ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун "Тарбия" фани Концепцияси (ЎзР ВМ 06.07.2020 й. 422-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 6 июлдаги

422-сон қарорига

3-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим муассасалари

ўқувчилари учун "Тарбия" фани

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Бугунги глобаллашув жараёнлари, фан-техника тараққиёти, инновацион жамиятга бўлган эҳтиёж ёшлар учун кўплаб имкониятлар яратмоқда. Улар олдига тезкор қарорлар қабул қилиш, инновацион тафаккурни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш билан бирга миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ бўлишдек ҳаётий талабларни қўймоқда.

Шу боис, Ўзбекистон Республикасида "Тарбия" фани концепцияси мазкур фанни давлатнинг таълим-тарбия соҳасидаги сиёсатини амалга оширишда мавжуд бўлган долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилади. Концепция ёш авлод тарбиясидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устувор вазифалар, асосий мақсад ва йўналишларни белгилаб беради.

Шунингдек, Концепцияда белгиланган йўналишлар мамлакат ёшларини маънан ва жисмонан баркамол қилиб тарбиялаш, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни давлат ва жамиятнинг ривожига кенг жалб этиш, ташаббусларини етарли даражада қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий асослар, иқтисодий имкониятлар ва ташкилий механизмларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.


2. Мазкур Концепция Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги, "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган ҳужжатлари, хусусан "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги конвенциялар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Ёшлар-2030" стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосланади.


3. Концепцияда белгиланган вазифалар Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари, Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси, миллий ва жаҳондаги илғор тажрибалар, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда амалга оширилади.


4. Концепция умумий ўрта таълим тизимида ўқувчиларнинг ёшига мос маънавий ривожланишини таъминлаш ва фаол фуқаролик компетенцияларини шакллантириш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларида ўқитилаётган "Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар" туркумига кирувчи фанлар "Одобнома", "Ватан туйғуси", "Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари", "Маънавият асослари", "Дунё динлари тарихи" фанларини бирлаштирган ягона Тарбия фанининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Шу мақсадда, Хитой Халқ Республикаси, Сингапур, Япония, Корея Республикаси, Австралия, Германия, Буюк Британия, Франция ва Россия Федерацияси каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилди, амалдаги фанларнинг ўқув дастурлари ҳар томонлама қиёсий таҳлил қилинди.


5. Концепция асосида яратилган дастур амалдаги Соғлом авлод асослари, Саломатлик, Йўл ҳаракати қоидалари, Ҳаёт хавфсизлиги асослари, Саломатлик дарслари, Ҳуқуқий тарбия, Экологик тарбия, Медиа маданияти, Иқтисод ва солиқ сабоқлари каби бир қанча факультатив ўқув курслари дастурларини бирлаштиради.


6. Концепция умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг (кейинги ўринларда - Малака талаблари) негизи ҳисобланади. Концепция "Тарбия" фанини ўрганиш босқичлари, ўқув фани бўйича таълим мазмуни ва малака талабларининг тузилишини белгилайди.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ ВА ЗАРУРАТИ


7. Бугунги кунда ривожланган давлатларда ёшлар билан ишлашнинг янгича моделларини яратишда инновацион механизм ва технологияларни қўллашга доир кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.


8. Шиддат билан ўзгараётган дунёда ўқувчи-ёшларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга тайёрлашда масъулият, мажбурият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, теран дунёқараш, соғлом эътиқодлилик, маърифатлилик, диний ва миллий бағрикенглик, маънавий, фуқаровий, маданиятлараро, ижтимоий каби фазилатларни шакллантириш кун тартибидаги асосий масалаларга айланиб бормоқда.

Шу боис ёшлар тарбиясига бевосита таъсир кўрсатадиган "Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар" туркумига кирувчи фанларни ўқитиш таълим жараёнига янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Жумладан, ёшлар тарбиясида дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва мафкуравий жараёнларга тўғри баҳо бера олиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда тўғри қарор қабул қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топиш билан боғлиқ бўлган аниқ мақсадларни шакллантира олишга ўргатиш, бунинг натижаси ўлароқ, оила-жамият ўртасидаги муносабатларнинг узилиб қолишининг олдини олиш, лоқайдлик, ҳуқуқбузарлик, "оммавий маданият"нинг турли кўринишларидан сақлаш имкони яратилади.

Бу, ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикасини сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маънавий ривожлантиришнинг муҳим омили бўлган ёшлар тарбияси шахсан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббускорлигида давлат сиёсати даражасига кўтарилганини инобатга олиб, ушбу йўналишдаги принципиал ёндашувларни такомиллаштириш, стратегик мақсад ва вазифаларнинг концептуал асосларини ишлаб чиқиш заруратини талаб қилди.



3-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ ЖОРИЙ ЭТИШНИНГ

АСОС ВА ПРИНЦИПЛАРИ


9. Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдаги асосий принциплар қуйидагилар ҳисобланади:

миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги;

онгли ватанпарварлик руҳини ривожлантириш;

соҳадаги замонавий илмий-тадқиқотларга асосланиш;

очиқлик ва шаффофлик;

тарбия соҳасига оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

тарбия соҳасига доир сиёсатни амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусий сектор фаолиятининг мувофиқлиги ва мутаносиблиги.


10. Ҳуқуқий асослари:

Концепцияни амалга ошириш орқали шахс тарбиясида миллий норматив-ҳуқуқий базани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ шакллантириш;

вазирликлар ва идоралар, муассасалар, давлат ҳамда нодавлат корхона ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари "Тарбия" фани концепциясининг амалга ошириш тизимини ташкил этади.


11. Ташкилий-бошқарув асослари:

Концепцияни амалга оширишнинг комплекс чора-тадбирлар режаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг қўшма қарорларни ишлаб чиқиш;

илғор педагогик тажрибаларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни оммалаштириш, рағбатлантиришни ташкил этиш;

"Тарбия" фани концепциясининг самарадорлигини мониторинг қилиш.


12. Илмий-методик асослари:

шахснинг ижтимоийлашуви ва тарбиясига оид илмий-тадқиқот изланишларини амалга оширилишини таъминлаш;

"Тарбия" фани малака талаблари, ўқув дастурлари ва ўқув режаларини шакллантириш;

"Тарбия" фани дареликларини яратишда самарали тарбия технологияларини жорий этиш;

"Тарбия" фани ўқув-методик мажмуасини яратиш ва амалиётга йўналтириш;

давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқувчилар томонидан одоб-ахлоқ, билим, кўникма ва малака ҳамда компетенцияларнинг тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш;

ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлашни ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

ўқувчиларда илмий дунёқараш ва глобал тафаккур юритиш компетентлигини шакллантириш;

умумтаълим фанларини ўқитишнинг принципиал янги методологияси асосида таълим-тарбиянинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш.


13. Фаннинг таркиби, мазмуни, ўқув-методик таъминоти:

умумий ўрта таълим мактабларида Тарбия фанини ўқитиш талаблари қуйидаги босқичларда ишлаб чиқилиши зарур:

бошланғич синф (А2), тўққизинчи синф (А2+), ўн биринчи синф (B1) битирувчисига қўйиладиган минимал малака талаблари, компетенциялар, баҳолаш тартиби ва ўқув дастурлари. Ҳар бир босқич маънавий-ахлоқий, тафаккур, ҳуқуқий, фуқаровий, иқтисодий, жисмоний, экологик, эстетик тарбия турларини ўз ичига олиши лозим;

ҳар бир босқичда ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш;

ўқувчилар тарбиясида оиланинг мактаб билан ўзаро самарали ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ота-оналарга, бошқа миллат ва маданият вакилларига бўлган ҳурматни умуминсоний тамойилдан келиб чиқиб шакллантиришни қўллаб-қувватлаш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш;

узлуксиз таълим тизимига "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" тамойилига асосланган миллий қадриятларни сингдириш;

ўқувчиларни ҳар томонлама, жисмоний, руҳий, маънавий-ахлоқий ривожлантириш орқали ижтимоий ҳаётга мослаштириш ва турли мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга ўргатиш;

болада фаол фуқаролик позицияларини шакллантириш;

дунё динларининг кўп асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маънавий қадрият эканини тушунтириш билан бир қаторда, ҳеч бир дунё динида зўравонлик, терроризм ва экстремизм ғоялари тарғиб этилмаслигини тушунтириш;

шахс фаолиятида ижтимоий-маърифий институтлар билан ҳамкорликни кучайтириш;

маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор ёки тарбиясида бўшлиқлар мавжуд бўлган ёки нотинч оила фарзандлари, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган ёшлар билан индивидуал тарзда ишлаш тизимини такомиллаштириш.



4-БОБ. ЎҚУВ-МЕТОДИК МАЖМУАГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


14. Ўқув-методик мажмуанинг янги авлодини ишлаб чиқиш принциплари ҳамда уларнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар:

ўқувчиларда таянч компетенцияларни шакллантириш;

"Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" принципи мазмун ва моҳиятини ўқувчиларнинг онгу тафаккурига сингдириш;

ўқувчиларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга тайёрлаш;

фаол фуқаролик позицияларини мустаҳкамлаш;

масъулият, мажбурият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, теран дунёқараш, соғлом эътиқодлилик, теран маърифатлилик, бағрикенглик каби фазилатларни шакллантириш вазифаларини белгилайди.

Тарбия фани ўқувчиларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларнинг ҳар томонлама ижтимоийлашувига кўмаклашиш, самарали ҳамкорлик қилиш, вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий, маънавий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, ўзларининг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.


15. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида учраётган салбий ҳолатларнинг асл сабабларини аниқлаш ва олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни кескин камайтиришга қаратилган қуйидаги профилактик ишлар натижадорлигини оширишга замин яратади:

ўқувчиларда миллий ғурур ва ифтихор, моддий ва маънавий меросни асраб-авайлашга қаратилган инсонпарварлик туйғусини таркиб топтириш;

давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқувчилар томонидан билим ва ҳаётий кўникмаларнинг тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш;

ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлашни ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

янги авлод ўқув-методик мажмуаларини яратиш ва амалиётга жорий этиш;

умумтаълим фанларининг ўқитиш методологиясини такомиллаштириш асосида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш.


16. Ўқув-методик мажмуани ишлаб чиқиш принциплари:

мазкур фан бўйича ўқувчиларга сифатли билим бериш, уларни тўғри тарбия йўлига йўналтириш, зарур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлишларига, мустақил ҳаётга мослашишларига кўмак кўрсатиш, турли вазиятларда ҳуқуқий, маънавий мезонларга асосланган ҳолда қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган эстетик жиҳатдан замонавий безатилган, қизиқарли ва психологик-педагогик материалларга бой қуйидаги ўқув-методик мажмуалар комплексини талаб қилади:

ўқув-методик мажмуа таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари асосида яратилганлиги;

ўқувчиларнинг ақлий ва жисмоний имкониятлари, ёши, психофизиологик хусусиятлари, билим даражаси, қизиқишлари, лаёқатлари ҳисобга олинганлиги;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва миллий ифтихор туйғусини шакллантиришга қаратилганлиги;

умумий ўрта таълимининг зарур ҳажми берилганлиги, ўқувчиларда мустақил ижодий фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилганлиги;

мавзуларнинг мазмунан изчиллиги, илғор педагогик технологиялар, медиа-маҳсулотлардан унумли фойдаланилганлиги.


17. Дарсликка қўйиладиган дидактик талаблар:

ўқувчилар томонидан ўқув материалларининг тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш;

матнлар ахборот беришга эмас, балки ўқув фани мазмун-моҳиятининг ўқувчилар томонидан англаш ва ҳаётга татбиқ қилиш мақсадларига хизмат қилиши;

қизиқарли, лўнда ва ҳамма учун қулай ва табақалаштирилган бўлиши;

илмий дунёқарашни шакллантириш, ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик талабларига жавоб бериши, аниқ далилларга асосланган материаллардан таркиб топиши;

таълимнинг кундалик ҳаёт ва амалиёт ўртасидаги боғлиқлигини таъминлашга, олинган билимларни амалиётда қўллай олиш иқтидори шакллантирилишига, бошқа ўқув фанлари билан узвий боғлиқликни таъминлашга йўналтирилган бўлиши;

расмлар кўринишидаги иллюстрациялар: хариталар, чизмалар, схемалар, жадваллар, диаграммалар, фотосуратлар, инфографикалардан иборат медиамаҳсулотлар билан безатилган бўлиши;

ўқувчилар психо-физиологик ривожланиш даражасига мос янги тушунчалар, атамалар, қоидалар, таърифлар ва шу каби луғат кўринишида ифодаланган бўлиши лозим.


18. Дарсликка қўйиладиган илмий-методик талаблар:

фан-техниканинг сўнгги ютуқларини ўзида акс эттириши;

ўқув фани мавзуларининг мазмунан яхлитлиги таъминланган бўлиши;

ўқув фани мавзулари адабий тил қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда оддий, содда, тушунарли ва равон тилда баён қилиниши;

мантиқий кетма-кетлик ва изчилликка амал қилиниши;

Ўзбекистон халқининг менталитетига зид бўлмаган тегишли иллюстрациялар билан бойитилиши;

савол ва топшириқларнинг аниқ ифодаланган бўлиши;

ўқувчиларни фикрлашга, ёзишга, тасвирлашга, чизма чизишга, ҳисоблашга, амалий ишларни бажаришга, тажрибалар ўтказишга ўргатишда педагогик технологиялардан фойдаланиш назарда тутилган бўлиши;

бир тушунчанинг икки хил атама билан ифодаланишига, саналарни келтиришда ноаниқликка йўл қўйилмаслиги;

ўқувчиларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга йўналтиришга оид матн ва расмлар, изоҳли луғат, техник ижодкорлик, мантиқий ва инновацион тафаккурни ўстиришга қаратилган лойиҳалаш ҳамда моделлаштириш топшириқларини қамраб олган бўлиши лозим.


19. Дарсликка қўйиладиган педагогик-психологик талаблар:

кенг жамоатчилик томонидан тан олинган илмий асосланган маълумотлар, ўқувчиларнинг билим даражалари, эслаб қолиш қобилиятлари, тафаккури инобатга олинган ҳолда, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини англашга ҳамда амалий қизиқишларини ривожлантиришга, билим олиш ва амалий фаолият билан шуғулланишга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилган бўлиши;

ўқув фани мавзуларининг ўқувчи ёши ва психо-физиологик хусусиятларига мос ҳолда берилиши, маълум бир фактлар, тушунчалар, қоидалар ва фанлараро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда тушунарли баён қилиниши;

ўқувчиларнинг янгиликларни қабул қилиш қобилиятлари, олдин олган билимларини ўзлаштирганлик даражаси ҳисобга олиниши лозим.


20. Дарсликка қўйиладиган эстетик талаблар:

белгиланган талаблар даражасида ёрқин, рангли, чиройли безатилган, замонавий дизайнига мос бўлиши;

матнлар ва иллюстрацияларнинг уйғунлиги ва ўқувчилар ёшига мослиги;

бўлим, боб, мавзулар матнларининг турли шакл ва ранглар билан ажратилиши, уларнинг мутаносиблиги таъминланиши лозим.


21. Дарсликка қўйиладиган гигиеник талаблар:

матн ва иллюстрациялар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлиши;

ҳарфларнинг катталиги ва қоғознинг сифати (оғирлиги, қалинлиги, оқлиги ва шаффофлиги) таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламенти талабларига мос бўлиши лозим.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


22. Концепцияда назарда тутилган мақсад ва вазифаларга эришишнинг молиявий харажатлари Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 июль
















































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск