Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 27.10.1995 й. 21-сон "Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

27.10.1995 й.

N 21


ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ

ЁКИ ПСИХОТРОП МОДДАЛАР БИЛАН

ҚОНУНГА ХИЛОФ РАВИШДА МУОМАЛА

ҚИЛИШГА ОИД ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА


Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш инсон соғлиғи ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, республикадаги криминоген вазиятга, жамиятнинг иқтисодий ва маданий негизига салбий таъсир кўрсатади, кўпинча у уюшган жиноятчилик билан узвий боғлиқ бўлади. Айниқса бу жиноятларнинг вояга етмаганлар орасида тарқалганлиги катта хавф туғдиради.

Кейинги йилларда мамлакатимизда етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни ўстириш ҳолларининг кўпайганлиги, таркибида наркотик моддалар мавжуд бўлган экин майдонларининг кенгайганлиги кузатилмоқда. Катта миқдордаги наркотикларни, шу жумладан, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб ўтишга мўлжалланганларини фош этиш ҳоллари ортмоқда.

Бу жиноятлардан аксарияти бошқа мамлакатлардаги жиноий олам билан алоқаси бўлган уюшган гуруҳлар томонидан, шунингдек маҳфий жойлардан ва техника воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилмоқда. Наркотикларни ташиш учун кўпинча аёллар ва ўсмирлар жалб этилмоқда.

Гиёҳвандлик окибатида кўплаб оғир жиноятлар содир этилмоқда, оилалар барбод бўлмоқда. Рўйхатга олинган гиёҳвандлар сони ортмоқда.

Шунга қарамасдан судлар ҳалигача гиёҳвандликка батамом барҳам бериш мақсадида қонун кучидан тўла фойдаланмаяптилар. Кўп ҳолларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни тарқатиш манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чоралар кўрмаган тергов органи олдига зарур талаблар қўйилмаяпти. Экспертиза хулосаларини ҳуқуқий баҳолашда, жиноятларни, айниқса наркотик моддаларни сақлаш, ўтказиш ва сотишни квалификация қилишда бир хиллик йўқ. Айбдорларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари зарур ҳолларда ҳам доим қўлланилмайди. Судлар томонидан жиноий жазо чораларини тайинлашда алоҳида ёндашув қоидасига риоя этмаслик ҳоллари илгаригидек давом этмоқда ва бу содир этилган қилмишнинг жамият учун хавфлилик даражасига етарли баҳо бермаслик оқибатида юзага келмоқда.

Етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни ўстирганлик учун баъзи ҳолларда кекса кишилар жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳақиқий айбдорлар эса жазосиз қолмоқда. Жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар доим ҳам аниқланмаётир.

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишларини кўриш бўйича суд фаолиятини такомиллаштириш, янги қонунларни тўғри қўллашни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори ижтимоий хавфлилигини эътиборга олган ҳолда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид ишлар бўйича одил судловнинг сифати ва самарадорлигини яхшилаш зарурлигига қаратилсин. Ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама текшириш, қайд этилган жиноятларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш таъминлансин.


2. Тушунтирилсинки, етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни экиш деганда тегишли рухсатсиз ҳар қандай ер майдонига, шу жумладан, бўш ётган ерга ман этилган экин уруғини сепиш ва кўчатини ўтказишни англамоқ лозим. Ушбу жиноят ўсимлик униб чиққан-чиқмаганлиги ёки ўсган-ўсмаганлигидан қатъи назар, экин экилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Айбдорнинг ҳаракатлари экин майдони ўлчамидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 270-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилинади, бунда ушбу модданинг 1-қисми билан квалификация қилиш учун экин майдонининг ўлчами 250 квадрат метргача бўлиши кўзда тутилади.

Тақиқланган экинларни етиштириш деганда экилган вақтдан бошлаб пишиш босқичигача бўлган давр ичида уларни парвариш қилишни тушунмоқ керак.

Шахс етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни турли майдонларда ўстираётган бўлса, унинг ҳаракатларини квалификация қилишда жами экин майдонидан келиб чиқмоқ лозим.

Агар етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни экиш ва етиштириш келгусида наркотик моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, шунингдек ўтказиш ёки сотиш билан боғлиқ бўлса, бундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг 270-моддаси ва тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация қилинмоғи даркор.

3. Уюшган жиноий гуруҳ томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф муомала қилиниши жамият учун алоҳида хавф туғдиради.

Жиноят кодекси 29-моддасининг 4-қисмига биноан уюшган гуруҳ деб икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши тушунилади.

Жиноий гуруҳни уюшган деб квалификация қилиш учун асосий мезон тариқасида, масалан, гуруҳнинг барқарорлигини, унда ташкилотчининг бўлишини, одатда, бир неча жиноятни содир этиш мақсадида тузилганлигини, жиноятни амалга ошириш режаси ва йўл-йўриғи ишланганлигини, ҳар бир иштирокчи ўртасида вазифалар тақсимланганлигини, техника билан таъминланганлигини, жиноятни яшириш чоралари кўрилганлигини, умумий интизомга ва жиноий гуруҳ ташкилотчисининг кўрсатмаларига итоат қилинишини ва шу кабиларни ҳисобга олиш лозим.

Ҳукмда жиноий гуруҳ айнан қайси мезонлар бўйича уюшган гуруҳ деб топилганлиги акс эттирилиши лозим.

4. Жиноят кодексининг 271-моддасига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни эгаллаш учун жавобгарлик улар корхона, ташкилот ва муассасалардан қонунга хилоф равишда олинганда, таркибида наркотик бўлган ўсимликлар ёки уларнинг бўлаклари қишлоқ хўжалиги корхоналари далаларидан ва бу ўсимликлар ўстирилаётган фуқароларнинг ер майдонларидан қонунга хилоф равишда териб олинганда, шунингдек гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар, уларни қонуний ёки қонунсиз равишда эгаллаб турган фуқаролардан қонунга хилоф равишда олинган ҳолларда юзага келади. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, талончилик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, товламачилик, босқинчилик йўли билан эгаллаш (Жиноят кодексининг 271-моддаси) ва ўзгалар мулкини талон-тарож этишни назарда тутган тегишли моддаларида кўрсатилган жиноятлар мажмуи билан, фақат бу моддалар (моддалар қисмлари) санкцияси Жиноят кодексининг 271-моддасидагидан оғирроқ жазони кўзда тутган ҳоллардагина квалификация қилиниши лозим.

Тергов органлари ва судлар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллашдан мақсад нима эканлигини аниқлашлари зарур. Эгаллаш келгусида ўтказиш ёки сотиш учун амалга оширилганлиги аниқланган тақдирда айбдорнинг ҳаракатлари қайд этилган жиноятларга тайёргарлик кўриш деб ҳам квалификация қилиниши керак.

5. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда (Жиноят кодекси 273-моддаси 1-қисми) уларни ҳар хил усулда тарқатиш (ўзгага бериш, ҳадя этиш, бошқа шахсга укол қилиш, алмаштириш, қарз ва қарзи эвазига бериш ҳамда сотиш ва ҳоказолар)ни тушуниш лозим. Чунки гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни сотиш ўтказишнинг бир усули деб ҳисобланиши керак.

Қайд этилган жиноятни квалификация қилишда биринчи навбатда ўтказилган (сотилган) гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар миқдоридан келиб чиқиш керак.

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сотиш (Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми) уларни ўтказишнинг энг хавфли кўринишларидан ҳисобланади ва гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар фақат кўп миқдорда сотилсагина мазкур модданинг 5-қисми билан квалификация қилиниши лозим.

Агар айбдор томонидан била туриб гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ниқоби остида қандайдир бошқа моддалар ўтказилса, сотилса, бундай ҳаракатлар фирибгарлик сифатида, олувчининг ҳаракатлари эса гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни олишга суиқасд қилиш тариқасида квалификация қилиниши керак.

Айбдор томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг фақат бир қисми сотилиб, қолгани топилган ва олинган ҳолларда, бундай восита ёки моддаларнинг ўлчами уларнинг умумий микдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

6. Айбдорда қонунга хилоф равишда тайёрланган, олинган, сақланаётган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсади борлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда (Жиноят кодекси 273-м.), судлар, бу восита ёки моддалар ҳақиқатдан ҳам ўтказиш учун тайёрланганлигини намоён этувчи далиллар мажмуига асосланмоқлари лозим. Масалан, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг фақат истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилганлиги, наркотиклар ёки психотроп моддаларнинг маълум ўлчамда қадоқланганлиги, ташиш ёки жўнатишда уларнинг махсус маҳфий жойга яширилганлиги, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаш учун асбоб-ускуналарнинг мавжудлиги, айбдорнинг ўзи банги эмаслиги тўғрисида экспертиза хулоса берганлиги ва ҳоказолар. Ишнинг аниқланган ҳақиқий ҳолатларига қараб айбдорнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 25, 273-моддасининг 5-қисми билан квалификация қилиниши керак.

Тайёрлаш деганда пировард натажада гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ҳосил қилинган ҳар қандай ҳаракат, шунингдек тегишли рухсат бўлмаган ҳолда наркотикларни тўйинтириш ва наркотик таъсир кучини ошириш мақсадида уларни қайта ишлаш ва тозалаш (бегона аралашмалардан ҳоли қилиш) тушунилиши лозим.

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни олиш деб, сотиб олишни, бошқа нарса ва буюмларга алмаштиришни, қарзга ёки ҳадяга олишни, қарзи эвазига олишни, топиб олинган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўзлаштиришни, айбдор олган моддалари наркотик эканлигини билган бўлса, ёввойи ҳолда ўсаётган наша ва кўкнор ўсимликларини ёки уларнинг бўлакларини, шунингдек таркибида наркотик бўлган ўсимлик экинларининг қўриқланмаётган қолдиқларини йиғиб-териб олишни ҳисобламоқ керак.

Сақлаш деганда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг айбдорнинг эгалигида: ёнида, бинода, маҳфий ерда ва бошқа жойларда бўлиши билан боғлиқ ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Ташиш деганда ташиш усулидан қатъи назар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни бир жойдан иккинчи жойга олиб ўтиш билан боғлиқ ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Жўнатиш деганда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни, ташиш жараёнида жўнатувчи иштирок этмаган вазиятда, алоқа бўлими жўнатмаси, багаж тариқасида ёки бошқа усулларда бир жойдан иккинчи жойга қонунга хилоф равишда юбориш тушунилиши лозим.

7. Судларга уқтирилсинки, Жиноят кодекси 273-моддасининг 4-қисмида назарда тутилган наркотикларни қайта ишлаш учун қўлланиладиган прекурсорлар деганда ҳалқаро номлари ёки амалдаги ҳалқаро конвенцияларда ишлатиладиган номлари бўлган моддалар тушунилиши лозим.

Бундай моддалар рўйхати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1988 йилдаги "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш тўғрисида"ги Конвенциясининг 1 ва 2-сонли жадвалларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарорига 7-иловада мавжуд.

8. Қонун мазмунига кўра (ЖК 273-моддасининг тўртинчи қисми), гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш деганда, айбдор томонидан хоналарни мазкур модда ёки воситаларни истеъмол қилиш мақсадида бир ёки бир неча маротаба бериб турилиши тушунилиши лозим (бунда хонанинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш учун махсус мосланган-мосланмаганлиги ва айбдор ғараз мақсадни кўзда тутган-тутмаганлиги юридик ахамият касб этмайди). Агар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмолчилар томонидан хона бериб турган шахсга билдирмасдан олиб келиб, истеъмол қилинганлиги аниқланса, уни (хона бериб турган шахсни) бангихона ташкил қилиш ёки сақлашда айбдор деб топиш мумкин эмас.

Шу билан биргаликда бангихона сақловчиси томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар сотилган ёки ўтказилган бўлса, унинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 273-моддасининг тегишли қисмларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация килиниши керак.

9. Жиноят кодекси 273-моддасининг 6-қисми ва 276-моддасининг 3-қисмига кўра гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўз ихтиёри билан топширган шахс топширилган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаганлиги, олганлиги, шунингдек уларни сақлаганлиги, ташиганлиги ва жўнатганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Шахснинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиши муносабати билан тиббий ёрдам кўрсатишни сўраб тиббиёт муассасаларига ўз ихтиёри билан мурожаат қилганлиги, уни илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаганлиги, сақлаганлиги, ташиганлиги ва жўнатганлиги, истеъмол қилганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод қилишга фақат бундай мурожаат шахснинг бангиликдан тузалиш нияти билан қилинган ва уни фош этилиши билан боғлиқ бўлмаган ҳоллардагина асос бўлиши мумкин.

10. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш деганда шахсда уларни истеъмол қилиш майлини уйғотишга қаратилган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар (унатиш, таклиф қилиш, маслаҳат бериш ва ш.к.), шунингдек таъсир ўтказилаётган шахсни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилдириш мақсадида алдаш, руҳий ёки жисмоний зўрлик ишлатиш, озодлигини чеклаш ва ҳоказолар тушунилиши лозим.

Айбдорнинг икки ёки ундан ортиқ шахсларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш майлини уйғотишга қаратилган ҳаракатлари, бу ҳаракатлар бир неча шахсларга нисбатан бир вақтнинг ўзида ёки уларнинг ҳар бирига нисбатан турли вақтда содир этилганлигидан қатъи назар, Жиноят кодекси 274-моддасининг 2-қисми "в" банди билан квалификация қилиниши керак.

11. Тушунтирилсинки, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишни назарда тутган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-кимёвий экспертизаларни ўтказиш айбдорликни исботловчи муҳим мезонлардан бири ҳисобланади.

Жиноят-процессуал кодексининг 173-моддасига мувофиқ, восита ёки моддани наркотик ёхуд психотроп деб эътироф этиш учун бундай экспертизалар қайд этилган туркумдаги барча ишлар бўйича ўтказилиши зарур.

Бу турдаги экспертизаларни ҳал этиши учун қуйидаги саволлар қўйилиши мумкин:

олинган модда наркотик ҳисобланадими ва қайси турга киради, зарур ҳолларда эса унинг ушбу моддадаги таркиби неча фоизни ташкил қилади ва вазни қанча;

нарсада (қандай нарса эканлиги кўрсатилади) гиёҳвандлик воситаларининг излари (микроскоп орқали кўринадиган нишоналари) борми;

ер майдонида (олинган жой кўрсатилади) ўсаётган ўсимликлар қайси турга мансуб ва у таркибида наркотик бўлган ўсимлик ҳисобланадими;

олинган моддалар бир бутунни (бир массани) ташкил этганми;

олинган моддалар тайёрлаш усули (технологияси), сақлаш шароити, фойдаланилган бошланғич хом ашёси, ўсимлик хом ашёсининг кўкариб турган жойи бўйича келиб чиқиши жиҳатидан умумий манбага эгами.


12. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни озгинадан кўпроқ ёки кўп миқдорга мансублиги масаласини ҳал этиш тергов органи ва суднинг ваколати доирасига киради, бунда улар наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг "Қонунга хилоф равишда муомалада бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 2016 йил 22 мартдаги 13/16-сонли қарорида берилган тавсияларга амал қилишлари зарур.

Бунда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда оз миқдорда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш маъмурий ҳууқбузарлик ҳисобланиб, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 56-моддасида жавобгарлик кўзда тутилганлигини эътиборга олиш лозим.


13. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича айбдорни банги деб топиш (топмаслик) ва уни мажбурий даволашга юбориш масаласини ҳал қилиш учун зарур ҳолларда наркологик экспертиза ўтказилиши лозим.

Жиноят кодексининг 96-моддасига мувофиқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан гиёҳвандликдан мажбурий даволаш фақат озодликдан маҳрум этиш жойларида эмас, балки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланган ҳолларда тиббиёт муассасаларида амалга оширилиши ҳам тайинланиши мумкин.

14. Тушунтирилсинки, жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган ёки аҳолининг хавфсизлиги, саломатлиги ва маънавиятига хавф туғдираётган гиёҳвандлик билан касалланганларни мажбурий даволаш масалалари суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрдаги "Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ҳал қилинади.

15. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сотишга қарши курашни кучайтириш мақсадида уларни "назорат тариқасида сотиб олиш" амалга оширилиши мумкин, қайсики қонун талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда, холислар иштирокида ўтказилади.


16. Бу туркумдаги ишларни кўришда Жиноят-процессуал кодекси 487-моддасида кўрсатилганлардан ташқари қуйидагилар ҳам шу кодекс талабларининг жиддий бузилиши деб ҳисобланиши лозим:

етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни ўстириш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш ёки сотиш билан шуғулланаётган барча шахсларни, шунингдек тергов ёки суд томонидан уларнинг содир этилган жиноятларда иштирок этганлиги шак-шубҳасиз аниқланган бўлса, наркотиклар билан боғлиқ бошқа жиноятларда айбдор бўлганларнинг жавобгарликка тортилмаганлиги, ёхуд етарли асослар мавжуд бўлган ҳолда тергов органи томонидан бундай шахсларни аниқлаш чораларининг кўрилмаганлиги, ишнинг бир қисми Жиноят-процессуал кодексининг 332-моддасига хилоф равишда ажратилганлиги;

кечиктириб бўлмайдиган вазиятдан ташқари ҳолларда Жиноят-процессуал кодекси 161-моддасининг талабларини бузиб, холислар иштирокисиз ёки прокурорнинг рухсатисиз гиёҳвандлик воситаларини олиш мақсадида тинтув ўтказилганлиги (бунда прокурор рухсатисиз ва етарли асосларсиз тинтув ўтказиш фуқароларнинг тураржой дахлсизлигини белгиловчи конституциявий ҳуқуқларини тўғридан-тўғри бузиш ҳисобланишини эътиборга олиш лозим);

олинган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар миқдорининг холислар иштирокида ўлчаш йўли билан аниқланмаганлиги;

олинган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни эътироф этиш масаласида экспертизалар ўтказилмаганлиги.


17. Судлар бу туркумдаги ишларни кўриш чоғида жазо тайинлаш масалаларига алоҳида ёндашув қоидасига амал қилган ҳолда жиддий эътибор беришлари лозим.

Рецидивистлар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни мунтазам равишда ёки кўп миқдорда сотувчилар, ўтказувчилар, жиноятнинг ташкилотчилари ва актив иштирокчилари, наркотикларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки унинг ҳудуди орқали олиб ўтишни ёхуд уларни турли усуллар билан тарқатишни таъминловчилар, худди шундай жиноятлар учун муқаддам судланганлар, вояга етмаганларни жиноятга жалб қилувчилар ва ҳоказолар қаттиқ жавобгарликка тортилишлари лозим.

Шу билан биргаликда судлар гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаган, олган, сақлаган шахсларга нисбатан, шунингдек уларни етиштирувчи аёлларга, 60 ёшдан ошган эркакларга, вояга етмаганларга ва жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин бўлган бошқа шахсларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш масалаларини муҳокама қилишлари шарт.

18. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича далилий ашёлар ҳақидаги масалани судлар ғайриқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик моддаларини сақлаш, давлатга топшириш ва йўқ қилишнинг ўрнатилган тартибига қатъий амал қилган ҳолда ҳукмда ҳал этишлари лозим.

Судларнинг эътибори ҳукмларнинг ашёвий далилларни йўқ қилиш қисми ижроси бўйича доимий назоратни амалга ошириш зарурлигига қаратилсин.

19. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишла муомала қилишдан иборат жиноятлар тўғрисидаги ишларнинг судлар томонидан бехато кўрилиши устидан назоратни таъминласинлар.

Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1988 йил 27 декабрдаги "Республика судлари томонидан СССР Олий суди Пленумининг 1987 йил 24 декабрдаги "Гиёҳвандлик воситаларини талон-тарож қилиш, шунингдек гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир этвчи ва заҳарли моддаларни қонунга хилоф тайёрлаш, тарқатиш ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарорининг бажарилиши тўғрисида"ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



































Время: 0.1825
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск