ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.06.2020 й. 358-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 5 июндаги

358-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига

ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг (кейинги ўринларда - Академия) бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Академиянинг бакалавриатига қабул (кейинги ўринларда - Академияга қабул) бакалавриат таълим йўналишлари мутахассисликлари кесимида қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат грантлари ҳамда тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари асосида амалга оширилади.

Академиянинг умумий белгиланган қабул параметрлари квотасидан ташқари қўшимча квоталар ҳамда Академияга ўқишга киришда имтиёзлар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


3. Академияга талабаликка қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда - Давлат комиссияси) томонидан амалга оширилади.


4. Академияга қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун ташкил этиладиган Академия қабул комиссиясига (кейинги ўринларда - қабул комиссияси) юкланади. Қабул комиссиясининг таркиби Академия ректорининг буйруғи билан тасдиқланади.


5. Академия ректори қабул комиссиясининг раиси ҳисобланади. Қабул комиссиясининг жорий ишларини масъул котиб ташкил қилади.


6. Қабул комиссияси ҳужжатларни қабул қилиш тартиби ва муддатлари, бакалавриат таълим йўналишлари мутахассисликларининг номлари ҳамда Академияга қабул параметрлари ҳақидаги маълумотларни абитуриентлар ҳамда жамоатчиликка олдиндан етказади.


7. Академияга қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари, бакалавриат таълим йўналишлари мутахассисликларининг номлари, Академияга қабул параметрлари тўғрисидаги маълумот Академиянинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти, шунингдек, ахборот стендларида жойлаштирилади.



2-БОБ. АКАДЕМИЯ БАКАЛАВРИАТИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


8. Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш "Диншунослик" ва "Исломшунослик" таълим йўналишлари учун ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ, бошқа таълим йўналишлари учун Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган тартибда амалга оширилади.

9. Абитуриентлар "Диншунослик" ва "Исломшунослик" таълим йўналишлари учун Академиянинг махсус дастури орқали электрон шаклда қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

ректор номига ариза;

фуқаролик паспорти (ёки ID-карта) ёки ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, паспорт серияси ва рақами кўрсатилган маълумотнома;

паспорт ёшига етмаганлар учун тугилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан).

10. Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга кириш ҳуқуқига эга шахслар ушбу ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхасини ҳам тақдим этадилар.

13. "Диншунослик" ва "Исломшунослик" таълим йўналишлари учун ҳужжатлар олий таълим муассасаларига ўқишга кирадиган абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш бошланган кундан 20 кун давомида қабул қилинади. Охирги ўн кун давомида дастлабки имтиҳонни ўтказиш ва ундан муваффақиятли ўтмаган абитуриентларга Академиянинг "Диншунослик" ва "Исломшунослик" таълим йўналишларидан ташқари таълим йўналишларига ёки бошқа олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш имконияти яратилади.

"Диншунослик" ва "Исломшунослик" таълим йўналишларига дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентлар томонидан кириш имтиҳонларининг кейинги босқичида иштирок этиш учун ҳужжатлар топшириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган умумий тартиб асосида амалга оширилади.

15. Ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган талабларга мос ҳужжатлар тақдим этилганда, қабул комиссияси абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.


16. "Диншунослик" ва "Исломшунослик" таълим йўналишлари учун абитуриент махсус дастур орқали тақдим этилган ҳужжатларни қайтариб олиш тўғрисида қабул комиссиясига ариза бериш, шунингдек, дастлабки имтиҳон натижаларига кўра кейинги босқичга ўтмаган ҳолларда ҳужжатларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

17. Академияга ўқишга қабул қилиш барча абитуриентлар учун тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик, ягона қабул қоидалари ва танлов асосида амалга оширилади.


18. Академияга ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда ўтказилади:

"Диншунослик" ва "Исломшунослик" бакалавриат таълим йўналишлари учун дастлабки имтиҳон;

касбий (ижодий) имтиҳон ва кириш тест синовлари (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда - Давлат тест маркази) томонидан ўтказилади).

Дастлабки имтиҳон натижаларига кўра абитуриентларни кириш имтиҳонларининг кейинги босқичларига (касбий (ижодий) имтиҳон ва тест синовлари) ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинади.

Дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларга Давлат тест марказининг махсус дастури орқали Академияни танлашга ва тест синовларида иштирок этишга рухсат берилади.


19. Дастлабки имтиҳон Академия ректорининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия (кейинги ўринларда - махсус комиссия) томонидан ўтказилади.

Махсус комиссия таркибига Академия ходимлари билан бирга бошқа давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам киритилади. Махсус комиссия ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, ҳолислик ва беғаразлик тамойиллари асосида амалга оширади.


20. Махсус комиссияга комиссия аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштирадиган раис раҳбарлик қилади. Қабул комиссияси раиси ўринбосари бир вақтнинг ўзида махсус комиссия раиси ҳисобланади.


21. Дастлабки имтиҳон ҳар йили Академия қабул комиссияси томонидан белгиланадиган муддатларда ўтказилади.


22. Дастлабки имтиҳонни ўтказиш жадвали Академия қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва дастлабки имтиҳонни ўтказиш бошланишидан камида 10 кун аввал Академиянинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


23. Дастлабки имтиҳон Академия негизида зарур техник, тиббий ва бошқа шароитларни яратган ҳолда ўтказилади. Бино ва аудиториялар хавфсизлик талабларига, шу жумладан ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига тўлиқ жавоб бериши шарт.

Ҳужжатларни қабул қилиш, абитуриентлар билан суҳбатлашиш, дастлабки имтиҳонни топшириш жараёни видео ва аудио воситалар ёрдамида ёзиб олинади.


24. Дастлабки имтиҳон ёзма шаклда ўтказилади ва қуйидагиларни белгиловчи саволларнинг уч блокидан иборат бўлади:

интеллектуал даража (40 балл), мантиқий ва кенг фикрлаш, турли тушунчалар, фактларни таққослаш ҳамда уларнинг ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топиш;

маънавият ва маърифат асослари бўйича билим даражаси (30 балл), маънавият асослари, миллий ғоя ва мафкура, ҳуқуқ ва сиёсат, адабиёт, тарих, исломшунослик ва диншуносликка тааллуқли ҳамда бошқа масалалар юзасидан мантиқий ва асосли тушунтириш қобилияти;

хорижий тилларни (инглиз, француз ва немис тиллари) билиш даражаси (30 балл), Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи, географиясига тааллуқли ва бошқа соҳаларга оид масалалар юзасидан мантиқий ва асосли тушунтириш қобилияти. Бунда, хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан, IELTS бўйича камида 5,5 балл, TOEFL IBT бўйича камида 72 балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, тест DaF, GOETHE сертификата, DELF сертификата имтиҳонларидан CEFR услуби бўйича В2 минимал даражасига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган абитуриентларга ушбу саволлар блоки бўйича максимал балл берилади.


25. Дастлабки имтиҳоннинг максимал баллари миқдори 100 баллни ташкил этади. Абитуриент кириш тест синовларига рухсат берилиши учун билетдаги барча саволлар бўйича умумий баллар миқдорининг камида 50 фоизини тўплаши зарур.


26. Абитуриентларнинг тайёргарлигини баҳолаш мезонлари, дастлабки имтиҳонни ўтказиш тартиби махсус комиссия томонидан ишлаб чиқилади, Академиянинг муассислари билан келишилган ҳолда Академия ректори томонидан тасдиқланади ва Академиянинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида, шунингдек, ахборот стендларида дастлабки имтиҳонни ўтказиш муддатидан камида ўн кун аввал жойлаштирилади.

Дастлабки имтиҳон саволларини ишлаб чиқиш учун тегишли бакалавриат таълим йўналишлари бўйича малакали мутахассислар жалб этилади.


27. Дастлабки имтиҳон ушбу Низомнинг 25-бандида белгиланган саволларнинг уч блокидан иборат топшириқлар асосида ўтказилади.


28. Барча топшириқлар одатда, ягона имтиҳон талабларини (имтиҳон материалининг мос ҳажми, саволлар, мисоллар ва топшириқларнинг мураккаблик ва меҳнат талаб қилиш даражаси) ўз ичига олиши зарур.


29. Топшириқлар рўйхати қабул комиссияси томонидан дастлабки имтиҳон ўтказилишидан бир кун аввал тасдиқланади.


30. Дастлабки имтиҳон учун ажратилган вақт, шу жумладан ташкилий қисм ва ишларни топшириш вақти 3 соатни ташкил қилади.


31. Дастлабки имтиҳонни ташкил этиш учун абитуриентлар гуруҳларга бўлинади. Бунда, ҳар бир гуруҳда дастлабки имтиҳонни ташкил этиш ва унинг ўтказилишини назорат қилиш махсус комиссиянинг уч нафар вакили томонидан амалга оширилади. Махсус комиссиянинг баён шаклида тасдиқланадиган қарори асосида махсус комиссия аъзолари гуруҳларга ажратилади. Аудиторияда бошқа шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.


32. Абитуриент аудиторияга қабул комиссиясининг масъул шахси томонидан таклиф этилади. Бунда абитуриент ўз паспортини (16 ёшга тўлмаган шахслар -туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани) тақдим этиши шарт.


33. Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон ўтказиладиган аудиторияга қоғоз ёки электрон манбадаги ўқув адабиёти, луғатлар, маълумотномалар, жадваллар ва бошқа адабиётни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, конспектлар, ёзув дафтарлари, қоғоз ёки электрон шаклдаги шпаргалкалар, алоқа воситалари (жумладан, мобиль алоқа воситаси), аудио, фото ва видео ёзиш қурилмаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш қатъиян ман этилади.

Ушбу ҳолатлар имтиҳонга киришда, имтиҳон давомида ёки видеокузатувлар орқали аниқланган тақдирда, далолатнома тузилади ва абитуриент дастлабки имтиҳондан четлаштирилади ҳамда унга ушбу имтиҳон бўйича балл берилмайди.

Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон ўтказилаётган вақтда аудиториядан чиқиши тақиқланади, саломатлиги ёмонлашганда қабул комиссиясининг масъул шахси ҳамроҳлигида чиқиши бундан мустасно. Бунда ёзма имтиҳон материаллари қабул комиссиясига топширилиши шарт.


34. Дастлабки имтиҳон бошланишидан аввал махсус комиссия вакиллари абитуриентларнинг имтиҳонга келиш давоматини текширади ва шундан сўнг ёзма имтиҳон тўғрисидаги маълумотларни қайд этиш варағига тегишли ёзувлар қайд этилади.


35. Дастлабки имтиҳонга жадвал бўйича келмаган абитуриентларга бир нечта олий таълим муассасасини танлаш жараёнида Академияни танлашга рухсат берилмайди.


36. Имконияти чекланган абитуриентларга дастлабки имтиҳон умумий тартибда, уларга аудиторияга тўсиқсиз кириши учун тегишли техник шароитлар яратилган ҳолда ўтказилади.


37. Дастлабки имтиҳон натижалари махсус комиссия томонидан тузиладиган, ушбу комиссиянинг раиси ва тегишли гуруҳларда имтиҳон ўтказган аъзолари имзолайдиган баён билан расмийлаштирилади. Қабул комиссияси дастлабки имтиҳон натижалари бўйича абитуриентга қабул жараёнининг кейинги босқичларида иштирок этишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


38. Дастлабки имтиҳон натижалари тўғрисидаги маълумот Академиянинг ахборот стендларида ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида имтиҳон ўтказилгандан кейинги икки кун ичида жойлаштирилади.


39. Дастлабки имтиҳон натижалари эълон қилинганидан сўнг бир кундан кечикмаган ҳолда уларни қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилиниши мумкин.

Фуқароларнинг ушбу масала бўйича мурожаатлари қабул комиссияси томонидан абитуриент дастлабки имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилган кунидан кейинги икки кун ичида кўриб чиқилади.


40. Дастлабки имтиҳонни қайта ўтказишга йўл қўйилмайди.


41. Дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларга кириш тест синовларини (касбий (ижодий) имтиҳонларни) Академияга ўқишга кириш учун белгиланган тартибда топширишга рухсат этилади.

Академиянинг тегишли таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ ташкил этилади.


42. Абитуриентларни Академияга қабул қилиш тўғрисидаги қарор Давлат комиссияси томонидан белгиланган тартибда қабул қилинади.

Давлат комиссиясининг абитуриентлар Академияга қабул қилинганлиги тўғрисидаги қарори уларнинг дастлабки имтиҳонларда тўплаган баллари ҳисобга олинмаган ҳолда қабул қилинади.


43. Давлат комиссиясининг қарори Академия ректори томонидан абитуриентнинг Академияга қабул қилиниши тўғрисидаги буйруқни қабул қилиш учун асос ҳисобланади.


44. Академияга хорижий фуқароларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


45. Академияга ўқишга кириш учун дастлабки имтиҳонни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.


46. Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида Академиянинг бакалавриатига қабул қилиш ваколатли органларнинг карантинга оид ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда (масофавий, электрон, онлайн ва бошқа усуллар орқали) амалга оширилади.


47. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


48. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатининг

"Диншунослик" ва "Исломшунослик" таълим

йўналишларига қабул қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субьектлар


Чора-тадбирлар


Бажариш

муддатлари



I босқич

Абитуриентлар, Академиянинг қабул комиссияси


Академиянинг қабул комиссиясига ҳужжатларни тақдим этиш


Олий таълим муассасаларига ўқишга кирадиган абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш бошланган кундан 20 кун давомида









II босқич

Академиянинг махсус комиссияси


Дастлабки имтиҳонни ўтказиш


ҳар йили Академиянинг қабул комиссияси белгилайдиган муддатларда









III босқич

Академиянинг қабул комиссияси


Дастлабки имтиҳон натижаларини эълон қилиш


дастлабки имтиҳон ўтгандан кейин икки кун давомида









IV босқич

Давлат тест маркази, Академиянинг қабул комиссияси


Кириш тест синовларини, касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш


ҳар йили Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатда









V босқич

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси, Давлат тест маркази


Кириш тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш натижаларини эълон қилиш


ҳар йили Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатда



           


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 6 июнь

































Время: 0.2039
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск