржа устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биржа давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим.

Биржа устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биржа давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим;

2. Қуйидагилар:

давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий ҳамда маҳаллий идоралари;

давлат банклари ва давлат кредит муассасалари (бунда банклар фонд ва валюта биржаларининг муассислари бўлиши мумкин);

давлат суғурта ва давлат инвестиция компаниялари ҳамда фондлари;

жамоат, диний ва хайрия бирлашмалари (ташкилотлари) ҳамда фондлари;

қонунларга кўра тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ман этилган жисмоний шахслар биржа муассислари бўлиши мумкин эмас.


3. Биржа белгиланган тартибда рўйхатдан ўтгандан кейин биржа савдо-сотиғи ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади.


4. Биржани тугатиш ва қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ амалга оширилади.



7-модда. Биржа ташкил қилиш шакллари

Биржалар акциядор жамиятлар, масъулияти чекланган жамиятлар каби хўжалик жамиятлари кўринишида ва Қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда тузилиши мумкин.


8-модда. Биржа турлари

1. Биржалар ихтисослашувига қараб:

товар биржалари, шу жумладан универсал ва ихтисослаштирилган биржалар;

фонд биржалари;

валюта биржалари;

товар-фонд биржалари ;

интеллектуал мулк объектлари билан савдо-сотиқ қилувчи биржалар;

аралаш биржалар бўлиши мумкин.


2. Фонд ва валюта биржалари, товар-фонд биржаларининг фонд бўлимлари фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари махсус қонунлар билан тартибга солинади.



9-модда. Биржаларнинг уюшмалари

1. Биржалар ўз фаолиятларини мувофиқлаштириб бориш, биржа ҳаракатини ривожлантиришга оид бошқа вазифаларни ҳал этиш мақсадида иттифоқлар, уюшмалар ва ўзга бирлашмаларга бирлашиши мумкин.


2. Биржа савдо-сотиғида рақобатга барҳам бериш ёки уни чеклаб қўйиш мақсадида биржаларнинг бирлашиши тақиқланади ҳамда шунга қаратилган битимлар ва ҳаракатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.



10-модда. Биржанинг фаолият соҳаси

1. Биржа биржанинг савдо-сотиғини ташкил этиш ва уни тартибга солиб туришга доир фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир.


2. Биржа олди-сотди, савдо-воситачилик фаолияти билан бевосита шуғулланиши мумкин эмас.

Башарти, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз олдиларига ушбу Қонуннинг 2-моддасида назарда тутилган фаолият билан шуғулланишни мақсад қилиб қўймаган бўлсалар, биржа бу корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга пул қўйишга, уларнинг улуши (пайи)ни, акцияларини сотиб олиш ва муассиси бўлишга ҳақли эмас.

Ишлаб чиқариш (маҳсулотлар ва моллар), савдо ва савдо-воситачилик фаолияти билан шуғулланишни мақсад қилиб қўйган, шунингдек биржада ўзининг брокерлик ўрнига эга бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга биржа пул қўйишга, уларнинг улуши (пайи)ни, акцияларини сотиб олишга, муассиси бўлишга ҳақли эмас. Биржа савдоларини самарали ўтказишга кўмаклашувчи ҳамда биржа инфраструктурасини (консалтинг, тарғибот ва бошқа хизмат турлари) таркиб топтирувчи корхоналар учун биржа муассис бўлиши мумкин.


11-модда. Биржани бошқариш

Биржани бошқариш унинг уставига мувофиқ амалга оширилади. Биржа ўз бошқарувининг тузилиши, шакли ва услубларини мустақил белгилайди.



12-модда. Биржа устави

Биржа ўз фаолиятини муассислари тасдиқлайдиган устав асосида амалга оширади.

Биржанинг уставида:

биржанинг номи ва тури;

биржанинг жойлашган ери (почта манзили);

биржа фаолиятининг соҳаси ва мақсади;

устав фондининг миқдори, муассислар томонидан фондга улушлар киритишнинг тартиби ва муддатлари;

даромадни тақсимлаш ва эҳтимол тутилган зарарларни қоплаш тартиби;

биржа муассислари ва аъзоларининг мулкий жавобгарлиги;

биржанинг бошқарув идоралари, уларни ташкил этиш тартиби ва уларнинг ваколатлари;

биржа савдо-сотиғи қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартиби;

биржа аъзолигига қабул қилиш, аъзоликни вақтинча тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тартиби, биржа аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

биржани қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби белгилаб берилиши керак.

Уставда қонунларга зид келмайдиган бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.



13-модда. Биржанинг ҳуқуқлари ва вазифалари

1. Биржа ушбу Қонун ва ўз устави асосида биржа савдо-сотиғи қоидаларини қабул қилишга ва бу қоидаларнинг биржа савдо-сотиғининг барча иштирокчилари томонидан ижро этилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Биржа юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шуъба корхоналар, шунингдек биржа инфраструктурасини шакллантирувчи филиаллар ва бошқа алоҳида бўлинмалар ташкил этишга ҳақлидир.


2. Биржа:

биржа савдо-сотиғи ўтказиш учун шароит яратиб бериши;

биржа операцияларини тартибга солиб бориши;

товарларга бўлган талаб ва таклифлар нисбати асосида нарх-навони аниқлаши;

биржа аъзолари ва мижозларига ташкилий йўсиндаги ҳамда бошқа хил хизматлар кўрсатиши;

мунтазам равишда (ҳафтасига камида бир марта) нарх-наво аниқланишига, индексацияси ва ўзгаришига, савдо-сотиқ вақти, товарлар, битим ҳажмлари, контрактларнинг миқдорларига ва бошқа кўрсаткичларига доир ахборотларни, товарлар бозорининг аҳволи ва унинг ривожланиши тахминларига доир таҳлилий шарҳларни эълон қилиши шарт.



14-модда. Биржа мол-мулки

1. Биржанинг мол-мулки асосий фондлар ва оборот маблағларидан, шунингдек хусусий мулк тарзида биржага қарашли бошқа мол-мулкдан иборат бўлади.

Биржа мол-мулки биржа қатнашчилари томонидан таъсис пайлари ва кириш бадаллари ҳисобига унинг эгалигига ёки унга ижарага берилади, шунингдек биржа томонидан ўз фаолиятидан орттирган даромадлар ҳисобига мулк сифатида сотиб олинади.


2. Биржа мол-мулкидан фойдаланиш тартибини биржа аъзоларининг умумий йиғилиши белгилаб беради.


3. Давлат биржанинг мулкий ҳуқуқлари муҳофаза қилинишини кафолатлайди. Қонунларда назарда тутилганидан бўлак ҳолларда биржа мол-мулкининг тортиб олинишига йўл қўйилмайди.

Биржанинг мулкий ҳуқуқларини бузиш туфайли, фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш оқибатида унга етказилган зарарлар қонунларда белгиланган тартибда қопланади.



15-модда. Биржа аъзолари

Биржанинг устав капиталида иштирок этувчи (муассислар) ёхуд биржа мол-мулкига ўзга бадаллар киритувчи юридик ва жисмоний шахслар биржа аъзолари ҳисобланади.

Ушбу Қонуннинг 6-моддаси 2-бандида санаб ўтилган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек мазкур биржанинг хизматчилари биржа аъзолари бўлиши мумкин эмас.



III БЎЛИМ. БИРЖА ФАОЛИЯТИ

16-модда. Биржа фаолиятининг асосий қоидалари

Биржа фаолияти:

ўтказиладиган жойи ва вақтини олдиндан тартибга солиш йўли билан биржа савдо-сотиғи самарадорлигини таъминлаш;

биржа товарлари бозорини шакллантириш;

эркин равишда юзага келадиган бозор нархларини қўллаш;

савдо-сотиқни ошкора ва омма олдида ўтказиш;

биржа битимларини тасдиқланган қоидаларга асосан эркин равишда тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш;

товарларнинг нархини белгилаш ва уларга доир маълумотларни эълон қилиш;

монополияга қарши кураш тўғрисидаги қонунларга риоя этиш қоидалари асосида амалга оширилади.



17-модда. Биржа савдо-сотиғи иштирокчилари

ва уларнинг биржа савдосидаги иштироки

Биржа аъзолари, биржа воситачилари, шунингдек биржа мижозлари биржа савдо-сотиғининг қатнашчилари бўлиши мумкин.

Брокерлик жойига эга эканлик ёхуд доимий ва бир галлик мижозлар томонидан савдо-сотиққа келганлик учун йиғимлар тўлаганлик биржа савдо-сотиғида бевосита иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Брокерлик жойига эга бўлмаган биржа аъзолари биржа савдо-сотиғида брокерлик фирмалари (идоралари) ва ушбу биржада ўз фаолиятини амалга ошираётган мустақил брокерлар билан тузган шартномалар асосида иштирок этадилар.



18-модда. Биржа фаолиятидаги воситачилик

Биржа фаолиятидаги воситачилик фақатгина биржа воситачилари - брокерлар ва дилерлар, брокерлик ва дилерлик фирмалари (идоралари) томонидан амалга оширилади.

Брокер - олди-сотди битимлари тузилишида ўз мижозларининг топшириғига биноан ва уларнинг номидан воситачилик хизматини амалга оширувчи шахсдир.

Дилер - биржада ўз номи ва ўз ҳисобидан воситачиликни амалга оширувчи шахсдир.



19-модда. Биржа савдо-сотиғи қоидалари

1. Биржа савдо-сотиғи қоидалари биржа аъзоларининг умумий йиғилиши ёки умумий йиғилиш ваколат берган биржанинг бошқарув идораси томонидан тасдиқланади.


2. Биржа савдо-сотиғи қоидаларида:

биржада амалга ошириладиган биржа операцияларининг турлари;

биржа савдо-сотиғи иштирокчиларининг таркиби ва уларга қўйиладиган талабларнинг мажмуи;

биржа операцияларини амалга ошириш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби;

биржа товарлари нарх-навосини аниқлаш тартиби;

биржа битимлари тузиш чогида биржа аъзолари ва биржа савдо-сотиғи бошқа қатнашчиларининг ўзаро ҳисоб-китоб қилиш тартиби;

биржа хизматидан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва бу тўловларни белгилаш тартиби;

биржа қатнашчилари ва ходимларининг биржа савдо-сотиғи қоидаларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги Низом акс эттирилиши шарт.


3. Биржа қоидаларида:

нарх-навонинг ўзгаришига таъсир кўрсатиш мақсадида бир шахс томонидан бевосита ёки сохта шахслар орқали товарларни (битимларни) олди-сотди қилиш;

биржа савдо-сотиғи қатнашчилари томонидан келишиб туриб биржадаги кундалик нарх-навони ўзгартириши ёки белгилаб бериши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар содир этиш;

бозор конъюнктурасини сунъий равишда ўзгартиришга олиб келиши мумкин бўлган сохта маълумотлар тарқатиш ман этилади.

4. Биржа фаолияти билан шуғулланишни рўйхатдан ўтказувчи ва бундай фаолият билан шуғулланиш учун лицензия берувчи давлат бошқаруви идоралари биржа савдо-сотиғи қоидаларининг ижро этилиши республика иқтисодиётига зарар етказиши мумкин бўлган тақдирда ушбу Қонун 16-моддасининг талабларига мувофиқ ана шу қоидаларга ўзгартишлар киритишни талаб қилишга ҳақлидирлар.



20-модда. Биржа операциялари

1. Муайян биржада тақдим этилган товарлар олди-сотдиси бўйича биржа воситачилари ўртасида тузилган, биржа савдо-сотиғи қоидаларига мувофиқ амалга оширилган ва белгиланган тартибда биржада рўйхатдан ўтказилган битимлар биржа операциялари деб эътироф этилади.

2. Биржада рўйхатга олинган битимлар нотариал идорада тасдиқланмайди, амалдаги қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

3. Биржа битимининг мазмуни (товарнинг номи, миқдори, нархи, ижро ўрни ва муддатидан бўлак) ошкор этилиши мумкин эмас. Биржа битимининг мазмунига доир маълумотлар фақат тергов ва суд идораларининг талаби билан тақдим этилиши мумкин.

4. Биржа битимлари биржа номидан ва унинг ҳисобига тузилиши мумкин эмас.



21-модда. Биржа битимларининг турлари

Биржаларда:

бор товарларнинг олди-сотди битимлари, шу жумладан товарларни дарҳол бериб юбориш ёки етказиб бериш ёхуд товарга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар топширишни ҳам кўзда тутувчи олди-сотди битимлари;

форвард битимлар, яъни бор товарни етказиб бериш муддатларини кечиктирган ҳолда харид қилиш ва сотишга доир битимлар;

фьючерс битимлар, яъни стандарт контрактларга доир олди-сотди битимлари;

опцион битимлар, яъни товарларни ёки товарлар етказиб бериш контрактларини белгиланган нархлар бўйича келгусида харид қилиб олиш ёки сотиш ҳуқуқларга доир олди-сотди битимлари;

биржа савдо-сотиғи қоидаларида назарда тутилган товарлар, контрактлар ёки ҳуқуқларни харид қилиш ва сотишга доир бошқа битимлар тузилиши мумкин.

Форвард ва фьючерс битимлари ҳамда опционлар савдосини амалга оширувчи биржа ўзининг ҳисоб-китоб (клиринг) марказлари орқали битимлар ижросини кафолатлаши шарт.



22-модда. Биржада товар экспертизаси

Биржа савдо-сотиқ қатнашчисининг талабига кўра биржа олди-сотдиси орқали сотиладиган мавжуд моллар сифатининг экспертизасини ташкил этиши шарт.



23-модда. Ҳисоб-китоб ва ҳисобот

Биржа ўз фаолияти натижаларининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини, шунингдек амалдаги қонунларда белгиланган тартибда статистика ҳисоботини юритади.

Давлат статистика ҳисоботини бузиб кўрсатишда ёки белгиланган муддатда тақдим этмаганликда айбдор бўлган биржанинг мансабдор шахслари қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



IV БЎЛИМ. БИРЖА ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

24-модда. Биржа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш

Биржа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш:

биржани ва биржа фаолияти иштирокчиларини (юридик шахсларни) давлат рўйхатидан ўтказиш;

лицензиялар бериш;

биржа фаолиятини солиқ солиш билан бошқариш;

биржага доир қонунларга риоя этилиши устидан назорат қилиш йўли билан амалга оширилади.

Давлат тасарруфида бўлмаган тузилмаларнинг биржалар ва биржа қатнашчилари фаолиятини рўйхатдан ўтказиш ва уларга лицензия бериш ишларига аралашувига йўл қўйилмайди.



25-модда. Биржани ва биржа фаолияти қатнашчиларини

давлат рўйхатидан ўтказиш

1. Биржани давлат рўйхатидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўтказади, биржа фаолияти қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш эса "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади. Давлат рўйхатидан ўтказганлик учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қатъий суммаларда давлат пошлинаси ундирилади.

2. Биржани қайта рўйхатдан ўтказиш унинг таъсис ҳужжатлари (таъсис шартномаси ва устави) ўзгаргани тақдирдагина амалга оширилади.

3. Асоссиз равишда рўйхатдан ўтказишни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



26-модда. Биржа фаолиятига лицензия бериш

Қийматли қоғозлар, валюта, кўчмас мулк, интеллектуал мулк, билан савдо операциялари бажариш биржа фаолияти қатнашчилари томонидан лицензиялар асосида амалга оширилади.

Биржа фаолиятига лицензия бериш тартибини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси белгилаб беради.

Биржа фаолиятининг қатнашчиларига лицензия у давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейингина Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган идора томонидан тақдим этилади.



27-модда. Биржа фаолиятини солиқ йўли

билан тартибга солиш

Биржа фаолиятини солиқ йўли билан тартибга солиб туриш корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ амалга оширилади.



28-модда. Биржа қонунларига риоя этилиши

устидан назорат қилиш

Биржаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда биржа фаолияти қатнашчиларига лицензиялар бериш ишини амалга оширувчи давлат бошқаруви идоралари биржалар ва биржа қатнашчилари биржага доир қонунларга риоя этишларини назорат қиладилар.



29-модда. Биржанинг ташқи иқтисодий фаолияти

Биржа ташқи иқтисодий фаолиятни ушбу Қонун ва амалдаги қонунларда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганидан кейин амалга оширади.

Биржа савдо-сотиғига қўйиш учун мўлжалланган товарларга доир экспорт ва импорт ишлари биржа воситачилари томонидан амалга оширилади.



30-модда. Биржа фаолиятига давлат кафолати

Давлат амалдаги қонунларга зид бўлмаган барча турдаги биржа битимлари бўйича мулкчилик ҳуқуқлари муҳофаза қилинишини кафолатлайди.

Давлат бошқаруви идоралари биржа фаолияти қатнашчиларининг фаолиятига аралашишга ҳақли эмас, қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.



V БЎЛИМ. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ВА БИРЖА

ФАОЛИЯТИ СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

31-модда. Низоларни қараб чиқиш тартиби

1. Биржа фаолияти қатнашчилари ўртасида, шунингдек биржа фаолияти қатнашчилари билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари ўртасида келиб чиқадиган низолар судлар ёки ҳакамлик судлари томонидан ҳал этилади.

2. Биржа битимлари қатнашчилари ўртасида биржа савдо-сотиғи қоидаларида назарда тутилган масалалар юзасидан келиб чиққан низоларни биржанинг ҳакамлик комиссияси ҳал этади, томонлардан биронтаси унинг қарорига рози бўлмаган тақдирда эса тегишли хўжалик суди ҳал этади.

Низоларни ҳакамлик комиссиясида қараб чиққанлик учун ҳақ ундириш тақиқланади.



32-модда. Биржа ва биржа фаолияти

қатнашчиларининг жавобгарлиги

1. Биржаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва биржа қатнашчиларига лицензиялар бериш билан шуғулланадиган идоралар 1, 2, 6 (2-банд), 9 (2-банд), 10, 13 (2-банд 4-хатбоши), 15 (2-банд), 19 (3-банд), 29-моддаларда назарда тутилган қоидалар бузилган тақдирда биржа фаолиятини ва лицензияларнинг амал қилишини уч ойгача тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.


2. Башарти, биржа ушбу Қонун қоидаларини бузишда давом этаверса, назорат қилувчи идоралар биржа савдо-сотиғи уюштириш учун биржага берилган лицензияни бекор қилишга ҳақлидирлар.

3. Ушбу Қонуннинг қоидаларини бузганларга нисбатан:

биржа фаолиятининг қатнашчиси бўлган корхонанинг мансабдор шахсини биржага доир қонунлар бузилганлиги ҳолларига 15 кунлик муддат ичида барҳам бериш тўғрисида ёзма ёки оғзаки равишда огоҳлантириш;

биржа фаолияти қатнашчиси бўлган юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 200 ҳиссаси миқдорда жарима ундириш;

биржа фаолияти қатнашчиси бўлган корхоналарнинг мансабдор шахсларидан энг кам ойлик иш ҳақининг 20 ҳиссаси миқдорда жарима ундириш каби жавобгарлик чоралари ҳам қўлланиши мумкин.

Биржага доир қонунлар бузилишига йўл қўйганлик учун жавобгарлик турини аниқлаш биржага доир қонунларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи идораларнинг ваколатига киради.

Жарималар назорат идоралари томонидан даъво билдириш тартибига риоя этмаган ҳолда судга ёки хўжалик судига даъво тақдим этиш орқали ундирилади.

4. Биржага доир қонунлар ва биржа савдо-сотиғи қоидалари бузилганлиги учун жарима ундириш тўғрисида судда ёки хўжалик судида даъво қўзғатган давлат бошқаруви идоралари давлат пошлинаси тўлашдан озод қилинади.

5. Ушбу моддага мувофиқ ундириб олинган жарима суммалари тўлиқ миқдорда тегишли бюджетга ўтказилади.


6. Жарима миқдорлари нарх-наво даражасининг ўзгаришига мувофиқ индексация қилиниши лозим.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов































Время: 0.1587
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск