язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Алока ва ахборот-коммуникацион технологиялар/ Давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериши тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.07.2020 й. 444-сон қарорига 5-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 16 июлдаги

444-сон қарорига

5-ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти

Юзасидан жамоатчилик олдида электрон ҳисобот

бериши тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериши тартибини белгилайди.


2. Давлат бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари (кейинги ўринларда - давлат органлари ва ташкилотлари) томонидан ўз фаолияти юзасидан ярим йиллик ва йил якуни бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот (кейинги ўринларда - ҳисобот) тақдим этилади.

Ушбу Низом қоидалари мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилмаган давлат органлари ва ташкилотлари учун тавсиявий хусусиятга эгадир.


3. Ҳисобот:

давлат органлари ва ташкилотларининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда, мобил мессенжерлардаги расмий саҳифаларда жойлаштирилиб, ҳисобот ҳақидаги хабарнома марказий (ҳудудий) босма оммавий ахборот воситаларида ва интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинганидан сўнг;

давлат органлари ва ташкилотларининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти ва улар биринчи раҳбарларининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали брифинг ва матбуот конференциялари кўринишида онлайн трансляцияларни ташкил этиш йўли билан;

давлат органлари ва ташкилотининг бевосита биринчи раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи бошқа мансабдор шахс (кейинги ўринларда - ташкилот раҳбари) томонидан тақдим этилади.


4. Ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари (матбуот хизматлари, жамоатчилик билан алоқалар хизматлари) (кейинги ўринларда - ахборот хизмати) томонидан таъминланади.


5. Ҳисобот мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ қуйидаги уч босқичда ташкил этилади:


1-босқич - ҳисоботни давлат органи ва ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда, мобил мессенжерлардаги расмий саҳифаларда жойлаштириш;


2-босқич - ҳисобот ҳақидаги хабарномани марказий (ҳудудий) босма оммавий ахборот воситаларида ва интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилиш;


3-босқич - ҳисоботни бевосита тақдим этиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтда ҳамда ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар орқали брифинг, матбуот конференцияларининг онлайн трансляцияларни ташкил этиш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш.


6. Ҳисобот "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида кўрсатилган маълумотлар билан бир қаторда:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларини бажариш доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар;

давлат органлари ва ташкилотларига тегишли қонун ҳужжатлари билан юклатилган асосий вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши ҳолати;

бажарилаётган асосий вазифалар ва функциялар, шунингдек, топшириқларнинг давлат органи ва ташкилотининг фаолияти самарадорлиги кўрсаткичлари (индикаторлари)да белгиланган мезонларга мувофиқлиги;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида ўтказилган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги кўрсаткичлари;

маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолияти;

ўтган ҳисобот даврида тегишли маъмурий ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган кўрсаткичлар, ҳудудни янада ривожлантириш соҳасидаги вазифалар ва асосий йўналишлар;

ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш борасида маҳаллий бюджетлар лойиҳаларини шакллантириш жараёни;

фаолияти билан боғлиқ аҳолининг муаммоли масалалари ва уларни ҳал қилиш йўллари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.



2-БОБ. ҲИСОБОТНИ ИНТЕРНЕТ ЖАҲОН АХБОРОТ

ТАРМОҒИДА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


7. Давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари буйруғи билан ахборот хизмати ёки бошқа ходим ҳисоботни интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш ҳамда уни тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани марказий (ҳудудий) босма оммавий ахборот воситаларида ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилиш, шунингдек, уларнинг трансляцияларини ташкил этиш учун масъул этиб тайинланади.


8. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳисоботни ярим йиллик ва йил якунланган кундан эътиборан 10 кун муддатда ўзларининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий саҳифаларида жойлаштиради.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтда ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларда жойлаштирилган ҳисоботлардаги маълумотларга уларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилиниши шарт.


9. Ҳисобот давлат тилида тақдим этилиши керак, бунда ҳисоботлар давлат тили билан биргаликда бошқа тиллардаги версияларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Ҳисобот жамоатчиликка тушунарли шаклда, оддий ва равон тилда тақдим этилиши лозим.


11. Жойлаштирилган ҳисоботдан фойдаланиш эркин ва бепул бўлиши керак. Ҳар бир ҳисоботнинг жойлаштирилган санаси кўрсатилиши лозим.


12. Давлат органи ёки ташкилотининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилган маълумотлар ҳаққоний ва ишончли бўлиши керак. Ташкилот раҳбари ушбу маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги учун шахсан жавобгардир.


13. Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтга жойлаштириладиган маълумотлар брифинг ёки матбуот конференцияси орқали тақдим этилган ҳисоботлар билан ўзаро мувофиқ бўлиши керак.


14. Ҳисоботларда хизмат доирасида фойдаланишга тааллуқли ва қонун ҳужжатлари билан эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланган бошқа ахборотлар бўлмаслиги керак.


15. Давлат органлари ва ташкилотлари ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ҳисоботларнинг йўқ қилиниши, тўсиб қўйилиши, бузиб талқин қилиниши, қалбакилаштирилишининг ҳамда бошқа шакллардаги рухсатсиз аралашувларнинг олдини олиш бўйича тегишли муҳофаза чора-тадбирларини кўриши керак.



3-БОБ. БРИФИНГ, МАТБУОТ КОНФЕРЕНЦИЯСИ

ЎТКАЗИЛИШИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ

ОНЛАЙН ТРАНСЛЯЦИЯСИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ


16. Ташкилот раҳбари ҳисобот даври (ярим йиллик ва йиллик) якунланган кундан эътиборан 30 кун муддатда брифинг, матбуот конференциясининг онлайн трансляциясини ташкил этиш йўли билан жамоатчилик олдида ҳисобот бериши керак.


17. Брифинг, матбуот конференциясининг онлайн трансляцияси ўтказилиши ҳақидаги хабарнома марказий (ҳудудий) босма оммавий ахборот воситаларида, давлат органлари ва ташкилотларининг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларида ҳамда ижтимоий тармоқларда, мобил мессенжерлардаги аккаунтларда тадбир режалаштирилаётган кундан камида 10 кун олдин эълон қилинади.


18. Брифинг, матбуот конференциясининг онлайн трансляцияси ўтказилиши ҳақидаги хабарномада:

ҳисобот берувчи раҳбарнинг, шунингдек, ҳисоботда иштирок этадиган бошқа мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

брифинг ёки матбуот конференциясининг мавзуси;

тадбир ўтиши режалаштирилган сана ва бошланиш вақти;

тадбирни ўтказиш учун масъул ахборот хизмати ходимининг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда унинг хизмат телефони рақамлари;

фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган республика (ҳудуд) доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган "тезкор алоқа"нинг телефон рақамлари;

ташкил этилаётган ҳисобот юзасидан жамоатчилик томонидан саволлар ва таклифлар юборилиши усуллари кўрсатилади.


19. Ахборот хизмати ҳисобот тадбири ўтказилишидан бўлган бир ой олдин давлат органлари ва ташкилотларининг электрон манзилига, расмий веб-сайтига, ижтимоий тармоғига, мобил мессенжерига тушган савол ва таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва мавзулар бўйича тақсимлаш ишларини ташкил қилади.


20. Брифинг ёки матбуот конференцияси давомида ташкилот раҳбарининг ҳисоботи мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотларни қамраб олган бўлиши лозим.


21. Брифинг ва матбуот конференциялари фақат иш кунлари, қоида тариқасида, соат 11.00 дан соат 14.00 га қадар бўлган вақт оралиғида ташкилотнинг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги аккаунтларда онлайн трансляция қилиш йўли билан ўтказилади ва уларнинг давомийлиги 60 минутдан ошмаслиги керак.


22. Ҳудудда, мамлакатда ёки хорижий давлатларда содир бўлган муҳим воқеалар сабабли брифинглар ёки матбуот конференциялари ўтказиш зарурати пайдо бўлган ҳолларда бундай тадбирлар матбуот хизматлари томонидан ташкилот раҳбари билан келишган ҳолда тезкор равишда ташкил этилади.


23. Расман хабар қилинган брифинглар ёки матбуот конференциялари бекор қилинган ҳолларда ахборот хизмати тадбирнинг тасдиқланган ўтказиш вақтидан камида 48 соат олдин жамоатчилик вакилларини бу ҳақида хабардор қилиши керак.


24. Брифинг, матбуот конференциясининг онлайн трансляцияси вақтида ва ундан сўнг жисмоний ва юридик шахслардан тушган саволлар, изоҳлар, таклифлар ҳамда эътирозлар кўриб чиқилиши ҳамда улар юзасидан батафсил тушунтиришлар 5 кун муддатда тақдим этилиши лозим.


25. Ҳисобот тадбири ўтказилгандан сўнг давлат органи ёки ташкилоти томонидан 10 кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига унинг натижалари тўғрисида маълумот берилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмаларининг ҳисоботлари юқори турувчи органга тақдим этилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур Низомга амал қилиниши бўйича доимий мониторинг олиб боради ҳамда ҳисоботлар таҳлилини юритади.


27. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотларининг ўз

фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида

электрон ҳисобот бериши

СХЕМАСИ

   

Босқичлар


Масъуллар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

(Ҳисоботни интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлашти-риш)


Давлат органлари ва ташкилотлари


1. Ҳисоботни интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш, уни тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани марказий (ҳудудий) босма оммавий ахборот воситаларида ва интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилиш, шунингдек, уларнинг трансляцияларини ташкил этиш учун масъул ходимни тайинлайди.


2. Масъул ходим ҳисоботни ташкилотнинг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда, мобил мессенжерлардаги расмий саҳифаларида жойлаштиради.


Ярим йиллик ва йил якунланган кундан эътиборан 10 кун муддатда











2-босқич

(Ҳисобот ҳақидаги хабарномани интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилиш)


Давлат органлари ва ташкилотлари


Ҳисобот ҳақидаги хабарномани марказий (ҳудудий) босма оммавий ахборот воситаларида ва интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилади.


Ҳисобот режалаштири-лаётган кундан камида 10 кун олдин











3-босқич

(Ҳисобот ўтказилишини ташкил этиш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш)


Давлат органлари ва ташкилотлари


1. Ҳисоботни бевосита тақдим этиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтда ҳамда ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар орқали брифинг, матбуот конференцияларининг онлайн трансляцияларини ташкил этади.


2. Ҳисобот вақтида ва ундан сўнг жисмоний ва юридик шахслардан тушган саволлар, изоҳлар, таклифлар ҳамда эътирозларни кўриб чиқади ва улар юзасидан батафсил тушунтиришлар беради.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот натижалари тўғрисида маълумот беради.


Белгиланган муддатларда






Ҳисобот тадбири тугаган кундан бошлаб 5 кун муддатда





Ҳисобот тадбири ўтказилгандан сўнг 10 кун мобайнида





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 17 июль