ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Агентликлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.06.2020 й. ПҚ-4768-сон "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.06.2020 й.

N ПҚ-4768



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЁШЛАР

ИШЛАРИ АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6017-сон Фармонига мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг тузилмаси ва штат бирликлари ажратилган маблағлар доирасида ҳамда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ёшлар ҳаёти, орзу-интилиш ва муваффақиятларини кенг ёритиш, муаммо ва камчиликлари ечимига қаратилган кўрсатув, мақола ва эшиттиришлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида ушбу йўналишда фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари ва нашриётлардаги улушларини Агентликка бериш ҳамда Агентлик томонидан улар негизида акциядорлик жамияти шаклидаги "Yoshlar media xoldingi"ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.

Агентлик уч ой муддатда "Yoshlar media xoldingi" акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


3. Агентлик:

ёшлар йўналишида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига ўз фаолиятини йўлга қўйиш, амалга ошириш ва ривожлантиришда ҳар томонлама ташкилий ва амалий ёрдам кўрсатсин;

уч ой муддатда "Камалак" болалар ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирларни тизимли равишда амалга оширувчи, шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;

Агентликнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар учун мажбурийдир;

давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори (филиал директорининг биринчи ўринбосари) лавозимига номзод Агентлик билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат органлари ва ташкилотларига ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурларнинг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан сўров юбориш ҳуқуқига эга;

Агентлик ёшлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

5. Белгилансинки:

а) Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

б) Агентлик директорининг ўринбосарлари, шу жумладан биринчи ўринбосари Агентлик директори тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

г) Агентлик марказий аппарати ходимларига ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,8 баравар миқдорда, Агентлик ҳудудий бўлинмалари ходимларига 1,2 баравар миқдорда қўлланилади.


6. Агентлик директори икки ой муддатда Агентликнинг унга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг унинг Марказий ва ҳудудий кенгашлари балансидаги ва оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бино ва иншоотлари, шунингдек, мол-мулкларини (фаолиятини таъминлашга етарли қисмини ўз балансида сақлаб қолган ҳолда) ўрнатилган тартибда давлат мулки сифатида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишлича Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Агентликнинг марказий аппарати Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 11б-уй манзилдаги бинога жойлаштирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Агентлик, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг 7-бандида кўзда тутилган бино ва иншоотлар, шунингдек, мол-мулкларни хатловдан ўтказсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу мол-мулкларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини таъминлашга етарли қисмини унинг балансида сақлаб қолган ҳолда Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Агентлик, Молия вазирлиги Ёшлар марказлари ва ёшлар учун мўлжалланган бошқа инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари Агентликка ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилишини инобатга олсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар "Ёшлар ижод саройи" қошидаги Ёшлар симфоник оркестри негизида Ўзбекистон давлат симфоник оркестрини ташкил этиш ва амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланиб қолган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тузилмасига ўтказиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон давлат симфоник оркестри фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни 2020 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи учун давлат бюджетида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан ажратсин, 2021 йилдан бошлаб эса - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Агентлик билан биргаликда икки ой муддатда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиларини сақлаш харажатларини қоплаш юзасидан таклиф киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларини белгиланган тартибда юқори тезликдаги Интернет тармоғига улашни, шунингдек, зарур алоқа, жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминласин.


13. Агентлик:

молия, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, бандлик ва меҳнат муносабатлари, ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Бош прокуратураси, Олий суди, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистика ахбороти;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг таҳлилий материаллари мажбурий юбориладиган реестрга киритилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини (кейинги ўринларда - Институт) Агентлик тузилмасига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ёшларга оид давлат сиёсати ижроси мониторингини олиб бориш, ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ҳокимияти, вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритувчи истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, улар фаолиятини услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, ёш бошқарув ходимларини профессионал жиҳатдан ривожлантириш учун ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш;

ёшларга оид қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

вазирлик, идора ва ташкилотлар буюртмалари асосида ёшлар муаммоларини ўрганишга қаратилган фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш;

ёшлар дуч келаётган долзарб муаммолар, уларнинг барқарор ривожланишига тўсиқ бўлаётган таҳдидларни аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказиш;

ёшлар соҳасидаги ишларни самарали йўлга қўйишга қаратилган услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, анжуманлар, "давра суҳбатлари" ва илмий-амалий семинарлар ташкил этиш;

ёшлар масалаларида Ўзбекистон Республикасининг минтақавий ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари борасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш.


15. Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


16. Белгилансинки:

Институт Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг барча ҳуқуқ, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Институт асосий фаолияти ёшлар муаммоларини ўрганиш, мазкур йўналишда илмий ва таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Институт фаолиятига доимий равишда илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради;

Институт директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий рағбатлантириш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра Институт директори - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректорига, ходимлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ходимларига тенглаштирилади;

Институт директорига ходимларига моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорида ойлик устамалар белгилаш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа моддий рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади;

ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун Институт шартнома асосида таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.


17. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий дастурларида назарда тутилган маблағлар;

хўжалик фаолияти ҳамда шартнома асосида ўқув, методик ва илмий-тадқиқот лойиҳалари, ахборот-таҳлил ҳамда таҳририй-нашриёт ишларини бажариш, таълим ва бошқа хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар.


18. Институт Тошкент шаҳар, Ислом Каримов кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


19. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида 2020 йилда Агентлик ҳамда Институт таъминоти учун маблағлар ажратсин, 2021 йилдан бошлаб эса ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин. Бунда, Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар харажатларни молиялаштириш 2020 йил учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин;

Агентлик марказий аппарати учун 8 та хизмат автотранспорт воситасини, шу жумладан 6 та шахсий бириктирилган хизмат автотранспорт воситаси, 1 та навбатчи автотранспорт воситаси ва 1 та микроавтобус ҳамда ҳудудий бошқармалар учун 14 та хизмат енгил автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит белгиласин.


20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3206-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


21. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


22. Мазкур қарор ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Агентлик директори - ушбу қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул вазирлик, идора ҳамда ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин, белгиланган вазифалар ижроси бўйича юзага келадиган масалаларни тезкорлик билан ҳал этилишини таъминласин;

масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари - ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш юзасидан барча зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Д. Хаджаев - ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, пресс-конференциялар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.


23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 30 июндаги

ПҚ-4768-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли

кадрларни тайёрлаш институтининг

ТУЗИЛМАСИ

      



Директор

Илмий кенгаш

Директор ўринбосари

Бухгалтерия

2

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ижтимоий тадқиқотлар бўлими

4

Услубий таъминотни мувофиқлаштириш бўлими

3

Жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис

1


Ёшлар индексини мониторинг қилиш бўлими

3

Касбий ривожланишни мониторинг қилиш ва ўқишларни ташкил этиш бўлими

3

Кадрлар бўйича инспектор

1

Девонхона

1

Ёшлар ривожланишини стратегик таҳлил қилиш бўлими

2

Илмий ва халқаро алоқалар бўлими

3

Юрисконсульт

1

Бошқарув кўникмалари ва етакчилик маҳоратини ривожлантириш кафедраси

        

Ходимларнинг чекланган умумий сони - 26 штат бирлиги (профессор-ўқитувчилар таркиби, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар инобатга олинмаган ҳолда), шу жумладан бошқарув ходимлари сони - 18 штат бирлиги, ўқув-ёрдамчи ходим сони - 1 штат бирлиги.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 6 июль, 26-сон, 295-модда



















































Время: 0.1604
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск