Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология /

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.08.2004 й. 373-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 5 августдаги

373-сон қарорига

3-ИЛОВА


Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология

ва сертификатлаштириш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (кейинги ўринларда "Ўзстандарт" агентлиги деб аталади) техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги вазифаларни ҳал қилиш учун махсус ваколат берилган Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органи ҳисобланади.

"Ўзстандарт" агентлиги Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш бўйича миллий органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.

2. "Ўзстандарт" агентлиги тизимига қуйидагилар киради:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармалари;

"Республика синов ва сертификатлаштириш маркази" давлат корхонаси;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар синов ва сертификатлаштириш марказлари;

Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш "Сифат" маркази" давлат корхонаси;

"Ўзбекистон миллий метрология институти" давлат корхонаси;

Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти;

"Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази" давлат корхонаси;

"Ахборот-маълумот маркази" давлат корхонаси;

"Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази" давлат корхонаси.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармалари икки томонлама бўйсунадилар ҳамда Агентликка ва тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига ҳисоб берадилар.

3. "Ўзстандарт" агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига ва бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. "Ўзстандарт" агентлиги ўз фаолиятини давлат бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. "Ўзстандарт" агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармалари, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини молиялаштириш "Ўзстандарт" агентлигига бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ва маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

6. "Ўзстандарт" агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган унга қарашли бошқа ташкилотлар юридик шахс ҳисобланадилар, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўладилар.


II. "ЎЗСТАНДАРТ" АГЕНТЛИГИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар "Ўзстандарт" агентлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида", "Стандартлаштириш тўғрисида", "Метрология тўғрисида", "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида", "Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда бажарилишини таъминлаш;

стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш, халқаро стандартларни, шу жумладан сифатни бошқариш тизими бўйича халқаро стандартларни қўллаш асосида маҳсулотлар сифатини ва уларнинг рақобатбардошлилигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

стандартлаштириш, ўлчовлар ягоналиги, сертификатлаштириш тизимлари фаолият кўрсатишини ва ривожлантирилишини, ушбу соҳалардаги илмий-техника ахборотини аккредитация қилиш ва тарқатишни, шунингдек уларнинг халқаро, давлатлараро тизимлар ва хорижий мамлакатларнинг миллий тизимлари билан уйғунлаштирилишини таъминлаш;

маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлиги ва сифати, ўлчовлар ишончсиз натижаларининг салбий оқибатларидан муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши юзасидан истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология сертификатлаштириш ва аккредитация соҳаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

аккредитация қилишнинг миллий тизимини ташкил этиш, унинг фаолият юритиши ва уни ривожлантириш;

юридик шахсларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда холислик ва одилликни таъминлаш;

маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жадал жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш;

маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини биринчи навбатда экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва саноат маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни амалга ошириш;

экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни сертификатлаштириш масалаларида қулай шароитларни яратиш, халқаро ташкилотлар билан миллий сертификатлар ва мувофиқликни баҳолаш ишлари натижалари асосий экспорт бозорларида тан олинишига йўналтирилган ҳамкорликни фаоллаштириш;

техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш, сотиладиган маҳсулотлар хавфсизлигини тизимли назорат қилишни таъминлашда уларнинг самарадорлигини ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини кенгайтириш;

республика ҳудудида пахта маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сақлаш жойларида ҳамда республика ташқарисида сақлаш жойларида пахта толаси сифатига қўйиладиган талабларни тартибга солувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ пахта маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш ва сертификатлашни белгиланган тартибда амалга ошириш;

пахта чигитининг ишлаб чиқарилиши ва сифати, улардан оқилона мақсадли фойдаланиш, уларнинг сифатли сақланишини таъминлаш, техник пахта чигити ресурслари йўқотилишини камайтириш устидан давлат назоратини амалга ошириш.

8. "Ўзстандарт" агентлиги ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида", "Стандартлаштириш тўғрисида", "Метрология тўғрисида", "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида", "Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда бажарилишини таъминлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан киритилган техник регламентларни ишлаб чиқиш дастури лойиҳалари бўйича умумлашган таклифлар киритади;

ўз ваколати доирасида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг умумий ва махсус регламентларни ишлаб чиқиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумий техник регламентларни тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу регламентларни бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

маҳсулотлар ва хизматларнинг техник регламентларда белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган намуналар олиш, маҳсулотларни синаш ва ўлчаш методларини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхатларини тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида умумий ва махсус техник регламентларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатлар давлат фондини шакллантиради;

маҳсулотларга ва уларга ўзгартиришларга стандартларни, шунингдек стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш бўйича нормалар ва қоидаларни давлат рўйхатидан ўтказади;

бир турдаги маҳсулотлар учун норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича тармоқ тузилмаларини ташкил этишга кўмаклашади, уларга илмий-методик раҳбарликни таъминлайди;

сертификатлаштириш ва юклаш-туширишдан олдин инспекция ўтказиш соҳасидаги юридик шахсларни белгиланган тартибда аккредитация қилади, юридик шахсларнинг синов, ўлчов, таҳлилий, калибрлаш ва текшириш лабораторияларини аттестациядан ўтказади ва аккредитация қилади;

халқаро ва давлатлараро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиради;

Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги шартномалар ёки битимларга мувофиқ халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартларни, хорижий мамлакатларнинг миллий стандартларини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилади;

б) стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, халқаро стандартларни, шу жумладан сифатни бошқариш тизими бўйича халқаро стандартларни қўллаш асосида маҳсулотлар сифатини ва рақобатбардошлилигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида:

стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитация қилиш ва маҳсулотлар сифатини бошқариш тизимини жорий жорий этиш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ўз ваколатлари доирасида раҳбарлик қилади ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради;

янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;

стандартлаштириш, метрология сертификатлаштириш ва аккредитация қилишни ривожлантириш бўйича асосий йўналишларни, концепцияларни, истиқболли дастурларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг миллий эталон базасини шакллантиради ва ривожлантиради, миллий эталонларни халқаро эталонлар билан солиштиради ва бошқа давлатларнинг миллий эталонлари;

фаолият йўналишлари бўйича давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари ҳузурида ташкил этиладиган Стандартлаштириш бўйича тармоқ техника қўмитаси тўғрисидаги низомни ҳамда унинг ишларини ташкил этиш Регламентини тасдиқлайди, уларга мувофиқ стандартлаштириш бўйича тармоқ техника қўмиталари томонидан, амалдаги стандартлардаги талаблар даражасидан паст бўлмаган янги талаблар жорий этилишини таъминлаш шартларига риоя этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат стандартлари ва ташкилотлар стандартлари ишлаб чиқилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, стандартлаштириш бўйича тармоқ техника қўмиталарининг, ташкилотлар ва хусусий тадбиркорларнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда, давлат бошқаруви органлари, стандартлаштириш бўйича техника қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат стандартларини, ташкилотлар стандартларини ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишнинг ҳар йилги жадвалини тасдиқлайди;

амалдаги стандартларни, махсус техник регламентларни қайта кўриб чиқади ҳамда маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ва сифатини таъминламайдиган, шунингдек қонунчилик талабларига зид бўлган стандартларнинг, махсус техник регламентларни бекор қилиш, амал қилишини чеклаш тўғрисида давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар ва хусусий тадбиркорлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси аккредитация қилиш миллий тизимининг фаолият кўрсатишини таъминлайди;

аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани белгиланган тартибда расмийлаштиради, тасдиқлайди, амал қилишини тўхтатиб туради, тўхтатади ва уни бекор қилади;

маҳсулотларни, ишлаб чиқариш жараёнларини, хизматларни, менежмент тизимларини ва ходимларни сертификатлаштириш, ўлчаш ва синаш воситаларини қиёслаш, синаш, турини тасдиқлаш, метрологик аттестациядан ўтказиш, ўлчашларни бажариш методикалари, метрологик экспертизадан ўтказиш, ўлчов бирликларини таъминлаш бўйича меъёрий ҳужжатларни рўйхатга олиш ҳамда сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

сертификатлаштирилган маҳсулотларни, ишлаб чиқариш жараёнларини, хизматларни, менежмент тизимларини инспекция назоратидан ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

брошюралар, журналлар нашр этади, оммавий ахборот воситаларида ёки расмий веб-сайтда аккредитация қилиш масалаларига оид маълумотларни эълон қилади;

доимий равишда халқаро амалиётни ўрганиб боради, унинг натижалари бўйича аккредитация қилишнинг илғор усулларини жорий этишга доир таклифлар киритади;

мувофиқликни баҳолашнинг ягона қоидалари ва тартиб-тамойилларини қўллайди;

аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларининг хизматларидан фойдаланишга тўсиқлар яратилишига ва улар ўртасидаги рақобатни чеклашга йўл қўймайди;

в) стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш тизимлари фаолият кўрсатишини ва ривожлантирилишини, ушбу соҳалардаги илмий-техника ахборотини аккредитация қилиш ва тарқатишни, шунингдек уларнинг халқаро, давлатлараро ва хорижий мамлакатларнинг миллий тизимлари билан уйғунлаштирилишини таъминлаш борасида:

республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт бўйича олиб келинаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш, чет мамлакатларнинг сертификатлаштириш бўйича ишлари натижаларини эътироф этиш ишларини ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва акрредитация қилиш соҳасида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва рўйхатдан ўтказади;

штрихли кодлаштиришни жорий этиш сиёсатини амалга оширади ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган товарларнинг Давлат реестрини юритади;

манфаатдор шахсларни маҳсулотларни, синов ва ўлчов усулларини стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар билан таъминлайди, шунингдек мазкур соҳалардаги ютуқларнинг илмий-техник тарғиботини амалга оширади;

ўзига берилган ваколатлар доирасида халқаро, давлатлараро ва миллий норматив ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг ягона ахборот базасини яратади;

техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитация қилиш, ўлчовлар ягоналигини таъминлаш ва менежмент тизимларини жорий этиш ишларини амалга оширишнинг умумий талаблари ва қоидаларини белгилайди;

менежмент тизимларини жорий этиш соҳасида мувофиқлаштириш ишларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатини ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини Ўзбекистон Республикасида эътироф этиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

эталонларни сақлайди, қўллайди ҳамда ўлчамлар миқдорларини беради;

сертификатлаштирилган маҳсулотлар, хизматлар, ходимлар, менежмент тизимлари, ўлчаш воситалари, синаш воситалари ва ўлчашларни бажариш методикалари, сифат бўйича эксперт-аудиторлар, аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органлари давлат реестрларини юритади;

г) кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида - техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш соҳасидаги илмий, муҳандис-техник кадрларни ва бошқа манфаатдор шахсларни ўқитишни амалга оширади;

д) маҳсулотлар, ишлар, хизматлар хавфсизлиги ва сифати, ўлчовлар ишончсиз натижаларининг салбий оқибатларидан муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши юзасидан истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида:

ўз ваколатлари доирасида маҳсулот сифати ва хавфсизлиги бўйича мажбурий талабларни белгилайди ҳамда ушбу талабларга риоя этилишини назорат қилади;

стандартларга, техник регламентларга риоя қилиш, ўлчовлар ва сертификатлаш қоидаларининг ягоналигини таъминлаш масалалари бўйича назорат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини, ўлчовларнинг ягоналиги ва ишончлилиги, мажбурий сертификатлаштириш қоидалари таъминланишини ташкил этади ва бу борада давлат назоратини амалга оширади;

давлат метрология назоратини амалга оширади;

е) маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жадал жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш борасида:

халқаро амалиётни доимий ўрганиб боради, ўрганишлар натижасига кўра маҳаллий маҳсулотларни замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш соҳасида ва уларни ташқи бозорларда рақобатдошлигини оширишда илғор методларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг халқаро стандартларни жорий этиш, техник регламентларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш фаолиятини ўз ваколати доирасида бошқаради ва мувофиқлаштиради;

давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга техник регламентларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда амалий ёрдам беради, уларга илмий-методик раҳбарликни таъминлайди;

ж) маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини биринчи навбатда экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва саноат маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни амалга ошириш борасида:

давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлар билан биргаликда корхоналарда халқаро сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш жадвалларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини назорат олиб боради;

экспортга йўналтирилган маҳсулотларни халқаро стандартлар талаблари асосида, шу жумладан халқаро даражада тан олинган мувофиқликни баҳолаш органларини жалб этган ҳолда сертификатлаштирилишини ташкил этади;

халқаро стандартлар асосида сифатни бошқариш тизимларини жорий этишнинг афзалликлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб боришни амалга оширади;

з) экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни сертификатлаштириш масалаларида қулай шароитларни яратиш, халқаро ташкилотлар билан миллий сертификатлар ва мувофиқликни баҳолаш ишлари натижалари асосий экспорт бозорларида тан олинишига йўналтирилган ҳамкорликни фаоллаштириш борасида:

маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилинишида мамлакатлараро талаблар ҳақида маълумот берилишида республика корхоналарига амалий ёрдам кўрсатади;

халқаро ва минтақавий ташкилотларда республика манфаатларини ифода этади, миллий сертификатларни ва мувофиқликни баҳолаш натижаларини чет давлатларда тан олинишига эришиш бўйича чоралар кўради;

халқаро, минтақавий ва давлатлараро ташкилотларга қўшилиш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади;

и) техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш, сотиладиган маҳсулотлар хавфсизлигини тизимли назорат қилишни таъминлашда уларнинг самарадорлигини ошириш борасида:

реализация қилинадиган маҳсулотлар хавфсизлигини тизимли назорат қилишни таъминлашда техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларини ривожлантириш, уларни самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни киритади;

техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган чораларни амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларининг самарадорлигини ошириш бўйича фаолиятини бошқаради ва мувофиқлаштиради;

к) замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини кенгайтириш борасида:

стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш, шу жумладан маҳсулотларни, ишлаб чиқариш жараёнларини, хизматларни, менежмент тизимларини, ходимларни сертификатлаштириш ва сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш бўйича дастурий таъминотларини ишлаб чиқади;

техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида ягона информацион маълумотлар базани ташкил этади;

тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизмат турларини кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида электрон давлат реестр базасини шакллантиради ва юритади;

л) республика ҳудудида пахта маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сақлаш жойларида ҳамда республика ташқарисида сақлаш жойларида пахта толаси сифатига қўйиладиган талабларни тартибга солувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ пахта маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш ва сертификатлашни амалга ошириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган сертификатланган маҳсулотларга қўйиладиган сифат талабларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ пахта маҳсулотларининг сифатини назорат қилади ва сертификатлашни ташкиллаштиради;

сертификатлаштирилган маҳсулот устидан белгиланган тартибда инспекция назоратини амалга оширади;

пахта толаси ва линтнинг тойи массасини назорат қилади;

пахта тозалаш ва ёғ-мой саноати корхоналарига, пахта маҳсулотларининг харидорларига ва бошқа ташкилотларга сертификатланадиган пахта маҳсулотлари ташқи кўринишининг стандарт намуналарини тайёрлаш, реставрация қилиш ва таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатади;

пахта толаси ширадорлигини аниқлаш хизматлари кўрсатади;

республика ҳудудидаги хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юзага келадиган низоли ва ҳакамлик ҳолатларида, шунингдек, экспорт-импорт операцияларида ўз ваколатлари доирасида пахта маҳсулоти сифати бўйича синовлар ўтказади ва хулосалар беради;

м) пахта чигитининг ишлаб чиқарилиши ва сифати, улардан оқилона мақсадли фойдаланиш, уларнинг сифатли сақланишини таъминлаш, техник пахта чигити ресурслари йўқотилишини камайтириш устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

пахта чигитини ишлаб чиқариш, сақлаш ва сифати, ундан мақсадли оқилона фойдаланиш устидан тизимли давлат назоратини амалга оширади;

пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқарилган техник пахта чигитининг ҳар бир партиясини синовлар баённомасини берган ҳолда белгиланган тартибда синовдан ўтказади;

пахта чигитининг миқдор-сифат ҳисоби тўғри юритилиши, корхоналарда сақлашда табиий камайиш нормалари қўлланилишининг асосланганлиги устидан белгиланган тартибда назорат қилади;

пахта чигити сифатига қўйиладиган талабларни тартибга солувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши, шунингдек, ишлаб чиқариш, сақлаш, жўнатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш ва экспорт-импорт операцияларида уларнинг сифатини синовдан ўтказиш усулларини доимий назорат қилади;

пахта чигитининг сифатини оширишни ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

пахта чигити ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари балансларини тузишда қатнашади, сотиб олиш мўлжалланаётган хом ашё сифати, шу жумладан, экспорт-импорт операцияларига доир таклифлар киритади;

пахта чигити ресурсларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва қайта ишлаш, уларнинг сифати, уларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар раҳбарларининг ҳисобларини эшитади;

пахта чигитининг сифати ёмонлашиши, йўқотилиши ҳолатлари ва сабабларини бартараф этиш бўйича заруриятга кўра, кўрсатма берган ҳолда уларнинг ҳолатлари ва сабабларини аниқлайди ҳамда пахта чигити ресурслари сақланиши ва улардан оқилона фойдаланишини таъминлаш соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ахборот беради;

ҳар йили пахта тозалаш корхоналари билан биргаликда янги ҳосил пахта чигитининг сифатини, уларнинг технологик тавсифларини таҳлил қилган ҳолда текширади.

9. "Ўзстандарт" агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўз ҳудудий бошқармалари, ўзига қарашли органлар ва муассасалар орқали амалга оширади.



III. "ЎЗСТАНДАРТ" АГЕНТЛИГИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. "Ўзстандарт" агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, синаш, сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш масалаларини ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар мутахассисларини белгиланган тартибда жалб этиш;

қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда киритиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитация қилиш ҳамда маҳсулотлар сифатини бошқариш масалалари бўйича қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан хулосалар бериш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида эксперт комиссияни ташкил этиш;

ўз ваколати доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган умумий ва махсус техник регламентларни экспертиза қилиш;

ўз ваколати доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган махсус техник регламентларни тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу регламентларни бекор қилиш;

республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар ва ташкилотлардан "Ўзстандарт" агентлигига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотлар ва материалларни белгиланган тартибда олиш;

Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштиришни ривожлантириш ва маҳсулот сифатини бошқариш тизимларини жорий этишни мувофиқлаштириш бўйича махсус ишчи гуруҳ йиғилишларида давлат бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган хорижий шериклар билан биргаликдаги корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг стандартлаштириш, метрология, маҳсулотларни синаш ва сертификатлаштириш масалалари бўйича ахборотларини тинглаш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда стандартлаштириш бўйича тармоқ ва тармоқлараро техника қўмиталари ташкил этишда қатнашиш;

давлат назорати натижаларини таҳлил қилиш асосида маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлилигини ошириш ҳамда сифат тизимларини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар киритиш;

стандартлаштириш, метрология, республика иқтисодиёти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган маҳсулотларни синаш ва сертификатлаштириш муаммоларини кўриб чиқиш бўйича вақтинчалик илмий-техника комиссиялари тузиш;

назорат қилинаётган маҳсулотлар кўрсаткичларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш мақсадида сотиш ва сақлаш корхоналарида назорат харидини ўтказиш йўли билан озиқ-овқат маҳсулотлари сифатининг давлат назоратини амалга ошириш;

Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш махсус жамғармаси маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган Махсус жамғармани шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш учун фойдаланиш;

стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш қоидалари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлик чораларини қўллаш;

маҳсулотнинг рақобатбардошлилигини ва сифатини таъминламайдиган ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган норматив ҳужжатларни бекор қилиш, уларнинг амал қилиш муддатини чеклаш ёки қайта кўриб чиқиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган қарорларни белгиланган тартибда қабул қилиш;

ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораси сифатида аккредитация қилиш ва аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаларнинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш, кўрсатиб ўтилган гувоҳномаларни бекор қилиш ёки ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида судга мурожаат қилиш;

сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилинган органлар, юклаб жўнатишдан олдинги инспекция органлари, синов, ўлчаш, текшириш ва калибрлаш лабораториялари фаолияти устидан ўз ваколатлари доирасида инспекция назорати ўтказиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

халқаро (давлатлараро) стандартлар ва бошқа мамлакатларнинг миллий стандартларини, шу мамлакатлар билан тузилган шартнома ва келишувларга мувофиқ, расмий эълон қилади, тарқатади ва нашр этади ва қайта нашр этади;

стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида халқаро лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;

стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитация қилиш бўйича халқаро ва давлатлараро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилиш;

"Ўзстандарт" агентлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. "Ўзстандарт" агентлиги белгиланган тартибда ўз ваколати доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.

"Ўзстандарт" агентлиги, зарур ҳолларда, белгиланган тартибда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


12. "Ўзстандарт" агентлиги ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. "ЎЗСТАНДАРТ" АГЕНТЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. "Ўзстандарт" агентлигини мақомига кўра вазирга тенглаштириладиган Бош директор бошқаради.

Бош директорнинг бир нафар ўринбосари бўлади. Бош директорнинг ўринбосари мақомига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

"Ўзстандарт" агентлигининг бош директори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. "Ўзстандарт" агентлиги бош директорининг ўринбосари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

14. Бош директор ва Бош директор ўринбосари айни бир вақтда лавозимига кўра тегишли равишда Стандартлар ва ўлчовларнинг ягоналиги таъминланишини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат бош инспектори ва давлат бош инспекторининг ўринбосари ҳисобланади.

15. "Ўзстандарт" агентлиги Бош директори:

"Ўзстандарт" агентлиги фаолиятига яккабошилик асосида умумий раҳбарлик қилади;

"Ўзстандарт" агентлиги ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва "Ўзстандарт" агентлигига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосари ваколатини белгилайди, "Ўзстандарт" агентлиги тизими бошқа мансабдор шахслари ваколатларини, ўз ўринбосари ва бошқа мансабдор шахсларнинг "Ўзстандарт" агентлиги фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик қилиш ва Агентликка қарашли органлар ва муассасаларнинг иши учун жавобгарлиги даражасини белгилайди;

"Ўзстандарт" агентлиги тизими ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар, йўриқномалар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида "Ўзстандарт" агентлиги марказий аппарати, шунингдек Агентликка қарашли органлар ва муассасалар штатлар жадвалини ҳамда харажатлар сметасини тасдиқлайди;

"Ўзстандарт" агентлигининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек "Ўзстандарт" агентлиги тизимига кирувчи бошқа идоравий мансуб органлар ва муассасалар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

"Ўзстандарт" агентлиги марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бошқармалар раҳбарларини, Ўзстандарт" агентлиги тизимига кирувчи бошқа идоравий мансуб органлар ва муассасалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитация қилиш, сифат ва давлат назорати бўйича органлар билан ҳамкорлик масалалари юзасидан идоралараро тусдаги халқаро, давлатлараро шартномаларни белгиланган тартибда имзолайди;

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. "Ўзстандарт" агентлигида бош директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари (лавозимига кўра), бош бошқарма бошлиғига тенглаштирилган бош метролог (лавозимига кўра), шунингдек, "Ўзстандарт" агентлиги фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Бош директорнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Агентлик фаолиятининг стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, халқаро стандартларни, шу жумладан, сифатни бошқариш тизими бўйича халқаро стандартларни қўллаш асосида маҳсулотлар сифатини ва уларнинг рақобатбардошлилигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, шунингдек стандартлаштириш тизимлари фаолият кўрсатишини ва ривожлантирилишини, ўлчовлар, сертификатлаштиришнинг, ушбу соҳалардаги илмий-техника ахборотини аккредитация қилиш ва тарқатишнинг ягоналигини, шунингдек уларнинг халқаро, давлатлараро ва хорижий мамлакатларнинг миллий тизимлари билан уйғунлаштирилишини таъминлаш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

"Ўзстандарт" агентлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун "Ўзстандарт" агентлиги раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат "Ўзстандарт" агентлиги ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига "Ўзстандарт" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари бош директорнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Бош директор ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда бош директор пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

17. Ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармалари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда "Ўзстандарт" агентлиги томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширади.

Ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармалари бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда "Ўзстандарт" агентлиги бош директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

"Ўзстандарт" агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармалари бошлиқлари лавозимига кўра айни бир вақтда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида стандартлар ва ўлчовлар ягоналиги таъминланиши устидан назорат бўйича давлат бош инспекторлари ҳисобланадилар.


18. "Ўзстандарт" агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда бўлимларининг зиммасига давлат назоратини амалга ошириш юкланган бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, мутахассислари лавозимига кўра айни бир вақтда стандартлар ва ўлчовлар ягоналиги таъминланиши устидан назорат бўйича давлат инспекторлари ҳисобланадилар.


19. Стандартлар ва ўлчовлар ягоналиги устидан давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилиши керак.



V. "ЎЗСТАНДАРТ" АГЕНТЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


20. "Ўзстандарт" агентлигини қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 31-сон, 357-модда.
































Время: 0.1944
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск