ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаво транспорти /

Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим, тарифларни шакллантириш ва ундириш Қоидалари (АВ томонидан 13.06.2020 й. 3244-сон билан рўйхатга олинган транспорт вазирининг 01.05.2020 й. 9-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 13 июнда 3244-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

транспорт вазирининг

2020 йил 1 майдаги

9-сон буйруғига

ИЛОВA



Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво

ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун

йиғим, тарифларни шакллантириш ва ундириш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги ПФ-5584-сон "Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2019 йил 13 августдаги ПФ-5781-сон "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари ҳамда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсияларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида парвозларни амалга оширувчи ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун аэропорт ва аэронавигация йиғим ва тарифларини шакллантириш ҳамда ундириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аэронавигация хизматларини кўрсатиш (аэронавигация хизматлари) - ҳаво кемалари эксплуатантларига ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича хизматларни тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида ҳаво кемалари парвозларига аэронавигация хизматларини кўрсатиш (транзит фойдаланишда);

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромлари ҳудудида ҳаво кемаларига йўналишда (яқинлашишда) ва учиш-қўнишни таъминлашда кўрсатиладиган хизматлардан иборат аэронавигация хизматларини кўрсатиш;


максимал учиш массаси (вазни) (MTOW) - ҳаво кемасининг тонналарда акс этган, икки ўнлик белгисигача яхлитланган сертификатланган учиш вазни;


ҳаво кемаларига ер усти хизматларини кўрсатиш - ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишдан ташқари, ҳаво кемаси аэропортга учиб келиши ва аэропортдан учиб кетиши учун зарур бўлган хизматларни кўрсатиш;


ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш - парвозда маълумот хизматлари кўрсатилиши, авария тўғрисида хабар етказилиши, ҳаводаги ҳаракатга консультатив ва диспетчерлик хизматларининг кўрсатилиши (ҳудудда диспетчерлик хизматини кўрсатиш, яқинлашишда ёки аэродромда диспетчерлик хизматларини кўрсатиш);


ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги "Ўзаэронавигация" Маркази давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикасида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;


парвоз режаси (флайт план) - ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатувчи ташкилотга ҳаво кемасининг режалаштирилган парвози ёки парвознинг бир қисми тўғрисида тақдим этилган маълумотлар;


аэродром ҳудуди - горизонтал ва вертикал текисликларда белгиланган чегараларда аэродром ва унга туташган жойларнинг ҳаво ҳудуди;


ортодромия бўйича масофа - иккита нуқтани боғловчи катта айлананинг энг қисқа ёйи узунлиги;


йиғим - фуқаро авиацияси учун восита ва хизматларни тақдим этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида белгиланадиган ва ундириладиган сумма;


тариф - белгиланган хизмат кўрсатиш бирлиги нархи;


"A" шакл - Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IAТA) стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган, Ўзбекистон Республикаси аэропортларида хорижий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишда расмийлаштириладиган бажарилган ишлар далолатномаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси аэропортларининг ер усти хизматларини кўрсатиш тўғрисида тузиладиган намунавий келишувига илова қилинади;


"Р" шакл - парвозларни бажариш даври, ҳаво кемасининг аэропортга учиб келиши ва кетиши санаси, вақти, ҳаво кемасининг тури ва йўловчи ташиш сиғими, авиаташувчига парвозларни бажариш ҳуқуқларини берадиган ҳамда Авиация маъмурияти томонидан тасдиқланадиган парвозлар жадвали.


2. Аэропорт ва аэронавигация йиғим ва тарифлари Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ва ҳаво ҳудудида хизмат кўрсатиш учун белгиланади ҳамда мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда эксплуатант давлати томонидан берилган эксплуатант сертификатига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳаво қатнови тўғрисидаги халқаро шартномалари асосида тақдим этилган тегишли рухсатномаларга эга бўлган республика ва хорижий ҳаво кемалари эксплуатантларидан ундирилади.


3. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим ва тарифлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсияларига мувофиқ шакллантирилади.


4. Аэронавигация йиғимлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида ҳаво кемалари парвозларига кўрсатилган хизматлар учун ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган томонидан Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилотининг (EUROCONTROL) Йўналишда аэронавигация хизматлари учун йиғимларни ҳисоблаш асосини яратиш ва хизмат кўрсатиш бирлигига тарифларни ҳисоблаш принциплари методикасига (Doc 99.60.01, 1999 йил 1 февраль) мувофиқ шакллантирилади.


5. Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ва ҳаво ҳудудида фуқаро авиацияси корхоналари томонидан ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун қўлланиладиган аэропорт ва aэронавигация йиғим ва тарифлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эълон қилинади.


6. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш икки ёки ундан ортиқ ташкилот томонидан таъминланганда, ҳаво кемаларига ер усти хизматларини кўрсатиш бўйича аэропорт йиғим ва тарифлари ҳар бир ташкилот учун алоҳида тегишли хизматлар тақдим этилиши учун белгиланади. Бунда ҳаво кемалари эксплуатантлари ёки улар томонидан ваколат берилган вакиллар ушбу ташкилотлар билан ҳисоб-китобларни мустақил равишда, тегишли шартномалар асосида, шартнома бўлмаган тақдирда эса, хизмат кўрсатиш вақтида амал қилаётган тариф ва йиғимлар бўйича амалга оширади.


7. Aэропорт ва аэронавигация йиғим ва тарифлари Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишда ички ва халқаро ташувларни амалга оширадиган ҳаво кемалари учун табақалашган тарзда белгиланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг резидент эксплуатантлари учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ягона йиғим ва тарифлар белгиланади.


8. Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун aэропорт ва аэронавигация йиғим ва тарифлари ҳаво кемалари эксплуатантларига тақдим этиладиган хизматлар учунгина ундирилади.


9. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишда ундириладиган йиғим ва тарифлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари учун мажбурий тўлов ҳисобланади.


10. Аэропорт ва аэронавигация хизматларини кўрсатиш ва амалга ошириш харажатларини аниқлашда, хизматларни кўрсатиш тарифларини ҳисоблаб чиқишда фуқаро авиацияси корхоналари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низом ҳамда 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори билан тасдиқланган Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга амал қилишлари керак.


11. Мазкур Қоидаларда назарда тутилмаган йиғим ва тарифларни жорий этиш, жамлаш (консолидация) ва чиқариб ташлаш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилиши шарт.


12. Ўзбекистон Республикасининг "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ табиий монополия шароитида ишлаб чиқариладиган (реализация қилинадиган) аэропорт ва аэронавигация хизматлари (аэронавигация хизматлари соҳаси - ҳаводаги ҳаракатни бошқариш, парвозларнинг радиотехник таъминоти, аэронавигация ахборотларини тақдим этиш ҳамда аэропорт хизматлари соҳаси - самолётларнинг учишини таъминлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш, юклар, почта ва багажларга ишлов бериш хизматлари) йиғим ва тарифларини ёки уларнинг максимал (энг юқори) даражасини белгилаш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. AЭРОПОРТ ЙИҒИМ ВА ТАРИФЛАРИ


1-§. Ўзбекистон Республикаси aэропортларида

ер усти хизматларини кўрсатиш учун йиғим

ва тарифларни шакллантириш


13. Aэропортда қуйидаги ер усти хизматларини кўрсатиш учун йиғим ва тарифлар ундирилади:

1) учиш ва қўнишни таъминлаш йиғими;

2) тунги вақтда ҳаво кемаси учиш-қўнишини таъминлаш йиғими;

3) aвиация хавфсизлигини таъминлаш йиғими;

4) йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш йиғими;

5) юк, почта хавфсизлигини таъминлаш йиғими;

6) меъёрдан ортиқ вақт давомида тўхтаб туриш йиғими;

7) аэровокзалдан фойдаланиш йиғими;

8) учиб кетишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи;

9) учиб келишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи;

10) белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган багажга хизмат кўрсатиш тарифи;

11) юкларга ишлов бериш тарифи;

12) почтага ишлов бериш тарифи;

13) авиакомпаниялар томонидан аэропортда йўловчиларни рўйхатга олиш тизимидан фойдаланиш тарифи;

14) телескопик трапни тақдим этиш тарифи;

15) ҳаво кемасига регламент шакллари бўйича техник хизмат кўрсатиш тарифи;

16) ҳаво кемасини қабул қилиш ва парвозга тайёрлашни таъминлаш тарифи;

17) ҳаво кемасининг ичини тозалаш тарифи;

18) метеотаъминот тарифи;

19) парвозолди маълумот бюллетенини (ПМБ) тақдим этиш тарифи;

20) aвиация ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш тарифи;

21) йўловчиларга махсус хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар тарифи;

22) ногиронлар аравачасини тақдим этиш тарифи;

23) йўловчиларнинг иммиграция назорати бўйича хизматлар тарифи;

24) экипажни етказиш учун транспорт тақдим этиш тарифи;

25) экипажни меҳмонхонага етказиш учун транспорт тақдим этиш тарифи;

26) ҳаво кемасини шахсий қўриқлаш тарифи;

27) ҳаво кемаларини жойлаштириш тарифи;

28) ҳаво кемасини шатакка олиш тарифи;

29) санитария узелларида (ҳожатхоналар) хизмат кўрсатиш тарифи;

30) ичимлик суви билан таъминлаш тарифи;

31) электр энергиясини етказиш тарифи;

32) ҳаво ҳароратини сақлаш (иситиш) тарифи;

33) ҳаво кемаларини техник воситалардан фойдаланган ҳолда ташқаридан қор ва муздан тозалаш тарифи;

34) авиадвигателларга мой қуйиш (тўкиш) тарифи;

35) тизимни кислород билан таъминлаш тарифи;

36) тизимни азот ёки сиқилган ҳаво билан таъминлаш тарифи;

37) авиадвигателларнинг махсус ускуна ёрдамида ҳаво орқали ишга туширилишини таъминлаш тарифи;

38) ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча ишларни бажариш учун ходимлар билан таъминлаш тарифи;

39) автонарвон, автокранни тақдим этиш тарифи;

40) ҳаво кемасини кузатиб борувчи транспорт воситасини тақдим этиш тарифи;

41) тез ёрдам машинасини тақдим этиш тарифи;

42) ногиронлиги бўлган шахслар учун транспорт воситасини (автолифтни) тақдим этиш тарифи;

43) aэропортнинг иш регламентини узайтириш йиғими;

44) слотларни бузганлик учун йиғим;

45) ҳаво кемасини борт таомлари билан таъминлаш тарифи.


14. Учиш-қўнишни таъминлаш йиғими ҳаво кемаларининг aэродромга қўниши ва учишини таъминлаш, шу жумладан, қуйидаги хизматлар учун белгиланади:

а) учиш-қўниш йўлаги, ҳаракатланиш йўлаклари ва перронларни тақдим этиш;

б) аэродромни ёритиш (техник таъминоти);

в) аэропорт ҳудудида ер усти қидирув-қутқарув таъминоти;

г) аэропорт ҳудудида авариядан қутқариш ва ёнғинга қарши курашиш таъминоти;

д) аэропорт ҳудудида парвозлар хавфсизлигининг орнитологик таъминоти;

е) қўнишдан кейин ҳаво кемасига аэродромда 3 соат давомида, қўниш аэропортида ишлов бериш (юк ортиш ва/ёки тушириш) лозим бўлган юк (почта) мавжуд бўлганда юк ташувчи ҳаво кемаларига 6 соат давомида тўхтаб туриш жойини тақдим этиш.

Йиғим тарифи ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификатида кўрсатилган максимал учиш массасининг ҳар бир тоннаси учун белгиланади ва ҳаво кемаси учиб кетиши олдидан ундирилади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификатида кўрсатилган максимал учиш массаси асосида ҳисобланади.

Ҳар бир ҳаво кемасининг учиши ва қўниши битта хизмат сифатида баҳоланади.


15. Тунги вақтда ҳаво кемасининг учиш-қўнишини таъминлаш йиғими 1 октябрдан 31 мартгача маҳаллий вақт билан 17.00 дан 08.00 гача ва 1 апрелдан 30 сентябргача маҳаллий вақт билан 20.00 дан 06.00 гача амалга оширилган ҳар бир қўниш ёки учиш учун учиш-қўнишни таъминлаш йиғимининг 20 фоизгача бўлган миқдорида қўшимча тўлов ундирилади, бунда қўниш ҳам, учиш ҳам тунда амалга оширилишидан қатъи назар бир маротаба ундирилади.


16. Авиция хавфсизлиги мақсадида ундириладиган аэропорт йиғимлари, қуйидаги хизматлар учун олинади:

а) фуқаро авицияни ноқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоя қилиш;

б) аэропортнинг назоратдаги ҳудудини, аэропорт фаолиятини таъминловчи объектларни ва фуқаро авиацияси ҳаво кемаларини қўриқлаш;

в) ҳаво кемаси экипажлари аъзоларини авиация хавфсизлиги бўйича текширувидан ўтказиш;

г) ҳаво кемалари, борт захиралари, борт озиқ-овқатларини авиация хавфсизлиги бўйича текширувидан ўтказиш;

д) йўловчиларни, кўл юкларини ва багажларни авиация хавфсизлигига текширувидан ўтказиш;

е) почта, юк ва тезкор жўнатмаларни авиация хавфсизлиги бўйича текширувидан ўтказиш.

Авиция хавфсизлиги учун аэропорт йиғимлари миқдори аэропорт томонидан белгилайди.


17. Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида авиция хавфсизлиги учун аэропорт йиғимлари:

а) аэровокзал комплексларида йўловчилар оқимини теле ва видео воситалар

орқали кузатиш;

б) махсус воситаларни қўллаш ва ностандарт вазиятларга нисбатан зудлик билан муносабат билдиришга қодир бўлган ходимларни жалб этиш учун белгиланади.

Йиғим Ўзбекистон Республикасидан ташқарига учиб кетаётган икки ва ундан катта ёшдаги ҳар бир йўловчи учун белгиланади.

Тўлов белгиланган йиғим ва учиб кетаётган икки ва ундан катта ёшдаги йўловчилар сони асосида ҳисобланади.


18. Юк, почта хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ундириладиган авиция хавфсизлиги учун аэропорт йиғимлари:

а) рентген ускунасидан фойдаланган ҳолда авиация хавфсизлигига текширувидан ўтказиш;

б) портловчи моддаларни аниқлаш тизимидан фойдаланган ҳолда авиация хавфсизлигига текширувидан ўтказиш;

в) қўлда текшириш;

г) юкка (почтага) тегилишининг олдини олиш мақсадида теле ва видео воситалар орқали кузатиш учун белгиланади.

Йиғим Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жўнатилган, ишлов берилган юкнинг (почтанинг) ҳар бир тоннаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган йиғим ва ишлов берилган юк, почтанинг юкхатларида қайд этилган миқдори асосида ҳисобланади.


19. Меъёрдан ортиқ вақт давомида тўхтаб туриш йиғими йўловчи ташувчи ҳаво кемаларига қўнгандан кейин аэродромда 3 соатдан ортиқ, юк ташувчи ҳаво кемаларига қўниш аэропортида ишлов бериладиган (юк ортиш ва/ёки тушириш) юк (почта) мавжуд бўлганда 6 соатдан ортиқ вақтга тўхтаб туриш жойини тақдим этиш учун белгиланади.

Йиғим тарифи ҳар 24 соат ёки унинг бир қисми учун учиш-қўниш йиғимининг 25 фоизигача бўлган миқдорда белгиланади.

Йиғим белгиланган тариф ва ҳаво кемасининг меъёрдан ортиқ тўхтаб туриш вақти асосида белгиланади. Меъёрдан ортиқ тўхтаб туриш вақти ҳаво кемасининг норматив вақтига ва яна 15 дақиқага камайтирилган (ерда ҳаракатланиш) қўниш ва учиш вақти ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади.


20. Аэровокзалдан фойдаланиш йиғими аэровокзал ҳудуди ва биносида учиб кетаётган йўловчиларга (аэропорт ҳудудига келгандан бошлаб рўйхатдан ўтиш бошлангунча) ва учиб келаётган йўловчиларга (ҳаво кемасидан аэровокзалга келган вақтдан бошлаб аэропорт ҳудудидан чиқиб кетгунча) белгиланган технологияга мувофиқ сервис хизматларини кўрсатиш, шу жумладан:

а) вокзал олди ҳудудини тақдим этиш;

б) вестибюль, маълумот-ахборот зонаси, хоналар ва кутиш жойларини тақдим этиш;

в) йўловчиларга шартли қўшимча хизматларни кўрсатиш хоналарини тақдим этиш (она ва бола хоналари, тиббий ёрдам пункти, ҳожатхона ва фойдаланиш учун алоҳида тўлов ундирилмайдиган бошқа хоналар);

г) йўловчиларни ахборот (маълумот) билан таъминлаш учун белгиланади.

Йиғим учиб кетаётган ҳар бир икки ва ундан катта ёшдаги йўловчига белгиланади. Тўлов учиб кетаётган икки ва ундан катта ёшдаги йўловчилар сони ва белгиланган йиғим асосида ҳисобланади.


21. Учиб кетишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи учиб кетаётган йўловчиларни рўйхатга олиш ва ҳаво кемасига чиқариш (шу жумладан, транзит зоналарда хизмат кўрсатиш) ҳамда белгиланган меъёр доирасида багажга ишлов бериш чоғида тақдим этиладиган хизматлар, шу жумладан:

а) йўловчиларни рўйхатга олиш, багаж вазнини ўлчаш ва расмийлаштириш;

б) йўловчилар паспорт ва божхона назоратидан ўтишини таъминлаш учун техник воситаларни тақдим этиш;

в) багажни транспорт воситаларига жойлаш;

г) багажни ортиш, тушириш, аэровокзал биноси ва ҳаво кемаси ўртасида транспортда ташиш ҳамда багажни бериш;

д) рейс натижаларини умумлаштириш ва топшириш, юклаш учун ҳаво кемасининг багаж люклари рақамлари тўғрисидаги маълумотларни етказиш, бўш жойлар мавжудлигини аниқлаш, рўйхатга олиш натижаларини умумлаштириш, дастлабки ва якуний босқичда йиғма юклаш ведомостини тузиш, рейс ҳужжатларини расмийлаштириш, ҳужжатларни экипажга етказиш, ҳаво кемасига юкланишни назорат қилиш;

е) йўловчиларни йиғиш ва ҳаво кемасигача кузатиб бориш, ҳаво кемасига чиққанидан кейин йўловчилар сонини текшириш;

ж) йўловчиларни ҳаво кемасигача етказиш ва ҳаво кемасига чиқаришни таъминлаш учун ходимлар, техник ва транспорт воситаларини тақдим этиш;

з) ҳаво кемасининг тижорат юкланиши тўғрисидаги маълумотларни бориш белгиланган аэропортга етказиш учун белгиланади.

Тариф учиб кетаётган икки ва ундан катта ёшдаги ҳар бир йўловчи учун белгиланади. Тўлов учиб кетаётган икки ва ундан катта ёшдаги йўловчилар сони ва белгиланган тариф асосида ҳисобланади.


22. Учиб келишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи учиб келаётган йўловчиларни кутиб олиш ва аэровокзал биносигача кузатиб бориш, багажга ишлов бериш чоғида кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан:

а) йўловчиларни ҳаво кемасидан тушириш ва аэровокзал биносигача етказишни таъминлаш учун ходимлар, техник ва транспорт воситаларини тақдим этиш;

б) учиб келаётган йўловчиларни кутиб олиш ва аэровокзалгача кузатиб бориш;

в) йўловчилар паспорт ва божхона назоратидан ўтишини таъминлаш учун техник воситаларни тақдим этиш;

г) багажни тушириш ва ҳаво кемаси билан аэровокзал биноси ўртасида транспортда ташиш, шунингдек, багажни бериш;

д) багажни қидириш хизматлари;

е) рейс натижаларини умумлаштириш ва топшириш учун белгиланади.

Тариф учиб келаётган икки ва ундан катта ёшдаги ҳар бир йўловчи учун белгиланади.

Тўлов учиб келган икки ва ундан катта ёшдаги йўловчилар сони ва белгиланган тариф асосида ҳисобланади.


23. Белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган багажга хизмат кўрсатиш тарифи белгиланган меъёрдан ортиқ багажга ишлов бериш хизматлари, шу жумладан:

а) меъёрдан ортиқ багаж вазнини ўлчаш ва расмийлаштириш;

б) меъёрдан ортиқ багажни транспорт воситаларига жойлаш;

в) меъёрдан ортиқ багажни аэровокзал биносидан ҳаво кемасигача бориш ва қайтишда транспортда ташиш;

г) меъёрдан ортиқ багажни ҳаво кемасига/дан ортиш, тушириш;

д) меъёрдан ортиқ багажни бериш;

е) ҳужжатларни расмийлаштириш учун белгиланади.

Бепул багаж меъёри ҳар бир эксплуатант томонидан мустақил равишда белгиланади ва аэропорт ходимлари эътиборига белгиланган тартибда етказилади.

Тариф учиб кетишда хизмат кўрсатилган белгиланган меъёрдан ортиқ багажнинг ҳар бир тоннаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган меъёрдан ортиқ жўнатилаётган багаж миқдори ҳамда белгиланган тариф асосида ҳисобланади.


24. Юкларга ишлов бериш тарифи етказилган ва жўнатилаётган юкларга ер устида ишлов беришда кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан:

а) вазнни ўлчаш ва белги қўйиш (маркировка);

б) омборда саралаш, шу жумладан, юк қабул қилувчилар бўйича саралаш, ҳужжатларни расмийлаштириш;

в) рейслар бўйича комплектларни шакллантириш, шу жумладан, контейнер ва поддонларга жойлаштириш, комплектларга ажратиш;

г) белгиланган муддатларда қисқа вақт сақлаш;

д) ҳаво кемасига олиб бориш ва ундан олиб қайтишда транспортда ташиш учун перрондаги юклаш-тушириш воситаларига ортиш-тушириш;

е) ҳаво кемасига транспортда олиб бориш ва олиб қайтиш;

ж) ҳаво кемасига юкланишни назорат қилиш;

з) ҳаво кемасига/дан юклаш ва тушириш учун белгиланади.

Тариф ишлов берилган (етказилган ёки жўнатилаётган) юкнинг ҳар бир тоннаси, шу жумладан, аэропорт ҳудудида транспорт воситасидан тушириш, транспорт воситасига юклаш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ишлов берилган юкнинг (етказилган ёки жўнатилаётган) юкхатида кўрсатилган вазни асосида ҳисобланади.


25. Почтага ишлов бериш тарифи етказилган ва жўнатилаётган почтага ер устида ишлов беришда кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан:

а) вазнни ўлчаш ва белги қўйиш (маркировка);

б) омборда саралаш, шу жумладан, юк қабул қилувчилар бўйича саралаш, ҳужжатларни расмийлаштириш;

в) рейслар бўйича комплектларни шакллантириш, комплектларга ажратиш;

г) белгиланган муддатларда қисқа вақт сақлаш;

д) ҳаво кемасига олиб бориш ва ундан олиб қайтишда транспортда ташиш учун перрондаги юклаш-тушириш воситаларига ортиш-тушириш;

е) ҳаво кемасига транспортда олиб бориш ва олиб қайтиш;

ж) ҳаво кемасига юкланишни назорат қилиш;

з) ҳаво кемасига/дан юклаш ва тушириш учун белгиланади.

Тариф ишлов берилган (етказилган ёки жўнатилаётган) почтанинг ҳар бир тоннаси, шу жумладан, аэропорт ҳудудида транспорт воситасидан тушириш, транспорт воситасига юклаш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ишлов берилган (етказилган ёки жўнатилаётган) почтанинг почта юкхатида кўрсатилган вазни асосида ҳисобланади.


26. Авиакомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси аэропортларида йўловчиларни рўйхатга олиш тизимидан фойдаланиш тарифи ҳар бир учиб кетаётган йўловчи учун белгиланади.

Тўлов учиб кетаётган йўловчилар сони ва белгиланган тариф асосида ҳисобланади.


27. Телескопик трапни тақдим этиш тарифи битта телескопик трапнинг ҳаво кемасига ҳар бир етказилиши учун белгиланади. Тўлов етказиб беришлар сони ва белгиланган тариф асосида ҳисобланади.


28. Ҳаво кемасига техник хизмат кўрсатиш регламент шакллари бўйича техник хизмат кўрсатиш тарифи транзит A-I шакли бўйича техник хизмат кўрсатиш регламентида белгиланган мажбурий ишлар комплекси бўйича ёки хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг тури ва/ёки учиш массасига кўра шу каби мақсадлар учун мўлжалланган регламентнинг бошқа шакллари бўйича ҳаво кемалари парвозларига муҳандислик-авиация хизматлари кўрсатилиши учун белгиланади (экипаж ёки буюртмачи талабномасига биноан амалга ошириладиган қўшимча ишлардан ташқари).

Тариф ҳаво кемаси тури бўйича ва/ёки хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатиш сони асосида ҳисобланади.


29. Ҳаво кемасини қабул қилиш ва парвозга тайёрлашни таъминлаш тарифи ҳаво кемасини қабул қилиш ва парвозга тайёрлашни таъминлаш бўйича кўрсатилган хизматлар, шу жумладан:

а) тўхтаб туриш жойини тайёрлаш ва тўхтаб туриш жойида ҳаво кемасини қабул қилиш;

б) шасси ғилдираклари остига тўхтатиш колодкаларини ўрнатиш;

в) тўхтатиш колодкаларини йиғиб олиш;

г) ҳаво кемасини ерга сим билан улаш;

д) ҳаво кемаси билан боғланиш мосламаси ёки перрон ва экипаж кабинаси ўртасидаги радиоалоқа орқали экипаж билан алоқа ўрнатиш;

е) двигателлар ишга туширилишини назорат қилиш;

ж) ҳаво кемаси ҳаракатланишига рухсат бериш;

з) ҳаво кемасининг тўхтаб туриш жойидан чиқиш ҳаракатини назорат қилиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемаси тури бўйича ва/ёки хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони асосида ҳисобланади.


30. Ҳаво кемасининг ичини тозалаш тарифи ҳаво кемаси ичини тозалаш технологиясида назарда тутилган комплекс ишларни таъминлаш, шу жумладан:

а) чиқиндиларни чиқариб ташлаш;

б) креслолар суянчиғининг чўнтаклари ва юқоридаги багаж полкаларидан чиқиндиларни чиқариб ташлаш;

в) йўловчи креслолари, улардаги жиҳозларни тозалаш ва тартибга келтириш, шу жумладан, хавфсизлик камарларини текислаш ва пледларни тарқатиш;

г) креслоларнинг бош қисми учун бир марталик салфеткаларни алмаштириш;

д) полларни тозалаш, шу жумладан, ишни махсус ускуналардан фойдаланган ҳолда (чангютгич) амалга ошриш;

е) чиқиндиларни чиқариб ташлаш ва йўқ қилиш учун белгиланади.

Тариф хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов хизмат кўрсатиш сони ва белгиланган тариф асосида ҳисобланади.

Креслоларнинг бош қисми учун бир марталик салфеткалар қиймати тарифга киритилмайди.


31. Метеотаъминот тарифи Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг метеорология таъминоти бўйича норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳажмда аэропортларда экипажларга метеорология маълумотини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳар бир учиш-қўниш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва учиш-қўнишлар сони асосида ҳисобланади.


32. Парвозолди маълумот бюллетенини (ПМБ) тақдим этиш тарифи ҳаво кемаси экипажларига парвозларни ер усти аэронавигация маълумотлари билан таъминлаш, шу жумладан, аэродромлар ва ҳаво трассалари бўйича аэронавигация маълумотларини ҳамда аэронавигация вазиятидаги ўзгаришларни шакллантириш ва тақдим этиш (шартнома асосида ёки ҳаво кемаси эксплуатанти талабномаси бўйича) хизматларини кўрсатиш учун белгиланади.

Тариф ушбу аэропортдан ҳаво кемасининг ҳар бир учиш-қўниши учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф асосида мазкур аэропортдан ҳаво кемаларининг ҳақиқий учиш-қўниш сони бўйича ҳисобланади.


33. Aвиация ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш тарифи ҳаво кемаларини ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш бўйича комплекс хизматларни тақдим этиш, шу жумладан:

а) ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашни ташкил этиш;

б) ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш;

в) ёқилғи-мойлаш материаллари сифатини таҳлил қилиш;

г) ёқилғи-мойлаш материалларини қабул қилиш ва бериш;

д) ҳаво кемаларига ёқилғи-мойлаш материалларини қуйиш учун ходимлар ва техник воситаларни тақдим этиш;

е) фуқаро авиациясида қабул қилинган талаб ва қоидаларга ҳамда ҳаво кемаларини ёқилғи билан таъминлаш бўйича белгиланган хизмат кўрсатиш технологиясига мувофиқ бошқа хизматлар учун белгиланади.

Тариф қуйилган ёқилғи-мойлаш материалларининг ҳар бир тоннаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва қуйилган ёқилғи-мойлаш материаллари миқдори (тонна) асосида ҳисобланади. Бир тонна ёқилғи-мойлаш материалларининг нархи алоҳида белгиланади ва ушбу тарифга киритилмайди.


34. Йўловчиларга махсус хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар тарифи ихтисослашган зоналар, секторлар ва юқори қулайликларга эга хоналар ҳамда алоҳида муҳим шахслар хоналари орқали учиб келаётган ва кетаётган йўловчиларга аэропортнинг ички технологиясига биноан махсус сервис хизматларини кўрсатиш бўйича хизматлар учун белгиланади.

Тариф учиб келаётган ёки кетаётган (белгиланган имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда) ҳар бир йўловчи учун махсус хизмат кўрсатиш секторлари бўйича алоҳида белгиланади.

Тўлов кетаётган ёки келаётган йўловчилар сони ва белгиланган тариф бўйича қуйидаги тартибда ҳисобланади:

а) икки ёшгача бўлган болалар учун тўлов олинмайди;

б) катталар билан бирга бўлган икки ёшдан ўн икки ёшгача бўлган болалар учун тўлов белгиланган тарифнинг 50 фоизигача миқдорида ундирилади;

в) катталар билан бирга бўлмаган икки ёшдан ўн икки ёшгача бўлган болалар учун тўлов тўлиқ тариф бўйича ундирилади;

г) ўн икки ёш ва ундан катта ёшдаги йўловчилар учун белгиланган тариф бўйича ундирилади.


35. Ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини тақдим этиш тарифи учиб кетишда ҳаво кемаси трапигача ёки учиб келишда трапдан аэровокзалдан чиқишгача жисмоний имкониятлари чекланган йўловчиларни кузатиб бориш учун белгиланади.

Аэропорт кузатувчиси билан ногиронлиги бўлган шахслар аравачаси фақатгина рўйхатга олиш жойидан текшириш пунктлари орқали ҳаво кемаси трапигача тақдим этилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар аравачасида ҳаракатланадиган йўловчилар учун самолётга чиқишда устуворлик ҳуқуқи тақдим этилади.

Тариф битта ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини бир марта тақдим этиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади.


36. Иммиграция назорати бўйича хизматлар тарифи махсус техник воситалар ёрдамида йўловчиларнинг бориши белгиланган мамлакатга йўловчилар кириши қонунийлигининг иммиграция назоратини амалга ошириш хизмати учун белгиланади.

Тариф ҳар бир кетаётган йўловчи учун белгиланади. Тўлов учиб кетаётган йўловчилар сони ва белгиланган тариф асосида ҳисобланади.

Иммиграция назорати хизмати алоҳида шартнома асосида тақдим этилади.


37. Экипажни етказиш учун транспорт тақдим этиш тарифи экипажни аэропорт ҳудудида ҳаво кемасига олиб бориш ва ҳаво кемасидан олиб қайтиш учун ходимлар ва транспорт воситалари билан таъминлаш учун белгиланади.

Тариф экипаж аъзолари сонидан, фойдаланилаётган транспорт воситаси ва ҳаво кемаси туридан (маркасидан) қатъи назар экипажга ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемасининг учиб келиши ёки учиб кетишида транспорт воситаларини етказиб бериш сони бўйича ҳисобланади.


38. Экипажни меҳмонхонага етказиш учун транспорт тақдим этиш тарифи экипажни аэропортдан ташқаридаги меҳмонхонага етказиш учун ходимлар ва транспорт воситаларини тақдим этишда белгиланади.

Тариф транспорт воситаси туридан қатъи назар экипажга ҳар бир хизмат кўрсатиш (меҳмонхонага ёки меҳмонхонадан рейсга етказиш) учун белгиланади.


39. Ҳаво кемасини қўриқлаш тарифи ҳаво кемасининг туридан қатъи назар уни қўриқлашнинг ҳар бир соати учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемасини қўриқлаш вақти бўйича ҳисобланади, бунда соатнинг ҳар қандай қисми кўпайишга қараб тўлиқ соатгача яхлитланади.


40. Ҳаво кемаларини жойлаштириш тарифи аэродромда ҳаво кемаларини жойлаштиришда тўхтаб туриш жойини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасининг максимал учиш массасига кўра ҳар бир сутка ёки унинг бир қисми учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемаси тўхтаб турган суткалар сони бўйича ҳисобланади, бунда сутканинг ҳар қандай қисми бутун суткагача кўпайишга қараб яхлитланади.


41. Ҳаво кемасини шатакка олиш тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъи назар, ҳаво кемасини шатакка олишни таъминлаш бўйича комплекс хизматлар ва техник воситаларни тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф, тақдим этилган техник воситалар туридан (маркасидан) қатъи назар, ҳар бир шатакка олиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатиш сони бўйича ҳисобланади.


42. Санитария узелларида (ҳожатхоналар) хизмат кўрсатиш тарифи ҳаво кемаси санузелларида (ҳожатхоналарида) хизмат кўрсатиш бўйича комплекс ишларни таъминлаш, шу жумладан, ҳаво кемаси туридан қатъи назар санузелларни (ҳожатхоналарни) оқизиш (бўшатиш, тозалаш, ювиш) ва сув билан тўлдириш, чиқиндиларни чиқариб ташлаш ва утилизация қилиш учун белгиланади.

Тариф ҳар бир ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф бўйича ҳисобланади.


43. Ичимлик суви билан таъминлаш тарифи ҳаво кемасига ичимлик суви қуйишни таъминлаш бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф битта ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф бўйича ҳисобланади.


44. Электр энергиясини етказиш тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъи назар, ҳаво кемасига электр энергиясини етказиб беришни таъминлаш бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф электр таъминот манбаи туридан қатъи назар ҳаво кемасига электр энергия етказишнинг ҳар бир дақиқаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва электр энергиясини етказиш вақти асосида ҳисобланади.


45. Ҳаво ҳароратини сақлаш (иситиш) тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъи назар, ҳаво кемасининг ҳарорати сақланишини (иситиш) таъминлаш бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво ҳароратини сақлашнинг ҳар бир дақиқаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатиш вақтининг миқдори бўйича ҳисобланади.


46. Ҳаво кемаларини техник воситалардан фойдаланган ҳолда ташқаридан қор ва муздан тозалаш тарифи ҳаво кемасини ташқаридан тозалашни таъминлаш бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасининг максимал учиш массасига кўра ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади.

Махсус суюқликнинг хизмат кўрсатиш вақтида алоҳида белгиланган нархи ушбу тарифга киритилмайди.


47. Авиадвигателларга мой қуйиш (тўкиш) тарифи ҳаво кемаси туридан қатъи назар хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади. Мойнинг хизмат кўрсатиш вақтида алоҳида белгиланган нархи ушбу тарифга киритилмайди.


48. Тизимни кислород билан таъминлаш тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъи назар, ҳаво кемаси тизимини кислород билан таъминлаш бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади.


49. Тизимни азот ёки сиқилган ҳаво билан таъминлаш тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъи назар, ҳаво кемаси тизимини азот ёки сиқилган ҳаво билан таъминлаш бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади.


50. Авиадвигателларнинг махсус ускуна ёрдамида ҳаво орқали ишга туширилишини таъминлаш тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъи назар, авиадвигателларнинг махсус ускуна ёрдамида ҳаво орқали ишга туширилишини таъминлаш бўйича ишлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади.


51. Ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча ишларни бажариш учун ходимлар билан таъминлаш тарифи мутахассисликлар ва малака даражалари бўйича тақдим этилган ҳар бир ишчи учун белгиланади.

Тариф бир нафар ишчининг бир киши/соати учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва мутахассиснинг иш вақти бўйича ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун ҳисобланади.

Ҳаво кемасига техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча ишларни бажариш вақтида тақдим этилган материалларнинг амалдаги қонунчиликка биноан алоҳида белгиланган нархи ушбу тарифга киритилмайди.


52. Автонарвон, автокранни тақдим этиш тарифи ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш учун автонарвон, автокран ёки бошқа шу каби кўтарувчи ускуналарни тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳар бир транспорт воситасини тақдим этиш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва тақдим этилган транспорт ёки техник воситалар сони бўйича ҳисобланади.


53. Ҳаво кемасини кузатиб борувчи транспорт воситасини тақдим этиш тарифи экипажнинг талабномаси бўйича ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳаво кемасини кузатиб борувчи машинанинг ҳар бир тақдим этилиши учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва кузатиб боришлар сони бўйича ҳисобланади.


54. Тез ёрдам машинасини тақдим этиш тарифи ҳаво кемасига тез ёрдам машинасининг ҳар бир етказилиши учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади.


55. Ногиронлиги бўлган шахслар учун транспорт воситасини (автолифт) тақдим этиш тарифи битта ногиронлиги бўлган шахслар машинасининг ҳаво кемасига ҳар бир етказилиши учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича ҳисобланади. Ногиронлиги бўлган шахснинг ҳаво кемасидан/гача босган йўли ушбу тарифга киритилмайди.


56. Aэропортнинг иш регламентини узайтириш йиғими аэропортнинг эълон қилинган ва тасдиқланган иш регламенти доирасидан четга чиқишлар сабабли юзага келган ҳолларда маҳаллий вақт бўйича белгиланган ренгламентдан ортиқ вақт давомида ҳаво кемаси эксплуатантларига хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Ҳаво кемасини қабул қилиш учун аэропортнинг иш регламентини узайтириш тўғрисидаги талабнома ҳаво кемаси эксплуатанти томонидан ҳаво кемасининг келиш ва унга хизмат кўрсатиш вақтини, учиб кетиш учун эса, ҳаво кемасининг аэродром ҳудудидан учиб кетиш вақтини ҳисобга олган ҳолда аэропорт ишлаб чиқариш диспетчерлик хизматига берилади.

Йиғим ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш мақсадида аэропортнинг иш регламенти узайтирилган вақт учун ер устида кўрсатиладиган комплекс хизматлар суммасининг 10 фоизигача миқдорида ундирилади, бундан авиация ёқилғиси мустасно.

Аэропорт иш регламентини узайтириш вақти учун тўлов ҳаво кемаси эксплуатанти томонидан белгиланган тариф бўйича амалга оширилади. Аэропорт иш регламенти 30 дақиқагача узайтирилгани учун йиғим олинмайди.


57. Слотларни бузганлик учун йиғим мунтазам йўловчи рейси ҳаво кемаси слотни бузган ҳолда қўниши учун белгиланади ва ундирилади (+/- 40 дақиқагача рухсат берилган ҳолда). Слот форс-мажор ва метеорология шароити сабабли мажбуран бузилган бўлса, йиғим ундирилмайди.


58. Ҳаво кемасини борт таомлари билан таъминлаш тарифи ҳаво кемаси турлари бўйича ҳаво кемасини борт таомлари билан таъминлаш, шу жумладан:

а) идиш-товоқлар ва ечиб олинадиган ускуналарни қабул қилиш ва ҳаво кемаси бортидан тушириш, уларни транспорт воситаларига ортиш, борт таомлари комплексига етказиш ва тушириш;

б) чиқиндиларни йўқ қилиш, идиш-товоқлар ва ечиб олинадиган ускуналарга санитария ишловини бериш;

в) борт таомлари комплексида транспорт воситаларига борт таомларини ортиш, борт таомларини ҳаво кемасига етказиш;

г) борт таомларини топшириш ва ҳаво кемаси бортига олиб чиқиш учун белгиланади.

Тариф ҳар бир учиш-қўниш учун белгиланади. Тўлов белгиланган тариф ва учиш-қўниш сони бўйича ҳисобланади.



2-§. Ер усти хизматларини кўрсатиш учун aэропорт

йиғим ва тарифларини ундириш


59. Ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғимлар аэропортлар томонидан ҳаво кемалари эксплуатантлари ёки улар томонидан ваколат берилган вакиллар билан тузилган шартномалар асосида ундирилади.


60. Ҳаво кемаси перронга қайтиши чоғида хизмат кўрсатилганда, юкланиш ҳажми жисмонан ўзгармаслиги шарти билан, хизмат кўрсатиш учун қўшимча тўлов ундирилмайди.


61. Ҳаво кемаси метеошароитлар, техник сабабларга кўра (тижорат мақсадларисиз) захира аэродромга (аэропортларга) қўнишни амалга оширганда:

йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи нархларнинг амалдаги меъёридан 50 фоиз миқдорида ундирилади;

аэровокзалдан фойдаланиш йиғими ва йўловчилар хавфсизлиги йиғими ундирилмайди.


62. Аэропортларда ҳаво кемаларига қуйиладиган ёқилғи ва бошқа ёқилғи-мойлаш материалларининг нархи рейсни бажариш санасида амал қилган нархлар асосида белгиланади.


63. Ҳаво кемалари тўхташ жойида меъёрдан ортиқ туриши ва аэропортнинг иш регламенти бузилиши учун йиғим ҳаво кемасининг аэропортдан (аэродромда) учиб кетиши (тўхтаб туриши) кечиктирилган вақти учун қуйидаги ҳолларда ундирилмайди:

а) метеошароитлар бўйича учиб кетишлар кечиктирилганда ёки учиб кетиш аэропортига қайтиб қўнишда ёхуд кейинги қўниш пунктига қадар парвоз йўналиши бўйича қўнишда;

б) аэропортнинг айби билан учиб кетишлар кечиктирилганда;

в) ёқилғи-мойлаш материалларининг йўқлиги туфайли учиб кетишлар кечиктирилганда;

г) фуқаро авиацияси фаолиятига ноқонуний аралашув ҳаракати билан боғлиқ фавқулодда вазият сабабли ҳаво кемаси мажбурий равишда қўнганда ёки учиб кетиш кечиктирилганда.


64. Жадвалдан ташқари (чартер) рейсни бажариш чоғида учиш-қўнишни таъминлаш йиғимининг 25 фоизгача кўпайтирилади.

Кетма-кет бажариладиган жадвалдан ташқари (чартер) парвозларини (ойига камида 4 та рейс) амалга оширувчи йўловчи ва юк ташиш рейсларидан "Р" шакли тасдиқлангунга қадар чартер йиғими ундирилмайди.



3-§. Ер усти хизматларини кўрсатиш учун aэропорт

йиғимларига пасаювчи коэффициентларни қўллаш


65. Аэропортлар ҳаво кемаларига ер усти хизматларини кўрсатиш учун пасаювчи коэффициентлар қўлланилган тўловни муайян давр давомида, вақтинча асосда ундириш ҳуқуқига эга.

Бунда, пасаювчи коэффициентни қўллаш ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари учун бир хил шартларда амалга оширилади.


66. Ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ер усти хизматларини кўрсатиш йиғимлари, тарифларини ундиришга, пасаювчи коэффициентлар, моддий-техник ресурслар нархларини қўллашга йўл қўйилмайди.



4-§. Йиғимлардан озод этиш


67. Табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар юзага келганда қидирув-қутқарув ишларида, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда иштирок этаётган ҳаво кемалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳаво кемалари аэропорт йиғимларидан озод этилади, бундан авиация ёқилғиси нархи мустасно.


68. Аэровокзалдан фойдаланиш йиғими қўлланилганда йўловчиларнинг қуйидаги тоифалари тўловдан озод этилади:

аэропортларда чиптасида "стоп-овер" (мажбурий тўхташ) йўқлигини англатувчи белги қўйилган, йигирма тўрт соатгача энг яқин туташувни кутаётган транзит йўловчилар;

дипломатик курьерлар.



3-БОБ. АЭРОНАВИГАЦИЯ ЙИҒИМ ВА ТАРИФЛАРИ


1-§. Аэронавигация хизматларини кўрсатиш

йиғимини шакллантириш


69. Аэронавигация йиғимлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан транзит фойдаланиш чоғида маршрутда аэронавигация хизматларини кўрсатиш ва аэродром ҳудудида (яқинлашиш ва учиш/қўнишни таъминлаш учун аэронавигация йиғими) аэронавигация хизматларини кўрсатиш учун белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан транзит фойдаланиш чоғида маршрутда ва Ўзбекистон Республикаси аэродромларига қўниш амалга оширилганда маршрутда (яқинлашишда) аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғими Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилотининг (EUROCONTROL) ҳисоб-китоб тизими бўйича белгиланади.

Aэронавигация хизматлари учун йиғим миқдори ҳаво кемасининг вазн омилига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудига кириш нуқтаси ва ҳаво ҳудудидан чиқиш нуқтаси орасидаги ортодромик масофанинг 100 километри учун белгиланиб, ички ва халқаро парвозлар учун табақалашган тарзда икки ўнлик белгисигача яхлитланади.

Ўзбекистон Республикаси аэродромларига қўниш амалга оширилганда маршрутда (яқинлашишда) аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғимини белгилаш чоғида масофа Ўзбекистон Республикаси аэродромларида ҳар бир учиш ва ҳар бир қўниш учун 20 километрга қисқартирилади.


70. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган аэропортларга/дан амалга ошириладиган ҳар қандай парвозларда учиш/қўнишни таъминлаш учун аэронавигация йиғими Ўзбекистон Республикаси аэродромларига учиш/қўнишни таъминлашда аэронавигация хизматлари тарифини ҳаво кемасининг максимал учиш массасига кўпайтириш йўли билан аниқланади.


71. Махсус авиация ишларини бажариш чоғида ҳаво кемаларига аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғими масофага қараб амалга оширилади. Оператив нуқталарда ишлаш чоғида аэронавигация хизматлари учун йиғим ушбу оператив нуқтага/дан биринчи қўниш ва сўнгги учиш учун ундирилади.

Йўналиш бўйича масофа тасдиқланган ҳаво трассалари ва маҳаллий ҳаво йўли трассалари рўйхатига мувофиқ белгиланади. Парвоз йўналиши тасдиқланган трасса ёки маҳаллий ҳаво йўли трассасидан ташқарида бўлса, масофа фактори ҳаво кемасининг крейсер тезлиги ва парвоз вақтига боғлиқ бўлади.


72. Ўқув машғулоти парвозлари чоғида ҳар бир учиш/қўниш учун тўлов тўлиқ учиш-қўнишга аэронавигация хизматлари тарифининг 20 фоизи миқдорида белгиланади. Тўлов биринчи учиш ва охирги қўниш учун амалга оширилади.


73. Парвоз режасига (флайт-план) ва ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш маълумотларига ишлов бериш тарифи ушбу аэропортдан учиб кетаётган рейслар учун ҳаво кемаси экипажи мурожаат қилгандагина белгиланади.

Тўлов ушбу рейс бўйича ишлов берилган парвоз режалари (флайт-план) миқдоридан қатъи назар ҳаво кемаси эксплуатанти мурожаатига кўра парвоз режаси (флайт-план) учун белгиланган тариф бўйича аниқланади.


74. Ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумотлар тарифи ҳаво кемаси экипажи мурожаат қилсагина, ҳаво кемасининг парвоз йўналиши бўйича белгиланади.

Тўлов ҳаво кемаси эксплуатанти мурожаатига кўра ушбу рейс бўйича ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш маълумотлари миқдоридан қатъи назар ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш маълумоти учун белгиланган тариф бўйича аниқланади.



2-§. Аэронавигация йиғимларини ундириш


75. Аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғими мулкчилик шакли, давлатга мансублиги, идоравий бўйсунишидан қатъи назар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантларидан улар томонидан ички ва халқаро ҳаво йўналишларида мунтазам ва номунтазам парвозлар амалга оширилганда Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудида аэронавигация хизматларини тақдим этиш учун ундирилади, бундан ушбу Қоидаларнинг 80 ва 81-бандларида кўрсатилган парвозлар тоифалари мустасно.


76. Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан транзит фойдаланиш чоғида йўналишда аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғимларини ундириш Ўзбекистон Республикасида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган ва Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилоти (EUROCONTROL) ўртасида тузилган келишув асосида амалга оширилади.


77. Аэродром ҳудудида аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғимлари тарифлар бўйича ҳаво кемаси эксплуатантлари ёки улар томонидан ваколат берилган вакиллар билан тузилган тўғридан-тўғри икки томонлама шартномалар асосида ундирилади. Шартнома бўлмаганда, аэронавигация йиғимлари "A" шакл асосида хизмат кўрсатиш вақтида амал қилаётган тарифлар бўйича ундирилади.



3-§. Аэронавигация хизматларини кўрсатиш тарифларига

пасаювчи коэффициентларни қўллаш


78. Ўзбекистон Республикаси резидент авиакомпаниялари авиаташувлар бозорида фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган аэронавигация хизматлари учун белгиланган тарифларга нисбатан пасаювчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқига эга бўлиб, бунда ҳаво кемаси парвозларининг такрорийлиги (частотаси) ва мунтазамлиги мезон сифатида ҳисобланади.


79. Пасаювчи коэффициентларни қўллаган ҳолда авиакомпанияларга тақдим этиладиган тарифлар вақтинча асосда, муайян даврга белгиланади.



4-§. Йиғимлардан озод этиш


80. Табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳолларда қидирув-қутқарув ишларида, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда иштирок этаётган ҳаво кемалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳаво кемалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғимларидан озод этилади.


81. Маршрутда аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғимларидан парвозларнинг қуйидаги тоифалари озод этилади:

циркуляр парвозлар;

максимал сертификатланган оғирлиги 2,0 тоннадан кам бўлган ҳаво кемаларида бажарилган парвозлар;

давлат раҳбарлари ва ҳукумат раҳбарларининг расмий миссиялари учун фойдаланиладиган парвозлар. Барча ҳолатларда бу парвозлар режасида рейснинг тегишли мақоми - Давлат раҳбари (STS/HEAD) кўринишида қайд этилиши лозим.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


82. Мазкур Қоидалар талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


83. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 22 июнь, 24-сон, 264-модда








































Время: 0.2101
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск