ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Инсонпарварлик ва техник ёрдам /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.04.2020 й. ПҚ-4691-сон "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
22.04.2020 й.
N ПҚ-4691
КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ ДАВРИДА
АҲОЛИ, БЮДЖЕТ, БАЗАВИЙ ИНФРАТУЗИЛМА
ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-
ҚУВВАТЛАШ УЧУН ТАШҚИ ЁРДАМ МАБЛАҒЛАРИНИ
ЖАЛБ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматининг коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ва имкониятларини ошириш, шунингдек, бюджетни, қишлоқ хўжалиги, коммунал ва энергетика соҳаларидаги корхоналарни қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Халқаро молия институтлари (кейинги ўринларда - ХМИ) билан умумий қиймати 3 млрд АҚШ долларидан ортиқ узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Коронавирус глобал пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашиш чора-тадбирлари учун грантлар ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш бўйича "Йўл харитаси" (кейинги ўринларда - Йўл харитаси) 1-иловага мувофиқ;
Инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш доирасида грантлар ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда - Мувофиқлаштирувчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагиларни таъминлаш Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг энг муҳим вазифалари этиб белгилансин:
Йўл харитасидаги чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш;
ХМИ иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш, тасдиқлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ тезкор қарорлар қабул қилиш;
ХМИ маблағлари ҳисобидан товарлар ва хизматлар, биринчи навбатда, тиббий ускуналар ва тиббий буюмлар харид қилишнинг жадаллаштирилган механизмларини амалиётга жорий этиш;
жалб қилинган ХМИ маблағларининг тегишли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, корхоналар ва тадбиркорлик субъектларига ажратилишини тезлаштириш;
ташқи ёрдам ҳисобидан молиявий кўмак олувчи вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ХМИ қарзлари ва грантларидан фойдаланишда шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш.
4. Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун ХМИ грант ва қарз маблағларини жалб қилишда қуйидагилар устувор мақсадлар этиб белгилансин:
республика санитария-эпидемиология хизматини тубдан модернизация қилиш, ташкилий тамойиллар, стандартлар ва жавоб қайтариш протоколларининг эпидемиологик вазият ўзгаришларига мувофиқлигини таъминлаш, халқаро стандартлар ва илғор амалиётларга мувофиқ техник жиҳозлаш ва мутахассисларни тайёрлаш;
республиканинг ҳар бир ҳудудида халқаро стандартларга мувофиқ жиҳозланган санитария-эпидемиология лабораторияларини ташкил қилиш;
санитария-эпидемиология хизматининг барча бўғинларида ишлашга малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, халқаро тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш;
юқумли касалликларни илғор компьютер технологиялари ва телетиббиёт усулларидан фойдаланган ҳолда, энг аввало, болалар ва оналарни даволаш учун замонавий клиникалар яратиш ва жиҳозлаш.
5. Қуйидагилар масъул ижро этувчи агентликлар этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги - республика соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини мустаҳкамлаш учун жалб қилинаётган ХМИнинг қарз маблағларини жадал жалб қилиш, улардан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан;
Энергетика вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги - Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтларининг тегишинча энергетика ва коммунал соҳаларидаги корхоналар айланма маблағларини молиялаштириш учун жалб қилинадиган қарз маблағларини жадал жалб қилиш, улардан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан;
Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги - бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ХМИ қарзларини жадал жалб қилиш ва улардан самарали фойдаланиш юзасидан;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги - мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун ХМИ томонидан тақдим этилаётган кредит линияларини ўз вақтида жалб қилиш ва жадал ўзлаштириш юзасидан.
Масъул ижро этувчи агентликларга молиялаштирувчи ХМИ билан келишилган ҳолда тендер савдолари ва харидларни ўтказмасдан БМТ ташкилотларининг глобал платформалари орқали дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни тўғридан-тўғри харид қилишга рухсат этилсин.
6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:
уч кун муддатда Осиё тараққиёт банкига республика санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш учун 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли кредит ажратиш бўйича сўров юборсин;
ўн кун муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мазкур лойиҳа концепциясини ОТБ билан келишсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги фармацевтика тармоғининг илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш, шунингдек, юқумли ва бошқа касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун замонавий самарали препаратлар ишлаб чиқариш имкониятларини оширишга қаратилган "Tashkent Pharma Pаrk" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш лойиҳасининг молиялаштириш манбалари юзасидан 2020 йил 15 майга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ (С. Умурзоқов):
инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш доирасида ижро этувчи агентликлар, масъул вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари вакилларининг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан ҳисоботларини ҳафтада икки марта эшитган ҳолда Йўл харитасининг самарали бажарилишини таъминласин;
ҳар ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига Йўл харитасининг ижроси юзасидан маълумотларни киритиб борсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ХМИнинг қарзларини жалб қилиш бўйича жавобгарлик юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
бир ҳафта муддатда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун қарзларни жалб қилиш графигини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига графикларнинг ижроси тўғрисида ахборот тақдим этиб борсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари А.А. Пайгамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2020 йил 22 апрелдаги
ПҚ-4691-сон қарорига
1-ИЛОВА
Коронавирус глобал пандемиясининг салбий
оқибатларига қарши курашиш чора-тадбирлари
учун грантлар ва узоқ муддатли имтиёзли
молиялаштиришни жалб қилиш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Президентининг
2020 йил 22 апрелдаги
ПҚ-4691-сон қарорига
2-ИЛОВА
Грантлар ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштиришни
жалб қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ
ТАРКИБИ
1. С. Умурзоқов |
- |
Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири, гуруҳ раҳбари |
2. А. Шадманов |
- |
соғлиқни сақлаш вазири |
3. Ш. Вафаев |
- |
инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари |
4. О. Исаков |
- |
молия вазири ўринбосари |
5. Ш. Шарахметов |
- |
молия вазири ўринбосари |
6. Б. Юсупалиев |
- |
соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари - Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори |
7. И. Норкулов |
- |
иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари |
8. А. Мирсоатов |
- |
Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси |
9. С. Аннакличев |
- |
"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ бошқарув раиси |
10. Н. Сайдуллаев |
- |
"Асака" АТБ бошқарув раиси |
11. Ш. Атабаев |
- |
"Ипотека-банк" АТИБ бошқарув раиси |
12. Ш. Абидов |
- |
Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири |
13. Ж. Турғунов |
- |
Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири |
Изоҳ: гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2020 йил 23 апрель
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2020 йил 4 май, 16-17-сон, 175-модда