язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Соғлиқни сақлаш/ Тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 01.07.2020 й. 3277-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 01.07.2020 й. 121-сон буйруғига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 1 июлда 3277-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2020 йил 1 июлдаги

121-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини

тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши

бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда

беморнинг дори воситаларини қабул қилиш,

сақлаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4554-сон "Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 сентябрдаги 714-сон "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом талаблари дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаларига ҳамда таркибида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва заҳарли моддалар бўлган дори воситаларини беморга тайинлашга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


дори воситалари - касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори моддалари (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар асосида олинган воситалар, дори моддалари (субстанциялар), дори препаратлари;


дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи (бундан буён матнда халқаро патентланмаган ном деб юритилади) - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дори воситаси таркибидаги фаол дори моддасининг (субстанциясининг) қисқартирилган номини бериш орқали дори воситасини идентификация қилиш;


рецепт - шифокорнинг фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисга дори препаратларини тайёрлаш ва (ёки) бериш ҳамда унинг қўлланилиш усули тўғрисидаги электрон ёки ёзма шаклдаги кўрсатмаси;


электрон рецепт - шифокорнинг фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисга дори воситасини тайёрлаш ва (ёки) бериш ҳамда унинг қўлланилиш усули тўғрисидаги кўрсатмасини тезкор равишда олиш имконини берувчи электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификациялаш имконини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлган электрон ҳужжат;


экстемпорал усулда тайёрланадиган дори воситалари - беморга шифокор томонидан берилган рецепт асосида дорихона шароитида тайёрланган дори препаратлари.



2-БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ ТАЙИНЛАШ

ВА ХАЛҚАРО ПАТЕНТЛАНМАГАН НОМЛАНИШИ

БЎЙИЧА РЕЦЕПТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


3. Мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларида беморга мажбурий тартибда халқаро патентланмаган ном бўйича рецепт ёзилиши лозим.


4. Беморга тайинланган дори воситалари (ҳалқаро патентланмаган номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд қилинади ва бевосита даволовчи шифокор томонидан имзоланади.


5. Беморга дори воситалари ва (ёки) экстемпорал усулда тайёрланадиган дори воситалари даволовчи шифокор томонидан имзоланадиган қоғоз кўринишидаги рецепт бланкаси (бундан буён матнда қоғоз кўринишидаги рецепт деб юритилади) ёки электрон рецепт шаклида расмийлаштирилади.


6. Тиббиёт ташкилотларида беморларга дори воситаларини тайинлаш ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари асосида бир марталик, кунлик ва курс дозаларини аниқлаш орқали касалликнинг тури, оғирлиги ва хусусиятига ҳамда беморнинг ёшини ва дори воситаларини тиббиётда қўлланишига доир йўриқномада кўрсатилган дориларининг ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда даволовчи шифокор томонидан амалга оширилади.


7. Қуйидаги ҳолларда беморга тайинланган дори воситаларининг асослилиги тиббиёт ташкилотларининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи билан келишилиши лозим:

беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан ортиқ дори воситалари (дори воситаларининг туридан қатъи назар) тайинланганда;

асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда.

Мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда тайинланган дори воситаларининг асослилиги беморнинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган шахслар томонидан ҳам имзоланиши лозим.


8. Даволовчи шифокор тиббиёт ташкилотларида стационар шароитда даволанаётган беморга ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситаларини тайинлаши мумкин.


9. Тиббий кўрсатмалар бўлган ҳолатда (ҳаётий кўрсатмалари бўйича, индивидуал кўтара олмаслик) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган диагностика ва даволаш стандартларига кирмаган, ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситалари шифокорлар консилиуми асосида тайинланади ва тиббий хужжатларда қайд этилади.


10. Тиббиёт ташкилотининг даволовчи шифокори томонидан тайинланган рецептда дори воситасининг халқаро патентланмаган номи, таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса давлат тилида кўрсатилиши шарт. Зарур ҳолларда рецепт малакали таржимани таъминлаган ҳолда бемор тушунадиган бошқа тилда ёзилиши мумкин.


11. Рецепт беморга унинг ёши, дори воситасини халқаро патентланмаган номи, экстемпорал усулда тайёрланадиган дори воситалари таркибидаги дори моддаларининг номлари, шунингдек уларнинг дозаси, даврийлиги, қабул қилиш вақти ва давомийлиги, дори воситаларининг озиқ-овқат истеъмолига қараб оқилона қўлланиши (овқатдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатдан кейин) кўрсатилган ҳолда мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда берилади.

Бунда, рецептда тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг ҳалқаро патентланмаган номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) рецептнинг йиртма корешогида ҳам бир-биридан фарқланмайдиган ҳолатда кўрсатилиши шарт.

Даволовчи шифокор томонидан тиббиёт ташкилотида стационар шароитда даволанаётган беморга тайинланган рецептда дори воситаларини озиқ-овқат истеъмолига қараб (овқатланишдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатланишдан кейин) қўлланилиши бўйича маълумотлар кўрсатилмаслиги мумкин.


12. Даволанаётган беморга (беморнинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахсларга) дори воситаларига рецепт берилганлиги ҳақидаги маълумотлар унинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд этилади.


13. Даволовчи шифокор томонидан қуйидаги ҳолатларда дори воситаларига рецепт расмийлаштирилиши тақиқланади:

мижознинг тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;

Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларига (орфан дори воситалари бундан мустасно);

фақат тиббиёт ташкилотларида қўллашга мўлжалланган дори воситалари, шу жумладан наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига.


14. Рецепт ёзишда даволовчи шифокор томонидан мазкур Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган асосий рецептура қисқартмаларидан фойдаланилиши мумкин.


15. Рецептда айнан қандай дори воситаси ёзилганлигини аниқлашда чалғитувчи ингредиентларнинг номига яқин қисқартмаларни ёзишга йўл қўйилмайди.


16. Ҳар бир тиббиёт ташкилотидаги даволовчи шифокорларга рецепт бланкалари ушбу муассаса раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган жавобгар шахс томонидан, дам олиш ва байрам кунлари, шунингдек тунги вақтларда эса тиббиёт ташкилотининг масъул навбатчи шифокори томонидан берилади.

Шифокорларга бериладиган рецепт бланкаларининг ҳисоби мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича юритилади.


17. Рецепт Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан берилганда уларнинг юқори қисми чап бурчагида тиббиёт ташкилотининг номи ва манзили тегишли штамп қўйилган ҳолда кўрсатилиши, хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан берилганда эса қўшимча равишда рецептнинг юқори қисми ўнг бурчагида ушбу муассасанинг фаолият кўрсатиши бўйича берилган лицензиянинг тартиб рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилиши лозим.


18. Рецептда "Ичиш учун", "Маълум", "Қоида тариқасида" ва бошқа шу каби қисқартма сўзлардан фойдаланиш ман этилади.

Рецептда кўрсатилган маълумотлар аниқ ва тушунарли тарзда тўлдирилиши, унда ўчириш ва тузатишларга йўл қўйилмаслиги лозим.


19. Экстемпорал усулда тайёрланадиган дори воситалари учун рецепт расмийлаштирилишида қаттиқ ва сочилувчан дори моддалари граммларда (0,001; 0,5; 1,0), суюқ дори моддаларининг миқдори миллилитр, томчиларда кўрсатилади.


20. Беморга дори воситаларини шошилинч равишда ёки зудлик билан бериш зарур бўлган тақдирда, рецепт бланкасининг юқори қисмига "cito" (шошилинч) ёки "statim" (зудлик билан) белгиси қўйилади.


21. Тайёр дори воситаси учун рецепт расмийлаштирилганда уларнинг миқдори дори воситасини қўллаш бўйича йўриқномага мувофиқ бўлиши керак.


22. Рецепт даволовчи шифокорнинг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланиши лозим. Бунда даволовчи шифокор шахсий муҳрининг ташқи айлана диаметри 20 мм, кичик айлана диаметри 10 мм, айланалар орасидаги масофа 3 мм ва кичик айлана ичидаги чизиқ узунлиги 8 мм бўлиши ҳамда катта айлана ичида даволовчи шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, кичик айлана ичидаги чизиқда "шифокор" сўзи ёзилади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган талаблар электрон рецептга нисбатан татбиқ этилмайди.


23. Рецептлар даволовчи шифокор томонидан расмийлаштирилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида амал қилади.


24. Касаллиги сурункали бўлган беморлар учун амбулатория шароитида касалликларнинг халкаро таснифи рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда асосий фармакологик таъсирига кўра анаболик фаоллиги билан ажралиб турадиган дори воситаларига рецепт берилганда даволовчи шифокор томонидан истисно тариқасида рецептда уларнинг 60 кунлик даволаш курсига етарли миқдори, қолган тайёр дори воситаларига эса 90 кунлик даволаш курсига етарли миқдори кўрсатилиши мумкин.

Бунда, рецептда дорихонадан дори воситаларини бериш даври (ҳар ҳафта, ҳар ой ва бошқалар) кўрсатилиши шарт. Қоғоз кўринишидаги рецепт "махсус мақсадлар учун" ёзуви билан даволовчи шифокор томонидан имзоланади, электрон рецептларга эса "махсус мақсадлар учун" белгиси ва электрон рақамли имзо қўйилади.


25. Стационар тиббиёт ташкилотида даволанган беморга амбулатория шароитида даволанишни давом эттириш зарур бўлган ҳолларда рецепт тиббиёт ташкилотининг шифокори томонидан беморнинг тиббий ҳужжатларидан олинган кўчирмасидаги даволовчи шифокорнинг амбулатория шароитида дори воситасининг қўлланилиши ҳақидаги тавсиясига асосан берилади.


26. Ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилмаган қоғоз кўринишидаги ёки электрон рецепт ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.



3-БОБ. ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИДА

БЕМОРНИНГ ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ, САҚЛАШ ВА ҚЎЛЛАШ


27. Тиббиёт ташкилотлари томонидан стационар шароитида даволанаётган бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахслар) томонидан олиб келинган дори воситалари ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган талабларга жавоб берган ҳолларда қабул қилиниши мумкин.


28. Тиббиёт ташкилотининг даволовчи шифокори томонидан беморнинг дори воситалари қабул қилиб олинаётганда ушбу дори воситалари рецептнинг йиртма корешогида кўрсатилган дори воситалари билан ўзаро мувофиқлиги, шу жумладан дори воситасида кўрсатилган яроқлилик муддати, бирламчи ва иккиламчи ўрамнинг бутунлиги, ташқи кўриниши текширилади ва ижобий хулосага караб рецептнинг йиртма корешоги беморнинг тиббий ҳужжатига тикилади.


29. Тиббиёт ташкилотларида стационар шароитида даволанаётган беморлар (беморнинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахс) томонидан олиб келинган ва алоҳида сақлаш шароитларини талаб этмайдиган дори воситалари бемор жойлаштирилган хонада, алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган дори воситалари эса ушбу муассасанинг муолажа хонасида сақланади.


30. Тиббиёт ташкилотида даволанувчи беморга дори воситалари даволовчи шифокор томонидан тайинланган усулда ҳар бир дори воситаси учун белгиланган тиббиёт амалиётида қўлланиш йўриқномасига асосан ушбу муассасанинг ҳамшираси томонидан қўлланилади.


31. Дори воситалари беморга электрон рецепт асосида расмийлаштирилганда уларни қабул қилиш тиббиёт ташкилотининг даволовчи шифокори томонидан ягона электрон рецептлар маълумотлар базасида электрон шаклдаги рецепт қайд этилганлиги ва рецепт орқали дори воситалари берилганлиги тўғрисида маълумот сақланиши орқали амалга оширилади.


32. Бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахслар) томонидан даволовчи шифокорга дори воситалари билан биргаликда рецептнинг йиртма корешоги тақдим этилмаса ёки унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 31-1-бандида кўрсатилган маълумотлар қайд этилмаган бўлса, тиббиёт ташкилотининг даволовчи шифокори томонидан дори воситаларни қабул қилиш тақиқланади.


33. Рецептнинг йиртма корешоги бемор (унинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахс) томонидан йўқотилган ёки у яроқсиз ҳолга келиб қолган ҳолатларда дорихона ходими томонидан рецептнинг дорихонада сақланаётган, йиртма корешоги ўрнини босувчи, тасдиқланган нусхаси берилиши мумкин.

Бунда дори воситаларини берган дорихона ходими ўзида сақланаётган рецептнинг нусхасини тасдиқлаб беради ва ушбу рецепт нусхаси рецептнинг йиртма корешоги кучига эга бўлади.


34. Рецепт бланкаларини сақлаш ва йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


36. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Рецепт бланкаси шакли

              

Изоҳ:

рецепт бланкасининг ўлчами - 105 х 148 м;

рецептнинг йиртма корешоги ўлчами - 70 х 148 мм.



(рецепт қисмининг орқа томони)



ЭСЛАТМА


Тиббиёт ташкилотининг реквизитлари босма усулда ёзилади ёки штамп қўйилади.

Рецептда шифокорнинг фармацевт ходимга дори воситасининг халқаро патентланмаган номи, таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса давлат тилида кўрсатилиши шарт. Зарур ҳолларда малакали таржимани таъминлаган ҳолда бемор тушунадиган бошқа тилда ёзилиши лозим.

Рецептда битта дори воситаси ёзилади.

Рухсат этилган асосий рецептура қисқартмаларидан фойдаланилиши мумкин.

Рецепт беморни даволаниши учун керакли миқдорда берилади.

Каттиқ ва сочилувчан дори моддалари граммларда (0,001; 0,5; 1,0), суюқ дори моддаларининг миқдори миллилитр, томчиларда кўрсатилади.

Рецептда "Ичиш учун", "Маълум", "Қоида тариқасида" ва бошқа шу каби қисқартма сўзлардан фойдаланиш ман этилади.

Шифокор имзоси унинг шахсий муҳри билан тасдиқланади.

Дори воситалари берилгандан кейин рецепт дорихонада қолдирилади, рецепт йиртма корешоглари расмийлаштириб берилади.

Рецептда тайинланган дори воситаси бўйича тушунмовчилик келиб чиққан ҳолларда, рецептда кўрсатилган шифокорнинг телефон рақами орқали шифокор билан боғланиб аниқлик киритилиши мумкин.

Экстемпорал усулда тайёрланган

дори воситаси N ___


Дорихона штампи


Қабул қилган

дорихона фармацевт

ходимининг Ф.И.О.


Тайёрлаган

дорихона фармацевт

ходимининг Ф.И.О.


Текширган

дорихона фармацевт

ходимининг Ф.И.О.


Берган

дорихона фармацевт

ходимининг Ф.И.О.


(рецепт йиртма корешогининг орқа томони)



БЕМОР УЧУН ЭСЛАТМА


Рецептнинг йиртма корешоги (стикер, дори воситаси ҳақида тўлиқ маълумот берувчи товар чеки) дори воситаси билан даволаниш якунига қадар сақланиши лозим.






Низомга

2-ИЛОВА



Асосий рецептура қисқартмалари

Т/р


Қисқартмалар


Тўлиқ ёзилган ҳолати


Давлат тилидаги таржимаси


1.

аа


аnа

тенг миқдорда

2.

ас. асid


асidum

кислота

3.

aer


аerosolum

аэрозоль

4.

аmр.


аmpulla

ампула

5.

aq.


аquа

сув

6.

аq. рur.


аquа рurificata

тозаланган сув

7.

but.


butyrum

мой (қаттиқ мой)

8.

соmр., срs.


соmpositus (а, um)

мураккаб

9.

D.


Dа (Dеtur, Dеntur)

бер (берилсин)

10.

D.S.


Dа, Signа, Detur, Signetur


бер, белгила, берилсин, белгилансин


11.

D.t.d.


Dа (Dеntur) tales doses


бер (берилсин) ушбу дозада


12.

dil.


dilutus

суюлтирилган

13.

div.in p.аеq


divide in partes aequales


тенг миқдорга бўлинг (қисмларга ажратинг)


14.

emuls.


emulsio

эмульсия

15.

ехtr.


ехtractum

экстракт

16.

F


fiat (fiant)

ҳосил бўлсин

17.

gran.


granulum

грануллар

18.

gtt.


gutta, guttaе

томчи, томчилар

19.

gtt. peror.


guttae peroralis

ичиш учун томчилар

20.

inf.


infusum

дамлама

21.

in amp.


in ampullis

ампулаларда

22.

in tabl.


in tab(u)lettes

таблеткаларда

23.

in tab. prolong. obd.


in tab(u)lettis prolongatis obductis


узоқ таъсир қилувчи қопланган таблеткалар


24.

lin.


linimentum

линимент

25.

Liq.


liquor

суюқлик

26.

lot.


lotion

лосьон

27.

mixt.


mixtura

микстура

28.

М.рil.


massa pilularum

пилюля массаси

29.

М.


Мisсе, Мisсеаtur

аралаштир (аралаштирилган бўлсин)


30.

N.


numero

рақам билан

31.

ol.


оleum

мой (суюқ)

32.

pаst.


раstа

паста

33.

рil.


рilula

хаб дори

34.

р.аеq.


pаrtes аеquales

тенг миқдорда

35.

pрt., рrаес.


рrаесipitatus

чўкма

36.

рulv.


рulvis

кукун

37.

q.s.


quantum satis

қанча талаб қилса, керагича

38.

r., rаd.


radix

илдиз

39.

Rр.


Recipе

ол

40.

Rер.


Rереtе, Rереtatur

қайтар (қайтарилсин)

41.

rhiz.


rhizoma

илдизпоя

42.

S.


Signa, Signetur

белгила (белгилансин)

43.

sem.


semen

уруғ

44.

simpl.


simplех

оддий

45.

sir.


sirupus

сироп (шарбат)

46.

sol.


solutio

эритма

47.

suрр.


suрроsitorium

шамча (суппозиторий)

48.

spr.


spray

спрей

49.

tabl.


tab(u)letta

таблетка

50.

t-rа, tinct.


tinctura

тиндирма

51.

ung.


unguentum

суртма

52.

vitr.


vitrum

шиша идиш

       





Низомга

3-ИЛОВА



Тиббиёт ташкилотларида рецепт

бланкаларини беришни қайд қилиш

ЖУРНАЛИ

Т/р

Рецепт

бланкалари

сони

Тиббиёт

ташкилоти

бўлими


Рецепт

бланкасини

берган ходимнинг

фамилияси, исми

ва отасининг

исми


Имзо


Рецепт бланкасини

олган ходимнинг

фамилияси, исми

ва отасининг исми


Имзо


Сана







       


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 6 июль, 26-сон, 304-модда