язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Ёшларга оид давлат сиёсати/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.06.2020 й. ПФ-6017-сон "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

30.06.2020 й.

N ПФ-6017



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЁШЛАРГА

ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ ТУБДАН ИСЛОҲ

ҚИЛИШ ВА ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда 30 июнь - "Ёшлар куни" деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида "Мард ўғлон" давлат мукофоти ва "Келажак бунёдкори" медали таъсис этилди.

Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ёшларда замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш борасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрдаги мамлакат ёшлари билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган ёш авлодни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш, уларни "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари!" ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини амалга оширишда фаол иштирок этиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш;

ёшларга оид дастурлар, лойиҳалар ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш учун ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидияларни тақсимлаш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш;

тарбия муассасаларини тамомлаган етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш;

иқтидорли ёшларни етакчи хорижий олий таълим муассасаларига таълим олиш учун юбориш, халқаро танловларда иштирок этишини таъминлаш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини қамраб олган бешта муҳим ташаббусни кенг жорий этишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва истеъдодини ривожлантириш;

ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, замонавий касб-ҳунарлар, рақамли иқтисодиёт кўникмаларини пухта эгаллашлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, уларни иш билан таъминлаш жараёнларига кўмаклашиш;

ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар соҳасидаги халқаро рейтингларда мамлакатимиз мавқеини ошириш бўйича зарур чоралар кўриш, хорижда таълим олаётган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш;

ёшлар фаолияти билан боғлиқ соҳаларга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.


3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли лойиҳаларига грант маблағлари ажратиш;

ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида кенг ёшлар даврасида халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқлар жалб қилинган ҳолда мотивацион тадбирлар ўтказиш;

ҳудудларда ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида қудуқлар бурғулаш (қазиш), суғориш воситалари харид қилиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш;

ёшларнинг халқаро фан олимпиадалари ва танловларда ҳамда ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш, ёшларнинг халқаро меҳнат бозорларига чиқишига кўмаклашиш;

иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган ёшларни (биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари) бепул йўлланмалар асосида оромгоҳларга юбориш;

ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишлари, шу жумладан тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ўқув машғулотлари ўтказиш;

битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида барча ҳудудлардаги олий таълим муассасалари базасида бизнес акселераторлар ташкил этиш;

Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш;

ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатиш мақсадида жойлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига бизнес саёҳатлар ташкил этиш;

ёшларни касбга ўргатиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда амалий кўмак кўрсатиш учун консалтинг хизматлари харажатларини қоплаш;

кўргазмали савдо ярмаркаларини ташкил этиш;

бизнесни йўлга қўйишдан даромад олишгача бўлган масалаларни ўргатишга қаратилган масофавий ўқув машғулотлари ўтказиш ва қўлланмалар яратиш;

иқтидорли ёш адиб, рассом ва ҳунармандлар ўртасида ижодий кўрик танловлар ташкил этиш, ёш муаллифларнинг ижод намуналари, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш, санъат асарларини яратиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш.

Белгилансинки, Агентлик Дастурда назарда тутилган тадбирларни молиялаштиришни тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали амалга оширади.


4. Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Дастурда белгиланган тадбирлар, шунингдек, Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ваколатли вазирлик идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда ва самарали амалга оширилишини таъминлаш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш;

Фармон ижросининг доимий мониторинги ва таҳлилини олиб бориш ҳамда уларнинг натижалари юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот ва асослантирилган таклифлар киритиб бориш.


5. Агентлик:

а) 2020 йилда тегишли соҳаларга Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида республиканинг туман (шаҳар)ларидаги маҳаллаларда бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш учун қуйидаги зарурий чораларни кўрсин:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш учун тўгараклар ташкил этиш ҳамда уларни мусиқа жиҳозлари билан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда умумтаълим мактаблари ва спорт иншоотларида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тағриб қилиш мақсадида тўгараклар ташкил этиш ва уларга спорт анжомлари етказиб бериш;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ёшларни қамраб олишга мўлжалланган "Рақамли технологиялар ўқув марказлари" фаолиятини йўлга қўйиш, умумтаълим мактабларида ахборот технологиялари йўналишида тўгараклар ташкил этиш ва компьютер жиҳозлари билан таъминлаш;

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда ёшларни китобхонликка жалб этиш ва кутубхоналарга бадиий адабиётларни етказиб бериш;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда тикув ва тўқимачилик корхоналарида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни касб-ҳунарга ўқитиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудлар кесимида ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли, шу жумладан қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширсин:

"Фидойи ёшлар отрядлари"ни тузиш орқали ишсиз ёшларни ҳақ тўланадиган жамоат ва мавсумий ишларга жалб этиш;

"Ёшлар қурилиш отрядлари"ни ташкил этиш ва олий таълим муассасалари талабаларини ёзги таътил вақтида ҳақ тўланадиган қурилиш ишларига жалб этиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда асосий фаолияти қуйидагиларга йўналтириладиган кўнгилли ёшлардан иборат волонтёрлик гуруҳларини шакллантирсин:

қаровсиз ва ёлғиз кексаларга ёрдам кўрсатиш, ногирон ва имконияти чекланган фуқароларга кўмаклашиш;

тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

г) ёшлар ҳаётида учраётган муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида тизимли равишда социологик тадқиқотлар ўтказсин ҳамда якуни бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига улар юзасидан таҳлилий ҳужжатлар киритсин;

д) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёш кадрлар захирасини шакллантирсин.


6. Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-5466-сон Фармони доирасидаги:

ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган тадбирларни "Yoshlar - kelajagimiz" жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар бериш тартиби бекор қилинади;

лойиҳаларни кредитлаш бозор тамойиллари асосида тўғридан-тўғри тижорат банклари томонидан амалга оширилади. Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан ёш тадбиркорлар бизнес лойиҳалари учун ажратилган суммаси 2 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тўланади.


7. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:

Жамғармани 2021 йил 1 январдан мустақил нодавлат нотижорат ташкилот сифатида қайта ташкил этиш;

2021 йил 1 январдан бошлаб "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган ресурс маблағлари бўйича тижорат банкларининг Жамғарма олдидаги мажбуриятларини Давлат бюджети олдидаги мажбуриятлар сифатида қайта расмийлаштириш ва ҳар йили ушбу мажбуриятларнинг Давлат бюджетига қайтарилган қисми ҳисобидан Агентликнинг устувор дастурий вазифалари амалга оширилишини молиялаштириш;

Жамғарма томонидан унинг ва филиаллари тузилмаси, штатлар бирлигини олинган даромадларидан келиб чиқиб мустақил белгилаш ҳамда Жамғарманинг туман (шаҳар) филиалларини мақбуллаштириш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.


8. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ўзига юклатилган вазифаларни сифатли ва юқори савияда амалга ошириш учун қўшимча даромад манбааларини белгилаш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида 2020 йилда Дастурда кўзда тутилган тадбирлар учун маблағлар ажратсин, 2021 йилдан бошлаб эса ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин. Бунда, Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар харажатларни молиялаштириш 2020 йил учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.


10. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур Фармон ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов - ҳудудлар, вазирлик, идора ва ташкилотлар кесимида ёшлар сиёсати самарадорлигини баҳолаб бориш ва муаммоларни бартараф этишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгилаш, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини таъминлаш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори - ёшлар орасидан истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришни назарда тутувчи ташаббускор, ислоҳотларни амалга ошириш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этувчи, раҳбарлик лавозимларига муносиб ёшларни қўллаб-қувватловчи "Ватан ифтихорлари" институционал тизимини жорий этсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари - ёшлар муаммоларини ўрганиб, уларнинг ҳал этилишига кўмаклашсин, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш чораларини кўрсин, шунингдек, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда камида бир маротаба тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериб борсин.


12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 30 июндаги

ПФ-6017-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид

давлат сиёсатини янада ривожлантиришга

доир қўшимча чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Молиялаштириш

манбалари


Масъул ижрочилар

1.

Ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳаларига грант маблағлари ажратиш.

1. Ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳалари бўйича республика миқёсида танлов ўтказиш.


2020 йил

1 декабрь


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов)


2. Танлов натижасига кўра:

2020 йилда камида 10 та;

2021 йилдан бошлаб ҳар йили камида 20 та энг яхши стартап лойиҳаларга 50 млн сўмдан 200 млн сўмгача грант маблағлари ажратиш.


2021 йилдан

бошлаб

ҳар йили

1 сентябрь

Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов)

2.

Ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида кенг ёшлар даврасида халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқлар жалб қилинган ҳолда мотивацион тадбирлар ўтказиш.


Ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида ҳар йили камида бир маротаба кенг ёшлар даврасида ушбу йўналишда халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқларни жалб қилган ҳолда мотивацион тадбирлар ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


3.

Ҳудудларда ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида қудуқлар бурғулаш (қазиш), суғориш воситалари харид қилиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш.


1. Ёшларга қудуқлар бурғулаш (қазиш), суғориш воситалари харид қилиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибини ишлаб чиқиш.


2020 йил

1 сентябрь


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Ортиқов)


2. Белгиланган тартибда субсидиялар ажратиб бориш.


Доимий

равишда


4.

Халқаро фан олимпиадаларида ўқувчи ёшларнинг юқори савиядаги иштирокини таъминлаш.


Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (International Physics Olympiad (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (International Chemistry Olympiad (IChO), Халқаро информатика олимпиадаси (International Olympiad in Informatics (IOI) халқаро фан олимпиадаларида ўқувчи ёшларнинг:

юқори даражада тайёргарлик кўришлари учун "Ёшлар оромгоҳи"да ўқув базаси ташкил этиш, республика ва хорижлик малакали мутахассислар жалб қилиш ҳамда улар учун барча зарур шароитларни таъминлаш;

иштирокини ташкил этиш билан боғлиқ (суткалик, яшаш, транспорт, виза) харажатларни қоплаш.


Доимий

равишда


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов)


5.

Иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган ёшларни (биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари) бепул йўлланмалар асосида оромгоҳларга юбориш.


Фанларни "аъло" ва "яхши" баҳоларга ўзлаштираётган иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган 500 нафар ёшлар (биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари)ни бепул йўлланмалар асосида оромгоҳларга юбориш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили режа

асосида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов)


6.

Ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишлари, шу жумладан тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда республиканинг турли ҳудудларида бепул ўқув машғулотлар ўтказиш.


Ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишлари, жумладан тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ҳудудларда камида 200 та бепул ўқув машғулотлари ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


7.

Халқаро ёш тадбиркорлар бизнес форуми ва стартап тадбирлар ўтказиш.

1. Халқаро ёш тадбиркорлар бизнес форумини ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов)

2. "Ёшлар оромгоҳи" базасида халқаро стартап тадбирларини ўтказиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

икки йилда

бир маротаба


8.

Битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида барча ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида бизнес акселераторлар ташкил этиш.


Барча ҳудудлардаги олий таълим муассасалари базасида босқичма-босқич бизнес акселераторлар ташкил этиш.


Режа

асосида

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов)


9.

Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари, ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш.


1. Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш.


2020 йил

1 декабрь

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Ёшлар ишлари агентлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги (Ш.Содиқов)

2. Порталда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ва ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш.


Доимий

равишда

10.

Ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш.


100 нафар ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л.Қудратов)


11.

Ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатиш мақсадида жойлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига бизнес саёҳатлар ташкил этиш.


Ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатиш мақсадида жойлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига 200 та бизнес саёҳатлар ташкил этиш.


2021 йилдан

бошлаб ҳар

йили йил

давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ва ҳокимликлари


12.

Ёшларни касбга ўргатиш билан боғлиқ, шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда амалий кўмак кўрсатиш учун консалтинг хизматлари харажатларини қоплаш.


Ёшларни касбга ўргатиш билан боғлиқ, шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда амалий кўмак кўрсатиш учун 500 та консалтинг хизматлари харажатларини қоплаш.


Ҳар йили

йил давомида


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


13.

Ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўргазмали савдо ярмаркаларини ташкил этиш.


Ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 20 та кўргазмали савдо ярмаркалари ташкил этиш.


Ҳар йили

йил давомида

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ва ҳокимликлари


14.

Бизнесни йўлга қўйишдан даромад олишгача бўлган масалаларни ўргатишга қаратилган масофавий ўқув машғулотлари ўтказиш ва қўлланмалар яратиш.


Алоҳида тадбиркорлик йўналишлари бўйича бизнесни йўлга қўйишдан даромад олишгача бўлган масалаларни ўргатишга қаратилган масофавий ўқув машғулотлари ўтказиш ва қўлланмалар яратиш.


2021 йилдан

бошлаб

доимий

равишда


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов) манфаатдор вазирлик ва идоралар


15.

Иқтидорли ёш адиблар, рассомлар ва ҳунармандлар ўртасида ижодий кўрик танловлар ташкил этиш, ёш муаллифларнинг ижод намуналари, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш, санъат асарларини яратиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш.


Иқтидорли ёш адиблар, рассомлар ва ҳунармандлар ўртасида ижодий кўрик танловлар ташкил этилади, ёш муаллифларнинг ижод намуналари, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш, санъат асарларини яратиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш.


Доимий

равишда


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Д.Саиджонов), Ёзувчилар уюшмаси (С.Сайидов)


16.

Ёшларнинг халқаро меҳнат бозорларига чиқишига кўмаклашиш.


Ёшларнинг халқаро меҳнат бозорларига чиқишига кўмаклашиш бўйича зарур чораларни кўриш.


Доимий

равишда

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Ёшлар ишлари агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов)


                





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 30 июндаги

ПФ-6017-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид

давлат сиёсатини янада ривожлантириш борасидаги

чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича

мувофиқлаштирувчи кенгаш

ТАРКИБИ


Б.А. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси


лавозимига кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси ўринбосари


О.А. Назарбеков

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири


Ш.Х. Шерматов

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири


И.У. Маджидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири


А.В. Шин

-

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири


Р.Т. Маматов

-

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири


Т.А. Ишметов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазири


Н.Б. Хусанов

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири


И.Ю. Абдурахмонов

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири


Ш.М. Содиқов

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири


А.Х. Камилов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири


С.С. Саидкаримов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари


А.Ж. Ортиқов

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари


Л.Ш. Қудратов

-

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари


А.И. Икрамов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари


Ҳ.А. Қаршиев

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари


А.И. Икрамов

-

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси


А.У. Аккулов

-

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


Д.М. Саиджонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари


М.М. Ходжиматов

-

Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари


Ф.Ф. Абдухолиқов

-

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори


А.В. Нуридинов

-

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси


С.С. Саидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси


лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосарлари


лавозимига кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири, Мувофиқлаштирувчи кенгаш котиби

              

Изоҳ: Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш ишига келишилган ҳолда бошқа вазирликлар, идоралар, хўжалик жамиятлари ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ва мутахассислари жалб қилиниши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 6 июль, 26-сон, 289-модда