язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2020 й. ПҚ-4716-сон "Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.05.2020 й.

N ПҚ-4716



ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги янги лойиҳаларни ташкил этиш ҳамда мавжудларини кенгайтириш, томорқа ер эгаларига ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, шунингдек, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, томорқа ер участкалари самарадорлигини оширишни ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативлари аъзолигига бадал тўлаш учун ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилаларга субсидиялар ажратишни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 50 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ажратилди.


2. 2020 йил 20 майдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда субсидиялар ажратилади:

а) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;

суғориш воситалари харид қилиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача;

уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача;

б) қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача. Бунда:

қишлоқ хўжалиги кооперативлари балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда ташкил этилади;

қишлоқ хўжалиги кооперативларига ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда кооператив фаолияти йўналиши бўйича тажрибага эга етакчи тадбиркорлар бирлаштирилади.


3. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ субсидиялар ажратиш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадлар учун субсидия ва грантлар ажратиш тартибини сақлаб қолган ҳолда амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.

Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 18 майдаги

ПҚ-4716-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3680-сон қарори 15-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"15. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг қўшимча йўналишлари деб ҳисоблансин:

а) қуйидаги миқдорларда субсидиялар бериш:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;

суғориш воситалари харид қилиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача;

уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача;

ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача;

б) касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун грантлар ажратиш".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги "2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида"ги ПҚ-4227-сон қарори 3-банди "а" кичик бандининг бешинчи ва олтинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги "Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4549-сон қарори 8-банди тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан - ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун субсидиялар ажратишга рухсат берилсин".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 19 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 25 май, 19-20-сон, 208-модда