ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суддан олдин низоларни хал этиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.06.2020 й. ПҚ-4754-сон "Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.06.2020 й.

N ПҚ-4754



НИЗОЛАРНИ МУҚОБИЛ ҲАЛ

ЭТИШНИНГ МЕХАНИЗМЛАРИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳада ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантириш лозимлигини тақозо этмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси сифатида баҳоланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида:

Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларини (кейинги ўринларда - Апелляция кенгаши) ташкил этиш тўғрисидаги;

жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилансинки, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.


3. Қуйидагилар Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш;

мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;

мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.


4. Белгилансинки:

Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади;

Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин;

Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади. Бунда, давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки ходимлари ҳисобланмаган Апелляция кенгаши аъзолари жами Кенгаш аъзоларининг бешдан бир қисмидан ошиб кетмаслиги лозим;

Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади;

Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.


5. Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов, М. Икрамов):

Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб борсин ҳамда тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашсин;

2021 йил 1 июлга қадар мазкур қарорнинг 2-бандига асосан жорий этилаётган эксперимент натижаларини кенг қамровли таҳлил қилган ҳолда, уни кейинчалик бошқа давлат органларида ҳам жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин.


7. Белгилансинки, қуйидагилар:

низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация маркази;

профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилиши ва фаолият юритиши мумкин.


8. Медиация маркази ва Низоларни муқобил усулда ҳал этиш марказининг (кейинги ўринларда - Марказлар) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитраж фаолиятига низоларни муқобил усулда ҳал этиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш;

медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж ишларини кўриш билан боғлиқ фаолиятга аралашмаслик принципи асосида иш юритиш;

медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитраж соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш. Бунда, медиаторларни тайёрлаш 72 соатдан кўп бўлмаган ўқув курслари бўйича амалга оширилади ва уларни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга сертификат берилади;

медиация ва низоларни муқобил ҳал этишнинг бошқа усуллари ривожланиши ва кенг оммалашувига кўмаклашиш, бу соҳада семинарлар, тренинглар ва конференциялар ташкил этиш.


9. Белгилансинки, Марказлар:

а) тингловчиларга таълим беришни ташкиллаштириш учун:

шартнома асосида олий таълим муассасаларининг малакали педагогларини, шунингдек, миллий ва хорижий медиатор, ҳакамлик судьялари ва арбитрларни ҳамда вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб этиши мумкин;

етакчи хорижий медиация ва арбитраж марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши, низоларни муқобил усулда ҳал этиш соҳасида тажриба алмашиши, шунингдек, низоларни ҳал этишга хорижий медиаторлар ва арбитрларни жалб этиши мумкин;

б) медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж фаолияти юзасидан адлия органларига ҳисоботлар топширишдан озод этилади;

в) олий маълумотга эга раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида беш нафар ходимга эга бўлишлари керак.


10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов, М. Икрамов):

а) профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражлар ўртасида доимий равишда Марказлар ташкил этилишининг ижобий тарафлари ҳақидаги тарғибот ишларини ва бу борадаги фаолиятни мониторинг қилиб борсин ҳамда ҳар чоракда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин;

б) икки ой муддатда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб:

медиаторларни тайёрлаш бўйича ўқув курсларининг намунавий дастурини ишлаб чиқсин;

Бош прокуратура билан биргаликда медиация институтининг жиноят процессига татбиқ этилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.


11. Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш марказининг улар муассислигида Тошкент медиация марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р.Давлетов, М.Икрамов) Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш маркази билан биргаликда Тошкент медиация маркази фаолиятини ташкиллаштириш ҳамда 2021 йил 1 январга қадар Тошкент медиация марказини жаҳоннинг медиация институти ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, тайёрланган бино ва жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳрида:

2020 йил 1 июлдан бошлаб, эксперимент тариқасида, давлат хизматлари марказлари биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратсин;

экспериментнинг ижобий натижалари асосида 2021 йил 1 апрелга қадар ушбу амалиётни барча давлат хизматлари марказлари биноларида татбиқ этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда профессионал медиаторликни касб сифатида Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига киритсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суди Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда профессионал медиаторлар ва ҳакамлик судлари реестрларига киритилган профессионал медиаторлар ҳамда ҳакамлик суди судьялари тўғрисидаги маълумотларнинг барча суд биноларида жойлаштирилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов, М. Икрамов) доимий равишда:

Олий суд, Ташқи ишлар вазирлиги ва Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан биргаликда профессионал медиаторлар, ҳакамлик судьяларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга масъул ходимлар учун низоларни судгача ҳал этиш бўйича илғор тажрибани ривожланган хорижий давлатларда ўрганишни ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида низоларни ҳал этишда медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитраж институтининг афзалликларига бағишланган ижтимоий роликлар, кўрсатув ва эшиттиришларни эфирга узатиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эътиборига етказиш чораларини кўрсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тегишли олий таълим муассасаларида илғор хорижий тажрибалар асосида медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж соҳалари учун низоларни ҳал этишнинг муқобил йўналишларига оид бўлган магистратура мутахассисликларини ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари У.Ш. Ташходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 18 июнь


"Халқ сўзи", 2020 йил 18 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 22 июнь, 24-сон, 262-модда






































Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск