ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш / Ижтимоий соҳа /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.06.2020 й. ПФ-6017-сон "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

30.06.2020 й.

N ПФ-6017



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЁШЛАРГА

ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ ТУБДАН ИСЛОҲ

ҚИЛИШ ВА ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда 30 июнь - "Ёшлар куни" деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида "Мард ўғлон" давлат мукофоти ва "Келажак бунёдкори" медали таъсис этилди.

Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ёшларда замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш борасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрдаги мамлакат ёшлари билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини қамраб олган бешта муҳим ташаббусни кенг жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш, уларни "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари!" ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикаси, шу жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган ёшларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

ёшларнинг интеллектуал ривожланишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш;

ёшларнинг бандлиги ва тадбиркорлигига кўмаклашиш;

ёшлар аудиториясига мўлжалланган медиа маҳсулотлар яратишга кўмаклашиш.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли лойиҳаларига грант маблағлари ажратиш;

ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида кенг ёшлар даврасида халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқлар жалб қилинган ҳолда мотивацион тадбирлар ўтказиш;

ҳудудларда ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида қудуқлар бурғулаш (қазиш), суғориш воситалари харид қилиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш;

ёшларнинг халқаро фан олимпиадалари ва танловларда ҳамда ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш, ёшларнинг халқаро меҳнат бозорларига чиқишига кўмаклашиш;

иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган ёшларни (биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари) бепул йўлланмалар асосида оромгоҳларга юбориш;

ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишлари, шу жумладан тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ўқув машғулотлари ўтказиш;

битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида барча ҳудудлардаги олий таълим муассасалари базасида бизнес акселераторлар ташкил этиш;

Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш;

ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатиш мақсадида жойлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига бизнес саёҳатлар ташкил этиш;

ёшларни касбга ўргатиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда амалий кўмак кўрсатиш учун консалтинг хизматлари харажатларини қоплаш;

кўргазмали савдо ярмаркаларини ташкил этиш;

бизнесни йўлга қўйишдан даромад олишгача бўлган масалаларни ўргатишга қаратилган масофавий ўқув машғулотлари ўтказиш ва қўлланмалар яратиш;

иқтидорли ёш адиб, рассом ва ҳунармандлар ўртасида ижодий кўрик танловлар ташкил этиш, ёш муаллифларнинг ижод намуналари, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш, санъат асарларини яратиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш.

5. Агентлик:

а) 2020 йилда тегишли соҳаларга Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида республиканинг туман (шаҳар)ларидаги маҳаллаларда бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш учун қуйидаги зарурий чораларни кўрсин:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш учун тўгараклар ташкил этиш ҳамда уларни мусиқа жиҳозлари билан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда умумтаълим мактаблари ва спорт иншоотларида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тағриб қилиш мақсадида тўгараклар ташкил этиш ва уларга спорт анжомлари етказиб бериш;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ёшларни қамраб олишга мўлжалланган "Рақамли технологиялар ўқув марказлари" фаолиятини йўлга қўйиш, умумтаълим мактабларида ахборот технологиялари йўналишида тўгараклар ташкил этиш ва компьютер жиҳозлари билан таъминлаш;

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда ёшларни китобхонликка жалб этиш ва кутубхоналарга бадиий адабиётларни етказиб бериш;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда тикув ва тўқимачилик корхоналарида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни касб-ҳунарга ўқитиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудлар кесимида ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли, шу жумладан қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширсин:

"Фидойи ёшлар отрядлари"ни тузиш орқали ишсиз ёшларни ҳақ тўланадиган жамоат ва мавсумий ишларга жалб этиш;

"Ёшлар қурилиш отрядлари"ни ташкил этиш ва олий таълим муассасалари талабаларини ёзги таътил вақтида ҳақ тўланадиган қурилиш ишларига жалб этиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда асосий фаолияти қуйидагиларга йўналтириладиган кўнгилли ёшлардан иборат волонтёрлик гуруҳларини шакллантирсин:

қаровсиз ва ёлғиз кексаларга ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган фуқароларга кўмаклашиш;

тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

г) ёшлар ҳаётида учраётган муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида тизимли равишда социологик тадқиқотлар ўтказсин ҳамда якуни бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига улар юзасидан таҳлилий ҳужжатлар киритсин;

д) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёш кадрлар захирасини шакллантирсин.


6. Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-5466-сон Фармони доирасидаги:

ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган тадбирларни "Yoshlar - kelajagimiz" жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар бериш тартиби бекор қилинади.

7. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:

Жамғармани 2021 йил 1 январдан мустақил нодавлат нотижорат ташкилот сифатида қайта ташкил этиш;

2021 йил 1 январдан бошлаб "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган ресурс маблағлари бўйича тижорат банкларининг Жамғарма олдидаги мажбуриятларини Давлат бюджети олдидаги мажбуриятлар сифатида қайта расмийлаштириш ва ҳар йили ушбу мажбуриятларнинг Давлат бюджетига қайтарилган қисми ҳисобидан Агентликнинг устувор дастурий вазифалари амалга оширилишини молиялаштириш;

Жамғарма томонидан унинг ва филиаллари тузилмаси, штатлар бирлигини олинган даромадларидан келиб чиқиб мустақил белгилаш ҳамда Жамғарманинг туман (шаҳар) филиалларини мақбуллаштириш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.


8. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ўзига юклатилган вазифаларни сифатли ва юқори савияда амалга ошириш учун қўшимча даромад манбааларини белгилаш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида 2020 йилда Дастурда кўзда тутилган тадбирлар учун маблағлар ажратсин, 2021 йилдан бошлаб эса ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин. Бунда, Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар харажатларни молиялаштириш 2020 йил учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.


10. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур Фармон ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси К.К. Куранбаев - ҳудудлар, вазирлик, идора ва ташкилотлар кесимида ёшлар сиёсати самарадорлигини баҳолаб бориш ва муаммоларни бартараф этишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгилаш, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини таъминлаш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори - ёшлар орасидан истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришни назарда тутувчи ташаббускор, ислоҳотларни амалга ошириш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этувчи, раҳбарлик лавозимларига муносиб ёшларни қўллаб-қувватловчи "Ватан ифтихорлари" институционал тизимини жорий этсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари - ёшлар муаммоларини ўрганиб, уларнинг ҳал этилишига кўмаклашсин, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш чораларини кўрсин, шунингдек, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда камида бир маротаба тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериб борсин.


12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси К.К. Куранбаев ва Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 30 июндаги

ПФ-6017-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид

давлат сиёсатини янада ривожлантиришга

доир қўшимча чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Молиялаштириш

манбалари


Масъул ижрочилар

1.

Ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳаларига грант маблағлари ажратиш.

1. Ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳалари бўйича республика миқёсида танлов ўтказиш.


2020 йил

1 декабрь


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов), Савдо-саноат палатаси (Д.Вахабов)

2. Танлов натижасига кўра:

2020 йилда камида 10 та;

2021 йилдан бошлаб ҳар йили камида 20 та энг яхши стартап лойиҳаларга 50 млн сўмдан 200 млн сўмгача грант маблағлари ажратиш.


2021 йилдан

бошлаб

ҳар йили

1 сентябрь

2.

Ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида кенг ёшлар даврасида халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқлар жалб қилинган ҳолда мотивацион тадбирлар ўтказиш.


Ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида ҳар йили камида бир маротаба кенг ёшлар даврасида ушбу йўналишда халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқларни жалб қилган ҳолда мотивацион тадбирлар ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


3.

Ҳудудларда ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш.

1. Ёшларга қудуқлар бурғулаш (қазиш), суғориш воситалари харид қилиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибини ишлаб чиқиш.


2020 йил

1 сентябрь


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Мусаев), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев)

2. Белгиланган тартибда субсидиялар ажратиб бориш.


Доимий

равишда


4.

Халқаро фан олимпиадаларида ўқувчи ёшларнинг юқори савиядаги иштирокини таъминлаш.


Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (International Physics Olympiad (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (International Chemistry Olympiad (IChO), Халқаро информатика олимпиадаси (International Olympiad in Informatics (IOI) халқаро фан олимпиадаларида ўқувчи ёшларнинг:

юқори даражада тайёргарлик кўришлари учун "Ёшлар оромгоҳи"да ўқув базаси ташкил этиш, республика ва хорижлик малакали мутахассислар жалб қилиш ҳамда улар учун барча зарур шароитларни таъминлаш;

иштирокини ташкил этиш билан боғлиқ (суткалик, яшаш, транспорт, виза) харажатларни қоплаш.


Доимий

равишда


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов), Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Саидов)

5.

Иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган ёшларни (биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари) бепул йўлланмалар асосида оромгоҳларга юбориш.


Фанларни "аъло" ва "яхши" баҳоларга ўзлаштираётган иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган 500 нафар ёшлар (биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари)ни бепул йўлланмалар асосида оромгоҳларга юбориш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили режа

асосида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов)

6.

Ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишлари, шу жумладан тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда республиканинг турли ҳудудларида бепул ўқув машғулотлар ўтказиш.


Ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишлари, жумладан тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ҳудудларда камида 200 та бепул ўқув машғулотлари ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


7.

Халқаро ёш тадбиркорлар бизнес форуми ва стартап тадбирлар ўтказиш.

1. Халқаро ёш тадбиркорлар бизнес форумини ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов)

2. "Ёшлар оромгоҳи" базасида халқаро стартап тадбирларини ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

икки йилда

бир маротаба


8.

Битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида барча ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида бизнес акселераторлар ташкил этиш.


Барча ҳудудлардаги олий таълим муассасалари базасида босқичма-босқич бизнес акселераторлар ташкил этиш.


Режа

асосида

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов)

9.

Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари, ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш.


1. Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш.


2020 йил

1 декабрь

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов)

2. Порталда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ва ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш.


Доимий

равишда

10.

Ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш.


100 нафар ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Қудратов)

11.

Ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатиш мақсадида жойлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига бизнес саёҳатлар ташкил этиш.


Ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатиш мақсадида жойлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига 200 та бизнес саёҳатлар ташкил этиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ва ҳокимликлари


12.

Ёшларни касбга ўргатиш билан боғлиқ, шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда амалий кўмак кўрсатиш учун консалтинг хизматлари харажатларини қоплаш.


Ёшларни касбга ўргатиш билан боғлиқ, шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда амалий кўмак кўрсатиш учун 500 та консалтинг хизматлари харажатларини қоплаш.


Ҳар йили

йил давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


13.

Ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўргазмали савдо ярмаркаларини ташкил этиш.


Ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 20 та кўргазмали савдо ярмаркалари ташкил этиш.


Ҳар йили

йил давомида

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ва ҳокимликлари


14.

Бизнесни йўлга қўйишдан даромад олишгача бўлган масалаларни ўргатишга қаратилган масофавий ўқув машғулотлари ўтказиш ва қўлланмалар яратиш.


Алоҳида тадбиркорлик йўналишлари бўйича бизнесни йўлга қўйишдан даромад олишгача бўлган масалаларни ўргатишга қаратилган масофавий ўқув машғулотлари ўтказиш ва қўлланмалар яратиш.


2021 йилдан

бошлаб

доимий

равишда


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов) манфаатдор вазирлик ва идоралар


15.

Иқтидорли ёш адиблар, рассомлар ва ҳунармандлар ўртасида ижодий кўрик танловлар ташкил этиш, ёш муаллифларнинг ижод намуналари, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш, санъат асарларини яратиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш.


Иқтидорли ёш адиблар, рассомлар ва ҳунармандлар ўртасида ижодий кўрик танловлар ташкил этилади, ёш муаллифларнинг ижод намуналари, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш, санъат асарларини яратиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш.


Доимий

равишда


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Д.Саиджонов), Ёзувчилар уюшмаси (С.Сайидов)


16.

Ёшларнинг халқаро меҳнат бозорларига чиқишига кўмаклашиш.


Ёшларнинг халқаро меҳнат бозорларига чиқишига кўмаклашиш бўйича зарур чораларни кўриш.


Доимий

равишда

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Мусаев), Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Саидов)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 6 июль, 26-сон, 289-модда













































Время: 0.1640
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск