ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Иқтисодиёт ва молия соҳасидаги олий ўқув юртлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.04.2020 й. 241-сон "TEAM университетини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.04.2020 й.

N 241




TEAM УНИВЕРСИТЕТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, шунингдек, илғор жаҳон таълим стандартларига мувофиқ олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, ёшларнинг, айниқса, мамлакат минтақаларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда "TEAM University" масъулияти чекланган жамиятининг TEAM университетини (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланиши инобатга олинсин:

республика иқтисодиёти реал секторининг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорлик ва бошқарув, шунингдек, бошқа соҳаларда юқори малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;

юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш;

республика ва хорижий давлатлар кадрларининг малакасини ошириш, илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Университет "TEAM University" масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги (кейинги ўринларда муассис деб аталади) устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлмаган нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университетда ўқув-методик раҳбарлик ва таълим жараёнининг олиб борилиши тузиладиган битимлар асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда хорижий ҳамкорлар деб аталади) билан биргаликда таъминланади;

Университетда таълим жараёни Университет томонидан тасдиқланадиган ва хорижий ҳамкорларнинг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ инглиз, ўзбек тилларида ва бошқа тилларда ташкил этилади;

Университетда таълим фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензия берилганидан сўнг, 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда белгиланади;

Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, "blended learning" ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида амалга оширилади;

Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар - потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари ҳамда тўлов-контракт миқдори ижтимоий-иқтисодий соҳадаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади.


4. Қуйидагилар:

муассис Университетда ўқув-услубий ва илмий йўналишда таълим жараёнини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича Times Higher Education ва Quacquarelli Symonds каби етакчи рейтинг агентликларининг ТОП-1000 рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетлари билан битим тузиши;

муассис томонидан Университетни ривожлантириш режаларига мувофиқ, республиканинг бошқа вилоятларида масъулияти чекланган жамият шаклидаги Университетнинг филиаллари ташкил этилиши мумкинлиги маълумот учун қабул қилинсин.


5. Университет Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Темур Малик кўчаси, 146-уй манзилида жойлаштирилсин.


6. Университетга кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжни ҳамда республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларини инобатга олган ҳолда мустақил равишда ва хорижий шериклар билан ҳамкорликда янги бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.


7. Белгилаб қўйилсинки, Университетнинг жорий фаолиятини молиялаштириш, унинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, зарур ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, мебель, компьютер техникаси, ўқув ва методик адабиётлар ҳамда бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш:

муассис маблағлари;

тўлов-контракт асосида талабаларни ўқитишдан тушадиган маблағлар;

Университет томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатишда тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет буюртманомасига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртманомасига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш жойида вақтинча прописка қилиниши ва муддати узайтирилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 18 апрель






























Время: 0.1639
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск