ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Чет эл олий ўқув юртлари / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.05.2020 й. 272-сон "Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университетини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.05.2020 й.

N 272




ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ БРИТАНИЯ МЕНЕЖМЕНТ

УНИВЕРСИТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда "British management university" масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университетини (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

Университетда Лондон университети, Рединг университети (Буюк Британия) ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш, уларнинг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини ўқув жараёнига жалб қилиш;

республика иқтисодиёти реал сектори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

ўқув режа ва дастурларни замонавий фанлар асосида такомиллаштириб бориш, инновацион технологияларни татбиқ қилиш;

хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, шунингдек илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида уларнинг стажировкасини ташкил этиш;

лойиҳа бошқаруви, логистика, тадбиркорлик, инновациялар, электрон тижорат соҳалари бўйича ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари учун халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;

республика иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;

республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнини ташкил қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;

таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ҳамда изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

таълим ва илм-фан соҳасида хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.


3. Белгилансинки:

Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда инглиз тилида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Университетда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори Муассис томонидан белгиланади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;

Университетда дастлабки босқичда "Лойиҳаларни бошқариш", "Логистика ва етказиб бериш занжирлариии бошқариш", "Тадбиркорлик ва инновациялар", "Халқаро электрон тижорат" ҳамда "Рақамли иқтисодиёт" бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилади;

абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади;

Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади;

Университетга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олгандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишига рухсат этилади.


4. Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Университетнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш;

Университетни замонавий лаборатория ускуналари, ўқув ва илмий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан тўлдириш;

ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 20 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш.


5. Университетга ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар мавжуд талаб ва эҳтиёж ҳамда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларидан келиб чиқиб, меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.


6. Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Муассис маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Университетни жойлаштириш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда Тошкент шаҳридан ер участкаси ажратилишида Муассисга амалий ёрдам кўрсатсин.


8. Муассиснинг Университет фаолиятини 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйиш учун унинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлашда, ўқитувчи ва талабалар учун турар жой биносини қуришда, зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва кутубхона фондлари билан таъминлашда Университет билан ўзаро ҳамкорлик қилиши инобатга олинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 8 май
























Время: 0.2559
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск