ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Геодезия ва картография /

Ўзбекистон Республикасининг 02.07.2020 й. ЎРҚ-626-сон "Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.02.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.06.2020 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.07.2020 й.

N ЎРҚ-626



ГЕОДЕЗИЯ ВА КАРТОГРАФИЯ

ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 18 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 19 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик

Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


географик ахборот тизими - географик объектлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, уларга ишлов бериш, уларни таҳлил қилиш, сақлаш, моделлаштириш ва акс эттириш учун, шунингдек картографияга оид ахборотдан фойдаланган ҳолда умумдавлат аҳамиятига ёки тармоқ аҳамиятига молик ахборотга ва ҳисоб-китобга доир вазифаларни ҳал этиш учун мўлжалланган автоматлаштирилган тизим;


геодезия - Ер шаклини, ташқи гравитация майдонини, ер сатҳининг координата нуқталарини ва уларнинг вақт бўйича ўзгаришларини аниқлаш бўйича илмий, таълим, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа фаолият жараёнида юзага келадиган муносабатлар соҳаси;


геодезия ва картография фаолияти - Ер шаклининг, ташқи гравитация майдонининг параметрларини, ер сатҳининг координата нуқталарини ва уларнинг вақт бўйича ўзгаришларини аниқлашга, давлат геодезия, гравиметрия ва нивелир тармоқларини, доимий фаолият кўрсатадиган сунъий йўлдош орқали кузатиш станциялари тармоғини яратиш, ривожлантириш ва ишлаш ҳолатида сақлаб туришга, давлат кадастрлари, геофазовий маълумотлар банклари (базалари) ва геоахборот тизимлари учун топографик, тематик хариталар, режаларни ва картографик асосни яратишга ҳамда янгилашга қаратилган илмий, ишлаб чиқариш ва бошқарув фаолияти;


геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) - ахборотни қайд этиш тури ва усулидан қатъи назар, геодезия ва картография фаолияти амалга оширилаётганда олинган геодезия, нивелир, гравиметрия ўлчовларининг, аэрокосмик ва картографик тасвирларнинг барча якуний ва оралиқ натижалари;


гравиметрия тармоғи - ер сатҳидаги оғирлик кучининг миқдорлари маълум бўлган геодезия пунктлари тизими;


Ерни масофадан туриб зондлаш - Ер сатҳи ҳақидаги, ундаги ёки унинг қаъридаги объектлар тўғрисидаги ахборотни контактсиз усуллар орқали олиш жараёни;


картография - фазовий (геофазовий) маълумотларни, шу жумладан ахборот (геоахборот) тизимларидан фойдаланган ҳолда ўрганиш, яратиш, улардан фойдаланиш, уларни ўзгартириш ва акс эттириш бўйича илмий, таълим, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа фаолият жараёнида юзага келадиган муносабатлар соҳаси;


картографик мониторинг - жойнинг ҳолатини картографик жиҳатдан ўрганиш мақсадида ер юзасини узлуксиз кузатиш тизими;


тематик харита, режа, атлас - асосий мазмуни аниқ мавзу, сюжет, табиий ёки ижтимоий ҳодисалар ёхуд уларнинг бирикуви билан белгиланадиган картографияга доир материаллар;


топографик харита - жойнинг муайян масштабдаги батафсил картографик тасвири бўлиб, у ер юзасида нуқталарнинг ҳам режадаги, ҳам баландликдаги ҳолатини аниқлаш имконини беради;


топографик тасвирга олиш жараёни - топографик хаританинг ёки режанинг тасвирга олинган асл нусхасини олиш мақсадида бажариладиган ишлар мажмуи;


топографик режа - жойнинг чекланган участкасини текис юзада ортогонал проекцияда, йирик масштабда картографик жиҳатдан тасвирлаш бўлиб, унинг чегарасидаги текисланган сатҳнинг эгрилиги ҳисобга олинмайди;


фазовий маълумотлар инфратузилмаси - базавий ва ихтисослашган фазовий маълумотларнинг, метамаълумотларнинг, стандартларнинг ва регламентларнинг, ахборот узатиш тармоқларининг, геосервисларнинг географик ахборот ресурсларидан фойдаланиш ва уларни алмашиш тизими;


Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмаси - ташкилий тузилма, илмий-техника сиёсати, техник ва дастурий воситалар, базавий ва соҳага оид фазовий маълумотлар, метамаълумотлар ҳамда метамаълумотлар базаларини, фазовий маълумотлар сервисларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилиши мумкин бўлган фазовий маълумотларни ишлаб чиқиш, янгилаш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш, бериш, интеграциялаш ҳамда улардан фойдаланиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўз ичига оладиган тизим;

фазовий (геофазовий) маълумотлар - жойдаги объектларнинг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, муайян шаклда ҳамда координаталар тизимларида ифодаланган ахборот;


Ўзбекистон Республикасининг навбатчи маълумотнома тарзидаги харитаси - навбатчи картография ҳужжати сифатида хариталар ва режаларни яратиш ҳамда янгилаш чоғида фойдаланиладиган топографик харита бўлиб, унда маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларининг жойлашувида рўй бераётган ўзгаришлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг янгилаб бориладиган ҳамда янгидан яратиладиган хариталари ва режаларида ҳисобга олиниши ҳамда акс эттирилиши лозим бўлган географик объектлардаги ва уларнинг номларидаги ўзгаришлар мунтазам равишда акс эттириб борилади;


делимитация қилиш - тузилган шартномага мувофиқ чегарадош давлатлар ўртасидаги давлат чегараси чизиғини аниқлаш, унинг келиб чиқишини тавсифлаш ва уни харитада график акс эттириш;


демаркация қилиш - давлат чегараси чизиғини делимитация қилиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ жойларда чегара белгиларини ўрнатиш йўли билан белгилаш.



4-модда. Геодезия ва картография фаолиятини

амалга оширишнинг асосий принциплари


Геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

геодезия ва картография фаолиятининг тизимлилиги ҳамда узлуксизлиги;

геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) тўлиқлиги, ишончлилиги ҳамда долзарблиги;

геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш чоғида ўлчовларнинг бирлиги;

хариталар ва режаларни яратиш ҳамда янгилашда шартли белгиларни бирхиллаштириш ва географик объектларнинг номларидан бир хилда фойдаланиш.



5-модда. Геодезия ва картография фаолиятининг

тизимлилиги ҳамда узлуксизлиги


Геодезия ва картография фаолиятининг тизимлилиги принципи фазовий маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш чоғида давлат геодезия координаталарининг, баландликларининг, гравиметрия ўлчовларининг тизимларини ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини ишлаб чиқиш ҳамда қўллашдан иборатдир.

Геодезия ва картография фаолиятининг узлуксизлиги принципи давлат топографик хариталари ва режаларини узлуксиз равишда янгилаб бориш йўли билан таъминланади.



6-модда. Геодезия ва картографияга доир материалларнинг

(маълумотларнинг) тўлиқлиги, ишончлилиги

ҳамда долзарблиги


Геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) тўлиқлиги, ишончлилиги ҳамда долзарблиги давлат геодезия, нивелир ва гравиметрия тармоқларини, геодезик зичлаштириш тармоқларини ишлаш ҳолатида сақлаб туриш, давлат топографик хариталари ва режаларини картографик мониторинг қилиш ҳамда узлуксиз равишда янгилаб бориш тизимини жорий этиш йўли билан таъминланади.



7-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларни

бажаришда ўлчовларнинг бирлиги


Геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда ўлчовларнинг бирлигига геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) метрологик жиҳатдан таъминлаш ҳамда стандартлаштириш, сертификатлаштириш, шунингдек метрология назоратини ўтказиш орқали эришилади.



8-модда. Хариталар ва режаларни яратиш ҳамда

янгилашда бирхиллаштирилган шартли белгиларни

қўллаш ва географик объектларнинг номларидан

бир хилда фойдаланиш


Хариталар ва режаларни яратиш ҳамда янгилашда геофазовий объектларни ва уларнинг тавсифларини акс эттириш учун бирхиллаштирилган шартли белгилар, шунингдек Географик объектлар номларининг давлат реестрида рўйхатга олиниши лозим бўлган ёки рўйхатга олинган географик объектларнинг меъёрлаштирилган номлари қўлланилади.



9-модда. Геодезия ва картография фаолиятининг

объектлари


Ўзбекистон Республикаси ҳудуди, ер шари ҳудуди, космик фазо, шу жумладан табиий ҳамда сунъий осмон жисмлари геодезия ва картография фаолиятининг объектларидир.



10-модда. Геодезия ва картография фаолиятининг субъектлари


Геодезия ва картография фаолиятининг субъектлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

геодезия ва картография фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган юридик шахслар;

геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) сақловчи юридик ва жисмоний шахслар.



2-БОБ. ГЕОДЕЗИЯ ВА КАРТОГРАФИЯ ФАОЛИЯТИ

СОҲАСИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ТАРТИБГА СОЛИШ


11-модда. Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари


Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

геодезия координаталарининг, баландликларининг, гравиметрия ўлчовларининг ягона давлат тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, юридик шахсларнинг геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириш;

хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятга (ҳаракатларга) доир талаблари ва шартларига, геодезия ва картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат геодезия назоратини амалга ошириш;

геодезия ва картографияга оид ишларнинг, геодезия пунктларининг ҳисобга олинишини таъминлаш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг ижросини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия координаталарининг, баландликларининг, гравиметрия ўлчовларининг ягона давлат тизимларини, давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини белгилайди;

давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди;

геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш тартибини белгилайди;

картография-геодезия давлат кадастрини юритиш тартибини белгилайди.



13-модда. Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги

махсус ваколатли давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади;

аэрокосмик суратга олишга, топография-геодезияга, картографияга оид ва бошқа текширувларни ҳамда қидирув ишларини амалга оширади;

геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) экспертизадан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия координаталарининг, баландликларининг, гравиметрия ўлчовларининг ягона давлат тизимларини ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини белгилаш масалалари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

геодезия ва картография фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисидаги хабарномани қабул қилади ҳамда хабардор қилувчиларнинг реестрини юритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, юридик шахсларнинг геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олишни амалга оширади;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларининг ҳамда геодезик зичлаштириш тармоқларининг турлари ва таркибини, шунингдек уларни яратиш тартибини белгилайди;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини, геодезик зичлаштириш тармоқларини яратади, ривожлантиради ва ишлаш ҳолатида сақлаб туради;

график, рақамли, фотосурат шаклидаги ҳамда бошқа шакллардаги давлат топографик хариталари ва режаларини яратади, янгилайди ҳамда нашр этади;

маҳаллий координаталар тизимларини белгилаш ва улардан фойдаланиш тартибини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг жойлашиш зичлиги нормаларини белгилайди ҳамда уларнинг жойлашган ерини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг ҳисобини юритади;

давлат топографик хариталари ва режаларини янгилаш даврийлиги нормаларини белгилайди;

Ернинг картографик мониторингини, уни масофадан туриб зондлашни ва геодинамик тадқиқотларини амалга оширади;

сунъий йўлдош навигация тизимларининг ишлашини таъминлаш учун геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) яратади;

Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини яратади, ривожлантиради ва унинг фаолият кўрсатишини таъминлайди;

Миллий географик ахборот тизимини, умумдавлат аҳамиятига молик бошқа географик ахборот тизимларини яратади ва юритади;

умумгеографик, сиёсий-маъмурий, илмий-маълумотга оид хариталарни ва бошқа тематик хариталарни, шунингдек тармоқлараро аҳамиятга молик атласларни, картография ўқув қўлланмаларини яратади ҳамда нашр этади;

географик объектларнинг номларини белгилашни, меъёрлаштиришни, давлат рўйхатидан ўтказишни, улардан фойдаланишни ва уларни сақлашни, шунингдек Географик объектлар номларининг давлат реестрини юритишни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини делимитация, демаркация (редемаркация) қилиш ва унинг ўтиш чизиғини текшириш бўйича чегарадош давлатлар билан музокаралар жараёнини ташкил этиш ҳамда ишларни бажариш учун зарур бўлган геодезия, картография ва гидрографияга оид ишларни амалга оширади, улар асосида материаллар (маълумотлар) тайёрлайди;

геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

геодезия, картография ва кадастрга оид ишларни метрологик жиҳатдан таъминлашни ташкил этади;

геодезия ва картографияга оид ишларнинг давлат ҳисобини амалга оширади;

Картография-геодезия давлат кадастрини юритади;

геодезия ва картографияга оид бажарилган ишлар тўғрисидаги техник ҳисоботларга доир талабларни белгилайди;

давлат картография-геодезия фондининг шакллантирилиши ва юритилишини амалга оширади;

давлат геодезия назоратини амалга оширади;

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базасига, асбоб-ускуналарга ва бошқа техник воситаларга доир талабларни белгилайди;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларни бажаради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, юридик ва жисмоний шахсларни геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) билан таъминлайди;

геодезия ва картография фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг

геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ҳамда миллий хавфсизлигини кўзлаб, умумдавлат аҳамиятига ва махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларнинг бажарилишини таъминлайди;

натижаларидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фойдаланадиган топография-геодезия ва картографияга оид ишларнинг сифати устидан назоратни амалга оширади.



15-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг,

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг геодезия ва

картография фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларнинг бажарилишини ўз ваколатлари доирасида ташкил этади ҳамда мувофиқлаштиради.



3-БОБ. ГЕОДЕЗИЯ ВА КАРТОГРАФИЯГА

ОИД ИШЛАР


16-модда. Геодезия ва картографияга

оид ишларнинг турлари


Геодезия ва картографияга оид ишларнинг турлари жумласига қуйидагилар киради:

умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар;

махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишлар.



17-модда. Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия

ва картографияга оид ишлар


Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар жумласига қуйидагилар киради:

Ер шаклининг ва ташқи гравитация майдонининг параметрларини аниқлаш;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини, геодезик зичлаштириш тармоқларини яратиш, ривожлантириш ва ишлаш ҳолатида сақлаб туриш;

график, рақамли, фотосурат шаклидаги ва бошқа шакллардаги давлат топографик хариталари ҳамда режаларини яратиш, янгилаш ва нашр этиш;

Ернинг картографик мониторингини, уни масофадан туриб зондлашни ва геодинамика тадқиқотларини амалга ошириш;

сунъий йўлдош навигация тизимларининг ишлашини таъминлаш учун геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) яратиш;

Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини яратиш, ривожлантириш ва унинг фаолият кўрсатишини таъминлаш;

Миллий географик ахборот тизимини, умумдавлат аҳамиятига молик бошқа географик ахборот тизимларини яратиш ва юритиш;

картография-геодезия давлат кадастрини юритиш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат картография-геодезия фондини шакллантириш ва юритиш;

умумгеографик, сиёсий-маъмурий, илмий-маълумотга оид ва бошқа тематик хариталар ҳамда тармоқлараро аҳамиятга молик атласлар, картографик ўқув қўлланмаларини яратиш ва нашр этиш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини делимитация, демаркация (редемаркация) қилиш ва унинг ўтиш чизиғини текшириш бўйича ишларни зарур геодезия, картография ҳамда гидрографияга доир ишлар, материаллар (маълумотлар) билан таъминлаш;

геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда ўлчовлар бирлигини ва метрология назоратини таъминлаш;

географик объектларнинг номларини белгилаш, меъёрлаштириш, давлат рўйхатидан ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни сақлаш, шунингдек Географик объектлар номларининг давлат реестрини юритиш;

геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

ушбу моддада санаб ўтилган йўналишлар бўйича илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга ошириладиган, натижалари умумдавлат аҳамиятига молик бўлган бошқа геодезия ва картографияга оид ишлар.



18-модда. Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва

картографияга оид ишларни бажариш


Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар махсус ваколатли давлат органи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат дастурларига мувофиқ, шунингдек буюртмалар асосида бажарилади.

Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек бошқа юридик шахслар билан ҳамкорликда бажарилади.

Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ва миллий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини делимитация ва демаркация (редемаркация) қилиш ишлари эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари билан ҳамкорликда махсус ваколатли давлат органи томонидан бажарилади.



19-модда. Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик

геодезия ва картографияга оид ишлар


Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишлар жумласига қуйидагилар киради:

муҳандислик қидирувларида, биноларни, иншоотларни қуриш ҳамда улардан фойдаланишда, ер тузишда, давлат кадастрларини юритишда ва бошқа ишларда геодезик зичлаштириш тармоқларини қуриш ҳамда ривожлантириш;

муҳандислик қидирувларида, бинолар ва иншоотларни қуриш ҳамда улардан фойдаланишда ва бошқа ишларда махсус геодезия тармоқларини қуриш;

геодезия тасвирга олиш тармоқларини қуриш, аҳоли пунктларининг ҳудудлари ва қишлоқлараро ҳудудларни ривожлантиришни ҳамда уларда қурилиш олиб боришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек бошқа ишларни бажариш учун мўлжалланган топографик режаларни яратиш ва янгилаш;

махсус аҳамиятга молик географик ахборот тизимларини яратиш ва юритиш;

график, рақамли, фотосурат шаклидаги ҳамда бошқа шакллардаги махсус аҳамиятга молик тематик хариталар, режалар ва атласларни тузиш ҳамда нашр этиш;

муҳандислик қидирувларини амалга ошириш чоғида геодезия ва картографияга оид ишларни таъминлаш мақсадида Ерни масофадан туриб зондлаш.



20-модда. Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик

геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш


Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишлар тармоқлараро ҳамда тармоқ дастурларига (лойиҳаларига) мувофиқ махсус ваколатли давлат органи, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилади.

Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларнинг материаллари (маълумотлари) қўлланилади.

Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришга геодезия ва картография фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган юридик шахслар жалб этилиши мумкин.


21-модда. Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ва

миллий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ

геодезия ва картографияга оид ишлар


Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ва миллий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ геодезия ва картографияга оид ишлар қуйидагиларни назарда тутади:

топографик ва махсус хариталарни тузиш ҳамда нашр этиш;

махсус геодезия тармоқларини ривожлантириш;

махсус аҳамиятга молик географик ахборот тизимларини яратиш.



22-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларни

бажаришда давлат геодезия координаталари, баландликлари,

гравиметрия ўлчовларининг тизимларини ҳамда давлат

топографик хариталари ва режаларининг масштаб

қаторини қўллаш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда давлат геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари тизимлари ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қатори қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳудудларида умумдавлат аҳамиятига ҳамда махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда маҳаллий координаталар тизимлари, башарти уларнинг давлат геодезия координаталари тизими билан ўзаро боғланганлиги таъминланса, қўлланилиши мумкин.

Маҳаллий координаталар тизимининг саноқ боши ва ўқлари йўналиши тегишинча давлат геодезия координаталари тизимининг саноқ боши ва ўқлари йўналишига нисбатан силжитилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат координаталар ва баландликлар тизимлари ёки маҳаллий координаталар тизимлари бўлмаган координаталар ҳамда баландликлар тизимлари қўлланилиши мумкин.

Натижалари умумдавлат аҳамиятига молик бўлган геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда қўллаш учун белгиланган топографик хариталар ҳамда режаларнинг масштаблари давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини ташкил этади.



23-модда. Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия

тармоқларини яратишга доир ишлар


Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини яратишга доир ишлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона давлат геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари тизимларини белгилаш ва тарқатиш мақсадида бажарилади.

Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқлари бошқа геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини, геодезик зичлаштириш тармоқларини қуриш учун бошланғич ҳисобланади.

Геодезик зичлаштириш тармоқлари давлат геодезия ва нивелир тармоқларини ривожлантириш учун топографик тасвирга олиш жараёнини таъминлашда ҳамда муҳандислик-геодезияга оид вазифаларни ҳал этишда яратилади.



24-модда. Геодезия пунктлари


Геодезия пункти жойда (тупроқда, бинода ёки бошқа сунъий иншоотда) ер сатҳининг нуқталарини маълум координаталар ҳамда баландликлар билан белгилаш учун мўлжалланган мослама ва (ёки) қурилма бўлиб, у махсус марказдан, ташқи белгидан ҳамда ташқи чеккаси геодезия пунктининг чегараси бўлган зовур ёки уюм тарзидаги ташқи кўринишдан иборатдир. Геодезия пунктининг ташқи кўриниши мавжуд бўлмаган тақдирда ташқи белгининг асоси унинг чегараси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларининг геодезия пунктлари ҳамда бошқа геодезия пунктлари давлат муҳофазасида бўлади.

Геодезия пунктларини жойлаштириш учун ер участкаларини ажратиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Геодезия пунктлари чегараларида ҳамда ушбу чегаралар бўйлаб бир метр кенгликдаги майдонда геодезия пунктларининг муҳофаза зоналари белгиланади.

Геодезия пунктлари ташқи белгиларга эга бўлмаган ёки геодезия пунктларининг махсус марказлари биноларнинг ва бошқа иншоотларнинг деворларига жойлаштирилган ҳолларда, ушбу геодезия пунктларининг чегаралари ва муҳофаза зоналари белгиланмайди.

Геодезия пунктларининг муҳофаза зоналарида қуйидагилар тақиқланади:

геодезия ишларини бажариш чоғида геодезия пунктларининг бут сақланишини ва улардан фойдаланилишини таъминламайдиган ишларни махсус ваколатли давлат органининг рухсатисиз амалга ошириш;

геодезия пунктларининг шикастланишига ёки йўқ қилинишига олиб келиши мумкин бўлган турли материалларни сақлаш, олов ёқиш, чиқиндиларни сақлашни ва кўмишни, шунингдек бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

Геодезия пунктларининг бут сақланишини таъминлаш ўз ҳудудида ушбу пунктлар жойлаштирилган туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларининг геодезия пунктларини қуриш, тиклаш, бузиш ёки қайта ўрнатиш махсус ваколатли давлат органининг қарори асосида, бошқа геодезия пунктлари эса махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Шикаст етказилган, йўқ қилинган геодезия пунктларини тиклаш ёки қайта қуриш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни ўз фаолияти геодезия пунктларига шикаст етказилишига, уларнинг йўқ қилинишига олиб келган ёки ўзининг мурожаати асосида геодезия пунктларини қайта ўрнатиш амалга оширилаётган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қопланади.

Геодезия пунктлари жойлашган ер участкалари, бинолар, иншоотларга бўлган ҳуқуқ эгалари:

геодезия пунктларининг бут сақланишини таъминлаши, уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этиши;

махсус ваколатли давлат органини геодезия пунктларига шикаст етказилганлиги ёки улар йўқ қилинганлиги ҳоллари тўғрисида хабардор қилиши;

геодезия ишларини бажарувчиларга геодезия ишлари бажарилаётганда геодезия пунктларига кириб бориш имкониятини бериши шарт.



4-БОБ. ГЕОДЕЗИЯ ВА КАРТОГРАФИЯ ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР АСОСИЙ ШАРТЛАР

ҲАМДА ТАЛАБЛАР


25-модда. Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия

тармоқларига ҳамда давлат топографик хариталари

ва режаларига доир асосий талаблар


Давлат геодезия тармоғи геодезия пунктлари тизимидан иборатдир ва бу пунктларнинг ер сатҳидаги ҳолати улар учун умумий бўлган координаталар тизимидаги геодезия ўлчовлари асосида белгиланган бўлади.

Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқлари, шунингдек давлат топографик хариталари ва режалари долзарблик ҳолатида сақлаб турилиши керак.

Давлат геодезия, нивелир ёки гравиметрия тармоқларининг долзарблик ҳолати деганда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг материалларга (маълумотларга) бўлган эҳтиёжларини қаноатлантирувчи ҳолат тушунилади.

Давлат топографик хариталари ва режаларининг долзарблик ҳолати деганда давлат топографик хариталари ва режаларининг мазмуни жойнинг ҳақиқий ҳолатига мос келадиган ҳамда амалдаги шартли белгиларда ва белгиланган координаталар тизимида акс эттирилган ҳолат тушунилади.

Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқлари долзарблик ҳолатида сақлаб турилиши учун улар мунтазам равишда тиклаб борилиши, давлат топографик хариталари ва режалари эса янгилаб турилиши керак.

Давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини тиклаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг жойлаштирилиш зичлиги нормалари ҳисобга олинган ҳолда бажарилади.



26-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларни

бажаришга доир асосий талаблар


Геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришда қуйидаги асосий талабларга риоя этилиши керак:

қонунчилик талабларига, шу жумладан хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятга (ҳаракатларга) доир талаблари ва шартларига, картография ва геодезия фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги стандартлар ҳамда норматив ҳужжатларга, шунингдек лойиҳа-смета ва техник ҳужжатлар талабларига амал қилиш;

ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг илғор технологиялари ва усулларини жорий этиш;

геодезия ва картографияга оид ишларни одамларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғи, атроф-муҳитнинг ҳолати ва моддий маданий мерос объектлари учун хавфсиз усуллар ҳамда воситалар орқали бажариш;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини, маъмурий-ҳудудий тузилиш чегараларини, шунингдек чет давлатларнинг чегараларини ҳамда бошқа сиёсий-маъмурий чегараларни ва географик элементларни хариталарда график жиҳатдан тўғри тасвирлаш;

геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) ҳисобга олиниши ҳамда сақланишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги давлат геодезия тармоқлари ҳолатининг тизимли таҳлилини амалга ошириш ва картографияга доир материалларнинг жойнинг ҳақиқий ҳолатига мувофиқлигини таъминлаш.



27-модда. Геодезия ва картография фаолиятини

техник жиҳатдан тартибга солиш


Геодезия ва картографияга оид ишларни ташкил этиш тартиби, геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш аниқлиги, воситалари, усуллари ва технологияларига, геодезия тармоқларига, хариталарнинг, режаларнинг, атласларнинг мазмунига, жойнинг рақамли моделларига доир асосий техник талаблар, шунингдек геодезия ва картографияга оид ишларнинг бажарилиши ҳамда уларнинг сифатига оид талаблар геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.



28-модда. Геодезия ва картография фаолиятини метрологик

жиҳатдан таъминлаш ҳамда стандартлаштириш


Геодезия ва картография фаолиятини метрологик жиҳатдан таъминлаш ҳамда стандартлаштириш геодезия кузатувлари чоғида ўлчов ва синов воситаларидан фойдаланиш тартибини, геодезия ўлчовлари ва синовлари сифатини назорат қилиш усулларини, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўз ичига олади.

Геодезия ўлчовларининг ягоналигини таъминлаш, геодезия ўлчов воситаларини стандартлаштириш ишларида иштирок этиш, геодезия, топография ва картография маҳсулотларини мажбурий сертификатлаштириш ишларини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш, геодезия ва картография фаолияти соҳасида метрология назоратини олиб бориш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



29-модда. Геодезия ва картография фаолиятини

амалга ошириш ҳамда назорат қилиш тартиби

Геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш учун махсус ваколатли давлат органи бу ҳақда белгиланган тартибда хабардор қилиниши керак. Хабардор қилиш тартиби ҳамда геодезия ва картография билан боғлиқ ишларнинг турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Геодезия ва картография фаолияти юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган геодезия ва картография фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳамда қайта тиклаш тўғрисидаги қарорлар махсус ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинади.



30-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш


Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар ҳамда махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик ишлар рўйхатга олиниши лозим.

Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик ишларнинг айрим турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ рўйхатга олмасдан бажарилиши мумкин.

Геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор фақат фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган юридик шахсларга берилади.

Геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади. Бунда берилган қарор ҳақидаги ахборот Геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш тўғрисида берилган қарорларнинг реестрига киритилади.

Геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорни бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш тартиби, шунингдек геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорни бериш ҳақидаги аризани кўриб чиққанлик учун ундириладиган йиғим миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорни бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш техник лойиҳалар (дастурлар) экспертизасини ўтказишни ўз ичига олади.



31-модда. Геодезия ва картографияга доир

материаллар (маълумотлар) экспертизаси


Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, умумдавлат аҳамиятига молик бўлган геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш натижасида олинган геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) экспертиза қилиниши лозим.

Геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) экспертизасини ўтказишда уларнинг геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришнинг техник лойиҳалари (дастурлари) талабларига мувофиқлиги аниқланади.

Геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) экспертизаси бажарилган геодезия ва картографияга оид ишлар ҳақидаги техник ҳисоботлар асосида ўтказилади. Экспертиза натижаларига кўра махсус ваколатли давлат органи томонидан хулоса берилади.



5-БОБ. ГЕОДЕЗИЯ ВА КАРТОГРАФИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ

МАҲСУЛОТЛАРИ


32-модда. Геодезия ва картография фаолияти

маҳсулотларининг турлари


Геодезия ва картография фаолияти маҳсулотлари жумласига қуйидагилар киради:

геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар);

геодезия пунктлари;

фазовий (геофазовий) маълумотлар;

географик ахборот тизимлари;

фазовий маълумотларнинг инфратузилмаси;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларнинг натижалари, шу жумладан геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар.



33-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети

маблағлари ҳисобидан яратилган геодезия ва картография

фаолияти маҳсулотига бўлган мулк ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган геодезия ва картография фаолияти маҳсулоти, шу жумладан давлат картография-геодезия фонди материаллари (маълумотлари) Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.



34-модда. Геодезия ва картография фаолияти

соҳасидаги интеллектуал мулк объектлари


Геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар), фазовий (геофазовий) маълумотлар, географик ахборот тизимлари, фазовий маълумотларнинг инфратузилмаси, геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларнинг натижалари интеллектуал мулк объектларидир.



35-модда. Геодезия ва картографияга доир материаллардан

(маълумотлардан) фойдаланиш тартиби


Юридик ва жисмоний шахслар давлат картография-геодезия фондининг ҳамда идоравий картография-геодезия фондларининг материалларидан (маълумотларидан) ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Картография-геодезия фондининг материалларидан фойдаланиш чоғида:

геодезия ва картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) рухсатсиз кўчирма нусха олиш;

аэросуратга олиш материалларини, шунингдек давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлган материалларни бундай материалларнинг сақланишини таъминлаш учун режим органи ва лозим даражада шарт-шароитлари бўлмаган ташкилотларга бериш тақиқланади.

Давлат картография-геодезия фондининг геодезия ва картографияга доир материалларидан (маълумотларидан) фойдаланувчилар олинган материалларнинг (маълумотларнинг) бут сақланишини таъминлаши, уларни белгиланган муддатларда қайтариши ҳамда уларда мавжуд бўлган давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслиги шарт.

Давлат картография-геодезия фондининг геодезия ва картографияга доир материалларини (маълумотларини) учинчи шахсларга беришга ҳамда улардан кўчирма нусха олишга ушбу материаллар (маълумотлар) ўз тасарруфида бўлган органларнинг рухсатисиз йўл қўйилмайди.

Давлат сирини ташкил этувчи геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) йўқотилган тақдирда, геодезия ва картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланувчилар қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўриши, шунингдек йўқотиш аниқланган пайтдан эътиборан бир кундан ошмайдиган муддатда махсус ваколатли давлат органини хабардор қилиши шарт.

Давлат картография-геодезия фондининг геодезия ва картографияга доир материалларидан (маълумотларидан) фойдаланганлик учун махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган миқдорда йиғим ундирилади.



6-БОБ. ГЕОДЕЗИЯ ВА КАРТОГРАФИЯ ФАОЛИЯТИ

СОҲАСИДА ҲИСОБНИ ЮРИТИШ


36-модда. Геодезия ва картографияга оид ишларнинг давлат ҳисоби


Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишлар геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) йиғиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш мақсадида давлат ҳисобига олиниши шарт.

Геодезия ва картографияга оид ишларнинг давлат ҳисоби уларни рўйхатга олиш ҳамда картография-геодезия давлат кадастрини юритиш чоғида амалга оширилади.



37-модда. Картография-геодезия давлат кадастри


Картография-геодезия давлат кадастри Давлат кадастрлари ягона тизимининг таркибий қисми бўлиб, картография-геодезия давлат кадастри объектлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ҳақидаги геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) тўғрисидаги янгиланиб туриладиган ишончли ахборот, бажариладиган геодезия, топография ва картографияга оид ишлар, шу жумладан уларнинг миқдор ва сифат тавсифлари ҳақидаги маълумотлар тизимидан иборатдир.



38-модда. Ўзбекистон Республикасининг

картография-геодезия фонди


Геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фондини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фонди таркибига давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари киради.

Давлат картография-геодезия фонди геодезия ва картография фаолияти натижасида яратилган, умумдавлат аҳамиятига молик бўлган ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда муддатларда сақланиши лозим бўлган геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) ўз ичига олади.

Давлат картография-геодезия фонди махсус ваколатли давлат органининг тасарруфида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг картография-геодезия фонди унинг ўз тасарруфида бўлади.

Идоравий картография-геодезия фондлари махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) ўз ичига олади ҳамда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тасарруфида бўлади.

Геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) давлат ва идоравий картография-геодезия фондларига топшириш тартиби, шунингдек уларнинг таркиби, тури ва шаклларига доир талаблар давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари тўғрисидаги низомларда белгиланади. Давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари тўғрисидаги низомлар ҳамда уларда мавжуд бўлган геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) рўйхатлари фондларнинг сақловчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси картография-геодезия фондининг белгиланган тартибда Миллий архив фонди таркибига киритилган геодезия ва картографияга доир материаллари (маълумотлари) архив иши тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобга олинади, сақланади ва улардан фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия ва картографияга оид ишларни бажарувчи геодезия ва картография фаолияти субъектлари ўзи яратган умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) бир нусхасини давлат картография-геодезия фондига бепул бериши шарт.

Геодезия ва картография фаолияти субъектларининг геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) давлат картография-геодезия фондига топшириши, ушбу материалларнинг (маълумотларнинг) сақланиши ҳамда улардан фойдаланилиши, идоравий картография-геодезия фондларининг давлат реестри юритилиши устидан давлат геодезия назорати махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



7-БОБ. ДАВЛАТ ГЕОДЕЗИЯ НАЗОРАТИ


39-модда. Давлат геодезия назоратининг мақсади ва вазифалари


Давлат геодезия назорати геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида амалга оширилади.

Давлат геодезия назоратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига, шу жумладан хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятга (ҳаракатларга) доир талаблари ва шартларига, геодезия ҳамда картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;

геодезия ва картографияга оид ишларни, геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш;

давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритишини таъминлаш.



40-модда. Давлат геодезия назоратининг асосий функциялари


Давлат геодезия назоратининг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:

геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятга (ҳаракатларга) доир талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қилиш;

картографияга доир материалларда ҳамда бошқа ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси ва ҳудуди тўғри акс эттирилганлиги устидан назорат қилиш;

геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатдан ўтказиш;

геодезия пунктларини ҳисобга олиш;

давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларидаги геодезия пунктларининг, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа геодезия пунктларининг бут сақланиши ва уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этилиши устидан назорат қилиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан давлат картография-геодезия фонди ҳамда идоравий картография-геодезия фондлари материалларининг (маълумотларининг) сақланиши устидан назорат қилиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари давлат тизимларининг ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қатори, маҳаллий координаталар ҳамда бошқа координаталар тизимларининг қўлланилиши устидан назорат қилиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) давлат картография-геодезия фондига топширилиши, шунингдек бу субъектларнинг ушбу фонддан олган материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиши устидан назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг навбатчи маълумотнома тарзидаги харитасини юритиш.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41-модда. Геодезия ва картография фаолиятини молиялаштириш


Умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид ишларни молиялаштириш буюртмачиларнинг маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Махсус ваколатли давлат органи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган давлат бошқаруви органлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларнинг буюртмачилари бўлиши мумкин.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа юридик шахслар, шунингдек жисмоний шахслар қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларнинг ҳамда махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик ишларнинг буюртмачилари бўлиши мумкин.


42-модда. Геодезия ва картография фаолияти натижасида

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Геодезия ва картография фаолияти натижасида етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши лозим.



43-модда. Низоларни ҳал этиш

Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



44-модда. Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



45-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган "Геодезия ва картография тўғрисида"ги 417-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 4-5, 122-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган "Геодезия ва картография тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 418-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 4-5, 123-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрда қабул қилинган "Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-304-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 10, 274-модда) 4-моддаси;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 4, 224-модда) 25-моддаси.



46-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



47-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



48-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 3 июль


"Халқ сўзи", 2020 йил 3 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 6 июль, 26-сон, 287-модда












































































Время: 0.2017
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск