язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Транспорт/ Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.05.2020 й. 337-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 28 майдаги

337-сон қарорига

1-ИЛОВА



Транспорт воситаларининг вазн ва

ҳажм параметрларини назорат

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктларида ва Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўлларида хорижий ва миллий транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тартибини белгилайди.


2. Вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг асосий мақсади транспорт воситаларининг автомобиль йўллари ва йўл иншоотларининг таъмирлараро муддатларигача бузилишининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришни таъминлашдан иборат.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


баландлик бўйича ўлчовни амалга ошириш - транспорт воситасининг кўндаланг (вертикал) кўринишининг (юк ва бошқа мосламалар инобатга олинади) юқори ва пастки нуқталари орасидаги масофани аниқлаш жараёни;


бир-бирига яқин ўқлар - транспорт воситасининг ўртасидаги масофа 1,8 метрдан кам бўлган ўқлари (икки ва ундан ортиқ);


бўлинмайдиган юк - юкларни уларга зарар етказмасдан бир неча қисмларга бўлиш ва бошқа транспорт воситаси билан ташиш имкони бўлмаган ҳолатда ёки юкни алоҳида қисмларга бўлгандан кейин уни дастлабки ҳолатига қайтариш имкони бўлмаган юклар; кўприклар ва бошқа иншоотларнинг темир-бетон оралиқ қурилмалари, алоҳида технологик блоклар (модуллар); пайвандланган (парчин михланган) кўприклар ва бошқа техник-ишлаб чиқариш конструкциялари; иккитадан ортиқ бўлмаган йирик диаметрли қувурлар; оғир юкли транспорт воситалари; қурилиш техникаси; қишлоқ хўжалик машиналари ва механизмлари; автокранлар; станоклар; саноат трансформаторлари, печлар, генераторлар, йиғма тегирмонлар; суюқ кимёвий моддалар билан тўлдирилган автоцистерналар; рефрижераторлар; пиво ишлаб чиқарувчи, шакар ишлаб чиқарувчи ва нефтни қайта ишловчи заводлар учун контейнерлар (реакторлар); трамвайлар; кемалар (қайиқлар), самолётлар; денгиз контейнерлари; темир йўл вагонлари; туннел қазиш қалқонлари, старторлар; харбий техника; тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари; техник-иқтисодий асосланган бошқа юклар;


вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг автоматлаштирилган пункти - фото ва видео суратга олиш функцияларига эга автоматлаштирилган тарзда ишловчи махсус воситалардан фойдаланувчи назорат пункти;


вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пункти - транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрлари ўлчовини амалга ошириш учун махсус ускуналар билан жиҳозланган автомобиль;


вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар пункти - транспорт воситалари ҳаракати йўналишларида стационар жойлашган ва транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрлари ўлчовини амалга ошириш учун жиҳозланган назорат пункти;


вазнни қайта ўлчаш - транспорт воситаларининг вазн параметрларига аниқлик киритиш мақсадида ўтказиладиган қўшимча ўлчов;


икки ёки уч ўқли тиркама (яримтиркама)нинг ўққа тушадиган оғирлиги - автомобиль ёки тиркама (яримтиркама) умумий оғирлигидан автомобиль йўли ва йўл иншоотларига бир вақтда икки ёки уч ўқли тиркама ғилдиракларидан тушадиган оғирлик;


катта ҳажмли транспорт воситаси - ҳар қандай ҳажм кўрсаткичларидан бири Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари орқали ҳаракатланиши учун белгиланган меъёрий ўлчовлардан (баландлик, кенглик ва узунлик) ортиқ бўлган транспорт воситаси;


оғир вазнли транспорт воситаси - ҳар қандай вазн кўрсаткичларидан бири Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари орқали ҳаракатланиши учун белгиланган меъёрий ўлчовлардан вазни (умумий вазн ва ўққа тушувчи оғирлик) ортиқ бўлган транспорт воситаси;


кенглик бўйича ўлчовни амалга ошириш - транспорт воситасининг кўндаланг кўринишини (юк ва бошқа мосламалар инобатга олинади) иккита ён томони нуқталари орасидаги масофани аниқлаш жараёни;


махсус рухсатнома - Ўзбекистон Республикаси бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг харакатланиши ҳуқуқини берувчи махсус ҳужжат;


транспорт воситаси вазнини ўлчаш - сертификатланган автомобиль тарозилари ёрдамида транспорт воситалари ўқига тушувчи ва умумий оғирликни аниқлаш жараёни, ҳаракатланиш жараёнида авторанспорт воситасининг ўқи бўйича ва умумий вазнини ўлчаш;


узунлик бўйича ўлчовни амалга ошириш - транспорт воситасининг бўйлама кўринишининг (юк ва бошқа мосламалар инобатга олинади) олди ва орқа нуқталари орасидаги масофани аниқлаш жараёни;


якка ўқ - транспорт воситасининг энг яқин ўқигача 1,8 метрдан ортиқ бўлган масофада жойлашган транспорт воситаси ўқи;


ўққа тушадиган оғирлик (ўқ оғирлиги) - автомобиль оғирлигидан бир ўқ ғилдираклари орқали автомобиль йўлига ва йўл иншоотларига тушадиган оғирлик;


ҳаво подвескаси - амортизация элементи ҳаво ҳисобланадиган подвеска тизими.



2-БОБ. ВАЗН ВА ҲАЖМ ПАРАМЕТРЛАРИ

НАЗОРАТИ ПУНКТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР


4. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар пункти қуйидаги ускуна ва жиҳозлардан иборат бўлиши шарт:

а) автомобиль йўли минтақасида транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини ўлчаш асбобларини жойлаштириш учун жой ҳамда тўхтатилган транспорт воситаларини тўхтатиш сабаблари бартараф этилгунга қадар жойлаштириш учун тўхташ жойи;

б) транспорт воситаларининг вазнини ўлчаш учун тарози ускуналари ва ҳажмларини назорат қилиш учун ўлчов асбоблари;

в) фото ва видеоназорат тизими;

г) вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар пунктлари жойлашган ҳудуд, алоҳида ўтиш йўли ва ажратилган жойлар;

д) тўхтатилган транспорт воситаларини ҳаракатсизлантирувчи ускуналар;

е) ортиқча юк юкланган транспорт воситалари учун тўхташ майдонлари, ортиқча юкларни вақтинча сақлаш учун очиқ ва ёпиқ турдаги омборхоналар, юклаш ва тушириш учун механизм ва ускуналар;

ж) вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пункти таркибига кирувчи ўлчов воситаларидан фойдаланиш бўйича ҳужжатлар;

з) куну тун режимида ишлайдиган ходимлар учун мўлжалланган ва қуйидагилар билан жиҳозланган хона:

алоқа воситалари, шу жумладан, жаҳон интернет тармоғи;

вазн ва ҳажм параметрлари назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳисоблаш техник воситалари;

ҳужжатлардан нусха кўчириш ва сканерлаш техник воситалари;

ҳужжатларни сақлаш учун сейф ёки металл жавон ва бошқа анжомлар;

и) йўлни куннинг қоронғи вақтида сунъий ёритиш воситалари.


5. Вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг автоматлаштирилган пунктида қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:

а) транспорт воситаларининг ўқига тушадиган оғирликни ўлчовчи, ўқларнинг сони ва улар орасидаги масофани аниқловчи, ўқдаги ғилдираклар сонини аниқловчи асбоб-ускуналар;

б) транспорт воситалари ҳажмларини ўлчаш ускуналари;

в) транспорт воситаларининг давлат рўйхатига олиш белгиларини таниш ва транспорт воситаларини суратга олиш функцияси мавжуд бўлган фото-видео тасвирга тушириш воситалари;

г) йўлни куннинг қоронғи вақтида сунъий ёритиш воситалари;

д) ҳисоблаш ва телекоммуникация ускуналарини жойлаштириш учун металл жавон;

е) транспорт воситасининг параметрлари рухсат этилган вазн ва ҳажмлардан ортиқлиги тўғрисида транспорт воситасининг ҳайдовчиси ва эгасига хабар беришда қўлланиладиган техник воситалар (алоқа воситалари, шу жумладан, интернет тармоғи ва бошқалар).


6. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пункти зарур ускуна ва асбоблар билан жиҳозланган автомобиль ёки тиркамада ташкил этилади.

Вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пункти автомобиль йўли минтақасида жойлаштирилади. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пунктида вазн ва ҳажм назоратини амалга ошириш учун жой танлашда йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши лозим.

Вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пунктида қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:

а) кўчма тарози ускунаси;

б) транспорт воситалари ҳажмларини назорат қилиш учун ўлчов воситалари;

в) ҳужжатлардан нусха кўчириш ва сканерлаш учун техник воситалар;

г) вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пункти таркибига кирувчи ўлчов воситаларидан фойдаланиш бўйича ҳужжатлар;

д) тўхтатилган транспорт воситаларини ҳаракатсизлантирувчи ускуналар;

е) йўлни куннинг қоронғи вақтида сунъий ёритиш воситалари ва бошқалар.



3-БОБ. НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


7. Автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини ўлчаш учун ускуналарни қўллаган ҳолда назорат (кейинги ўринларда - вазн ва ҳажм параметрлари назорати) амалга оширилади.


8. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктлари уч турга бўлинади:

вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар пункти;

вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма (мобиль) пункти;

вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг автоматлаштирилган пункти.


9. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктлари (бино ва иншоотлар) йўл элементлари ҳисобланади.


10. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктларида қуйидагилар амалга оширилади:

транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини аниқлаш (оғирлик, узунлик, баланлик ва кенглик кабилар);

транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини инструментал назорат қилишнинг илғор усулларини ташкил этиш ва ишлаб чиқиш, шунингдек, пунктларда ҳаракат тезлигини чеклашни ташкил этиш;

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар назоратини амалга ошириш;

вазн ва ҳажм ўлчов ускуналарининг сақланиши, уларнинг техник соз ҳолатда бўлиши, техника хавфсизлиги, экология ва ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси, санитария-гигиена нормалари, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

ваколатли органлар томонидан қоидабузарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштириш;

транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрлари тўғрисида статистик маълумотларнинг ягона ахборот базасини яратган ҳолда жамланишини таъминлаш ва транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш бўйича бошқа ишларни амалга ошириш.

Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.


11. Транспорт воситаларининг умумий оғирлиги товар-транспорт ҳужжатлари ва техник паспортлар бўйича аниқланади. Транспорт воситасининг умумий оғирлиги (масса) юк оғирлигини (брутто), шатакчининг юкланган оғирлигини ва техник кўрсаткичлар бўйича яримтиркама (тиркама) оғирлигини жамлаш йўли билан аниқланади.


12. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар ва кўчма пунктларида транспорт воситаларининг ортиқча юк ортилганлиги ёки транспорт воситаларининг ҳар бир ўқига тушадиган ортиқча юк оғирлиги учун белгиланган тартибда жарима солинишига асос бўлади.


13. Автоматлаштирилган режимда ишловчи фото ва видео тасвирга тушириш функциясига эга махсус техник воситалар мавжуд назорат пунктларида транспорт воситаларига ортиқча юк ортилганлиги ёки транспорт воситаларининг ҳар бир ўқига тушадиган ортиқча юк оғирлиги аниқланган тақдирда белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.


14. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати, транспорт оқимида вазн ва ҳажм параметрларидан ортиқлик мавжудлиги эҳтимоли бўлган транспорт воситаси аниқланганда, вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар ёки кўчма пункт жойлашган жойга юбориб аниқлаштирилиши мумкин.


15. Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрлари ортиқлиги эҳтимоли қуйидагилар билан белгиланади:

а) транспорт воситаси кузови бортидан юқори юкланганлиги ва/ёки кузовнинг қўшимча бортларидан ҳамда транспорт воситасининг ҳажмидан ташқарига чиқиб турувчи юкларнинг мавжудлиги;

б) подвеска узелларининг чўкиши;

в) транспорт воситасининг ҳаракат вақтида динамик хусусиятлари пасайиши;

г) транспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин бўлган тезликда ўта секин ҳаракатланиши;

д) транспорт воситаси бештадан ортиқ ўққа эгалиги ва бошқа асосли сабаблар.


16. Автомобиль йўлларида назоратни амалга ошириш бўйича асосий иш жараёнлари қуйидагилардан иборат:

транспорт воситасини тўхтатиш;

вазн ва ҳажм параметрларини аниқлаш билан боғлиқ транспорт ҳужжатларини текшириш;

транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини аниқлаш, шу жумладан, автоматлаштирилган тизим орқали;

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари эгаларида (фойдаланувчиларда) махсус рухсатномаларнинг мавжудлигини ва махсус рухсатномада белгиланган йўналишга ҳамда йўл ҳаракати шартларига риоя этилишини текшириш;

назоратдан ўтиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқалар.


17. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар пунктларида вазн параметрларини назорат қилиш автоматлаштирилган тарзда бевосита ҳаракатланиш вақтида ёки йўл минтақасида жойлашган мухсус майдонларда амалга оширилиши мумкин.


18. Маълум бир йўналишда вазн ва ҳажм параметрларидан ортиқлик мавжудлиги эҳтимоли бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши аниқланганда (такрорланган ҳолатларда) инспекторлар томонидан ушбу йўналиш бўйича алоҳида назорат қилиниши ва аниқлаштирилиши лозим.


19. Вазн ва ҳажм параметрлари текширувини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаларининг автомобилда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича инспекторлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси ўтиш пунктларида Давлат божхона қўмитасининг ходимлари (кейинги ўринларда - Инспектор) қуйидагилардан иборат инструментал назоратни амалга оширади:

транспорт воситасининг ҳажмларини ўлчаш (оғирлик, узунлик, кенглик ва баландлик кабилар);

ўқлар ўртасидаги масофани ўлчаш;

яқин жойлашган ўқлар ва ўқлар гуруҳини аниқлаш;

подвеска турини аниқлаш (пневматик ёки унга эквивалент);

транспорт воситасининг ҳар бир ўқидаги ғилдираклар сонини аниқлаш;

якка ўққа, яқин жойлашган ўқлар ва ўқлар гуруҳига тушадиган оғирликни ўлчаш;

умумий оғирлигини ўлчаш ва бошқалар.


20. Ҳажм параметрларини ўлчашда транспорт воситаларига ўрнатилган қуйидаги воситалар ҳисобга олинмайди:

а) транспорт воситасининг узунлигини ўлчашда:

олд ойналарини тозалаш ва ювиш воситалари;

божхона пломбаси ва унинг ҳимоя элементлари.

б) транспорт воситасининг кенглигини ўлчашда:

божхона пломбаси ва унинг ҳимоя элементлари.


21. Инструментал текширувлар натижалари белгиланган меъёрий талабларга мос бўлмаганда инспектор томонидан баённома расмийлаштирилади ва унда қуйидагилар қайд этилади:

вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктининг рақами ёки номи, тузилган вақти ва санаси;

вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар ёки кўчма пунктлари жойлашган манзил, шу жумладан, сунъий йўлдошли глобал навигацион тизим маълумотлари (мавжуд бўлганда);

ўлчов воситасининг номи, тури ва серия рақами, ишлаб чиқарилган йили, ўлчов воситасининг турини тасдиқлаш тўғрисида гувоҳнома (рақами, амал қилиш муддати, рўйхатга олинган рақами), текширувдан (қиёслашдан) ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати;

транспорт воситасининг (якка транспорт воситаси, шатакчи, тиркама, яримтиркама) русуми, модели ва давлат рақами белгиси;

транспорт воситаси тури (якка транспорт воситаси ёки автопоезд);

транспорт воситасининг эгаси (номи, манзили, телефони, техник паспорт рақами);

транспорт воситасининг ҳайдовчиси (фамилияси, исми, отасининг исми, ҳайдовчилик гувоҳномаси серияси ва рақами);

юк жўнатувчи (ташкилот)нинг номи, манзили ва телефони (маълумот мавжуд бўлганда);

товар-транспорт юкхати ҳужжатлари бўйича юкнинг хусусиятлари (номи, бўлинадиган/бўлинмайдиган, оғирлиги, ҳажмлари ва бошқалар);

транспорт воситаси ёки автопоезднинг рухсат этилган вазнининг миқдори (тоннада);

ўқлар орасидаги масофалар ва ўқдаги ғилдираклар сони кўрсатилган ҳолда ўққа ҳамда ўқлар гуруҳига тушадиган рухсат этилган оғирлик;

транспорт воситаси ёки автопоезднинг узунлиги, эни ва баландлигининг ўлчамлари (метрда);

умумий оғирликнинг ўққа тушадиган оғирлик ҳамда ўқлар ўртасидаги масофа (метрда) ва ўқлардаги ғилдираклар сони кўрсатилган ҳолда ўқлар гуруҳига тушадиган оғирликнинг аниқланган кўрсаткичлари (шу жумладан, фото ва видео тасвирга олиш усулида);

белгиланган қатнов йўли ва йўналиш ҳамда ушбу қатнов йўли йўналиши бўйича босиб ўтган масофаси (километрда) ва бошқалар.


22. Қуйидаги ҳолларда транспорт воситаларининг вазни тарозида такроран ўлчанади:

транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан вазн ўлчайдиган тарози платформасидан ўтиш технологияси бузилиши натижасида вазнни ўлчаш ускуналари носоз ҳолга келганда;

тарозида ўлчаш ўққа тушадиган оғирликни ўзгартириш мақсадида юкнинг бир қисмини бошқа жойга олиш ёки транспорт воситасидан тушириш билан боғлиқ бўлган ҳолларда транспорт воситаси эгаси (фойдаланувчиси) ёки унинг вакили томонидан ёзма равишда ариза берилганда;

транспорт воситасининг юки билан тўлиқ оғирлиги вазн ўлчаш жараёнидаги кўрсаткичи ушбу транспорт воситасига тегишли техник паспорт ва товар-транспорт юкхатида келтирилган оғирлик кўрсаткичларидан икки фоиз миқдоридан ошганда, агар транспорт воситасининг эгаси (фойдаланувчиси) ушбу вазн ўлчаш натижаларига рози бўлмаган ҳолатда пункт инспектори номига бир маротабалик ёзма ариза билан қайта тарозидан ўлчаш учун мурожаат қилишга хақли. Бунда, товарларнинг оғирлиги ва жойлашишига ўзгартиришлар киритилмаганлиги (транспорт воситасидан юк туширилмаган, бошқасига қайта ортилмаган) ҳамда бутлиги таъминланган бўлиши, шунингдек, ушбу жараён пункт инспекторининг қайта тарозида ўлчаш тўғрисидаги қарори асосида бир соат ичида амалга оширилиши лозим.

Транспорт воситасига ортиқча юк ортилганлиги аниқланган тақдирда, ортиқча ортилган юклар туширилгандан сўнг транспорт воситасининг автомобиль йўлига чиқишига рухсат берилишидан олдин такроран ўлчаниши мумкин.


23. Назоратдан ўтиш транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан тақдим этиладиган транспорт ҳужжатларига белги-штамп босиш йўли билан расмийлаштирилади. Назоратдан ўтгани ҳақидаги штамп йўл варақасига, у мавжуд бўлмаган тақдирда, товар-транспорт юкхатига босилади.

Штампда инспектор ўлчов санаси, "Ҳужжатлар назорати" ёки "Ҳужжатлар ва ҳажм назорати" белгисини (агар тарозига тортиш амалга оширилмаган бўлса) ва ўз имзосини қўяди.

Ҳужжатли текширувдан ўтганлик тўғрисидаги белги ташувчини ҳаракат йўналиши бўйича вазн ўлчов ускуналаридан фойдаланган ҳолда текширувни амалга оширишдан озод эта олмайди.

Вазн ва ҳажм параметрлари рухсат этилган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда, инспектор ташувчидан катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус рухсатномадаги қайд этилган вазн ва ҳажм параметрларининг ҳақиқийлигига мослигини текширади.

Махсус рухсатнома асосида ҳаракатланаётган оғир вазнли ва (ёки) катта ҳажмли транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги соатига 50 км дан ошишига йўл қўйилмайди ва транспорт воситасида белгиланган тартибда тезликни чегаралаш белгиси ўрнатилади.

Транспорт воситасига ортиқча ортилган юклар туширилгандан сўнг транспорт воситасининг автомобиль йўлига чиқишига рухсат берилади.

Бўлинадиган юкларнинг оғирлиги транспорт воситаларининг қонун ҳужжатларида рухсат этилган максимал оғирлигидан 35 фоизгача ошмаган ҳолларда қонун ҳужжатларида кўзда тутилган қўшимча маблағлар юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакиллари томонидан тўлаб берилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси рухсати асосида транспорт воситаларининг ҳаракатланишига махсус рухсатнома берилиши мумкин.


24. Мумкин бўлган ёки махсус рухсатномада белгиланган параметрларнинг биттаси бўлса ҳам ортиб кетиши, махсус рухсатномада белгиланган ҳаракат йўналишидан оғиш ҳолати аниқланган тақдирда, инспектор тақдим этилган рухсатномани бекор қилади, катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситасининг бутун ҳаракат йўналиши бўйича ўтганлиги компенсациясини қайта ҳисоб-китоб қилади ва ташувчи томонидан қўшимча тўлов амалга оширилгандан сўнг унга катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаси ҳаракати учун янги махсус рухсатнома қайта расмийлаштирилади.

Ушбу қўшимча тўловлар инспектор томонидан белгиланган тартибда кирим қилингандан сўнг юк ташувчига тегишли чек ёки квитанция берилади.


25. Махсус рухсатнома бекор қилинганда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаси махсус рухсатномасиз ҳаракатланаётган ҳисобланади ва ундан рухсатномасиз босиб ўтилган йўналиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тарифлар ҳажмидан беш баробар миқдорида қўшимча тўлов (махсус рухсатномани олганда тўланган миқдорни ҳисобга олган ҳолда) ундирилади.


26. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаси эгасида (фойдаланувчида) автомобиль йўлларидан ўтиш учун махсус рухсатнома мавжуд бўлмаган ёки рухсатномада белгиланган ҳаракат йўналишидан четланган, шунингдек, йўл ҳаракатлари шартлари бузилган тақдирда, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда - ДЙҲХХ) ходимлари ёки инспектор бундай транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатади.

Тўхтатилган транспорт воситаси яқин атрофдаги транспорт сақлаш майдонига олиб борилади.

Инспекторлар томонидан мустақил равишда ёки ДЙҲХХ ходимлари иштирокида далолатнома тузилади. Унинг бир нусҳаси тўхтатилган транспорт воситаси эгасига ёки унинг вакилига берилади.

Тўхтатилган транспорт воситасининг келгуси ҳаракати унинг вазн ва ҳажм параметрлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштирилгандан ёки ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома олинганидан ҳамда қонун хужжатларига мувофиқ барча зарур бўлган тўловлар амалга оширилганидан сўнг давом эттирилиши мумкин.


27. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктлари иш жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ ва унинг ҳудудидаги барча асбоб-ускуналарга етказилган ҳар қандай шикастлар зарар етказувчи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ қопланади.



4-БОБ. ВАЗН ВА ҲАЖМ ПАРАМЕТРЛАРИ НАЗОРАТИ

ПУНКТЛАРИ ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


28. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктлари инспектори транспорт воситаларини тўхтатиш ва қуйидагиларни текшириш ҳуқуқига эга:

транспорт воситаси ҳайдовчиларида юкларни, шу жумладан, катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги (рухсатнома, тарози ўлчови сертификати ёки белгиланган шаклдаги белги, ДЙҲХХ билан келишилган йўналиш схемаси);

рухсатномада белгиланган йўналишнинг транспорт воситаси ҳаракати ҳақиқий йўналишига мослиги;

транспорт воситасининг вазн кўрсаткичларининг рухсатномада кўрсатилганига мослиги;

рухсатнома амал қилиш муддатининг ташишларни бажаришнинг ҳақиқий муддатига мослиги.


29. Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланиши қоидалари бузилган, белгиланган намунадаги махсус рухсатнома мавжуд бўлмаган тақдирда, вазн ва ҳажм параметрлари назорати пункти инспектори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-1-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган миқдорда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланиши учун тўловлар ундириш;

ушбу Низомга мувофиқ бекор қилинган рухсатномалар ўрнига янги махсус рухсатномалар расмийлаштирилишига кўрсатма бериш.


30. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пункти инспекторларига қуйидагилар тақиқланади:

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки унинг вакили ёзма ариза билан мурожаат қилганда тарозида қайта ўлчашдан асоссиз равишда бош тортиш;

катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситасининг бутун ҳаракат йўналиши бўйича ўтганлиги компенсациясини қайта ҳисоб-китоб қилишни (ҳисоблаш) ва янги махсус рухсатнома расмийлаштирилишига кўрсатма беришни пайсалга солиш;

тарозиларни тамагирлик ҳаракатларида тўғирлаб қўйиш ва қоидабузарликлар тўғрисида нотўғри маълумот бериш;

бошқа юклатилган вазифаларга риоя этмаслиги ёки рухсат этилган параметрлардан ортиқ юкланган катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг рухсатсиз ўтишининг олдини олиш бўйича ўз вазифаларини бажаришга совуққонлик билан ёндашиш ёки ҳаракатсизлик каби ҳолатлар.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрлари назорати амалга оширилиши бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилиши мумкин эмас.


32. Ушбу Низом талаблари бузилишига йўл қўйган юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм

параметрларини назорат қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддати

1-босқич

Инспектор


Автоматлаштирилган режимда ишловчи фото ва видео тасвирга тушириш функциясига эга махсус техник воситалар мавжуд назорат пунктларида транспорт воситаларига ортиқча юк ортилганлиги ёки транспорт воситаларининг ҳар бир ўқига тушадиган ортиқча юк оғирлиги аниқланган тақдирда белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.


Ҳуқуқбузарлик аниқланганда (доимий)







2-босқич

Юк ташувчи (буюртмачи) ёки уларнинг вакиллари


Транспорт воситаларига ортиқча юк ортилганлиги ёки транспорт воситаларининг ҳар бир ўқига тушадиган ортиқча юк оғирлиги вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар ва кўчма пунктларда аниқланган тақдирда тегишли ҳужжатлар белгиланган тартибда Инспекторга тақдим қилинади.


Ўша вақтнинг ўзида







3-босқич

Инспектор


а) Ҳужжатларни текширишда транспорт воситаларининг умумий оғирлиги товар-транспорт ҳужжатлари ва техник паспортлар бўйича аниқланади;


б) Транспорт воситасининг умумий оғирлиги (масса) юк оғирлигини (брутто), шатакчининг юкланган оғирлигини ва техник кўрсаткичлар бўйича яримтиркама (тиркама) оғирлигини жамлаш йўли билан аниқланади.


Ўша вақтнинг ўзида







4-босқич

Инспектор


Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрлари ортиқлиги ёки транспорт воситаларининг ҳар бир ўқига тушадиган ортиқча юк оғирлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилади.


Ўша вақтнинг ўзида







5-босқич

Инспектор


Транспорт воситасига ортиқча ортилган юклар бўлингандан сўнг транспорт воситасининг автомобиль йўлига чиқишига рухсат берилади.


Талаб бажарилгандан сўнг

           


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 май