ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Чет эл олий ўқув юртлари / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.06.2020 й. 389-сон "Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.06.2020 й.

N 389




ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ТУРКИЯНИНГ

ИҚТИСОДИЁТ  ВА  ТЕХНОЛОГИЯЛАР

УНИВЕРСИТЕТИ ФИЛИАЛИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тадбиркорлик соҳасида умумэътироф этилган халқаро талаб ва таълим стандартлари даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил февраль ойида Туркия Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг (кейинги ўринларда - муассислар) нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиалини (кейинги ўринларда - Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашиш асосида мутахассислар, илмий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;

иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва уни минтақавий таълим маркази сифатида танитиш;

мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг истиқболларига мувофиқ тадбиркорлик, иқтисодиёт, молия, корпоратив ҳуқуқ, ахборот-коммуникация технологиялари, психология соҳаларида халқаро стандартлар даражасида, жумладан, дуал таълим технологияларини қўллаган ҳолда, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;

таълим ва илмий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини қўллаб-қувватлаш;

педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ва сифатини узлуксиз ошириб бориш, Филиал профессор-ўқитувчиларининг хорижий мамлакатлардаги етакчи олий таълим муассасаларида малака оширишини ва стажировка ўташини таъминлаш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Филиал ректори муассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Филиал кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда ўқитишнинг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган асосий бакалавриат йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича барча даражадаги мутахассисларни, шу жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи юридик шахс мақомига эга бўлган олий таълим ташкилоти - Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади;

Филиал алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга бўлган, тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулки билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади;

Филиалда ўқитиш кундузги таълим шаклида, давлат ва инглиз тилида, жумладан, дуал таълим, электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Филиал томонидан тасдиқланган ўқув режалари ҳамда дастурларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Филиалда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади;

Филиалга абитуриентлар қабули ва битирувчилар аттестацияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети (кейинги ўринларда - Университет) томонидан белгиланган талаб, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университет дипломи берилади.

Филиалга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олгандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишига рухсат этилади.


4. Қуйидагилар:

Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг васийлик кенгаши таркиби 1-иловага;

Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиалини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Қуйидагилар Филиал васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Филиал фаолиятининг ташкил этилишини таъминлаш, унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, юридик, иқтисодий, ўқув-методик, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;

Филиал фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи раҳбарияти билан музокаралар олиб бориш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш;

зарур лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш, Филиални жиҳозлаш, инфратузилмасини яратиш, моддий-техник таъминлашга доир графикларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Филиал фаолиятини ташкил этиш бўйича тасдиқланган графикларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан мунтазам назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш;

таълим жараёнини, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, бакалавр ва магистрлар тайёрлаш сифатини тизимли равишда ошириш, Филиал битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозорининг кейинги ривожини ҳисобга олган ҳолда, мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилашда кўмаклашиш;

Филиал фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун хайрия, техник кўмак маблағларини (грантларни) ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

Филиалнинг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва ўқув-методик адабиётлар билан жиҳозлаш, ижтимоий инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш;

талабаларни, энг аввало, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, иқтидорли талабаларни ўқитиш учун стипендиялар ажратиш, талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва яшаш жойларида бўш вақтларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек, уларнинг дам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш;

кенг истиқболли талабаларни танлов асосида, келажакда Университетга ва соҳага ихтисослашган хориждаги бошқа етакчи таълим муассасаларига стажировка ўташга юбориш учун танлаб олишни ҳамда уларга хорижда таҳсил олиш учун махсус стипендиялар ажратишни ташкил этиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси муассислар билан биргаликда бир ой муддатда Филиалнинг устави ва тузилмаси ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


7. Ишчи гуруҳ (А. Икрамов):

2020 йил 1 августга қадар Филиалнинг бино ва иншоотлари реконструкция қилиниши, шунингдек, Филиал профессор-ўқитувчилари учун яшаш жойлари тайёрланишини;

2020 йил 31 августга қадар Филиал замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва ташкилий техника, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь, мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозланишини;

Филиал танлов асосида ишга қабул қилинадиган юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва менторлар билан тўлдирилишини таъминласин.


8. Белгилаб қўйилсинки:

а) Филиалга қабул қилиш параметрлари манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тегишли кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, муассисларнинг қўшма қарорига биноан тасдиқланади;

б) Филиал фаолияти:

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

Филиалнинг васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

в) Филиални ташкил этиш, шунингдек, таъмирлаш-тиклаш, бино ва иншоотларни зарур мебель, компьютер ва бошқа ташкилий техникалар билан жиҳозлаш бўйича ташкилий-амалий чора-тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фонди маблағлари ҳисобидан;

г) Филиал профессор-ўқитувчилари, шу жумладан хориждан жалб қилинадиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Филиал, муассислар маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

д) Филиалда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори муассислар билан келишилган ҳолда Филиал томонидан белгиланади.


9. Филиалга:

кадрларга бўлган эҳтиёж ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда таълимнинг бакалавриат босқичи асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга;

профессор-ўқитувчи ходимлар, шунингдек, педагогик ва илмий иш олиб боришга жалб этиладиган бошқа шахсларнинг меҳнати, яшаши ҳамда транспорт харажатлари учун уларга белгиланган тарифлар бўйича тўловни амалга оширишга рухсат берилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда истиқболда Филиалга ўз кампусини ташкил қилиш учун касб-ҳунар коллежларидан бирининг бино ва иншоотларини белгиланган тартибда текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш юзасидан икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритсин.


11. Филиал ўз кампуси ташкил қилингунига қадар Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 49-уй манзилидаги Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 7-биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Филиалда таълим сифатини ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.


13. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 17 июндаги

389-сон қарорига

1-ИЛОВА



Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар

университетининг Тошкент шаҳридаги

филиалининг васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

1. Гувен Сак

-

Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг Иқтисодиёт ва технологиялар университети ректори, Васийлик кенгаши раиси

2. А.И. Икрамов

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Васийлик кенгаши ҳамраиси

3. О.А. Хакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари

4. К.А. Шарипов

-

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори

5. С.М. Бузрукхонов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари

6. А.А. Агзамходжаев

-

Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси

7. У.М. Камалетдинов

-

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори

8. Жемалеттин Туней

-

Туркиянинг ҳамкорлик ва мувофиқлаш агентлигининг (TIKA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари (келишув асосида)

9. лавозимига кўра

-

Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг департамент мудири (келишув асосида)

   

Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 17 июндаги

389-сон қарорига

2-ИЛОВА



Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар

университетининг Тошкент шаҳрида филиалини

ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

   

1. А.И. Икрамов

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Ишчи гуруҳ раҳбари

2. С.М. Бузрукхонов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари

3. Ш.Ш. Шарахметов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари

4. С.Х. Бекенов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

5. У.Н. Ташкенбаев

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи

6. К.А. Шарипов

-

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори

7. Ш.И. Асадов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари

8. У.М. Камалетдинов

-

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори

9. А.А. Агзамходжаев

-

Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси

10. Юсуф Саринай

-

Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг Иқтисодиёт ва технологиялар университети проректори (келишув асосида)

11. Хакки Арда Токат

-

Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг Иқтисодиёт ва технологиялар университети "Халқаро тадбиркорлик" кафедраси мудири

12. Д.Б. Бегматова

-

Тошкент давлат иқтисодиёт унверситети Халқаро хамкорлик бўйича проректор

13. Э.Э. Рустамов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳ котиби

  

Изоҳ. Ишчи гуруҳи аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 18 июнь

















































Время: 0.2027
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск