ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Уй-жой қурилиши /

Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.06.2020 й. 355-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 4 июндаги

355-сон қарорига

ИЛОВА



Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар

қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш

бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектлари учун танловлар ўтказиш механизмини, мезонларини (жумладан "қиймат-миқдор" мезонларини) ҳамда қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини танлаб олиш бўйича танловларни ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан янги тартиб асосида қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш учун қуйидагилар талаб этилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони (кейинги ўринларда - Фармон) талаблари асосида ер участкаларини ажратиш ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг ҳудудий бўлинмалари билан келишиш;

архитектура-режалаштириш топшириғини (кейинги ўринларда - АРТ) ишлаб чиқиш харажатларини туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан АРТ ишлаб чиқилган кунда тўлиқ тўлаб бериш;

тортиб келинадиган ва майдон ички сув таъминоти ва канализация тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини қуриш объектларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш;

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан тортиб келинадиган ва майдон ички электр ва газ таъминоти тармоқларини қуриш объектларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш.


3. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


макромассив - вилоятлар шаҳарларига ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда камида 200 та квартирани ўз ичига олган кўп квартирали уй-жойлар қурилиши режалаштирилган ер участкаси;


танлов ташкилотчиси - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказлари;


танлов предмети - қишлоқ жойларда ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан "фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш" шартларида кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектлари учун ҳудудий ҳокимликлар томонидан белгиланадиган талаблар (хизматлар) рўйхати;


лот - танловнинг бўлинмайдиган предмети;


намунавий танлов ҳужжатлари - белгиланган тартибда тасдиқланадиган талаблар ва ҳужжатлар (танловга таклифнома, унинг қатнашчиларига қўйиладиган малака талаблари, танлов таклифларини баҳолаш мезонлари ва уларни баҳолаш шакллари, инвестиция мажбуриятларининг шартнома шакллари);


танлов ҳужжатлари - намунавий танлов ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган, танлов предметининг техник, молиявий, тижорат, ташкилий ва бошқа тавсифлари, танловни ташкил этиш шартлари ва ўтказиш тартиб-қоидаси ҳақидаги бошланғич маълумотлардан иборат бўлган ҳужжатлар туркуми;


танлов комиссияси - танлов ҳужжатлари талабларига мувофиқ тадбиркорлик субъектини аниқлаш учун мазкур Низомга мувофиқ ташкил этиладиган коллегиал орган;


талабгор - таклиф этилган шартлар асосида танловда қатнашиш тўғрисида ўз истагини билдирган ҳамда унинг офертаси танлов ташкилотчиси томонидан рўйхатдан ўтказилгунича танлов ҳужжатларини олган юридик шахс;


пудрат ташкилоти - талабгор томонидан танланадиган қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи юридик шахс ёки талабгорнинг ўзи;


оферент - танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ тайёрланган ва танлов ташкилотчиси томонидан рўйхатдан ўтказилган ўз офертасини тақдим этган талабгор;


оферта - талабгорнинг танлов ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ тақдим этилган танлов предметига нисбатан таклифи;


баҳолаш мезонлари - оферталарни баҳолаш, талабгорларни танлаб олиш ва танлов ғолибини танлаб олиш учун фойдаланиладиган кўрсаткичлар;


офертанинг таъминланиши тўғрисидаги декларация - оферентнинг офертадаги барча талаблар ва шартларга риоя этиш юзасидан сўзсиз ва моддий мажбурияти;


квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати - Фармонга асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Иқтисодий тараққиёт ва кабағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда тасдиқланадиган квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати;


инвестиция мажбуриятлари шартномаси - ер участкасини кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун уй-жойлар қуриш муддати, квартира бир квадрат метрини тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қийматидан ошмаган ҳолда сотиш, техник назоратни амалга ошириш учун мутахассис жалб қилиш ва бошқа инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан тузилган икки томонлама шартнома.



2-БОБ. ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ

АНИҚЛАШ БЎЙИЧА ТАНЛОВ


1-§. Танлов қатнашчилари


4. Ҳудудий танлов комиссияси, танлов ташкилотчиси ва оферентлар - танлов қатнашчилари ҳисобланади.


5. Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарорлари билан ташкил этилади.

Танлов комиссиясига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари ва вилоятлар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари (кейинги ўринларда - вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари) раҳбарлик қилади.


6. Танлов ўтказиш учун мазкур Низомга 1-иловадаги таркибда комиссия тузилади.


7. Танлов комиссия аъзоси малакали, танлов соҳасида амалиёт ва кўникмага эга бўлиши лозим.


8. Танлов комиссияси аъзолари 9 кишидан иборат бўлиши ва агар, комиссия аъзоларининг камида тўртдан уч қисми мажлисда қатнашса, ўз функцияларини амалга ошириш учун ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.



2-§. Танлов комиссиясининг асосий функциялари


9. Қуйидагилар танлов комиссиясининг асосий функциялари ҳисобланади:

талабгорлар томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг танланган ернинг бош режасига мослигини инобатга олиши;

қишлоқ жойларда "фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш" шартларида кўп квартирали уй-жойлар қурилиши бўйича тадбиркорлик субъектларини аниқлаш юзасидан ўтказиладиган танловни ўз вақтида сифатли ўтказиш ишларини тизимли ташкил этиш;

танлов комиссиясининг регламенти, танлов ҳужжатларини ва талабгорларга қўйиладиган танлов таклифларини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш;

танлов ҳужжатларида қайд этилган танловда қатнашишга буюртманомани таъминлаш шаклини тасдиқлаш;

офертани қабул қилишнинг охирги куни ва вақтини, конвертларни очиш вақтини ва жойини белгилаш;

оферентларнинг малака, техник ва тижорат таклифларини ўрганиш;

оферта солинган конвертларни очиш, конвертларни очиш тўғрисидаги баённи тасдиқлаш;

танлов таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддатларини тасдиқлаш;

танлов ҳужжатларида кўрсатилган мезонларга мувофиқ офертани ўрганиш, таҳлил қилиш ва кўриб чиқиш;

танлов натижаси бўйича қарор қабул қилиш;

танловни ўтказиш давомида юзага келадиган низолар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш, тартибга солиш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнида юзага келадиган танлов бўйича масалаларни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.



3-§. Оферентларнинг малака, техник

ва тижорат таклифларини ўрганиш


10. Танлов комиссияси оферентларнинг малака, техник ва тижорат таклифларини ўрганади.


11. Оферентларнинг малака, техник ва тижорат таклифларини ўрганиш бўйича баҳолаш гуруҳларининг таркиби комиссия аъзоларидан шакллантирилади.


12. Зарурат бўлганда, танлов комиссиялари оферентларнинг танлов таклифларини баҳолаш учун эксперт ва маслаҳат ташкилотларининг вакилларини жалб этиши мумкин.



4-§. Танловни ўтказишга тайёргарлик ишлари


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан аниқ макромассив (лот, қурилиш участкаси) бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон жойлаштирилгунга қадар режалаштирилган макромассивларни тайёр ҳолга келтириш бўйича қуйидагилар амалга оширилган бўлиши шарт:

макромассив кўринишида кўп квартирали уй-жой қурилиши учун ер участкаларининг танланиши;

бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларни (танланган ер майдонининг топографик сурати ва геология хулосаси, АРТ ҳужжатлари) тайёрланиши;

қонунчиликда белгиланган тартибда тортиб келинадиган ва майдон ички сув таъминоти, канализация (локал оқава сув тозалаш иншоотлари), электр ва газ тармоқларини ҳамда автомобиль йўлларини қуриш ишларини молиялаштириш манбаси, техник топшириқлар ва бажарувчи тегишли ташкилотлар аниқланиши.


14. Танловни ўтказишга тайёргарлик давомида танлов комиссиясининг мурожаатномасига биноан танлов ташкилотчиси танлов ўтказилишидан 30 кун олдин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказиш тўғрисида эълон беради.


15. Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Қурилиш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказларининг номи, жойлашган жойи ҳамда электрон манзили;

танлов предметининг тавсифи ва у амалга ошириладиган жой;

танлов предметининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши;

танлов предметини амалга ошириш муддати;

талабгорларга қўйиладиган асосий шартлар (намунавий танлов ҳужжатларида кўрсатиб ўтилади);

талабгорлар томонидан танлов ҳужжатларининг электрон нусхасини олиш учун мурожаат этиладиган манзил;

оферта тақдим этиладиган жой, тақдим этишнинг охирги куни ва вақти;

офертани очиш жойи, куни, вақти.



5-§. Танлов ҳужжатларининг таркиби, тузилиши,

уларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби


16. Танлов ҳужжатлари учта асосий қисмдан: рухсат берувчи (малака), техник ва тижорат қисмларидан иборат бўлади.


17. Танлов ҳужжатларининг рухсат берувчи (малака) қисми қуйидагилардан иборат бўлади:

танлов комиссияси таркибини тасдиқловчи ҳужжат;

танлов комиссиясининг иш низомини тасдиқлаш бўйича мажлис баёни;

бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар тайёрлиги бўйича комиссия қарори;

комиссиянинг танлов ўтказиш тўғрисидаги қарори;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган танлов ўтказиш тўғрисидаги эълоннинг матни.


18. Танлов ҳужжатларининг техник қисми қуйидагилардан иборат бўлади:

талабгорларнинг танловда қатнашиш учун буюртманомаси шакли;

талабгорнинг малакаси ҳамда техник ва молиявий ҳолатига баҳо беришга қўйиладиган талаблар ва мезонлар, таклифларни молиявий баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш мезонлари, танлов тартиб-қоидасига тегишли бўлган бошқа ҳужжатлардан иборат йўриқнома;

бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар тўплами;

офертани тайёрлаш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва шакллар рўйхати.


19. Танлов ҳужжатларининг тижорат қисми қуйидагиларни ўз ичига олади:

илова қилинадиган нарх таклифи бўйича хатнинг шакли;

танлов таклифини таъминлаш тўғрисида кафолат шакли (декларациялар, банк кафолатлари, бўнаклар тарзида ёки қонунчиликда белгиланган бошқа шаклда);

оферент танловнинг ғолиби деб эътироф этилган тақдирда, инвестиция мажбуриятлари шартномасини бажариш кафолати;

кўп квартирали уй-жойларни жойлаштиришнинг бош режаси, техник тавсифи, лойиҳа эскизи;

тижорат таклифи (квартиранинг бир квадрат метрининг реализация нархи);

инвестиция мажбуриятлари шартномасининг лойиҳаси.


20. Офертани тақдим этиш тартиби танлов ҳужжатларида белгиланади. Тақдим этиладиган оферта танлов ҳужжатлари ва шартлари талабларига мувофиқ бўлиши керак.


21. Танлов ҳужжатларига, офертани ўраб-жойлашга ва маркировка қилишга, таклифларни техник ва молиявий баҳолаш мезонларига қўйиладиган шартлар ва талаблар ҳудудий танлов комиссиялари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

Офертани тақдим этиш муддати тамом бўлгунга қадар танлов ташкилотчиси ҳудудий танлов комиссиясининг талабига кўра, танлов ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, бу тўғрисида танлов ҳужжатлари эълон қилинган электрон манзилда дарҳол хабар етказиш, офертага тузатиш киритиш учун етарли бўлган вақтда офертанинг тақдим этиш муддатини узайтириш ҳуқуқига эга.


22. Талабгорлардан таклифлар танлов ташкилотчилари томонидан қабул қилиб олинади ва танлов ўтказиладиган кунга қадар хавфсиз ва тўлиқ сақланишига масъул бўлади.

Қуйидагилар танлов ташкилотчисининг асосий вазифалари ҳисобланади:

танлов ўтказиш тартиб-қоидаларини белгилаш;

танлов предметига қўйиладиган махсус, техник ва тижорат талабларини ҳисобга олган ҳолда танлов ўтказиш учун танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

белгиланган шакл бўйича танлов ўтказилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон бериш;

агар танлов ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, аризалар ва оферталарни қабул қилиш, уларнинг ҳисобга олиниши ва махфийлигини таъминлаш;

шартнома асосида мустақил экспертлар ёки маслаҳатчиларнинг ишларини ташкил этиш;

талабгорларга танлов ҳужжатларини тақдим этиш;



6-§. Талабгорга қўйиладиган талаблар


23. Талабгорга қуйидаги талаблар қўйилади:

кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун талаб этилаётган маблағларнинг (ўз маблағлари, тижорат банкларидан олинган кредитлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар) мавжудлиги;

танлов савдоларига қўйилган объектларга ўхшаш объектларда иш тажрибасининг мавжудлиги;

олдин ўз кучи билан бажарилган ишлар ҳажми тўғрисидаги маълумотлар;

қурилишни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база ва меҳнат ресурсларининг мавжудлиги.

Юқорида келтириб ўтилган талаблар талабгорга ёки талабгор томонидан жалб этиладиган пудрат ташкилотига татбиқ этилади.

Техник таклифларнинг барча талаблари "мувофиқ/мувофиқ эмас" тамойилига асосан баҳоланади.


24. Танловда қатнашиш учун талабгорларга қўйиладиган талаблар бўйича мезонлар ҳудудий танлов комиссиясининг регламентида ва намунавий танлов ҳужжатларида келтирилади.


25. Қайта ташкил этиш (ажратиб чиқариш, бўлиб юбориш), тугатиш босқичидаги ёки мол-мулки хатланган тўловга қобилиятсизлик жараёнидаги талабгорлар танловда иштирок этишга қўйилмайди.


7-§. Офертани тақдим этиш


26. Талабгорнинг имзоси билан тасдиқланган оферта танлов ташкилотчисига елимланган ва муҳрланган конвертда юборилади.


27. Оферталарни тақдим этиш муддати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон берилган кундан бошлаб 30 кунни ташкил этади.


28. Офертани тақдим этиш муддати тамом бўлгандан кейин тақдим этилган талабгорларнинг оферталари қабул қилинмайди.

Офертани тақдим этиш санаси танлов ташкилотчисининг, оферта почта билдиришномаси олинганлиги тўғрисидаги қайди бўйича ёки танлов ташкилотчисининг оферентга берилган оферта олинганлиги тўғрисидаги билдиришномаси санаси бўйича (оферта чопар орқали етказилган тақдирда) аниқланади.



8-§. Таклифларни баҳолаш ва танлов якунлари

бўйича ғолибни эълон қилиш


29. Оферталарни бериш муддати тамом бўлгандан кейин ҳудудий танлов комиссияси тушган ва рўйхатдан ўтказилган оферталарни оферентларнинг вакиллари иштирокида очади, бутлигини текширади, оферентларнинг номларини эълон қилади, танлов ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳужжатларнинг тақдим этилган туркумлари мазмунини текширади.

Ҳудудий танлов комиссияси мажлисининг натижалари тўғрисидаги ахборот қатнашмаган оферентга ёзма шаклда етказилади.

Танлов ташкилотчиси ҳудудий танлов комиссиясининг талабига кўра, ҳудудий танлов комиссиясининг мажлиси бошқа муддатга кўчирилган тақдирда, офертани тақдим этиш муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги билдиришномани Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида маълум қилади.


30. Офертанинг мазмунини ҳудудий танлов комиссияси мажлисида кўриб чиқиш давомида оферентларга тушунтириш беришга йўл қўйилади.

Бунда офертанинг мазмунини ўзгартирадиган, шу жумладан нархини ёки ижро этиш муддатини ўзгартирадиган тушунтириш беришга йўл қўйилмайди.


31. Танлов ғолиби ҳудудий танлов комиссиясининг ёпиқ мажлисида аниқланади.

Ҳудудий танлов комиссияси ғолибларни "қиймат-миқдор" (энг рақобатли нарх) мезонлари, ишларни (хизматларни) бажариш шартлари ва танлов ҳужжатларида белгиланган бошқа мезонлар бўйича аниқлайди.


32. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ҳудудий танлов комиссияси томонидан танлов ғолиби бўлган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги ахборотлар танлов ташкилотчиси томонидан 3 иш куни ичида эълон қилинади.


33. Ҳудудий танлов комиссиясининг ҳар бир мажлисида баённома юритилади.

Қоидага кўра, булар танлов ўтказиш тартиб-қоидаси билан боғлиқ конвертларни очиш, танлов ғолибини аниқлаш баёнлари ва бошқа баёнлар.


34. Танлов ташкилотчиси танлов ғолибига инвестиция мажбуриятлари шартномасини бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин беш кундан кеч бўлмаган муддатда ёзма билдиришнома юборади.

Танлов ташкил этиш ва ўтказиш схемаси ушбу Низомга 2-иловада келтирилган.


35. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ғолиб ўртасида инвестиция мажбуриятлари тўғрисидаги шартнома тузилгандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида танлов натижалари (предмет, ғолиб, шартномавий нарх ва лойиҳани амалга ошириш муддати) тўғрисида эълон берилгандан кейин танлов тугаган деб ҳисобланади.


36. Танлов ғолиби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда объект қурилиши суғурта қилинишини таъминлайди.


37. Қуйидаги ҳолларда, агар:

танловга қатнашиш учун иккитадан кам оферта тушса;

тақдим этилган оферталар танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаса;

оферентлар томонидан таклиф этилган нархлар танлов предметининг "қиймат-миқдор" мезонларидан ортиқ бўлса, танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади.


38. Танлов ғолиби шартнома тузишни рад этган ёки шартнома белгиланган муддатда унинг бажарилиш кафолати тақдим этилмаган тақдирда, ҳудудий танлов комиссияси иккинчи ўринни олган оферентни эътироф этиши ёхуд такрорий танлов ўтказилишини тайинлаши мумкин.


39. Агар танлов пайтида овозлар сони тенг бўлса (яни қарши, рози, бетараф), ҳал қилувчи овоз танлов комиссияси раисида қолади.



9-§. Қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича танловлар


40. Тадбиркорлик субъектлари томонидан танлов шартларига риоя этилмаганлиги туфайли лойиҳалар муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда, қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича такрорий танловлар ўтказилишига йўл қўйилади.

Бунда ҳудудий танлов комиссия қарорига кўра бекор қилинган инвестиция мажбуриятлари шартномаси бўйича тугалланмаган ишлар ҳажмини аниқлаш мақсадида назорат ўлчови ўтказади.


41. Қурилиши тугалланмаган объект бўйича ўтказилган танлов якунлари бўйича ғолиб билан ишларнинг тугалланмаган қисмини бажариш юзасидан келишув тузилади.


42. Тадбиркорлик субъектлари томонидан танлов шартларига риоя этилмаганлиги туфайли лойиҳалар муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда, ҳосил бўлган қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича талаблар инвестиция мажбуриятлари шартномасида келтирилади.



3-БОБ. ШАРТНОМА МАЖБУРИЯТЛАРИ БАЖАРИЛИШИНИНГ

МОНИТОРИНГИ ВА ТАНЛОВДА ҒОЛИБ ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


43. Тадбиркорлик субъекти техник-назоратчиси томонидан тақдим этиладиган ҳар ойлик ахборотни таҳлил қилиш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан мониторинг амалга оширилади.


44. Инвестиция мажбуриятлари шартномаси мажбуриятларининг бажарилиши бўйича назорат вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига юкланади.


45. Танловда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъекти қуйидагиларни амалга оширишни ўз вақтида таъминлайди:

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли ташкилотларда экспертизадан ўтказиш;

кундалик техник назоратни амалга ошириш учун мустақил мутахассис ёки ташкилот билан шартнома имзолаш;

ажратилган ер участкаси бўйича атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш аризаларини тайёрлаш;

уй-жойлар қурилиши учун танланган ҳар бир ер участкаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларининг давлат экологик экспертизаси хулосаларини олиш;

қурилиш материалларини харид қилиш;

уй-жойларни канализация тармоқларига ёки локал оқава сув тозалаш иншоотларига ва ташқи ичимлик сув тармоқларига улаш;

уй-жойларни ташқи газ ва электр тармоқларига улаш.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Танлов тартиб-қоидасидан келиб чиқадиган келишмовчиликлар ва низолар, танлов ташкилотчиси ёки танловнинг бошқа қатнашчиларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари юзасидан шикоятлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


47. Аризалар, мурожаатлар ва шикоятларни кўриб чиқишнинг батафсил механизми Танлов комиссиялари иши низомларида ва намунавий танлов ҳужжатларида келтирилган бўлиши керак.


48. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


49. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари кўп квартирали уй-жой қурилиши режалаштирилган макромассивларни тайёр ҳолга келтириш бўйича қуйидагилар учун жавобгар ҳисобланади:

макромассив кўринишида кўп квартирали уй-жой қурилиши учун ер участкаларининг танланиши;

бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларнинг ўз вақтида берилиши;

тортиб келинадиган майдон ва ички сув, канализация, мухандислик - коммуникация тармоқларини ва автомобиль йўлларини қуриш;

танлов ўтказилиши учун барча шароитларнинг ўз вақтида яратилиши, танлов комиссияси ишларининг тўғри ташкил этилиши, танлов ўтказилиши ва натижалари тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ ошкор этилиши.


50. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ тортиб келинадиган ва майдон ички электр таъминоти ва газ таъминоти тармоқларининг ўз вақтида қурилиши учун жавобгар ҳисобланади.


51. Танлов ташкилотчиси танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун жавобгар ҳисобланади.

Танлов ташкилотчиси танловга тегишли барча ҳужжатлар, жумладан, талабгорларнинг танлов таклифлари ички тартиб ҳужжатлари талабларига мувофиқ танлов тугагандан кейин камида уч йил мобайнида сақланишини таъминлаши шарт.


52. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу қарорга мувофиқ ўтказиладиган танлов иштирокчиларининг рақобатга қарши хатти-ҳаракатларининг олдини олиш, шунингдек, кўп квартирали уйларни қуриш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларда уй-жой сотиб олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўради.






Низомга

1-ИЛОВА

Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар

қурадиган тадбиркорлик субъектлари учун

танлов ўтказиш комиссиясининг

ТАРКИБИ

1. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, комиссияси раиси;


2. Лавозимига кўра

-

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи, комиссия раисининг ўринбосари;


3. Лавозимига кўра

-

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи;


4. Лавозимига кўра

-

Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи;


5. Лавозимига кўра

-

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи;


6. Лавозимига кўра

-

Марказий банк ҳудудий бошқармаси бошлиғи;


7. Лавозимига кўра

-

Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи;


8. Лавозимига кўра

-

Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи;


9. Лавозимига кўра

-

Ҳудудий соҳа вакили (тегишли шаҳар (туман) ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари);


10. Лавозимига кўра

-

Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг маркази раҳбари, комиссия котиби (овоз бериш ҳуқуқисиз)


             

Изоҳ. Танлов комиссияси раиси йиғилишларда узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаганида, унинг вазифаларини тендер комиссияси раисининг ўринбосари бажаради.

Танлов комиссиялари аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, танлов комиссияси таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахс ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юклатилган шахс киритилади.

Зарурат туғилганда, танлов комиссиялари бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларидан мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.






Низомга

2-ИЛОВА



Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган

тадбиркорлик субъектлари учун танлов ўтказиш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Масъуллар


Амалга ошириш механизми


Муддат


1-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари.


Танлов комиссиялари таркиби ва уларнинг иш регламентини тасдиқлаш.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан макромассивлар учун ер майдонлари ажратилгандан сўнг


2-босқич

Танлов комиссияси ва танлов ташкилотчиси.


Танлов ҳужжатларини (жумладан, талабгорга бўлган талабларни) ишлаб чиқиш.


3 кун

3-босқич

Танлов комиссияси ва танлов ташкилотчиси.


Ҳар бир массив кесимида қуриладиган кўп қаватли уй-жойлар тўғрисидаги эълонни тасдиқлаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликларининг расмий веб-сайти ҳамда оммавий-ахборот воситаларида жойлаштириш.


3 кун

4-босқич

Танлов ташкилотчиси.


Эълон ва танлов ҳужжатларини талабгорга тарқатиш ва оферталарни қабул қилиш.


30 кун

5-босқич

Танлов комиссияси ва танлов ташкилотчиси.


Оферент (иштирокчилар) томонидан тақдим қилинган танлов оферталарини танлов комиссиясида кўриб чиқиш.


5 кун

6-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, танлов ғолиби бўлган оферент (иштирокчи).


Танлов ғолиби бўлган оферент (иштирокчи) билан инвестиция шартномасини тузиш.


3 кун

7-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтида ва оммавий-ахборот воситаларида танлов натижаларини эълон қилиш.


2 кун

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 5 июнь














































Время: 0.0318
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск