ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Божхона органлари фаолиятини тартибга солиш /

2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 05.06.2020 ПФ-6005-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 5 июндаги

ПФ-6005-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини

ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона

хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги "Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5582-сон Фармони ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.


2. Концепция Жаҳон божхона ташкилотининг (кейинги ўринларда - ЖБТ) тавсиялари ҳамда илғор мамлакатларнинг божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш тажрибасига асосланган ёндашувларини ўз ичига олган.


3. Концепция божхона органлари фаолиятини ривожлантиришнинг мақсадлари, устувор соҳалари ва асосий йўналишларини белгилайди ҳамда уларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.



II БЎЛИМ. БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ

ЖОРИЙ ҲОЛАТИ ВА МАВЖУД КАМЧИЛИКЛАР


4. Сўнгги йилларда божхона органларини ислоҳ этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва уларнинг фаолиятига илғор, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Жумладан:

товар ва транспорт воситаларини "ялпи" божхона назоратидан ўтказиш тартиби бекор қилинди ҳамда уларни танлов асосида божхона назоратидан ўтказишни назарда тутувчи хавфларни бошқариш тизими жорий этилди;

ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди;

божхона расмийлаштируви ва товарларни чиқариб юбориш вақти бир неча мартага қисқартирилди;

чегара божхона постларини жаҳондаги илғор ишлаб чиқарувчиларнинг замонавий инспекцион-кўрик мажмуалари билан жиҳозлаш амалга оширилди.

Шунга қарамай, божхона сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда, улар қаторида:

божхона органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари;

эскирган тартиботлар ҳамда уларнинг халқаро меъёрлар ва стандартларга номувофиқлиги;

божхона органлари фаолиятида бюрократик тўсиқларнинг сақланиб қолаётганлиги;

самарали идоралараро ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги;

божхона операцияларини амалга оширишда кўп вақт сарфланиши;

божхона органларининг фаолиятида божхона тўловларини ундиришда куч ва воситаларнинг ҳаддан ташқари жамланиши билан боғлиқ институционал муаммоларнинг мавжудлиги;

ўтказиш пунктларининг ўтказиш қобилияти паст даражада эканлиги ва уларнинг моддий-техник жиҳатдан етарли даражада таъминланмаганлиги;

қонунчиликка риоя этилиши учун ташқи иқтисодий фаолият (кейинги ўринларда - ТИФ) иштирокчиларини рағбатлантириш механизмларининг мавжуд эмаслиги.



III БЎЛИМ. БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МАҚСАДИ ВА

УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


5. Мазкур Концепциянинг мақсади товар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиш учун максимал қулай шароитлар яратиш, божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш, амалга оширилаётган операцияларни автоматлаштириш ва илғор технологияларни, шунингдек, халқаро меъёр ва стандартлар, хорижий давлатларнинг энг яхши тажрибаларига мувофиқ ишлашнинг янги усулларини жорий этиш ҳисобланади.


6. Қуйидагилар 2020-2023 йилларда божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган ҳолда божхона органлари фаолияти ва инфратузилма объектларининг институционал асосларини ривожлантириш;

рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш;

божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш;

контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш;

божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва маҳоратини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш.



§ 1. Божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий

базани янада такомиллаштириш


7. Божхона соҳасидаги давлат сиёсати ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий базада ўз аксини топади.

Божхона органлари фаолияти кўп миқдордаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига қарамай, божхона соҳасида хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асоси янада такомиллаштирилишни талаб этади.

Шу муносабат билан, Концепцияни амалга ошириш доирасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:


а) ЖБТ, Жаҳон савдо ташкилоти (кейинги ўринларда - ЖСТ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (кейинги ўринларда - ЕОИИ) тавсиялари ва стандартларини инобатга олган ҳолда ҳамда хорижий давлатларнинг энг яхши амалиётларига асосланиб, норматив-ҳуқуқий базани қуйидаги масалаларда қайта кўриб чиқиш:

божхона соҳасида ҳаддан ташқари маъмурий тўсиқларни бекор қилиш ва божхона тартиботларини соддалаштириш;

божхона маъмуриятчилигининг илғор усулларини жорий этиш (божхона режимлари талабларини такомиллаштириш, божхона аудити институтини татбиқ этиш ва бошқалар);

ТИФ иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш;

товарлар ва транспорт воситаларининг дастлабки декларациялаш тартибини такомиллаштириш;

божхона иши соҳасида божхона органлари ва ТИФ иштирокчилари ўртасидаги зиддиятли вазиятларни камайтириш имконини берадиган божхона органларидаги низоларни судгача ҳал этиш тартибини жорий этиш;

божхона қийматини аниқлаш ва назорат қилиш тартиботларини ГАТТ/ЖСТ нормалари ва талабларига мувофиқ ўтказиш учун комплекс тадбирларни амалга ошириш;

божхона ҳуқуқий муносабатларининг барча иштирокчилари томонидан божхона қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш;

Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо аспектлари бўйича битим (ТРИПС) (Марокаш, 15 апрель 1994 йил) талабларига мувофиқ интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш тартибини қайта кўриб чиқиш;

хавфларни бошқариш тизимини босқичма-босқич автомобиль, темир йўл ва авиа чегара божхона постларида жорий этиш;

божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали қонунчиликда белгиланган ҳолатлардан ташқари товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатларини қисқартириш;

"Е-TRANZIT" автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

божхона режимлари, шу жумладан "божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режими талабларини қайта кўриб чиқиш;


б) қуйидагиларга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш:

савдо тартиботларини соддалаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қулай шароитлар яратиш;

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботидаги "Халқаро савдо" индикатори бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш;

Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги қайта кўриб чиқилган Киото конвенциясига (2006 йил 3 февраль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши.



§ 2. Мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган

ҳолда божхона органлари фаолияти ва инфратузилма

объектларининг институционал асосларини ривожлантириш


8. Ўтган даврда ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариши учун божхона органларининг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларни кучайтириш, Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестицион, туристик ҳамда бошқа фаолият турларини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шароитларнинг яратилиши савдо айланмасининг ўсиши, транспорт оқими ва йўловчи ташувларининг кўпайишига сабаб бўлди.

Шу сабабли, божхона постларидаги мавжуд инфратузилма бугунги кун талабларига жавоб бермайди, божхона постларининг замонавий ва илғор ускуналар билан жиҳозланиши етарли эмас.

Шу билан бирга, юк оқими нооқилона тақсимланмоқда. Мисол учун, 2019 йилда 1 887 938 дона автотранспорт воситасидан 34,3 фоизи Давлат божхона қўмитасининг (кейинги ўринларда - ДБҚ) Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, 24,4 фоизи ДБҚнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси, 9,5 фоизи ДБҚнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, 7,4 фоизи ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, 7,1 фоизи ДБҚнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, 6,1 фоизи ДБҚнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси, 5,5 фоизи ДБҚнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, 2,4 фоизи ДБҚнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа бошқармаларига қарашли чегара божхона постлари орқали республикага кириб келган.

Шу муносабат билан, мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган ҳолда божхона органлари фаолияти ва инфратузилма объектларининг институционал асосларини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Андижон, Тошкент, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари бўйича бошқармаларининг бинолари, иншоотлари ва божхона постларини реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш;

божхона қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш мақсадида хавфларни бошқариш тизими ва хавфларни камайтириш методикасини самарали қўллаш;

божхона органлари тузилмаси ва функцияларини оптималлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ДБҚ Тиббий маркази ва Марказий божхона лабораториясини ташкил этиш;

ДБҚ Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш;

юк автотранспорт воситалари ва темир йўл таркибларини кўрикдан ўтказиш учун инспекцион-кўрик мажмуаларини, божхона органлари ишини самарали ташкил этиш учун рентген-сканер, радиацион назорат, сервер ва телекоммуникация ускуналари, дастурий таъминот, бутловчи ва бошқа воситаларни харид қилиш.



§ 3. Рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор

ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига

жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги

ҳамда самарадорлигини таъминлаш


9. Божхона органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик юклатилган вазифаларни амалга оширишда уларнинг фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичи, шунингдек, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги доимий ҳамда сифатли алоқанинг зарур таркибий қисми ҳисобланади.

Божхона органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликка, улар фаолиятининг самарадорлигини оширишга инсон омилини истисно қилишга имкон берувчи замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқалигина эришиш мумкин.

Сўнгги вақтларда божхона органлари томонидан янги автоматлаштирилган ахборот тизимларини, шу жумладан "Хавфларни бошқариш тизими", "Божхона юк декларацияларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш ва тақсимлаш тизими", "Божхона қийматини назорат қилиш тизими" ва бошқаларни жорий этиш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилди. Бундан ташқари чегара божхона постларини замонавий йирик ҳажмдаги сканер ускуналари билан жиҳозлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Ҳозирги вақтда божхона органларида 54 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ишлаб турибди.

Шу билан бирга, божхона органларида мавжуд ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларининг ҳозирги ҳолати рақамли иқтисодиёт доирасида уларни янада ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Шу сабабли қуйидаги тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда:

"Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали божхона постларида товарлар ва транспорт воситалари устидан назоратни амалга ошириш бўйича тартиботларни янада такомиллаштириш, шу жумладан уни чегара божхона постларида жорий этиш;

божхона органлари ахборот тизимларини бошқа назорат органлари ахборот тизимларига интеграциялаш;

реал вақт режимида товарларнинг божхона ҳудудига кириб келишидан эркин муомалага чиқарилишига қадар мониторинг қилиш имкониятини яратиш;

мобил иловалар орқали божхона кўриги далолатномасини расмийлаштиришни амалга ошириш тизимини жорий этиш;

темир йўл транспорти ташкилотларининг ўз ахборот тизимларини божхона органлари ахборот тизимларига интеграциялаш орқали темир йўл транспорти ташкилотлари томонидан божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракати тўғрисида маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида бепул тақдим этиш;

ахборот тизимларини такомиллаштириш ва божхона юк декларациясини автоматик тарзда божхона органлари ходимлари иштирокисиз расмийлаштиришни жорий этиш;

маълумотлар электрон алмашинувида киберхавфсизлик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш, божхона органларининг ахборот ва коммуникация ресурсларининг ҳимояланганлик даражасини ошириш;

хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа хизматлари билан ўзаро ахборот ҳамкорлигини кенгайтириш;

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали контрабанда предметларини ноқонуний олиб ўтилишининг самарали олдини олишга имкон берувчи замонавий техник жиҳозлар билан божхона органларини босқичма-босқич таъминлаш;

маълумотни қабул қилиш, узатиш ва қайта ишлашнинг сифати ва тезлигини ошириш бўйича божхона органларининг телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш.



§ 4. Божхона органларининг фискал функцияларини

амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тариф ва

нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш


10. Божхона органларининг фискал функцияси божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши, бу йўналишда ишлашнинг янги усулларини қўллаш ҳамда ушбу мақсадларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, ТИФ иштирокчилари томонидан божхона қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишга асосланади.

Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромад қисмининг муҳим бўғини ҳисобланади. 2019 йилда ундирилган божхона тўловлари суммаси 17,1 триллион сўмни (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тушум қисмининг 16,7 фоизи) ташкил этди.

Божхона тўловлари йиғимининг режа кўрсаткичи мазкур режани бажариш бўйича ДБҚ ҳудудий тузилмаларининг "пойгаси"га айланиб қолмоқда, бу эса божхона органлари томонидан товарларнинг божхона қиймати асоссиз равишда оширилишига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, божхона органлари фаолиятига баҳо бериш божхона тўловлари тушуми ҳажмига боғлиқ бўлиб қолган, бу эса фискал функциянинг бошқа функциялардан устун келишини англатади.

Шу сабабли, божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда:

божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик вужудга келиши ҳолатларини камайтиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

"BOJXONA AUDITI" автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

жисмоний шахсларнинг олиб кириш нормасидан ортиқча товарлари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар асосида божхона тўловларини ҳисоблаш (шу жумладан тўлаш) бўйича интерактив хизмат турини жорий этиш;

божхона тўловларини тўлаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан пул маблағларини тўлашнинг замонавий электрон технологияларини ривожлантириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ божхона тўловларидан имтиёз қўлланилганда, товарларнинг миқдорий чекловларини (квоталарини) назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш;

тарихий статистик маълумотлар ва олдин қабул қилинган эксперт хулосалари асосида товарларнинг тўғри таснифланганлигини текшириш ва товарларни таснифлаш коди тўғрисида нотўғри маълумотларни маълум қилиш билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлаш имконини жорий этиш орқали "ТИФ ТН кодларининг таҳлил базаси" автоматлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштириш;

божхона тўловлари тўланишини таъминлаш остида товарларни чиқариш имкониятини белгилаш, молиявий кафолатлар институтини ривожлантириш;

халқаро талабларга мувофиқ ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан бошқаришда фаол иштирок этиш.



§ 5. Контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун

ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш


11. Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш натижасида ташқи савдо айланмаси йилдан йилга ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, ТИФда ҳамда чегара божхона ҳудудларида турли жиноий усуллар ёрдамида ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатлари сони ҳам ўсиб бормоқда.

Ички бозорни ҳимоя қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, чегара ҳудудларида назоратни кучайтириш, контрабанда ва божхона қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларининг ягона марказлаштирилган ахборот тизимида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларнинг самарали расмийлаштирилишини таъминлаш мақсадида ДБҚнинг автоматлаштирилган ахборот тизимларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига интеграция қилиш чораларини кўриш;

реал вақтда содир бўлган ёки содир бўлаётган божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабарларни тезкор етказиш учун шошилинч алоқа бўйича қисқа телефон рақамини ташкил қилиш;

ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда аниқлаш, шунингдек, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва коррупция аломатларини фош этишда кўмак кўрсатаётган шахсларни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш;

"Bojxona qoidalarining buzilishi" автоматлаштирилган ахборот тизими негизида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва ушбу ҳуқуқбузарликлар бўйича электрон шаклдаги иш юритувни амалга ошириш имкониятини берувчи модулни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

декларантга БЮДни тўлдиришда товарларнинг божхона тўловларини ҳисоблашга таъсир этмайдиган қоидабузарликларни ихтиёрий равишда тузатиш ҳуқуқини тақдим этувчи тартибни белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси чегараси хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, атроф-муҳит ва фуқаролар соғлиғи ҳимояси соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан электрон маълумотлар алмашинувини ишлаб чиқиш ва ундан самарали фойдаланиш.



§ 6. Божхона органлари ходимларини тайёрлаш,

қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва маҳоратини янада

ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш


12. Божхона органларида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш, уларнинг халқаро миқёсдаги обрўсини ошириш, аввало малакали ва тажрибали кадрларга боғлиқдир.

Шу сабабли, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва кадрлар салоҳиятини янада юксалтириш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш талаб этилади:

божхона чегараси орқали валюта қимматликлари ва маданий бойликлар, интеллектуал мулк объектларини ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олиш бўйича божхона органлари ходимларининг махсус билимларини ошириш;

божхона органлари ходимларининг ўз вазифаларини сифатли бажариши учун хорижий тилларни ўрганиш ташаббусини рағбатлантириш механизмини жорий этиш;

ДБҚ Божхона институти "Божхона иши" бакалавриат таълим йўналишини ЖБТнинг PICARD (Божхона академик тадқиқотлари ва ривожланиши соҳасида ҳамкорлик) дастурининг профессионал стандартларига мувофиқ аккредитациядан ўтказиш;

божхона органлари ходимларининг тажрибаси, билими, касбга садоқати, хизмат ва ижро интизомига риоя этиши каби хислатларини эътиборга олган ҳолда рағбатлантириш ва юқори лавозимларга тайинлаш механизмини жорий этиш;

божхона иши амалиётининг узлуксиз таълим тизими билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида ДБҚ Божхона институтида таянч докторантура ва мустақил изланувчанлик институтини ўз ичига олган олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини ташкил этиш;

илмий ишланмалар натижаларини ўқув жараёни ва божхона органлари фаолиятига татбиқ этиш, ДБҚ Божхона институти ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этиш;

божхона органлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоялаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан уй-жойлар қуриш;

божхона органлари ходимларининг фарзандларига республиканинг олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларига қўшимча квота асосида давлат грантини олиш ҳуқуқини тақдим этиш.



§ 7. Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар

божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли

ҳамкорликни янада ривожлантириш


13. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган халқаро шартномалар ҳамда эришилган келишувлар халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар божхона хизматлари билан конструктив ҳамкорликнинг асоси ҳисобланади.

Божхона органларининг халқаро ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш, халқаро майдонда божхона органлари фаолияти соҳасида республикамизнинг барқарор ўрнини мустаҳкамлаш, ташқи савдо айланмасини ошириш ҳамда бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилади.

Шу сабабли, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи "Е-ТIR" лойиҳасини жорий этиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда ДБҚнинг ваколатхоналарини очиш;

қўшни давлатлар билан ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон маълумотлар алмашинувини таъминлаш;

ЮХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисида божхона конвенцияси (1975 йил) ва Халқаро темир йўл юк йўналишлари тўғрисидаги битимга (1951 йил) мувофиқ халқаро транзит ҳужжатларидан фойдаланишни давом эттириш;

божхона органларининг кўп томонлама минтақавий ва халқаро ташкилотлар (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, ЖБТ, ЖСТ, Осиё тараққиёт банки ва бошқалар) фаолиятидаги иштирокини янада фаоллаштириш;

касбий ривожланиш ва илғор халқаро амалиётни ўрганиш мақсадида божхона органлари ходимларининг ЖБТ котибиятида амалиёт ўташини ташкил этиш;

илғор халқаро тажрибани қўллаган ҳолда республика божхона органлари кадрларининг салоҳиятини ошириш, шунингдек, божхона инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва замонавий техник воситалар билан таъминлаш учун самарали чет эл грантларини жалб этиш чораларини кўриш;

янги ахборот технологияларини қўллаган ҳолда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида божхона органларининг янги имкониятларини аниқлаш.



IV БЎЛИМ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШДАН КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


14. Мазкур Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилмоқда:

божхона органларидаги мавжуд ахборот тизимларининг мантиқий назорат функцияларини янада такомиллаштириш орқали Давлат бюджетига божхона тўловлари тушумини ҳар йили 25 %га ошириш;

асосий чегара ўтказиш пунктлари, уларга туташ бўлган ҳудудларни кенгайтириш ва модернизациялаш ҳисобига божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;

"Ягона дарча" божхона ахборот тизимини такомиллаштириш натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга ва импортда 2 баробарга қисқартириш;

божхона маъмуриятчилигининг замонавий усулларини қўллаш натижасида ТИФ иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш эвазига Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда юқори поғонага кўтарилишига муносиб ҳисса қўшиш;

божхона органлари фаолиятига рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини кенг жорий этиш асосида халқаро норма ва стандартларга мувофиқ маълумотларни инсон омилисиз тўсиқсиз олиш имкониятини таъминлаш ҳамда божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларини соддалаштириш;

божхона органлари ходимлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сонини камайтириш;

мамлакатнинг туризм ва инвестицион жозибадорлигини ошириш;

экспорт салоҳиятини ошириш ва импортни оптималлаштириш;

божхона органлари инфратузилмасини ривожлантириш ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.



V БЎЛИМ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ТАДБИРЛАРИ УСТИДАН МОНИТОРИНГ


15. Концепцияни амалга ошириш устидан тизимли мониторинг олиб бориш, умумий мувофиқлаштириш, божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 6 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 8 июнь, 22-сон, 235-модда



























































Время: 0.1963
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск