ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари /

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.06.2020 й. 3250-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 26.06.2020 й. 147-мҳ-сон буйруғига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 26 июнда 3250-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2020 йил 26 июндаги

147-мҳ-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари

ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссияси деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Қонуннинг 3-1-моддасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий адлия бошқармаси деб юритилади) ҳузуридаги малака комиссиялари хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилади.


2. Малака комиссияси йиғилишларининг холислиги ва одиллигини таъминлаш мақсадида, заруратга қараб, уларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бошқармаси ходимлари овоз бериш ҳуқуқисиз (кузатувчи сифатида) иштирок этиши мумкин.


2-БОБ. МАЛАКА КОМИССИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


3. Малака комиссияси ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг (бундан буён матнда Нотариал палата деб юритилади) тегишли ҳудудий бошқармаси вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари орасидан беш нафардан тўққиз нафар кишигача бўлган таркибда тоқ миқдорда тузилади.


4. Малака комиссияси таркиби тегишли ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан уч йил муддатга тасдиқланади.

Зарурат бўлганда малака комиссияси раисининг тақдимномасига кўра ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан комиссия таркиби ўзгартирилиши ёки қайта тасдиқланиши мумкин.


5. Малака комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланади ва унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.


6. Ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг нотариат соҳасига раҳбарлик қилувчи ўринбосари қоида тариқасида малака комиссияси раиси ҳисобланади.

Ҳудудий адлия бошқармаси нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бўлимининг (шўъбасининг) нотариат соҳаси бўйича масъул ходими малака комиссияси котиби (бундан буён матнда котиб деб юритилади) этиб тайинланади.

7. Малака комиссияси раиси меҳнат таътилида, хизмат сафарида бўлган вақтда ёки бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган ҳолларда ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан унинг бошқа ўринбосари вақтинча малака комиссияси раиси этиб тайинланади.


8. Малака комиссияси раиси комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақтни белгилайди, шунингдек комиссия йиғилишларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.


9. Малака комиссияси раиси комиссия ишини ташкил қилиш ва унинг ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.


10. Малака комиссияси ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


11. Малака комиссияларининг моддий-техника таъминоти тегишлилиги бўйича ҳудудий адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади.



3-БОБ. МАЛАКА КОМИССИЯСИ

ЙИҒИЛИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Малака комиссиясига лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш бўйича судга ариза киритиш масаласини кўриб чиқиш учун ҳудудий адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси раҳбарининг тақдимномаси асос бўлади.

Котиб тегишли ҳудудий адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси тақдимномаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни (бундан буён матнда ҳужжатлар деб юритилади) қабул қилиб олади ва шу куннинг ўзида Малака комиссияси йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзув киритиш орқали қайд қилади.


13. Малака комиссияси йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхатга олиш китоби ип ўтказилиб тикилган, тегишли ҳудудий адлия бошқармаси девонхонаси муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Ҳужжатларнинг сақланиши учун котиб масъул ҳисобланади.


14. Котиб комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинган ҳужжатлар ҳақида шу куннинг ўзида малака комиссияси раисини хабардор қилади.


15. Котиб комиссиянинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиши учун ҳудудий адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳар бири бўйича алоҳида комиссия аъзолари сонига мутаносиб равишда тегишли ҳужжатлар нусхаларини тайёрлайди.

16. Малака комиссияси раиси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш мақсадида малака комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтадиган кун ва вақтни белгилайди.

Бунда, ҳужжатлар бир ёки бир нечта бўлишидан қатъи назар, улар малака комиссиясига келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида малака комиссияси томонидан кўриб чиқилиши шарт.

17. Котиб комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида икки кун олдин малака комиссиясининг барча аъзоларини ҳамда лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилиши режалаштирилган нотариусни (бундан буён матнда нотариус деб юритилади) комиссия йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақт ҳақида хабардор қилади.


18. Малака комиссияси раиси комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида икки кун олдин навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтадиган кун ва вақт, шунингдек кун тартибидаги масала юзасидан Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бошқармасига ёзма ёки электрон шаклда хабар беради.

19. Нотариус унга хабар берилган кун ва вақтда комиссиянинг йиғилишида иштирок этиши мумкин.


20. Малака комиссияси йиғилишида нотариуснинг қатнашмаслиги йиғилиш ўтказишни қолдириш ёки кун тартибидаги унга тегишли масалани кўриб чиқмаслик учун асос бўлиб ҳисобланмайди.


4-БОБ. МАЛАКА КОМИССИЯСИ

ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШ


21. Малака комиссияси йиғилишида комиссия аъзолари, шунингдек нотариусдан (масаласи кўриб чиқилиши давомида) бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди, малака комиссияси раисининг рухсати билан комиссия йиғилишида кўрилаётган масала юзасидан таклиф қилинадиган шахсларни жалб этиш ҳоллари бундан мустасно.


22. Котиб йиғилишда кўриб чиқиш учун кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тайёрланган ҳужжатлар нусхаларини комиссиянинг барча аъзоларига тарқатади.


23. Раис кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича комиссияга келиб тушган ҳужжатлар мазмуни ҳақида комиссия аъзоларига алоҳида ўқиб эшиттиради.


24. Малака комиссияси кун тартибидаги ҳар бир масалани алоҳида-алоҳида муҳокама қилади. Малака комиссияси муҳокамада таклиф қилинган шахсларнинг тушунтириш ва изоҳларини эшитишга ҳақли.


25. Малака комиссияси томонидан нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш Қонуннинг 15-2-моддаси биринчи қисми ҳамда мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келадиган қоидабузарликлар ҳоллари ва улар бўйича лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатларига асосан амалга оширилади.

Бунда, нотариус томонидан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ қоидабузарликлар ҳоллари ва муддатларида назарда тутилган қоидабузарликларнинг бир нечтаси содир этилганлиги аниқланган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш аниқланган қоидабузарликлар учун белгиланган энг кўп муддат доирасида амалга оширилади.


26. Малака комиссияси томонидан нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш Қонуннинг 15-3-моддаси иккинчи қисмига асосан амалга оширилади.

Қоидабузарлик содир этилганлиги учун малака комиссиясининг нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир йил давомида нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ёки Нотариусларнинг касб этикаси қоидалари ёхуд нотариал ҳаракатларнинг сири ва нотариус қасамёдини такроран бузилганлиги мунтазам равишда қоидабузарлик содир этилган деб ҳисобланади.

Қуйидаги қоидабузарликлар нотариуснинг бир марта қўпол равишда қоидабузарлик содир этилганлиги деб ҳисобланади:

нотариал ҳаракатларнинг махфийлигига риоя қилинмаганлиги;

бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилган ва (ёки) хатланган мол-мулкни тасарруф этиш тўғрисида битимнинг тасдиқланганлиги,

нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда нотариус имзосининг факсимилесидан фойдаланилганлиги ва (ёки) муҳрни бошқа шахсларга берилганлиги;

нотариал ҳаракатни нотариус ўрнига бошқа шахс имзолаши, шунингдек нотариал ҳаракатни амалга оширишда битим тарафи (тарафлари) ёки нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда тегишли шахс ўрнига бошқа шахсларнинг иштирок этиши ва тегишли ҳужжатни имзолашига йўл қўйилганлиги, бундан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш учун ўзи ёки воситачи орқали қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари моддий манфаат кўрганлиги;

нотариал ҳаракатни амалга оширишда ваколати бўлмаган жисмоний шахснинг ёки ваколати бўлмаган юридик шахс вакилининг иштирок этишига йўл қўйилганлиги;

амалга оширилган нотариал ҳаракат "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олинмаганлиги.

27. Малака комиссияси томонидан Қонуннинг 15-2 ва 15-3-моддалари ҳамда мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳолларда нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида, шунингдек нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида қарор қабул қилинишга йўл қўйилмайди.


27-1. Нотариус лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда ушбу нотариус томонидан содир этилган бошқа қоидабузарлик учун малака комиссияси томонидан янги қарор қабул қилинади. Бунда, қоидабузарлик учун лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш бўйича қўлланилган янги муддат дастлабки муддат ўтиши бошланган кундан бошлаб ҳисобланади.

28. Малака комиссияси томонидан тегишлилиги бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида;

нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш тўғрисида;

нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида;

нотариус лицензиясининг амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритишни рад этиш тўғрисида.


29. Малака комиссияси томонидан нотариус лицензияси амал қилишини тугатиш бўйича маъмурий судга ариза киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан нотариус лицензиясининг амал қилиши суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади.


30. Малака комиссияси қарори комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, малака комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Малака комиссияси йиғилиши унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


31. Малака комиссияси йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Бунда комиссия йиғилиши баённомаларини расмийлаштириш комиссия котиби томонидан амалга оширилади.


32. Малака комиссияси йиғилиши баённомаси комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ҳамда тасдиқлаш учун комиссия раисига тақдим этилади.


33. Малака комиссия котиби комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома нусхасини комиссия йиғилиши бўлиб ўтган кундан бошлаб бир кун ичида тегишли ҳудудий адлия бошқармасига ва Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига ҳамда нотариусга етказилишини таъминлайди.


34. Нотариус малака комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, комиссия йиғилиш баённомаси нусхасини олган кундан бошлаб ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясига апелляция бериш ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.



Ўзбекистон Республикаси

Нотариал палатаси раиси                                                     Д. Ашуров






Низомга

ИЛОВА



Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш

ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини

тўхтатиб туришга олиб келадиган қоидабузарликлар

ҳоллари ва улар бўйича лицензиянинг амал қилишини

тўхтатиб туриш муддатлари

Т/р

Қоидабузарликлар ҳоллари*

Лицензиянинг

амал қилишини

тўхтатиб туриш

муддатлари


1.

Нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек аризалар ва бошқа ҳужжатларнинг нотариус иштирокида имзоланмаганлиги


6 ой

2.

Нотариал тасдиқланадиган битимларни томонлар бир вақтда нотариус ҳузурида ҳозир бўлиб имзоламаганлиги


2 ой

3.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда махсус мосламаларда мурожаат этувчиларнинг бармоқ изларини сканер қилиш талабига риоя қилинмаганлиги


1 ой

4.

Мурожаат этувчининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда нотариал ҳаракатни имзолаш жараёни мажбурий аудио ёки видеоёзув воситаларида қайд этилмаганлиги


1 ой

5.

Нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларга оид маълумотлар "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимига аниқ ва тўлиқ киритилмаганлиги ёки хато киритилганлиги


1 ой

6.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганлардан ташқари ортиқча ҳужжат талаб қилинганлиги


15 кун

7.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш ноқонуний равишда рад этилганлиги ёки нотариал ҳаракатни амалга оширишдан, шунингдек тақиқни ечиш ёки нотариал ҳаракатлардан нусха беришдан бош тортилганлиги

1 ой

8.

Нотариус томонидан уч йилда камида бир марта ўз касбий малакаси узрсиз сабабларга кўра амалга оширилмаганлиги


1 ой (агар 1 ойда бартараф этилмаса, бартараф этилгунига қадар)

9.

Нотариал тасдиқланган ҳужжатларни архивда сақлашнинг қуйидаги қоидаларнинг биттасига риоя қилинмаганлиги:

ҳужжатлар йиғмажилдга тикилмаганлиги ва муқоваланмаганлиги;

белгиланган муддат ўтгач адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивга топширилмаганлиги


15 кун

10.

Нотариал ҳаракатларни бажариш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда нотариус томонидан қуйидагиларнинг биттасига риоя қилинмаганлиги:

уларга ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва битимнинг аҳамияти тушунтирилмаганлиги;

нотариал ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибати ҳақида огоҳлантирилмаганлиги


1 ой

11.

Нотариус касбий ваколатларини амалга ошириш жараёнида алкоголь, гиёҳванд ёки психотроп моддалар таъсирида маст ҳолатда фуқароларни қабул қилганлиги


3 ой

12.

Нотариуснинг фаолият кўрсатиш ҳудудидан (нотариал округ) ташқарида нотариал ҳаракатни амалга оширилганлиги Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно


1 ой

13.

Нотариус томонидан фуқаролар ва ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи ножўя ҳатти-ҳаракатлар содир этилганлиги


1 ой

14.

Нотариус ўзига нисбатан қўзғатилган жиноий иш ёки фуқаролик ишида унинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган даъво тақдим этилган ҳолларда бу ҳақида Нотариал палата ҳудудий бошқармасини хабардор қилмаганлиги


1 ой

15.

Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармасининг ваколатлари доирасида берилаётган сўровлар ёки топшириқларини бажармаслик


15 кун

16.

Нотариус томонидан ваколатли органлар ва мансабдор шахсларнинг қонунга асосланган ҳолда сўраган ҳужжатларини, маълумотларини тақдим этилмаганлиги ёки талаблари бажарилмаганлиги


15 кун

17.

Нотариус ўз ҳамкасбларининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, интернет манбааларида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда оммага тарқатганлиги


1 ой

18.

Нотариал палатанинг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган, шу жумладан нотариуснинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари (кўрсатмалари) нотариус томонидан бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги


1 ой

19.

Мурожаат қилган шахс томонидан кўрсатилган "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг "ишонч телефони" рақами кўрсатилган SMS хабар йўлланмаганлиги


15 кун

20.

Нотариал ҳаракатлар бўйича тўловлар (давлат божи, герб йиғими, ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳақ) нотўғри ундирилганлиги ёки тўловлардан ноқонуний равишда озод қилинганлиги ёхуд тўловнинг имтиёзли тўланишини асослантирувчи ҳужжатларнинг нусхаси олиб қолинмаганлиги ёки "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимидан маълумотнома олиб бириктирилмаганлиги

15 кун

21.

Васийликдаги ва ҳомийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган ишончномалар тузишда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати олинмаганлиги


1 ой

22.

Васийликдаги ва ҳомийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган шартномалар тузишда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати олинмаганлиги


3 ой

23.

Нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда "Нотариус" автоматлаштирилган  ахборот тизими орқали текширилиши лозим бўлган ҳолатлар текширилмаганлиги ёки нотўғри текширилганлиги


1 ой**


24.

Нотариус ўз фаолият кўрсатиш ҳудудида манзили ўзгарганлиги бўйича адлия органига хабарнома бермаганлиги


15 кун


25.

Нотариус томонидан ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун битимларни уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкинлиги ёки ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузиши тўғрисидаги тартибга риоя қилинмаганлиги


6 ой

26.

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузилганлиги


6 ой

27.

Нотариусда фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси мавжуд бўлмаганда


15 кун (агар 15 кунда бартараф этилмаса, бартараф этилгунига қадар)


28.

Эрнинг (хотиннинг) умумий биргаликдаги мулки бўлган кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим тузиш учун хотиннинг (эрнинг) ёзма розилиги олинмаганлиги


6 ой

29.

Хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш битимларини тасдиқлашда оиланинг биргаликда яшовчи барча вояга етган аъзоларининг ва хусусийлаштирилишига розилик берган шахсларнинг ёзма розилиги олинмаганлиги


3 ой

30.

Нотариуснинг илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланганлиги


1 ой (агар 1 ойда бартараф этилмаса, бартараф этилгунига қадар)


31.

Гаров (ипотека) шартномаларини тасдиқлашда гаровга (ипотекага) қўйилаётган мол-мулк умумий мол-мулкни (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки) ташкил этса, барча мулкдорларнинг (эр-хотиннинг) розилиги олинмаганлиги


3 ой

32.

Васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео ёзувга қайд этилмаганлиги


2 ой

33.

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришда мерос қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз меросхўрларини аниқлаш чоралари кўрилмаганлиги


1 ой

34.

Умумий улушли мулкдаги улушни олди-сотди шартномасини тасдиқлашда умумий улушли мулк иштирокчиларининг улушли мулкдаги сотилаётган улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисида огоҳлантирилмаганлиги


1 ой

35.

Нотариал тасдиқланган ҳужжатга унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиш ёки унинг аниқ арифметик хатоларини тузатиш белгиланган тартибда амалга оширилмаганлиги


15 кун

36.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш турига риоя этилмаганлиги


1 ой

37.

Нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотларни Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритиш учун давлат рўйхатидан ўтказувчи органга юборилмаганлиги, қонунчилик ҳужжатларида юборилиши белгиланмаган ҳоллар бундан мустасно


15 кун

38.

Нотариал идоралар ва адвокатлик тузилмаларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (рўйхат рақами 2020, 2009 йил 19 октябрь) талабларига риоя этилмаганлиги


1 ой

39.

Қонунчилик ҳужжатларида бажарилишига тўғридан-тўғри чеклов мавжуд бўлган нотариал ҳаракат амалга оширилганлиги


6 ой

40.

Нотариус томонидан нотариал идора ходими ёки бошқа шахснинг нотариал ҳаракат учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланганидан ташқари моддий манфаат кўришига йўл қўйилганлиги


4 ой

41.

Иш вақти давомида узрли сабабларсиз иш жойида бўлмаганлиги


15 кун

42.

Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилганлиги


3 ой

43.

Нотариал фаолиятни ташкил этишга оид минимал талабларнинг биттаси ёки бир нечтаси бажарилмаганлиги


15 кун (агар 15 кунда бартараф этилмаса, бартараф этилгунига қадар)


                  

Изоҳ:

*) мазкур қоидабузарлик ҳолларидан ташқари бошқа қоидабузарликлар содир этилганлик учун лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати малака комиссияси томонидан қоидабузарликнинг оғир-енгиллигига қараб белгиланади. Бунда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришнинг энг кам муддати ўн беш кундан кам, энг кўп муддати олти ойдан кўп бўлмаслиги лозим.

**) нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилиши лозим бўлган ҳолатлар текширилмаганлиги ёки нотўғри текширилганлиги натижасида келиб чиқадиган оқибат учун ушбу Низомда бошқача чора назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 26 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 6 июль, 26-сон, 299-модда






































Время: 0.1889
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск