ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Уй-жой қурилиши /

Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 27.05.2020 й. ПҚ-4732-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 27 майдаги

ПҚ-4732-сон қарорига

ИЛОВА



Кўп квартирали уйларни улуш киритиш

асосида қуриш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг шу мақсадда жамланган маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом шартнома иштирокчиларида даромад олиш мақсади кўзланган инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳри Қурилиш бош бошқармаси;

улушдор - қурилиш мажмуасида бир ёки бир нечта қурилиш объектини мулк ҳуқуқи билан олиш мақсадида улуш киритиш асосида қурилишда иштирок этиш тўғрисида шартнома тузган жисмоний ёки юридик шахс;


улуш киритиш асосида қурилиш - кўп квартирали уйларни қурувчилар ва улушдорларнинг маблағлари ҳисобидан қуриш, реконструкция қилиш ва қайта ихтисослаштириш;


улуш киритиш асосида қурилишда иштирок этиш тўғрисидаги шартнома (кейинги ўринларда - шартнома) - кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш бўйича қурувчи ва улушдор ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳамда мазкур Низом талабларига мувофиқ ҳисобга қўйилган ёзма шаклдаги битим;


улуш киритиш асосида қурилиш иштирокчилари - қурувчи, улушдор, қурилиш-пудрат ташкилоти (бош пудратчи) ва тижорат банки;


электрон платформа - улуш киритиш асосида қурилиш ҳақидаги маълумотларни юритиш учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган ва ваколатли давлат органи томонидан юритиладиган электрон маълумотлар базаси;


қурувчи (девелопер) - Улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига (кейинги ўринларда - Электрон рўйхат) киритилган, кўп квартирали уйларни қуришга мўлжалланган ер участкасига ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлган юридик шахс;


қурилиш мажмуаси - қурувчи томонидан бир лойиҳа доирасида қурилишга ажратилган ер участкасида, бир манзилда қурилаётган бир ёки бир нечта қурилиш объектлари йиғиндиси;


қурилиш мажмуасининг қиймати - қурувчининг қурилишолди харажатлари, жумладан кўп квартирали уйларни қуриш учун ер участкасини олиш (аукцион савдолари ёки хусусий мулкдорларга компенсация тўловини амалга оширган ҳолда ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа асосларда), рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда қуриш ва фойдаланишга топшириш босқичларини якунлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилган харажатлар йиғиндиси;


қурилиш объекти - шартномага асосан улушдорга топшириладиган квартира, енгил автотранспорт воситаси тўхташ жойи ва қурилиш мажмуасидаги бошқа объектлар;


қурилиш объектининг қиймати - шартномада кўрсатилган қурилиш объектининг нархи;


қурилиш-пудрат ташкилоти (бош пудратчи) - қурувчи билан бош пудрат шартномасини тузган ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида камида уч йиллик тажрибага эга бўлган юридик шахс.

Қурувчи қурилиш-монтаж ишларини ўз кучи билан амалга ошириши мумкин. Бунда, қурувчи мазкур Низом билан қурилиш-пудрат ташкилоти ва қурувчи учун белгиланган талабларга жавоб бериши лозим (қурувчи мазкур талабларга жавоб берадиган қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан таъсис этилган ҳолларда унга ушбу Низом билан қурилиш-пудрат ташкилоти учун белгиланган талаблар қўйилмайди).


4. Қурувчи мазкур Низом талабларига мувофиқ улушдорлар билан тузилган шартномалар ҳисобга қўйилганидан сўнг қурилиш объектини қуриш учун улушдорларнинг маблағларини жалб қилишга ҳақли.


5. Қурилиш-пудрат ташкилоти (бош пудратчи) қурувчи билан тузилган бош пудрат шартномасига асосан қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун ишлар (хизматлар) қийматининг камида 30 фоизини ўз кучи билан бажариш шарти билан субпудрат ташкилотларини жалб қилишга ҳақли.


6. Электрон рўйхатни юритиш, шу жумладан қурувчиларни Электрон рўйхатга киритиш ҳамда шартномаларни ҳисобга қўйиш ишлари ваколатли давлат органи томонидан электрон платформа орқали амалга оширилади.


7. Қурувчи томонидан жисмоний ва юридик шахсларни қурилиш мажмуаси, шартнома шартлари, улушлар киритиш тартиби ва бошқа маълумотлар билан таништириш мақсадида сотув офиси ташкил этилади.

Сотув офисида қурилиш мажмуасининг эскиз чизмалари ва кичиклаштирилган макети, шартнома тузиш учун таклиф этилаётган қурилиш объектлари чизмалари, ўрнатилаётган техник ускуналар ва ташқи ҳудуднинг ҳолати билан танишиш имконияти яратилади.


8. Қурувчи ва улушдорнинг ўзаро келишувига кўра қурувчининг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта қилиниши мумкин.



2-БОБ. ҚУРУВЧИЛАРНИ ЭЛЕКТРОН

РЎЙХАТГА КИРИТИШ ТАРТИБИ


9. Қурувчи ҳар бир қурилиш мажмуаси бўйича Электрон рўйхатга алоҳида киритилган бўлиши шарт.


10. Қурувчи Электрон рўйхатга кириш учун ваколатли давлат органига электрон платформа орқали қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этади:

қурувчи ва қурилиш-пудрат ташкилоти (бош пудратчи) билан тузилган бош пудрат шартномаси нусхаси (агар бош пудратчи жалб қилинадиган бўлса);

ер участкаси ажратиш ҳақидаги ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар (лойиҳалаштириш топшириғи ва архитектура-режалаштириш топшириғи) нусхалари;

лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси нусхаси ("fast-track" усулида амалга ошириладиган лойиҳалар бундан мустасно);

қурилиш мажмуаси қурилиши бўйича техник ва муаллифлик назоратини ҳамда қурилиш-монтаж ишлари жараёнида давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли ҳудудий назорат ташкилоти билан тузилган шартномалар нусхалари;

қурувчининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома;

қурувчида қурилиш мажмуаси қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги ўз молиявий ресурслари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки мазкур маблағларга ёхуд унинг етишмаётган қисмига кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати. Бунда, қурилиш мажмуасига сарфланган харажатлар суммаси ҳисобга олинади;

улушдорларнинг маблағларини жамлашга мўлжалланган тижорат банкида очилган алоҳида ҳисобварақ ҳақидаги маълумотнома;

Бунда, электрон платформа Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ахборот тизимига интеграция қилинганидан сўнг мазкур бандда кўрсатилган тегишли ҳужжатлар қурувчилардан талаб этилмайди.

11. Ваколатли давлат органи қурувчи томонидан тақдим этилган маълумот ва ҳужжатларнинг ишончлилигини идоралараро ахборот ҳамкорлиги тартибида ўрганиш ҳуқуқига эга.


12. Ваколатли давлат органи уч иш куни мобайнида қурувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, уни Электрон рўйхатга киритади.


13. Ваколатли давлат органи ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган маълумот ва ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки улар ҳақиқатга тўғри келмаган ҳоллардагина қурувчини Электрон рўйхатга киритишни рад этади.

Қурувчини Электрон рўйхатга киритиш рад этилган ҳолларда, унга рад этиш сабаблари кўрсатилган жавоб хати икки иш куни мобайнида юборилади. Электрон рўйхатга киритишни рад этиш сабаблари бартараф этилганидан сўнг қурувчи такроран мурожаат қилишга ҳақли. Бунда қўшимча йиғим ундирилмайди.


14. Қурувчини Электрон рўйхатга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

15. Электрон рўйхат электрон платформада юритилади.

Электрон рўйхатда барча учун очиқ бўлган қурувчининг номи, СТИР, манзили, таъсисчилари ва бошқа маълумотлар кўрсатилади.


16. Электрон рўйхатга киритилмаган қурувчилар улуш киритиш асосида қурилишга улушдорларнинг маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга эмас.



3-БОБ. ШАРТНОМАЛАРНИ ҲИСОБГА ҚЎЙИШ, УЛАРГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАМДА

УЛАРНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


17. Қурувчи Электрон рўйхатга киритилгандан сўнг улушдорлар билан шартномаларни тузиш ҳуқуқига эга бўлади.


18. Шартномада қуйидагилар акс эттирилган бўлиши лозим:

қурилиш мажмуаси ва қурилиш объекти ҳақидаги маълумотлар (манзили, жойлашган жойи, квартира рақами ва бошқалар);

қурилиш объекти майдони ва қиймати;

қурилиш объектини улушдорга топшириш муддати ва ҳолати;

улушдор томонидан киритиладиган сумма миқдори;

ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби;

қурилиш-монтаж ишларининг графиги;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

шартнома бўйича талаблар ҳуқуқларини ўтказиш тартиби;

қурилиш объекти эксплуатациясининг кафолат муддати (икки йилдан кам бўлмаслиги лозим);

низоларни ҳал қилиш тартиби ва тарафлар ўртасида келишилган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.


19. Шартномани ҳисобга қўйиш учун қурувчи ваколатли давлат органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:

имзоланган шартнома;

улушдор паспорти нусхаси, улушдор юридик шахс бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

белгиланган йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


20. Шартномани ҳисобга қўйиш учун ҳужжатлар ваколатли давлат органига электрон платформа орқали юборилади.


21. Ваколатли давлат органи шартномани уч иш куни мобайнида кўриб чиқиб, ҳисобга қўяди.

Шартнома ҳисобга қўйилганлиги ҳақида хабар қурувчининг ваколатли ходими ва улушдорнинг телефон рақамига SMS-хабар орқали юборилади. Шартноманинг ҳар бир саҳифасига якка тартибдаги рақам ва QR-код берилиб, шартнома қурувчи ва улушдорга берилади.


22. Тақдим этилган шартнома ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган талабларга жавоб бермаган ва (ёки) ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, ваколатли давлат органи шартномани ҳисобга қўйишни рад этади. Шартномани ҳисобга қўйишни рад этиш сабаблари бартараф этилганидан сўнг қурувчи такроран мурожаат қилишга ҳақли. Бунда қўшимча йиғим ундирилмайди.


23. Шартномани ҳисобга қўйиш учун қурувчидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.


24. Шартномага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар белгиланган тартибда ҳисобга қўйилиши керак. Бунда қўшимча йиғим ундирилмайди.


25. Шартнома бекор қилинган тақдирда, қурувчи уч иш куни ичида ваколатли давлат органини электрон платформа орқали хабардор қилиши шарт.


26. Белгиланган тартибда ҳисобга қўйилган шартнома шартлари бўйича улушдор томонидан мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли шартнома бир томонлама бекор қилинганда, шартномадаги қурилиш объекти бўйича тузилган янги шартномани ҳисобга қўйиш учун йиғим ундирилмайди.


27. Қурилиш мажмуаси белгиланган тартибда муаммоли объект деб топилганда ушбу қурилиш мажмуаси бўйича янги шартномалар ҳамда аввал тузилган шартномаларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга қўйиш тўхтатилади.


28. Шартномага улушдорни алмаштириш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Улушдорнинг ўз улушини талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахс фойдасига воз кечишини кўзда тутувчи келишувни имзолаш вақтида улушдор турмуш ўртоғининг нотариал тарзда расмийлаштирилган розилиги тақдим этилиши шарт.

Ушбу Низомда белгиланган тартибда ҳисобга қўйилмаган шартномалар, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.



4-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИ ТОМОНИДАН

ҚУРИЛИШ ОБЪЕКТЛАРИ ТЎҒРИСИДА

МАЪЛУМОТЛАРНИ ЮРИТИШ


29. Ваколатли давлат органи электрон платформада қурилиш объектлари тўғрисида барча учун очиқ бўлган қуйидаги маълумотларни юритади:

қурилиш объекти жойлашган қурилиш мажмуаси тўғрисидаги маълумот (кўп квартирали уйлар ва квартиралар сони, муҳандислик, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектлари, шунингдек, лойиҳага оид ёрдамчи объектлар тўғрисидаги маълумотлар);

ҳар бир қурилиш объекти бўйича тузилган шартнома ҳақидаги маълумот (тартиб рақами, тузилган санаси, киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, унинг бекор қилинганлиги);

қурувчи ва қурилиш-пудрат ташкилоти (бош пудратчи) ҳақидаги маълумотлар;

муаммоли қурилиш объектлари ва инсофсиз қурувчилар ҳақидаги маълумотлар.


30. Ваколатли давлат органи маълумотларнинг доимий равишда янгиланиши ва барча учун очиқ бўлишини таъминлайди.



5-БОБ. УЛУШДОРЛАРНИНГ МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


31. Қурувчи улушдорларнинг маблағларини жамлаш учун хизмат кўрсатувчи банкида ҳар бир қурилиш мажмуаси бўйича алоҳида ҳисобварақ очади.


32. Қурувчининг алоҳида ҳисобварағидаги маблағлардан фақат қурувчи ва улушдорлар ўртасида тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш мақсадлари учун фойдаланилиши мумкин.


33. Норезидент жисмоний шахсларнинг хориждаги ҳисобварақларидан келиб тушган чет эл валютаси ички валюта бозорида сотилган ҳолда қурувчининг миллий валютадаги алоҳида ҳисобварағига ўтказилиши ёки тузилган импорт шартномалари бўйича тўловларни амалга ошириш мақсадида фойдаланилиши мумкин.


34. Улушдорларнинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун қурувчи раҳбари ва бош ҳисобчиси шахсан жавобгар ҳисобланади.


35. Қурувчининг алоҳида ҳисобварағидаги маблағларни қуйидаги мақсадларга йўналтириш тақиқланади:

қурилиш мажмуасида бошланғич қурилиш ишларини амалга оширишга жалб қилинган маблағлардан ташқари бошқа қарзларни қоплаш;

қарз (молиявий ёрдам) ажратиш;

хўжалик юритувчи субъектлар устав фондини шакллантириш, акциялар, улушлар ва облигациялар сотиб олиш;

қурилиш мажмуасига тегишли бўлмаган товар (иш ва хизмат)ларни сотиб олиш;

қурилиш мажмуаси фойдаланишга тўлиқ топширилгунга қадар таъсисчиларга (акциядорларга) дивиденд тўлаш.


36. Қурилиш объекти фойдаланишга тўлиқ топширилгандан сўнг, улушдорларнинг маблағлари қурувчининг асосий ҳисобварағига ўтказилади ва қурувчи томонидан мустақил тасарруф этилади.



6-БОБ. ҚУРИЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИ

ҚУРИШ УСТИДАН НАЗОРАТ


37. Қурилиш объектларини қуриш устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


38. Улушдор:

қурилиш объектидаги қурилиш ишлари ҳолати билан танишишга;

шартнома шартлари бажарилиши бўйича қурувчидан ёзма шаклда маълумот талаб қилишга;

қурилиш объектларини қуриш устидан техник, шунингдек, маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назоратни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик шахсларни ёки мутахассисларни жалб қилиш орқали амалга оширишга ҳақли.


39. Қурилиш соҳасида назоратни амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи қурилиш объектларида шартнома билан тасдиқланган қурилиш-монтаж ишларининг графигига риоя қилиниши устидан мониторинг олиб боради.


40. Қурувчилар улушдорларнинг маблағлари сарфланиши ҳамда қурилиш объектидаги ишлар ҳақида доимий равишда ўзларининг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ахборот бериб борадилар, шунингдек, қурилиш объектларини онлайн режимда кузатиш имкониятини таъминлайди.


41. Қуйидаги ҳолатларда қурилиш мажмуаси ваколатли давлат органи томонидан муаммоли объектлар тоифасига киритилади:

қурилиш ва шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг қўпол равишда бузилиши;

қурилиш объектларини фойдаланишга топшириш муддати асоссиз равишда олти ойдан ортиқ муддатга кечикиши;

қурувчи томонидан улушдорларга қурилиш объектларини топшириш мажбурияти бузилиши ёки уни банкрот деб топилиши.


42. Муаммоли объект бўйича материаллар ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.



7-БОБ. ҚУРИЛИШ ОБЪЕКТИНИ ФОЙДАЛАНИШГА

ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


43. Қурилиш объекти шартномада белгиланган қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишлари якунлангандан сўнг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади.


44. Қурилиш объекти улушдорга топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида топширилади.


45. Қурилиш объектига нисбатан улушдорнинг мулк ҳуқуқи шартнома, қурувчи ва улушдор ўртасида имзоланган топшириш-қабул қилиш далолатномаси ҳамда қурилиш объектини фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.


46. Улушдорнинг мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


47. Шартномалардан келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


48. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 28 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 1 июнь, 21-сон, 225-модда











































Время: 0.1667
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск