язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Уй-жой қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.05.2020 й. ПҚ-4732-сон "Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.05.2020 й.

N ПҚ-4732



КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ УЛУШ

КИРИТИШ АСОСИДА ҚУРИШ ЖАРАЁНИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ҲАҚИДА


Республиканинг уй-жой қурилиши соҳасига замонавий бозор механизмларини жорий этиш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш учун қулай шароит яратиш, шунингдек, кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш ҳамда қурилишда улуш киритиш асосида иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатларини кучайтириш мақсадида:


1. Белгилансинки:

а) кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш учун жисмоний ва юридик шахслар (кейинги ўринларда - улушдорлар)нинг маблағларини жалб қилиш фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ҳамда Улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхати (кейинги ўринларда - Электрон рўйхат)га киритилган қурувчилар томонидан амалга оширилиши мумкин;

б) Электрон рўйхат улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчилар ҳисобини олиб бориш ҳамда улушдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш мақсадида юритилади;

в) Электрон рўйхатга киритиш учун қурувчилар қуйидаги талабларга жавоб беришлари лозим:

кўп квартирали уйларни қуриш учун белгиланган тартибда ажратилган ер участкаси ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги;

қурилиш мажмуасига кирадиган кўп квартирали уйлар ва бошқа қурилиш объектлари қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўз молиявий ресурслари ёки мазкур маблағларга ёхуд унинг етишмаётган қисмига кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати мавжудлиги;

қурилиш мажмуаси учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси мавжудлиги ("fast-track" усулида амалга ошириладиган лойиҳалар бундан мустасно);

техник ва муаллифлик назорати ҳамда давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли шартномалар тузилганлиги;

улушдорлар томонидан киритилган маблағларни жалб қилиш учун тижорат банкида алоҳида ҳисобварақ очилганлиги.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

улуш киритиш асосида қурилиш учун маблағларни жалб қилиш қурувчи ва улушдор ўртасида тузилган ва белгиланган тартибда ҳисобга қўйилган шартномага мувофиқ амалга оширилади;

улуш киритиш асосида қурилиш ҳақидаги маълумотларни юритиш, шу жумладан қурувчиларни Электрон рўйхатга киритиш ва шартномаларни ҳисобга қўйиш электрон шаклда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган электрон платформа орқали Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан амалга оширилади;

улушдорларнинг маблағлари қурувчининг ҳар бир қурилиш мажмуаси бўйича алоҳида банк ҳисобварағида жамланади ҳамда фақат қурувчи ва улушдорлар ўртасида тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш мақсадлари учун йўналтирилади;

қурувчилар қурилиш-монтаж ишларини ўз кучи билан ёки қурилиш-пудрат ташкилотларини (бош пудратчини) жалб қилган ҳолда амалга ошириши мумкин. Бунда бош пудратчи қурувчи билан тузилган бош пудрат шартномасига асосан қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун ишлар (хизматлар) қийматининг камида 30 фоизини ўз кучи билан бажариш шарти билан субпудрат ташкилотларини жалб қилиши мумкин;

қурувчилар улушдорларнинг маблағлари сарфланиши ҳамда қурилиш объектидаги ишлар ҳақида доимий равишда ўзларининг расмий веб-сайтлари ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ахборот бериб борадилар, шунингдек, қурилиш объектини онлайн режимида кузатиш имкониятини таъминлайдилар.


3. Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, мазкур Низом талаблари у амалга киритилгунига қадар 2020 йилда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида хабарнома юборилган қурилиш мажмуаларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг унинг марказий аппаратида мазкур вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 2 та штат бирлигидан иборат Улуш киритиш асосида қурилиш бозорини ривожлантириш бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, тижорат банклари томонидан қурувчининг алоҳида ҳисобварағидаги улушдорлар маблағларининг мақсадли ишлатилишини таъминлаш тартибини белгиласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўловга қобилиятсизлик масалаларини тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда улуш киритиш асосида қурилишни амалга оширувчи қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг алоҳида тартиби назарда тутилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда улуш киритиш асосида қурилиш ҳақидаги маълумотларни юритиш, шу жумладан қурувчиларни Электрон рўйхатга киритиш ва шартномаларни ҳисобга қўйишда қўлланиладиган электрон платформанинг Давлат хизматлари агентлиги ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланишини;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуришда хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг улушдор сифатида иштирок этиши тартибини соддалаштириш бўйича таклифлар киритилишини;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилишини таъминласин.


8. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 28 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 1 июнь, 21-сон, 225-модда