ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Транспорт соҳасида бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.05.2020 й. 295-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 майдаги

295-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги

Автомобиль йўллари қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг (кейинги ўринларда - Қўмита) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.


2. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


3. Қўмита автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган бўлиб, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш бўйича ишларнинг ягона буюртмачиси ҳисобланади.


4. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (кейинги ўринларда - Транспорт вазирлиги) қарорларига амал қилади.


5. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Қўмита ўз фаолиятини Транспорт вазирлиги бўлинмалари, шу жумладан, унинг ҳудудий бўлинмалари, давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


7. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эгадир.


8. Қўмитанинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси;

қисқартирилган номи - Автомобиль йўллари қўмитаси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Комитет по автомобильным дорогам при Министерстве транспорта Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Комитет по автомобильным дорогам;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - The Committee for roads under the Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - The Committee for roads.


9. Қўмитанинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 68-уй.



2-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш;

автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;

илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;

автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш;

автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилишига ва ландшафт дизайнига тааллуқли замонавий ёндашувларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш бўйича ягона давлат сиёсатини ўтказиш, автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш;

йўл хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.


11. Қўмита ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш соҳасида:

йўл хўжалигида замонавий технологияларни ва хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек, йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни ишлаб чиқиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

сафарбарлик тайёргарлигини, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотларнинг сафарбарлик тайёргарлиги бўйича улар фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

Қўмита ёки унинг тегишли буйруғи билан ваколат берилган идоравий мансуб ташкилотлар томонидан республика ҳудудида, шунингдек, республика ҳудудига кирадиган оғир ва йирик габаритли автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилади ҳамда автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши учун йиғимлар ундиради ва уларнинг ҳаракатланиши (кириши) учун рухсатномалар беради;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситалари ва уларнинг конструкциялари, шу жумладан фото ва видео қайд этиш техник воситаларининг ўрнатилишига рухсатномалар беради;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари билан муҳандислик коммуникацияларининг кўндаланг кесишишига рухсатномалар беради;

Қўмита ёки унинг тегишли қарори билан ваколат берилган идоравий мансуб ташкилотлар томонидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуришга рухсатномалар беради;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасидаги ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун бошқа объектларни жойлаштириш ва қуриш учун рухсатномалар беради;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига туташувчи йўллар (съездлар) қурилиши учун техник шартлар (рухсат) беради;

Қўмита ёки унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари (кейинги ўринларда - бош бошқармалар) томонидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари четидаги ажратилган минтақаларда объектлар қурилиши учун, жумладан муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун техник шартлар беради;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғини тегишли ҳолатда сақлаш ва ривожлантириш, уларнинг ўтказиш қобилиятини ошириш, автомобиль йўллари фойдаланувчиларига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек, йўл ва йўл бўйи сервиси объектларини ривожлантиришни мувофиқлаштиради;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланишни белгиланган тартибда ташкил этади;

транспорт оқимларини бошқаришнинг замонавий рақамли автоматлаштирилган тизимларини жорий этади;


б) автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

автомобиль йўллари ҳўжалиги соҳасида амалдаги норматив хужжатлар ва ажратилган молия манбаалардан келиб чиқиб, республиканинг автомобиль йўллари тармоғини давлат иқтисодиёти билан ҳамоҳанг ривожланишини таъминлайдиган яқин ва ўрта муддатли давлат дастурини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

автомобиль йўлларининг техник ҳолатидан келиб чиққан ҳолда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантиради ва амалга оширишни мувофиқлаштиради;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида, шунингдек, донорлар маблағларини жалб қилган ҳолда йўл қурилиши соҳасида лойиҳалар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш ва уларни лойиҳалаштириш, корхоналарни модернизация қилиш бўйича манзилли рўйхатларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш ва уларни лойиҳалаштириш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, қайта қуриш ва уларни лойиҳалаштириш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни келишади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни лойиҳалаштириш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни келишади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ишлари бўйича объектларнинг манзилли рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлаш ишлари учун технологик асбоб-ускуналар, техникалар ва машина-механизмлар билан жиҳозлаш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлашнинг вақтинчалик ва йиллик йиғма сметаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;


в) автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини шакллантириш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;

иқтисодиёт ва аҳолининг эҳтиёжларидан ҳамда давлатнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан холда, республика автомобиль йўллари тармоғини истиқболли режалаштириш, такомиллаштириш ва ривожлантириш чораларини кўради;

республика умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш ва ривожлантириш чораларини кўради;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳисобини ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда давлат кадастрини юритади;


г) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш соҳасида:

махсус рухсатнома берган ҳолда, шу жумладан халқаро ташишларни амалга ошираётган йирик ўлчамли ва оғир юк кўтарадиган автотранспорт воситаларининг автомобиль йўллари бўйича ҳаракати йўналишларини белгилайди;

халқаро транспорт йўналишларидан фойдаланишда халқаро ташкилотлар ва компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўради;

тармоққа инвестицияларни жалб қилиш ва молиялаштиришнинг муқобил манбаларини, шу жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш чораларини кўради;


д) автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш соҳасида:

бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларнинг муассиси функциясини амалга ошириш, улар фаолияти устидан назорат олиб бориш ва иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш, шунингдек, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларда молия-хўжалик фаолиятини ва мол-мулкдан фойдаланилишини назорат қилади;

замонавий менежмент тизимларини, илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ ишни ташкил этишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш орқали тармоқни бошқаришни такомиллаштиради;

идоравий мансуб ташкилотларнинг молия-хўжалик фаолиятидан келиб чиқиб, йўл ишларини бажаришда зарурий фойда олинишини таъминлаш мақсадида рентабеллик даражасининг минимал миқдорларини белгилайди;

қулай ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш учун умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланишда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

йўл қурилишининг йирик лойиҳаларини молиялаштиришга халқаро молия институтларини ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларини жалб этади;

фуқароларни қабул қилишни ташкил этади, жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлайди, улар бўйича қарорлар қабул қилади ва ариза берувчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда жавоб беради;


е) автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг техник ҳолатини кўрикдан ўтказади;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида сифат устидан назоратни амалга оширади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш устидан техник кузатувни амалга оширади;

йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкциялар ишлаб чиқариш соҳасини техник тартибга солишда норматив ҳужжатлар ва талабларга риоя этилишини таъминлайди;


ж) хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғини таъмирлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштиради;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан шаҳарлар ва туманларнинг бош режаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;


з) илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш соҳасида:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

автомобиль йўллари ва йўл хўжалиги масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва келишади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этади ва олиб боради;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида замонавий технологияларни ва янги материалларни жорий этиш бўйича тажриба ишларини олиб боради;


и) автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш соҳасида:

тармоқда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий таълим дастурларини шакллантиришда бевосита иштирок этади ва келишади;

йўл қурилишини прогнозлаштириш, мувофиқлаштириш ва амалга оширишнинг замонавий усуллари талабларига мувофиқ автомобиль йўллари соҳасида малакали кадрлар тайёрлашни ва кадрларни қайта тайёрлашни ташкил этади;

талабаларнинг олинган назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиётида мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасаларининг бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;

автомобиль йўллари соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлашни ва малакасини оширишни, шу жумладан, хорижий таълим муассасаларида амалиёт ўташини ва тажриба орттиришини ташкил этади;


к) автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилишига ва ландшафт дизайнига тааллуқли замонавий ёндашувларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш бўйича ягона давлат сиёсатини ўтказиш, автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш соҳасида:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилиши ва ландшафт дизайни қисмида замонавий ёндашувларни шакллантириш ва амалга ошириш борасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш йўли билан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига ажратилган полосалардаги йўл бўйи ҳудудларни тегишли ҳолатда сақлаш ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ ишларни ташкил этади ва амалга оширади;

республиканинг ҳар бир минтақасидаги иқлим шароитларидан келиб чиқиб умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш соҳасида замонавий технологиялар ва халқаро стандартларни қўллаш, замонавий кўчатхоналарни ташкил этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

идоравий мансуб олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари негизида автомобиль йўлларини лойиҳалаш, архитектура-бадиий жиҳатдан тузиш ва ландшафт дизайни бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;


л) автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш соҳасида:

автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасида халқаро стандартлар ва энг яхши тажрибаларни қўлланилишини мувофиқлаштиради;

автомобиль йўлларини йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг техник воситалари билан жиҳозлаш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга оширади;

стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг бошқа техник воситалари ишлаб чиқарилишини ташкил этади;

автомобиль йўлларида узоқ муддат фойдаланишни таъминловчи йўл белгиларини ўрнатиш ва ётиқ йўл белгиларини чизиш чораларини кўради;


м) йўл хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида:

ўз ваколатлари доирасида автомобиль йўллари масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорликни амалга оширади ҳамда уларда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ифода этади, Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари соҳасидаги халқаро шартномаларда иштирок этишини таъминлайди;

автомобиль йўллари соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, автомобиль йўллари масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари, шунингдек, хорижий компаниялар билан самарали ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади.


12. Қўмита унга юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда унинг бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари орқали амалга оширади.

Қўмита умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш ишлари бўйича ягона буюртмачиси ҳисобланиб:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлаш, улардаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга ошириш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш эҳтиёжлари учун жиҳозлаш (технологик ускуна, техника ва машина-механизмлар харид қилиш) бўйича буюртмачи функциялари бош бошқармалар;

халқаро аҳамиятдаги А-373 "М39 автойўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали-Ўш" автомобиль йўлининг 183-285 км участкаларини ҳамда уларга туташ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш, жорий таъмирлаш, улардаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга ошириш бўйича буюртмачи функциялари "Қамчиқавтойул" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.

Автомобиль йўлларини ривожлантириш учун ажратиладиган маблағларни сарфлаш бўйича буюртмачи функциялари Қўмита раисининг қарори билан бошқа идоравий мансуб ташкилотларига юкланиши мумкин.



3-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Қўмита ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича давлат бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш чораларини кўриш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда олиш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларига автомобиль йўллари соҳасидаги аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

Қўмитанинг ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда иштирок этиш;

хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари билан автомобиль йўллари соҳасида белгиланган тартибда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва музокаралар олиб бориш;

Қўмитанинг ваколатига тааллуқли масалаларни ҳал этишга илмий ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

йўл хўжалиги соҳасини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилиш учун экспертларни жалб қилиш;

малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш, уларга ўрнатилган тартибда иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш;

Қўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириш ва тасарруф этиш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини босқичма-босқич ривожлантириш тартиб-таомилларни амалга ошириш;

автомобиль йўлларидан фойдаланувчилардан автомобиль йўллари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этишни, шунингдек, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва эксплуатация қилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи ташкилотлардан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда автомобиль йўллари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этишни талаб қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаридан хорижий мамлакатларда йўл хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида таҳлилий материаллар, ҳисоботлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан йўл хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш юзасидан таклифларни сўраш ва олиш;

Қўмита, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар мутахассисларини белгиланган тартибда хорижий мамлакатларга юбориш;

Қўмита, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар ўртасида танлов ва тендер савдолари ўтказмасдан товарларни сотиш, харид қилиш ва етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш ҳамда ишларни бажариш;

Қўмита, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларига асосий воситаларни бириктириш;

автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш билан шуғулланувчи ҳамда йўл-қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи мустақил корхоналарни ва бошқа корхоналарни, шу жумладан, қўшма корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларни бирлаштириш ва тугатиш;

ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш;

ўз ташкилий тузилмаси доирасида бир ташкилотдан бошқасига оператив бошқариш (фойдаланиш) ҳуқуқи асосида давлат мулкини, жумладан, давлат кўчмас мулки объектларини ўтказиш;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобига жамғармалар, шунингдек, моддий рағбатлантирувчи бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиш, уларнинг низомларини тасдиқлаш, Қўмита бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятидан олинган фойдани Қўмитанинг жамғармаларига йўналтириш;

соҳадаги ишчи-хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун уларга етарли даражада шароит яратиш мақсадида ижтимоий объектларни қуриш, ташкил этиш ва сақлаш;

Қўмита томонидан ташкил этиладиган қўшма корхоналарнинг ва жамиятларнинг таъсисчиси бўлиш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақаларида сервис хизматларини кўрсатиш мақсадида корхоналар ташкил этиш;

идоравий мансуб ташкилотларнинг муассиси функциясини амалга ошириш;

"Автойўлинвест" агентлиги таркибида лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини ташкил этиш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақасида ва йўл бўйи минтақасида ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳамда йўл бўйи минтақасида сервис ва бошқа объектларни қуриш ишларини давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини, уларни эксплуатация қилиш талабларидан келиб чиққан ҳолда, буйруқлар билан тегишли эксплуатация қилувчи ташкилотларга бириктириш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари учун ажратилган лимит маблағлари доирасида хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини таъмирлаш;

ўз ваколати доирасида анжуманлар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, жумладан хорижда ташкил этиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шу каби тадбирларда иштирок этиш;

Қўмита фаолиятини амалга ошириш учун инвентарь ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер техникаси, асбоб-ускуналар, дастурий таъминот ва бошқа товарларни харид қилиш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш.


14. Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.


15. Қўмита:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатни самарали амалга оширилиши;

Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда самарали бажарилиши;

Қўмита таркибий бўлинмаларининг Қўмита фаолияти билан боғлиқ кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича ишларининг ташкил этилиши;

Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Қўмита қабул қиладиган буйруқлар ва бошқа ҳужжатларнинг сифатли тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилиши;

йўл хўжалигини ривожлантириш бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг амалга оширилиши;

автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши бўйича жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. ҚЎМИТА РАҲБАРИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


16. Қуйидагилар Қўмита раисининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

йўл хўжалигини тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Қўмита фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиш ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг топшириқларини бажариш;

ўз ўринбосарлари ва Қўмитанинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Қўмита фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

Қўмита фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш тенденцияларидан келиб чиқиб, Қўмита ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш ва уларнинг бажарилиши назоратини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

Қўмита ходимларини тизимли равишда қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

Қўмитада кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Қўмитанинг кадрлар захирасини шакллантириш;

бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Қўмитага ишга қабул қилинаётган кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламентлари талабларига мувофиқ йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг Транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишлаб чиқилишида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаси фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Қўмитанинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга раҳбарлик қилиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини ташкил этиш;

Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўз ўринбосарларининг ва Қўмита таркибий бўлинмалари раҳбарлари фаолияти натижадорлиги ва самарадорлигини тизимли равишда ўрганиш, Қўмита йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Қўмита ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини ва Қўмитанинг бошқа мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Қўмита ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Қўмита ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Қўмита тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Қўмита ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

"Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, шу жумладан, Қўмита ахборот тизимининг самарадорлиги ва сифатини ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Қўмита ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Қўмита таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни, лавозим йўриқномалари ва Қўмитанинг бошқа локал ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Қўмита марказий аппарати ходимларини, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;

Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари томонидан бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;

ходимларнинг умумий белгиланган сони доирасида Қўмита штатлар жадвалини, шунингдек, Қўмита харажатлар сметасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари аппаратлари тузилмасига ўзгартиш киритиш;

Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;

Қўмита бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган қарорларини (кўрсатмаларини) бекор қилиш;

алоҳида ўзини кўрсатган ходимларни уларга давлат мукофотлари бериш учун уларнинг номзодларини белгиланган тартибда тақдим этиш;

йўл хўжалиги соҳасида халқаро ва ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро тадбирларда иштирок этиш.


17. Қуйидагилар Қўмита раиси ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Қўмита раиси вақтинча бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиши ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг иш режалари бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, Қўмита фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

Транспорт вазирлиги ҳайъати, Транспорт вазири ва Қўмита раисининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Қўмита раисига таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-аҳлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Қўмита таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Қўмита раиси томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, кейинчалик уларни ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Қўмитага тақдим этилган йўл хўжалиги соҳасидаги таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш;

Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш;

йўл хўжалиги соҳасига тегишли масалалар бўйича Қўмита фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар кўриш, йўл хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Қўмита раисига киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни Қўмита раисига киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

Қўмита ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Қўмита тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

йўл хўжалиги соҳасини такомиллаштириш ва ривожлантириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир таклифларни Қўмита раисига киритиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

йўл хўжалиги соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа зарурий тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш;

автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини ташкил этиш бўйича Қўмита ваколатига кирадиган тадбирларни амалга ошириш ва назорат қилиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа тадбирлар юзасидан норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини назоратга олиш;

Қўмита ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш.



5-БОБ. ҚЎМИТА РАҲБАРИЯТИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


18. Қўмита раиси:

Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган Қўмитанинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.


19. Қўмита раиси ўринбосарлари:

мутасаддилик қилинадиган Қўмита таркибий бўлинмаларида Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган масалалар юзасидан ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг бажарилиши учун шахсан масъулдир.



6-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


20. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.


21. Қўмита раиси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган беш нафар ўринбосарга, шу жумладан битта биринчи ўринбосарга эга.

Ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб, раиснинг буйруғи билан бўш турган Қўмита раиси ўринбосари лавозими вазифасини вақтинча бажариш Қўмита раиси томонидан белгиланган шахсга юклатилиши мумкин.


22. Қўмита раиси бўлмаган вақтда унинг ваколатлари раиснинг буйруғи билан унинг ўринбосарларидан бирига юклатилади.

Қўмита раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича мос равишда вазирга, вазирнинг биринчи ўринбосарига ва ўринбосарларига тенглаштирилади.



7-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ТРАНСПОРТ ВАЗИРЛИГИ

МАРКАЗИЙ АППАРАТИ ТАРКИБИЙ БЎЛИНМАЛАРИ,

УНИНГ ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРИ, ШУНИНГДЕК,

ИДОРАВИЙ МАНСУБ ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ ТАРТИБИ


23. Қўмита ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек, Транспорт вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда ҳал этади.


24. Қўмитанинг Транспорт вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги бевосита Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан таъминланади.



8-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ КЕНГАШ, МАСЛАҲАТ

ВА ЭКСПЕРТ ОРГАНЛАРИ


25. Қўмитада унинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи раис ўринбосари (кенгаш раиси), Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат Тармоқ илмий-техник кенгаши Қўмита раиси буйруғи билан ташкил этилади.


26. Тармоқ илмий-техник кенгаши низоми ва унинг шахсий таркиби Қўмита раисининг буйруғи билан тасдиқланади.


27. Қўмитада раис буйруғи билан кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари тузилиши мумкин.

Қўмитада тузиладиган кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Қўмита раисининг буйруғи билан тасдиқланади.



9-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ҲАМДА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


28. Қўмита фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиб борилади.


29. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


30. Қўмита фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Қўмита раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Қўмита фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан белгиланади.



10-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


31. Қўмита, унинг бош бошқармалари, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари, "Автойўлинвест" агентлиги, "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси, "Республика диспетчерлик маркази" унитар корхонаси, "Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази" унитар корхонаси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси, моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади ва моддий-техник таъминланади.


32. Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, лавозим маошларига қўшимчалар ва устамалар, шунингдек, мукофотлар ва бошқа барча турдаги тўловлар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилган локал ҳужжатлар асосида:

Қўмита тузилмасига кирувчи йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари, "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий корхоналари, "Дўрмонавтойўл" ва "Қамчиқавтойўл" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, Қувасой йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли йўллардан фойдаланиш бошқармаси унитар корхонаси, Барданкўл йўллардан фойдаланиш бошқармаси унитар корхонаси - автомобиль йўлларини сақлаш ва кўкаламзорлаштириш харажатларига ажратилган маблағлар лимити доирасида амалга оширилади;

"Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси" давлат унитар корхонаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар бош бошқармалари таркибидаги "Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" давлат унитар корхоналари - буюртмачилик функциясини бажарган иш ҳажмларидан белгиланган тартибда ажратиладиган ажратмалар ҳисобидан амалга оширилади.


33. Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Қўмита, унинг бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг лавозим маоши Ягона тариф сеткасининг тасдиқланган разрядлари бўйича белгиланади.

Қўмита марказий аппарати ходимларига Транспорт вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари татбиқ этилади.


34. Бошқарув ходимлари сони камайиши ва бўш иш ўринлари мавжудлиги ҳисобига меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг бўшаб қолаётган маблағлари Қўмита ходимларини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.


35. Қўмита марказий аппарати бошқармаларига енгил автотранспорт воситалари бириктирилади ва уларни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


36. Қўмита ташкилий тузилмасига кирадиган ҳамда ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилмаган идоравий мансуб ташкилотларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий-техник таъминоти, шунингдек, уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш идоравий мансуб ташкилотларнинг хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


37. Қўмита томонидан аъзо бўлган халқаро ташкилотларга аъзолик бадаллари ва вакиллик харажатлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


38. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 май
















































Время: 0.1786
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск