ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари /

2020-2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 19.05.2020 й. ПФ-5997-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 19 майдаги

ПФ-5997-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2020-2024 йилларда адлия органлари ва

муассасаларини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


2020-2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3666-сон қарорига асосан адлия органлари ва муассасалари тизимини ривожлантириш истиқболларини белгилайди.



2-БОБ. АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ВА МУАССАСАЛАРИ

ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) фаолиятининг асосий мақсади замонавий ҳуқуқий тизимни яратиш, ҳуқуқий давлатнинг илғор стандартлари ва тамойилларини жорий этиш, давлат бошқарувининг самарали моделига ўтишни ҳуқуқий таъминлашдан иборат.

Концепция қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутади:

ягона давлат ҳуқуқий сиёсати сифатини такомиллаштириш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш;

ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва давлат бошқаруви тизими самарадорлигини комплекс таҳлил қилиш;

маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

интеллектуал мулк соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

ҳуқуқий маърифат ва ҳуқуқий ахборотни тарқатиш бўйича изчил манзилли ишларни ташкил этиш орқали аҳолининг, биринчи навбатда, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи нотариат, адвокатура ва бошқа тузилмалар тизимининг самарали ишлашини, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш, халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасидаги фаолиятни фаоллаштириш;

замонавий таълим стандартларига мувофиқ юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш;

суд экспертизаси сифатини изчил яхшилаш;

инсон капиталини ривожлантириш, адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг моддий-техник базасини яхшилаш, ходимларни ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини яратиш;

ҳудудий адлия органларининг роли ва фаолияти самарадорлигини сезиларли даражада ошириш.



§ 1. Ягона давлат ҳуқуқий сиёсати сифатини такомиллаштириш,

ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш


Жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳар қандай тартибга солишнинг аралашуви асосли, оқилона ва етарли сабабларга эга бўлишини таъминлаш.

Янги тартибга солиш воситаларини ишлаб чиқиш бизнес ҳамжамияти, фуқаролик жамияти институтлари, аҳоли ва жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ва таҳлил қилингандан сўнг амалга ошириш.

Норматив хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий аниқлиги ва прогнози давлат ҳуқуқий сиёсатининг энг муҳим тамойилларига айланиб, бу асосда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятини баҳолаш.

Ҳуқуқ ижодкорлигида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишнинг комплекс ёндашувини жорий этиш.

Қонунчилик мажмуасини тизимлаштириш, "тартибга солувчи гильотина" усулини қўллаган ҳолда ҳуқуқий тартибга солишни соддалаштириш ҳамда қонуности ҳужжатларини қисқартириш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишни синчков, кенг қамровли ва танқидий таҳлил асосида амалга ошириш.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ex-post (кейинги) таҳлилини ўз ичига олган қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг комплекс тизимини ўрнатиш.

Илмий лингвистик экспертиза механизмларини шакллантириш ва изчил такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши, гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг институционал, илмий ва услубий асосларини яратиш ва такомиллаштириш.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда фаолиятнинг инновацион усулларини норма ижодкорлиги жараёнига жорий этиш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини янада такомиллаштириш.

Қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш ва ҳуқуқий тартибга солишнинг ортиқча юкини бартараф этиш орқали "ақлли тартибга солиш" моделини ва стандартлаштирилган таҳлил методологиясини жорий этиш.

Фуқаролик қонунчилиги нормаларини энг илғор хорижий амалиётлар билан уйғунлаштириш, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро стандартларни жорий этиш.

Фуқаролик қонунчилиги институтларини ривожлантириш ва тенг ҳуқуқли субъектлар ўртасидаги хусусий-ҳуқуқий муносабатларга тартибга солишнинг аралашувини минималлаштириш мақсадида тартибга солувчи ва диспозитив нормаларнинг ўзаро ҳуқуқий экспертизасини йўлга қўйиш.

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш, бу борада Вазирлик тизимида ҳуқуқий, институционал ва методик асосларни мустаҳкамлаш, жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларини фаол жалб этиш ҳисобига уларнинг фаолиятини такомиллаштириш.



§ 2. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва давлат бошқаруви

тизими самарадорлигини комплекс таҳлил қилиш


Давлат бошқаруви органлари фаолиятини мунтазам равишда ҳар томонлама функционал ўрганиш асосида давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда илғор услубларни жорий этиш.

Давлат бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ягона ахборот маконини яратиш асосида адлия органлари фаолиятида давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ҳар томонлама танқидий таҳлил қилишнинг энг яхши тажрибаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Давлат органлари томонидан қонун ҳужжатлари қўлланилишининг ҳуқуқий мониторинги тизимини татбиқ этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг қонун ҳужжатлари мақсадларига мувофиқлигини текшириш ва қонун ҳужжатларида уларнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишига тўсқинлик қиладиган камчиликларни аниқлаш.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида таклифларни аниқлаш ва ишлаб чиқиш учун жамоатчилик фикрини ўрганиш услубиётини яратиш.

Тадбиркорлар ўртасида мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар тўғрисида сўровлар ўтказиш, хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда тадбиркорлик фаолиятининг долзарб масалалари бўйича матбуот анжуманлари ўтказиш орқали тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш - корхонани рўйхатдан ўтказишдан тортиб уни тугатишгача бўлган барча зарур маълумотларни тақдим этувчи махсус интерфаол "Advice for business" юридик порталини яратиш.

Иқтисодиётга маъмурий таъсирни янада камайтириш, тартибга солиш, шунингдек, айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича таклифлар тайёрлаш.



§ 3. Маъмурий тартиб-таомиллар ҳамда давлат

хизматларини кўрсатиш соҳасида ягона давлат

сиёсатини амалга ошириш


Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан "Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг асосий принциплари ва нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш.

Адлия органлари ва муассасалари маълумотлар базаларини босқичма-босқич рақамлаштириш, давлат хизматларини эса электрон шаклга ўтказиш ҳамда "виртуал адлия" тизимини жорий этиш.

Ахборот туридаги давлат хизматларини, жумладан, маълумотномаларни автоматик тарзда, навбатсиз ҳамда ариза расмийлаштирмасдан (масалан, мобил алоқа орқали USSD сўрови билан) олиш тартибини жорий этиш.

Маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш, бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, ҳудудлар ва умуман мамлакат миқёсида юзага келаётган таҳдид ва муаммоларга ўз вақтида ва муносиб жавоб бериш учун самарали ахборот алмашиш тизимини шакллантириш, хизматларни олувчилар билан муносабатларни бошқаришни автоматлаштириш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон давлат хизматларини кўрсатишни янада кенгайтириш.

Бизнес жараёнларини қайта бошқариш усулларидан (Business Process Reengineering, BPR) фойдаланган ҳолда барча давлат хизматларини тақдим этиш жараёнларини оптималлаштириш, тартиб, муддатлар ва зарур ҳужжатларни максимал қисқартириш билан талабларнинг долзарблигини таҳлил қилиш.

Давлат органлари ва ташкилотларига ўзининг давлат хизматларини кўрсатишида BPR ўтказишида услубий ёрдам бериш.

Аҳолининг Интернет, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, мобил иловалар орқали давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини такомиллаштириш.

Кўрсатилган фаолият турлари учун махсус рухсатнома олиш талабини бекор қилиш тўғрисидаги қоидаларни ўрнатган ҳолда тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини босқичма-босқич қисқартириш.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Давлат хизматлари марказлари инфратузилмасини доимий равишда такомиллаштириш, хизматларни рақамлаштириш, Давлат хизматлари марказлари ҳудудида дам олиш хоналарини яратиш орқали навбатларни қисқартириш.

Давлат хизматлари учун ягона платформани ишлаб чиқиш, барча масъул давлат идораларини ушбу платформага улаш.

Фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини ҳар йили ўрганиб бориш орқали давлат хизматларини такомиллаштирувчи янги йўналишларни ишлаб чиқиш.

Экстерриториал тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини босқичма-босқич кенгайтириш, шунингдек, улардан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида, масофадан фойдаланиш имкониятини бериш.

Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича аҳолининг саводхонлигини ошириш.

Давлат хизматлари соҳасидаги фаолият стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш (ахборот тизимларини интеграциялаш стандарти ҳамда техник стандартлар).

Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш.

Ижтимоий аҳамиятга эга давлат хизматларини автоматлаштириш.



§ 4. Интеллектуал мулк соҳасида давлат

сиёсатини амалга ошириш


Ўзбекистон Республикаси қўшилган интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар мажбуриятларини бажариш бўйича вазифаларнинг ижросини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро шартномаларга қўшилиши масалаларини ўрганиш ва кейинчалик уларга қўшилиш бўйича таклифларни тайёрлаш.

Интеллектуал мулк соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган интеллектуал мулк тизимини модернизация қилиш (Patent Trolling).

Замонавий IТ-ечимлар ва аутсорсинг усулларидан фойдаланиш орқали интеллектуал мулк объектлари экспертизасини такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш.

Интеллектуал мулк эгаларининг қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш чораларини кучайтириш.

Муаллифлик ҳақини тўлашни давлат бошқарувидан эркин тартибга босқичма-босқич ўтказиш.

Фуқароларнинг интеллектуал мулк соҳасига ҳурматини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тарғибот сиёсатини олиб бориш.

Интеллектуал мулк соҳасида давлатлараро ва идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш.

Интеллектуал мулк фанларини кадрлар тайёрлаш тизимига, жумладан, республика ўқув муассасалари, малака ошириш марказларида жорий этиш.

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) билан ҳамкорликда технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари (ТИҚМ) тармоғини кенгайтириш.



§ 5. Ҳуқуқий маърифат ва ҳуқуқий ахборотни тарқатиш

бўйича изчил манзилли ишларни ташкил


Ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларни фаоллаштириш.

Жамиятда ва давлат хизматчилари орасида муаммоларни фақат ҳуқуқий воситалар асосида ҳал қилиш зарурлиги ҳақидаги ғояни тарғиб қилиш.

Аҳолининг турли қатламлари (фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, ҳунармандлар, турли соҳалардаги тадбиркорлар, ота-оналар, мактаб ўқувчилари, абитуриентлар, талабалар, ишчилар, иш берувчилар ва ҳ.к.) кундалик ҳаётидаги кенг тарқалган муаммоларни, шу жумладан, суд таҳлиллари орқали мақсадли тарғибот қилиш амалиётини жорий этиш.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасига нисбатан алоҳида минимал талабларни ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳоли билан бевосита ишлайдиган давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш.

Ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онгни ошириш, шунингдек, асосан фуқаролар билан ишлайдиган давлат хизматчилари учун психологик тренинглар ўтказиш механизмини жорий этиш.

"Инсон ва қонун" ҳуқуқий газетаси ва "Ҳуқуқ ва бурч" журналининг электрон шаклини яратиш ва нашрларнинг босма кўринишини сақлаб қолган ҳолда уларни етакчи ҳуқуқий ахборот ва таҳлилий веб-сайтларга айлантириш.

Ижтимоий тармоқлар орқали оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш стратегиясини ишлаб чиқиш, унда, журналистлар ва блогерлар билан доимий қайта алоқалар, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, сохта маълумот тарқалишининг олдини олиш ва бошқа мавзуларда семинарлар ташкил этишни назарда тутиш.

Ҳуқуқий тарғиботнинг энг замонавий ва самарали усулларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, "Street law" дастурини оммалаштириш орқали ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича турли ижтимоий қатламлар билан мақсадли иш олиб бориш.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини мониторинг қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва баҳолаш орқали доимий қайта алоқани таъминлаш.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларини аҳолига етказиш тизимини босқичма-босқич шакллантириш, "Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир" деган ҳаётий ғояни фуқаролар онгида мустаҳкамлаш.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва қўшимча ҳуқуқий ахборотга кириш тизимини (юридик луғат, юридик адабиётлар электрон платформаси, қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш учун онлайн форум ва бошқалар) ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси Миллий ҳуқуқий интернет порталини такомиллаштириш.

Оммавий ахборот воситалари ва Интернет тизимида мультимедиа материаллари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда тарқатиш учун ахборот марказини ташкил этиш.

Ҳуқуқий мавзулар бўйича маълумотларни ёритишга ихтисослашган журналистларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш.

Вазирликлар ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида ва самарали ижро этишини баҳолаш мезонларини яратган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш механизмларини такомиллаштириш.

Lex.uz тизимидан фойдаланувчилар аудиториясини кенгайтириш ва аҳолига ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш самарадорлигини ошириш учун зарур замонавий моддий-техник база ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг дастурий таъминотини яратиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мутахассислар ва кенг жамоатчиликка eтказиш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳ ва тушунтиришлар тайёрлаш ва тарқатиш орқали етказиш механизмини такомиллаштириш.



§ 6. Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини

ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш


Жамоатчилик назорати механизмлари орқали нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат органлари билан ҳамкорликда ёрдам бериш бўйича ишларни кучайтириш.

Аҳолининг турли қатламлари ва гуруҳлари манфаатларини акс эттирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилишда уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш.

Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизимини янада такомиллаштириш.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва кейинчалик уларни тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун ҳужжатига унификация қилиш.

Қуйи, ўрта ва ундан юқори даражадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмини, шунингдек, уларнинг ушбу соҳадаги давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш.

Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат органлари томонидан ижтимоий аҳамиятли вазифаларни бажариши учун давлат ижтимоий буюртмасини бериш сони ва ҳажмини ошириш чораларини кўриш.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятига ноқонуний аралашиш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилиши элементларига эга бўлган ҳолатларни аниқлаш мақсадида доимий мониторинг олиб бориш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликни жорий этиш.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида Юристлар малакасини ошириш марказида уларнинг даврий касбий ривожланиш амалиётини йўлга қўйиш учун ихтиёрий семинарлар ва ўқув курсларини ташкил этиш.

Адлия органлари ходимларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан бевосита алоқасини чекловчи электрон алоқани босқичма-босқич жорий этиш.



§ 7. Ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимининг самарали

ишлашини, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари

ва қонуний манфаатлари ҳуқуқий ҳимоя

қилинишини таъминлаш


Иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой ва бошқа низоларнинг олдини олишда нотариусларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш амалиётини кенгайтириш.

Нотариусларнинг нодавлат шакллари институтини изчил ривожлантириш.

Аҳолига нотариал хизматларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш.

Мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш пайтида коммунал тўловлар ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликни текшириш талабини бекор қилиш.

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардаги судгача бўлган жараёнда далилларни тақдим этишга ва медиатор вазифаларини бажаришга қаратилган янги нотариал ҳаракатларни жорий этиш. Низоларни ҳал қилишда медиация институтини кенгайтириш, шунингдек, медиаторлар сонини кўпайтириш.

Фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талабларни кўриб чиқиш бўйича ваколатларни нотариусларга бериш орқали судьяларнинг иш юкламасини камайтириш.

Ягона электрон нотариал архив фондини шакллантириш ва идоравий нотариал архивларда сақланадиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишини таъминловчи битимларни рақамлаштириш.

Соҳага замонавий инновацион, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, масофадан туриб электрон кўринишда тақдим этиладиган нотариал хизматлар рўйхатини кенгайтириш. Аэропортларда ва темир йўл станцияларида, бошқа жамоат жойларида онлайн тарзда нотариал ҳаракатларни амалга оширишга имкон берадиган инфокиоскаларни жойлаштириш.

Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ ва нотариал идоралар фаолиятини баҳолаш ва мониторингини ташкил этишни аутсорсинг орқали консалтинг фирмаларининг вакиллари иштирокида амалга ошириш.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, бунда "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимини ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги замонавий талаблар асосида модернизация қилиб бориш.

Нотариат соҳасида қонун ҳужжатларини оптималлаштириш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун қабул қилиш.

Халқаро институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, хусусан, Халқаро нотариуслар иттифоқига қўшилиш орқали лотин нотариал моделининг халқаро стандартлари ва илғор тажрибаларини имплементация қилиш.

Адвокатура институтини ривожлантириш, жумладан суд процессида тарафлар тортишуви ва тенглигининг таъминланиши, одил судлов тизимини такомиллаштириш, мамлакатда халқаро стандартлар ва замонавий тенденцияларга жавоб берадиган адвокатура тизимини яратиш, адвокатуранинг институционал асослари ва фаолият принципларини мустаҳкамлаш, адвокатнинг процессуал мақомини кучайтириш ва унинг жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини оширишга қаратилган комплекс чоралар кўриш.

Давлат томонидан кафолатланган юридик ёрдам тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, кам таъминланган (кам даромадли) ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган тоифадаги фуқаролар учун жиноий, маъмурий, фуқаролик ишлари бўйича давлат томонидан бепул юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш.

Адвокатура институти фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий базанинг барқарорлигини таъминлаш учун адвокатлик соҳасидаги мавжуд қонун ҳужжатларини, шу жумладан, қонуности ҳужжатларини оптималлаштириш орқали тўғридан-тўғри амал қилувчи жамланган қонунни қабул қилиш.

Юридик хизматлар бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва миллий юридик фирмаларнинг, шу жумладан, нуфузли халқаро (хорижий) юридик фирмаларнинг Ўзбекистон Республикасида филиалларини очиш орқали рақобатдошлигини ошириш чораларини кўриш.

Фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг нодавлат тизимини ривожлантириш чораларини кўриш.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари таҳлили асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш.

Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратнинг замонавий усулларини жорий этиш.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этиш чораларини кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Давлат органлари ва ташкилотларида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида маълумот ва материалларни тўплаш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.



§ 8. Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш ва

янада мустаҳкамлаш, халқаро ва хорижий ташкилотларда

Ўзбекистон манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя

қилишни таъминлаш


Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари билан ҳамкорликни, шунингдек, хорижий донорлар билан алоқаларни фаоллаштириш.

Халқаро экспертлар иштирокида адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун хорижий амалиёт, семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш ишларини кучайтириш.

Вазирликнинг хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан шартномавий ҳуқуқий базасини кенгайтириш масаласини ўрганиш, шунингдек, халқаро ҳуқуқий ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш.

Ваколатли органларнинг компетенцияларини аниқлаган ҳолда халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаатлар ва сўровларни ўз вақтида, самарали ва сифатли кўриб чиқиш чораларини кўриш.

Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятнинг ҳуқуқий хабардорлик даражасини ошириш бўйича ишларни фаоллаштириш.

Халқаро рейтинг агентликлари, айниқса, ҳуқуқий соҳага оид агентликлар билан яқин ва конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Вазирликка бириктирилган Халқаро рейтинг ва индекслар тузувчи ташкилотлар, Жаҳон банкининг тадқиқот гуруҳи (World bank Development Research Group), Жаҳон одил судлов лойиҳаси (The World Justice Project), "The Economist Intelligence Unit" компанияси (Буюк Британия) билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро рейтинглар ва индекслардаги Ўзбекистон мавқеига таъсири нуқтаи назаридан баҳолаш амалиётини йўлга қўйиш.

Халқаро нуфуз ва ишончни мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлик фаолияти соҳасида халқаро стандартларни (хусусан, ISO 37001 (порахўрликка қарши кураш бошқарув тизими) ва бошқалар) жорий этиш.

Тегишли ташкилотларда малака оширишни ташкил этиш орқали халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги шикоятларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этадиган Вазирлик ходимларининг даврий малакасини ошириш амалиётини йўлга қўйиш.

Инвестицияларни жалб қилишга қаратилган битимларни (шартномаларни) ишлаб чиқиш жараёнида низоларни судгача ҳал қилишнинг альтернатив механизмларидан фойдаланиш, шу жумладан, Халқаро савдо палатасининг Талабига асосан кафолатларнинг ягона қоидаларига (URDG) мувофиқ мажбуриятларнинг бажарилиш чораларини таъминлаш, шунингдек, низоларни тортишувга қадар медиация институти орқали ҳал этилишига эришиш.

Мамлакатда ўтказилаётган халқаро ҳуқуқий форумларнинг, хусусан, "Tashkent Law Spring" халқаро ҳуқуқий форуми кўламини кенгайтириш, нуфузи ва жозибадорлигини ошириш.

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ва натижаларини объектив баҳолай оладиган янги авлод экспертлар ҳамжамиятини шакллантиришга кўмаклашиш.

Халқаро арбитражларда ва хорижий давлатлар судларида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятини ташкил этишнинг ягона тартибини белгилаш.



§ 9. Юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш

тизимини такомиллаштириш


Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг юқори синфлари учун белгиланган муддатларда "Ҳар кунлик ҳуқуқ" йўналиши бўйича дарсликлар яратиш ва нашр этишни ташкил этиш.

Юридик ўқув юртларида дарс беришга давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек халқаро (хорижий) юристларни жалб қилиш.

Вилоятларда жойлашган юридик коллежларнинг "Электрон таълим" миллий тизимига қўшилишини ташкил этиш чораларини кўриш.

Республикадаги барча юридик коллежларда коучинглар, турли хил махсус фаолият турларини ўзлаштириш ишларини малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳақиқий ҳуқуқ амалиётига киритиш.

"Юриспруденция" йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мутахассисликлари ва касблари рўйхати таҳлили асосида юридик коллежларнинг битирувчилари ишлаши мумкин бўлган лавозимлар рўйхатини кенгайтиришни таъминлаш.

Ўқитишнинг инновацион усулларини жорий этиш, меҳнат бозорида талаб қилинадиган кадрлар тайёрлаш учун юридик коллежларда замонавий педагогик ва ахборот технологиялари кўламини кенгайтириш.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик коллежлар ўқитувчиларининг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, тажрибали ўқитувчиларни танлаш самарадорлигини таъминлаш.

Ҳуқуқнинг турли соҳаларида, шу жумладан, юридик таълимнинг янги, кам ўрганилган, аммо амалда талаб юқори бўлган соҳалардаги жамиятнинг ўзгарувчан эҳтиёжларига жавоб беришини таъминлаш.

Янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари туркумини амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни инобатга олиб, хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш ҳамда хорижий юридик адабиётларни ўзбек тилига таржима қилинишини таъминлаш.

Тошкент давлат юридик университетини (кейинги ўринларда - университет) халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш, шунингдек, унинг миллий рейтингдаги ўрнини юксалтиришни таъминлаш.

Юридик таълим соҳасига "Электрон университет" платформасини жорий қилиш.

Университетнинг қамрови ва кўламини кенгайтириш орқали олий юридик таълим олиш имкониятларини кенгайтириш.

Ўзбекистон Республикасида юриспруденция соҳасида хорижий олий ўқув юртларининг филиалларини очиш.

Ҳуқуқий таълим соҳасида хорижий давлатлар билан алоқалар ўрнатиш, шу жумладан халқаро университетлар ва ҳуқуқ ассоциацияларига қўшилишни ташкил этиш.

Университетдаги ўқув жараёнига судлар, ички ишлар органлари, прокуратура, божхона ва солиқ идоралари, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлайдиган юристларни жалб қилиш.

Тажриба алмашиш ва университет битирувчилари икки томонлама диплом олиш шарт-шароитларини яратиш мақсадида юридик таълим соҳасида илғор хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ўрнатиш.

Ўзбек ҳуқуқи ва халқаро савдо ҳуқуқи йўналишидаги "Ҳуқуқ", "Бизнес менежменти" бакалавр йўналишлари бўйича Буюк Британиянинг ҳуқуқ университети (Ulaw) билан биргаликда Тошкентда Халқаро ҳуқуқ университетини очиш ва ривожлантириш.

Хўжалик бошқаруви ва бошқа ташкилотлар ўзга соҳа мутахассислари учун Юристлар малакасини ошириш марказида юридик ўқув дастурлари жорий этилишини таъминлаш.

Юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш, чет эллик мутахассисларни жалб қилган ҳолда юқори малакали ҳуқуқшуносларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий давлатлар билан келгусидаги ҳамкорликни ўрнатиш.

Замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда (IT-ҳуқуқ, юристларга бухгалтерия ҳисоби ва ҳ.к.) ҳуқуқий муаммоли саволларни аниқлашга қаратилган ҳар йили ўтказиладиган тизимли таҳлил асосида ҳуқуқшуносларни амалиётга йўналтириш ҳамда малакасини оширишнинг янги дастурларни, шу жумладан, масофавий ўқитишнинг жорий этилишини таъминлаш.

Вазирлик тизимидаги ходимлар, адвокатлар ва юридик хизмат ходимлари учун ўқув дастурларини қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда мавзуларни долзарблигини ҳисобга олган ҳолда мунтазам равишда янгилаб бориш.



§ 10. Суд экспертизаси сифатини изчил яхшилаш


Замонавий талаблар ва илғор халқаро тажрибани, шунингдек, халқаро стандартларни (ISO 17025) ҳисобга олган ҳолда Вазирликнинг суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизаларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш.

Суд экспертизаси амалиётига янги инновацион ишланмаларни жорий этиш, эксперт тадқиқотларининг турлари, хусусан, суд-психологик ва суд-электротехник экспертизалари, озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг моддий-техник базасини одам ДНК сининг суд-биологик экспертизаси, ҳужжатларнинг криминалистик суд-экспертизаси, суд-баллистик ва трасология экспертизаси, суд-фонографик экспертиза ва бошқа лабораторияларни янги замонавий ускуналар билан жиҳозлаш орқали мустаҳкамлаш.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида суд экспертизасининг долзарб масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш.

Суд экспертизаси соҳасида, шу жумладан, ихтисослаштирилган нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини ривожлантириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилиш.

Суд-экспертлик соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Бутунжаҳон суд экспертлари ассоциациясига (IAFS) аъзо бўлиш.



§ 11. Инсон капиталини ривожлантириш, адлия органлари

ва муассасалари фаолиятининг моддий-техник базасини яхшилаш,

ходимларни ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг

янги механизмларини яратиш

Адлия органлари ва муассасалари тизимига малакали кадрларни жалб этишга йўналтирилган рекрутментнинг янги усулларини (онлайн рекрутмент, актив хедхантинг) жорий этиш.

Адлия органлари ва муассасалари тизимида HR-менежмент тизимини жорий этиш, бу билан Вазирликнинг ижобий имиджини яратган ҳолда, кадрларни сақлаш, бошқариш ва назорат қилишнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш.

Вазирликда кадрлар малакасини ошириш тизимидаги ўзгаришларни кузатиб бориш, меҳнат бозорида ишчи кучининг ривожланиш тенденцияларини ва унга қўйиладиган сифат ва миқдорий талабларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек, ходимлар нуқтаи назаридан - уларнинг манфаатлари ва эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда моддий ва номоддий рағбатлантиришнинг тўғри тизимини яратишга қаратилган кадрлар маркетинги тизимини жорий этиш.

Персонални бошқариш тизимида кадр контроллинги тизимини ривожлантириш (ўзини ўзи назорат қилиш тизими).

Ходимларнинг профессионаллигини, сезгирлигини ва янгиликларга мослашишига қаратилган жамоани ижтимоий ривожлантириш (стресс-менежмент, тайм-менежмент, тимбилдинг ва бошқалар).

Ходимларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, жумладан Вазирлик тизимида ассесмент-марказини яратиш ҳамда KPI тизимини жорий этиш.

Ходимларга иш ҳақини тўлашнинг янги усулларини (ходимлар фаолияти самарадорлигининг рейтинг тизими, идоравий рағбатлантириш дастурлари ва бошқалар) жорий этиш.

Коррупцияга қарши комплаенс тизимини самарали жорий этиш бўйича чора-тадбирларни, шу жумладан, Вазирликнинг коррупцияга қарши сиёсатини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш учун "ҳалоллик офицери" лавозимини жорий этиш.

Ижро интизомида илғор ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда адлия органлари ва муассасаларида ҳисобот тизимини янада ислоҳ қилиш.

Электрон ҳужжат айланиши тизимида инсон омиллари иштирокисиз статистик ҳисоботларни шакллантиришни автоматлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.

Ички хавфсизликни таъминлашга жавобгар бўлган таркибий бўлинмани ташкил қилиш.

Ахборот тизимидан махфий маълумотлар (DLP тизими) тарқатилишининг олдини олиш учун замонавий технологияларни жорий этиш, лицензияланган дастурий таъминотни ўрнатиш орқали ахборот хавфсизлигини таъминлаш.

Адлия ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкиллаштириладиган халқаро ва миллий илмий форумлар, симпозиумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган Конвенция марказини, шунингдек, замонавий соғлиқни сақлаш марказини қуриш.

Адлия ходимларини спорт ва кўнгилочар тадбирларга, спорт кунларини ташкил этишга кенг жалб қилиш.

Омбор логистика жараёнларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими, шунингдек, қурилиш жараёнини масофадан бошқариш ва омбордаги барча асосий иш жараёнларини автоматлаштиришни таъминлайдиган меҳнат ресурсларини самарали бошқариш тизимини жорий этиш.



§ 12. Ҳудудий адлия органларининг роли ва

самарадорлигини сезиларли даражада

ошириш


Туман (шаҳар) адлия бўлимлари фаолиятини таъминлашда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини ҳисобга олган ҳолда ўзаро алоқаларни мувофиқлаштириш.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган "проактив усуллар"нинг самарали механизмларини жорий этиш.

Адлия идораларини ҳуқуқни қўллаш амалиёти, давлат органлари ва ташкилотлари бўлинмалари фаолиятида қонун талабларига риоя этилишини назорат қилиш ва баҳолаш масканларига айлантириш.

"Давлат ҳокимияти органлари қарорларини электрон рўйхатга олиш тизими"ни яратиш орқали туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашлари қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёни тўлиқ ишлашини таъминлаш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 25 май, 19-20-сон, 203-модда










































Время: 0.0474
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск