ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 27.02.1996 й. 3-сон "Қонунга хилоф равишда қуролга эгалик қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

27.02.1996 й.

N 3


ҚОНУНГА ХИЛОФ РАВИШДА

ҚУРОЛГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ

ИШЛАР БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА


Қонунга хилоф равишда қуролга эгалик қилиш билан боғлиқ жиноятлар жамият учун катта хавф туғдиради. Қурол ва ўқ-дориларнинг республикага ташқаридан келтирилиши, уларнинг омборхоналардан талон-тарож этилиши, қуролга эгалик қилиш мақсадида ҳокимият вакилларига ва ҳарбий хизматчиларга ҳужум қилиниши ҳоллари ортмоқда.

Кўплаб оғир жиноятлар қурол қўллаб содир этилмоқда, айрим ҳолларда жиноий гуруҳлар томонидан автоматик қуроллар ҳам ишлатилмоқда. Судлар эса ҳанузгача бундай жиноятларнинг жамият учун ўта хавфлилигига етарлича баҳо бермаётирлар.

Қуролларни олиш ёки тайёрлаш манбалари ва сабаблари, шунингдек бундай жиноятларнинг содир бўлишига имконият туғдираётган шароитлар ва шахслар доираси, қуролларни республика ҳудудига келтириш усуллари кўпчилик ишлар бўйича аниқланмаётир.

Бундай ишлар бўйича жазо тайинлаш амалиётида ҳам бир хилда ёндашиш йўқ, кўпинча айбдорларга нисбатан асоссиз равишда енгил жазо тайинлаш ҳоллари учрамоқда. Шахсларни ўқотар қурол, ўқ-дориларни сақлаганлик учун фақат расмий асосларга кўра, уларнинг шахси ва иш тафсилотларини эътиборга олмасдан жавобгарликка тортиш ва судлаш ҳоллари юз бермоқда.

Қайд этилганларни инобатга олиб, шунингдек янги қонунлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш, уларга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш, шунингдек, ўқотар қурол ёки ўқ-дориларни бепарволик билан сақлаш тўғрисидаги ишларни кўришда йўл қўйилаётган камчиликларга қаратилсин ва бу жиноятлар жамият хавфсизлигига, фуқароларнинг эркинлиги, ҳаёти ва соғлиғига жиддий таҳдид солиши кўрсатиб ўтилсин.

2. Тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 июлдаги "Қурол тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ:

ўқотар қурол деганда, порох ёки бошқа модда қуввати ҳисобига йўналтирилган ҳолда ҳаракатга келувчи аслаҳа билан нишонни масофадан туриб механик уриш учун мўлжалланган қурол тушунилмоғи лозим;

ўқотар қуролнинг асосий қисмлари деганда, ствол, затвор, ўқдон (барабан), рамка, ствол қутиси тушунилмоғи лозим;

ўқ-дорилар деганда, қуролнинг жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш учун мўлжалланган ҳамда таркибида портловчи, порохли, улоқтирувчи, пиротехник ёки уриб чиқарадиган моддалар ёхуд уларнинг бирикмаси мавжуд бўлган қурол-яроғ ашёлари ва улоқтириладиган аслаҳаси тушунилмоғи лозим;

портловчи моддалар деганда, порох, динамит, тротил, нитроглицерин ва кислородли ҳаво етишмаган вазиятда портлаш хусусиятига эга бўлган кимёвий моддалар ва аралашмалар тушунилмоғи лозим;

портлатиш қурилмалари деганда, портловчи моддалар билан тўлдирилган ва портлашни амалга ошириш учун мўлжалланган йиғилган ҳолдаги қурилмалар тушунилмоғи лозим.

Қурол муомаласи - қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш, олиш, ҳисобга олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, уларни олиб қўйиш, йўқ қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш тушунилмоғи лозим;

Пневматик милтиқлар, сигнал, старт, газ пистолетлари ёки газли баллончалари, ракетницалар ва бошқа имитация-пиротехник ҳамда ёритгич воситалари ўқотар қурол жумласига кирмайди.

3. Бундай ишларни тергов қилиш ва судда кўриш чоғида ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини олиш, тайёрлаш манбаларини аниқлаш лозим. Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмалари сақланаётган объектларни қўриқлашда мансаб совуққонлигига йўл қўйилганлик ҳоллари ёхуд ўқотар қурол ёки унга ўқ-дорилар тайёрланган асбоб-ускуналардан фойдаланиш устидан тегишли назоратнинг бўлмаганлиги аниқланган тақдирда судлар хусусий ажрим чиқариш йўли билан ўзларининг муносабатларини билдиришлари, зарур ҳолларда эса, жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар қилишлари шарт. Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари фаолиятида аҳоли қўлида қонунга хилоф равишда сақланаётган ўқотар қуролларни олиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам судларнинг эътиборидан четда қолмаслиги лозим.

4. Шахснинг Жиноят кодекси 247, 248 ва 249-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдорлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишда айбдордан олинган у ёки бу ашёларнинг қонунга хилоф равишда эгаллаганлик, тайёрлаганлик, олганлик, олиб юрганлик, сақлаганлик, ўтказганлик ва бепарволик билан сақлаганлик учун қайд этилган моддаларда жавобгарлик кўзда тутилган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига тааллуқлилигини тегишли экспертиза ўтказиш йўли билан аниқлаш керак.


5. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, Жиноят кодексининг 247, 248-моддалари бўйича жавобгарлик фойдаланиш учун яроқли бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ёхуд фойдаланишга яроқсиз ўқотар қурол ёки портлатиш қурилмаларини эгаллаган, эгалик қилган, олган, олиб юрган, сақлаган ёки ўтказганда (башарти уларни яроқли ҳолатга келтириш учун айбдор аниқ имкониятга эга бўлган бўлса) келиб чиқади.

6. Ўқотар қурол, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш деганда, уларни ғайриқонуний равишда ҳар қандай усулда (ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, талончилик, товламачилик, босқинчилик йўли билан) қўлга киритиш тушунилиши лозим.

Ўқотар қурол, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда ҳар қандай усулда эгаллаш, айбдорнинг улардан ўз хоҳиши бўйича фойдаланиш ёки тасарруф этиш имкониятлари бор-йўқлигидан қатъи назар, улар олинган вақтдан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланиши керак.

7. Жиноят кодексининг 247-моддасига мувофиқ ўқотар қурол, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини эгаллаганлик учун жавобгарлик улар қонунга хилоф равишда корхона, ташкилот, муассасалардан, шунингдек қонуний ёки қонунсиз тарзда эгаллаб турган фуқаролардан олинган ҳолларда ҳам юзага келади.

Ўқотар қурол, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, талончилик, товламачилик, босқинчилик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш Жиноят кодексининг 247-моддаси ва тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан, фақат бу моддалар (модда қисмлари) санкцияси Жиноят кодексининг 247-моддасидагидан оғирроқ жазони кўзда тутган ҳоллардагина квалификация қилиниши лозим (масалан, Жиноят кодекси 247-моддаси 3-қисмининг "в" банди ва 164-моддаси 4-қисмининг "в" банди билан).

Ўқотар қурол, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмалари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказилган ҳолларда айбдор Жиноят кодексининг 246 ва 248-моддалари мажмуи бўйича жавобгар қилиниши шарт.

8. Жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш деганда, уларни ясаш ёки шикаст етказиш хусусиятларини тиклаш, шунингдек, қандайдир ашё (масалан, ракетница, старт ва қурилиш пистолетлари)ни қайта ишлаш натижасида уларни ўқотар қурол хусусиятига келтириш тушунилиши лозим. Ашёга шикаст етказиш хусусиятларини беришга қаратилган ҳаракатлар айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, охиригача етказилмаган бўлса, ўқотар қурол, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда тайёрлашга суиқасд қилиш тариқасида квалификация қилинмоғи лозим.

Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини олиш деб уларни сотиб олишни, бошқа нарсаларга алмаштириб олишни, қарзга ёки ҳадяга, қарзи эвазига олишни ва ҳоказоларни ҳисобламоқ керак.

Сақлаш деганда, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини тегишли рухсатномасиз айбдорнинг эгалигида: ёнида, бинода, хуфия жойларда, транспорт воситаларида ва бошқа ерларда сақлаш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар тушунилмоғи лозим.

Фуқаровий, хизмат қуролини, мукофот тарзида берилган, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган қуролни ва унинг ўқ-дориларини шахс томонидан тегишли рухсатнома бўлган ҳолда, аммо бу рухсатноманинг муддати ўтган, ҳисобга қўйиш қоидалари бузилган вазиятда сақланаётган бўлса, айбдор Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 221-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши керак.

Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш деганда, уларни ҳар хил усулларда тарқатиш (сотиш, ўзгага бериш, ҳадя этиш, қарзи эвазига бериш, қарзга бериш ва ш.к.)ни тушуниш лозим.

Қайд этилган ашёлар ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақланган, ташилган, олинган бўлса, бундай ҳаракатлар жиноятга суиқасд қилиш тариқасида Жиноят кодексининг 25 ва 248-моддалари билан квалификация қилиниши керак.

Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини олиб юриш деганда, айбдорнинг қайд этилган ашёларнинг эгаси эканлиги ва бу ашёларнинг унинг ёнида бўлиши тушунилиши лозим. Бунда ушбу ашёлар бевосита унинг ёнида ёки масалан, чемоданида, автомашинасида ва ҳоказоларда бўлишининг аҳамияти йўқ.

9. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш мустақил жиноятлар эканлигини эътиборга олган ҳолда қайд этилган ашёларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ва уларни келгусида олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш Жиноят кодексининг 247 ва 248-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг реал йиғиндисини ташкил қилади.

10. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмалари қонунга хилоф равишда бошқа жиноятни содир этиш мақсадида эгалланган, шунингдек тайёрланган, олинган, олиб юрилган, сақланган ҳолларда содир этилган қилмиш тугалланган жиноят (Жиноят кодексининг 247 ёки 248-моддаси) ва бошқа жиноятни содир этишга тайёргарлик тариқасида квалификация қилиниши шарт.

11. Айбдорнинг эгалигида бўлган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, шунингдек, пневматик қуролни, тиғли совуқ қуролни (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар, рапиралар, шпагалар ва қиличларни), улоқтириш қуролини (камонлар, арбалетлар ва найзаларни), сигнал берувчи қуролни сақлаш, олиб юриш, ташиш қоидаларини бузиш одам ўлишига ёхуд бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 249-моддаси билан қамраб олинади ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари билан қушимча квалификация қилиш талаб этилмайди.

''Бошқа оғир оқибатлар'' аломати ҳар бир муайян ҳолатда ишнинг тафсилотлари мажмуидан (иморатнинг портлаши, катта миқдордаги зарарли моддаларнинг атмосферага тарқалиши ва шу кабилар) келиб чиққан ҳолда тергов ва суд томонидан ҳал қилинади.

12. Шахс Жиноят кодекси 248-моддасида қайд этилган ашёларни эркин тарзда ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ва унинг ўзи бу ашёларни топшириш ҳақида тегишли органларга ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади.

Шахс тинтув жараёнида ёки унда қурол борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида қуролни топшириш тўғрисидаги хулосага келса, у қуролни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланмайди.


13. Судлар ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда республика ҳудудига олиб киришда айбли бўлган шахсларга, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш мақсадида сотиб олувчи ва тайёрловчиларга, шунингдек уларни ўтказувчиларга, уларни ҳокимият вакиллари ёки ҳарбий хизматчиларнинг сақлаш жойларидан талон-тарож этувчиларга, оғир жиноятлар содир этишда қуролдан фойдаланувчиларга қаттиқ жазо чоралари қўлланилишини таъминлашлари шарт.

Шу билан бирга судлар ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини сақлаш тўғрисидаги ишларни кўришда ушбу жиноят таркибининг фақат расмий аломатларидан, яъни, сақлаш фактининг ўзидангина келиб чиқмасликлари лозим. Бунда ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларини сақлаётган шахснинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 248-моддасида назарда тутилган қилмишга тўғри келса-да, аммо кам аҳамиятлилиги сабабли ижтимоий хавфли бўлмаса, бундай ҳаракат Жиноят кодексининг 36-моддасига мувофиқ жиноят ҳисобланмайди.

14. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ишларни апелляция тартибида кўришда қайд этилган туркумдаги ишларни кўриш сифати устидан тегишли назоратни таъминласинлар ва суд хатоларини ўз вақтида тузатиш учун зарур бўлган чораларни кўрсинлар.

15. Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1990 йил 14 декабрдаги "Жумҳурият судлари томонидан ССЖИ Олий суди Пленумининг 1974 йил 20 сентябрдаги "ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ёки портловчи моддаларни талон-тарож қилиш, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ёки портловчи моддаларни қонунсиз олиб юриш, сақлаш, сотиб олиш, ясаш ёки сотиш ва ўқотар қуролларни бепарволик билан сақлаш ишлари бўйича суд практикаси ҳақида"ги қарорининг бажарилиши тўғрисида"ги қарори ўз кучини йўқотган ҳисоблансин.






























Время: 0.1327
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск