язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2020 й. 448-сон "Тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактлар асосида углеводородларни қазиб олиш механизминн жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.07.2020 й.

N 448



ТАҚСИМЛАНМАЙДИГАН ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРГА ЭГА

БЎЛГАН КОНТРАКТЛАР АСОСИДА УГЛЕВОДОРОДЛАРНИ

ҚАЗИБ ОЛИШ МЕХАНИЗМИНН ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 9 июлдаги ПҚ-4388-сон қарори ижросини таъминлаш, қазиб олиниши мураккаб ва кам захираларга эга бўлган конлардан углеводородларни қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш орқали иқтисодиёт ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чораларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Нефть-газ соҳасидаги халқаро амалиётга мувофиқ мураккаб ёки кам захираларга эга ва қазиб олиш ишларининг таннархи юқори бўлган конларда углеводородлар ер қаъридан фойдаланувчилар ҳамда қоида тариқасида, углеводородлар қазиб олиш соҳасида сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослашган компаниялар (кейин ўринларда - пудратчи) ўртасида тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактлар асосида қазиб олиниши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

ушбу қарорда белгиланган тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактлар асосида углеводородларни қазиб олиш механизми устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 ва ундан ортиқ фоизни ташкил қиладиган давлат корхоналари ва юридик шахсларга, шунингдек, давлат улуши 50 ҳамда ундан ортиқ фоизни ташкил қиладиган юридик шахсга (кейинги ўринларда - ер қаъридан фойдаланувчи) устав фондининг (капиталининг) 50 ва ундан ортиқ фоизи тегишли бўлган юридик шахсларга татбиқ этилади;

тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактлар (кейинги ўринларда - контракт) асосида пудратчиларни жалб этган ҳолда, углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш назарда тутилган конлар рўйхати ер қаъридан фойдаланувчиларининг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан мунтазам равишда шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилади;

контракт углеводородларнинг кўпайтирилган ҳажмларидан танлов асосида аниқланган пудратчининг сарф-харажатларини қопланиши сифатида улушнинг ва пудратчига бериладиган мукофотнинг бир қисмига эга бўлиш ҳуқуқини белгилаган ҳолда, пудратчи томонидан углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш ишларини (хизматларини) ўз ҳисобидан ҳамда ўз таваккалчилиги асосида амалга оширишни назарда тутувчи пудрат шартномасини ифода этади;

углеводородларнинг кўпайтирилган ҳажми қазиб олинадиган ҳақиқий ҳажм ва ҳисоблаб чиқилган асосий (базавий) қазиб олиш ҳажми ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланади;

танлов ҳужжатларига техник талабларни белгилаш учун ҳисоблаб чиқилган асосий (базавий) қазиб олиш ҳажми ер қаъридан фойдаланувчи томонидан ҳар бир қудуқни баҳолаш йўли билан тегишли конлар бўйича ишлаб чиқиладиган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида углеводородларни қазиб олишни кўпайтиришнинг бошланғич шартлари сифатида белгиланади;

углеводородлар қазиб олишнинг кўпайтирилган ҳажмида пудратчи улушининг миқдори ер қаъридан фойдаланувчининг ушбу улушга нисбатан, шу жумладан солиқлар билан боғлиқ сарф-харажатларини қоплаш ҳисобга олинган ҳолда, техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга мувофиқ аниқланади ва контрактда кўрсатилади;

пудратчига контракт бўйича тегишли бўлган нефть ва газ конденсатининг улуши ички бозорда хомашё сифатида контракт асосида сотилиши ёки кейинчалик уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни ички бозорда сотиш ёки экспорт қилиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотни қайтариб бериш асосида қайта ишланиши мумкин;

пудратчига контракт бўйича тегишли бўлган табиий газ улуши контракт асосида ички бозорда сотилади, шунингдек, қисман пудратчининг эҳтиёжлари учун ишлатилиши мумкин;

қайта ишлаш қувватларида нефть, газ конденсата ва табиий газни қайта ишлаш, табиий газни республика газ-транспорт тизими орқали етказиб бериш хизматларининг нархлари нефть ва газни қайта ишлаш, газ-транспорт ташкилотлари ва пудратчи ўртасидаги контракт асосида белгиланади;

хорижий пудратчи углеводородларни, улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта ишланган ҳолларда эса - қайта ишланган маҳсулотларни сотишдан тушган миллий валютадаги даромаддан ички валюта бозорида хорижий валютани сотиб олиш учун фойдаланиш ва кейинчалик хорижий валютада сотиб олинган маблағларни хориждаги ўз ҳисобрақамига ўтказиш ҳуқуқига эга;

пудратчи ер қаъридан фойдаланувчининг ер қаъри участкаларидан фойдаланиш, нефть, табиий газ ва газ конденсатини, шунингдек, ер ва кон ажратмаларини қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда сотиш ҳуқуқини берадиган мавжуд лицензиялари асосида қазиб олиш тадбирларини амалга оширади;

пудратчи томонидан контракт бўйича амалга оширилган ишлар давомида олган барча геологик маълумотлар белгиланган тартибда ер қаъридан фойдаланувчига бепул берилиши керак;

контрактни амалга оширишда барча геологик, технологик, техник ва молиявий таваккалчиликлар пудратчи сарфлаган харажатларни ер қаъридан фойдаланувчи ва давлат томонидан қоплаб бериш мажбуриятларисиз пудратчининг зиммасида бўлади;

контрактлар бир ёки бир нечта конлар бўйича 10 йилгача бўлган муддатга, ер қаъридан фойдаланувчи ҳамда пудратчининг ўзаро келишувига кўра қўшимча 5 йилгача узайтириш имконияти билан тузилиши мумкин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

ер қаъридан фойдаланувчи пудратчини танлаш бўйича танлов савдоларини ўтказишда корпоратив буюртмачи вазифасини амалга оширади;

танлов савдолари ҳар бир алоҳида кон бўйича эълон қилинади;

танлов савдоларини ўтказиш муддатлари танлов эълон қилинган кундан бошлаб камида икки ой олдин ва танлов иштирокчилари томонидан конлар бўйича геологик-техник маълумотларни олиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, таклифлар тайёрлаш учун зарур бўлган вақтдан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

контрактга 1-иловага мувофиқ минимал талаблар қўйилади;

танлов савдоларини ўтказиш, шу жумладан танлов иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш таркибига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг вакиллари ҳам киритиладиган танлов комиссияси томонидан амалга оширилади;

танлов савдоларининг ғолиби - пудратчи 100 фоиз улушли иштироки бўлган шўъба юридик шахсни ташкил қилиши ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиши шарт, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган юридик шахслар - резидентлар бундан мустасно;

ер қаъридан фойдаланувчи пудратчи билан танлов савдоларининг натижалари бўйича контракт тузади;

ер қаъридан фойдаланувчи ва пудратчи ўртасида тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контракт 2-иловага мувофиқ схема бўйича тузилади.


4. Ер қаъридан фойдаланувчига тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактларга мувофиқ углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш ишларини амалга ошириш учун пудратчиларни жалб этиш бўйича танлов савдолари эълон қилинган конларга нисбатан махфийлик тўғрисидаги битимлар асосида маълумотларни пудратчиларга тақдим этишга рухсат берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси пудратчилар томонидан ишлар амалга оширилаётганда саноат хавфсизлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва метрологик аттестация талабларига риоя этилишининг назоратини, шунингдек, зарур бўлганда, углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш технологияларини қўллашни ўз вақтида экспертизадан ўтказиш ва келишишни таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тегишли лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилишини ва пудратчилар томонидан тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактларни амалга ошириш доирасида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя этилиши бўйича давлат назоратини таъминласин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 21 июлдаги

448-сон қарорига

1-ИЛОВА



Углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш бўйича

тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган

контрактга қўйиладиган минимал талаблар


Углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш бўйича тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактда (кейинги ўринларда - контракт) қуйидагиларни ўз ичига олади:

конни ишлатиш режаси;

иш турлари ва ҳажмлари, шунингдек, уларни бажариш шартларининг тавсифи;

контрактнинг амал қилиш муддати ва уни узайтириш мумкин бўлган механизм;

операцион ташкилотни (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахсни) таъсис этиш тартибини белгилаш;

контрактни амалга оширишда томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича операцион қўмитани ташкил этиш тартибини белгилаш;

конлардаги мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кўрсатган ҳолда, ишларни амалга ошириш учун углеводород конларини пудратчиларга бериш тартибини белгилаш;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, таваккалчиликларни контракт томонлари ўртасида тақсимламаслик тўғрисидаги, шу жумладан конларни ишлатиш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни, бурғулаш ва қазиб олиш усулларини қўллаш орқали углеводородларни қазиб олишни кўпайтиришни таъминлаган ҳолда, пудратчининг углеводородларни ўз ҳисобидан ва ўз таваккалчилиги асосида қазиб олишни кўпайтириш ишларини амалга ошириш мажбуриятларини назарда тутувчи шартлар;

қазиб олинган углеводородларнинг кўпайтирилган ҳажмларидан пудратчига тегишли улуш учун унга берилган мулк ҳуқуқлари;

қазиб олинган нефть ва газ конденсатининг кўпайтирилган ҳажмларидан пудратчига тегишли улуш учун нархларни шакллантириш тартиби;

суғурталаш тартиби ва шартлари;

бажариладиган ишларнинг атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олишга, ушбу таъсир оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган чора-тадбирларни пудратчи томонидан амалга ошириш тартибини белгилаш, шунингдек, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатилишига сабаб бўлган авариялар ва бахтсиз ҳодисалар юз берганда, етказилган зарар учун жавобгарликни суғурта қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ солиқ мажбуриятларини контракт томонлари ўртасида тақсимлаш шартлари;

конларда углеводородларни қазиб олиш ҳисобини юритиш тартиби;

ер қаъридан фойдаланувчига пудратчи томонидан контракт бўйича ишларни амалга ошириш давомида олинган барча геологик маълумотни ҳамда углеводородларни қазиб олиш ҳажмлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш тартиби;

пудратчининг контракт асосида сув манбалари ва электр энергияси қувватларидан зарур ҳажмларда, шунингдек, нефть ва табиий газни қайта ишлаш ва ташиш хизматларидан ҳамда ер қаъридан фойдаланувчи кўрсатадиган бошқа хизматлардан фойдаланиш шартлари;

пудратчининг замонавий технологиялар ва ишларни самарали бошқариш, кондаги барча ишларни самарали ва хавфсиз бажариш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, шунингдек, халқаро нефть ва газ саноатида умумқабул қилинган стандартларга риоя этиш, атроф-муҳитга зарарли таъсирларнинг ҳамда пудратчи томонидан амалга ошириладиган ишларнинг кондан (қудуқдан) фойдаланиш кўрсаткичларига салбий таъсирнинг олдини олишга қаратилган барча чораларни кўриш бўйича мажбуриятлари;

ишлар ҳажмлари, шу жумладан контрактга мувофиқ пудратчи томонидан бажариладиган ишларнинг минимал дастури;

нефть, табиий газ ва газ конденсатини қазиб олишнинг асосий (базавий) ҳажмлари;

нефть, табиий газ ва газ конденсатининг кўпайтирилган ҳажмидаги пудратчининг улушини аниқлаш ва олиш тартиби;

нефть, табиий газ ва газ конденсатининг кўпайтирилган ҳажмидаги пудратчига тегишли улушни сотиш тартиби;

пудратчининг контракт бўйича ишларнинг минимал дастурини бажарилмаганлиги учун жавобгарлиги;

пудратчининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, шу жумладан стандартлаш, ишларни хавфсиз амалга ошириш, ер қаъри, атроф-муҳит ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;

контракт бўйича ишлар якунлангандан сўнг барча иншоотлар, қурилмалар ва бошқа мол-мулкни тугатиш ёки консервация қилиш, шунингдек, контракт бўйича ишлар амалга оширилган ҳудудларни ифлосланишдан тозалаш шартлари;

қўлланиладиган ҳуқуқ ва низоларни ҳал этиш тартиби;

форс-мажор ҳолатлар;

товарларни харид қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда устунликни маҳаллий ташкилотларга бериш талаби;

пудратчининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштириш ва уларга меҳнат қилиши учун шароитлар яратиш ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятини яратиш бўйича мажбуриятлари;

тузиладиган контракт мақсадларидан келиб чиқадиган бошқа шартлар.






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 21 июлдаги

448-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ер қаъридан фойдаланувчи ва пудратчи ўртасида

тақсимланмайдиган таваккалчиликларга

эга бўлган контрактни тузиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич

Ер қаъридан фойдаланувчи (устав фондида давлат улуши 50 ва ундан ортиқ фоиз бўлган юридик шахслар)


1. Техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида танлов ҳужжатларини тайёрлайди, шу жумладан углеводородларни асосий (базавий) қазиб олиш ҳажмини белгилайди.


1. Ер каъридан фойдаланувчининг хоҳишига кўра.




2. Тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактлар асосида углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш соҳасида сервис хизматларини кўрсатишга ихтисослашган пудратчи компанияни (корпоратив буюртмачи сифатида) аниқлаш юзасидан танлов савдоларини ўтказади.



2. Танлов иштирокчилари конларнинг геологик-техник маълумотларни таҳлил қилишга ва таклифларни тайёрлашга зарур бўлган, аммо икки ойдан кам бўлмаган муддатларда.








2-босқич

Пудратчи (углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш соҳасида сервис хизматлариии кўрсатишга ихтисослашган компания)


1. Танлов савдолари эълон қилинган конлар бўйича ер қаъридан фойдаланувчи билан маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида битим тузади.



1. Ер қаъридан фойдаланувчи мурожаат этган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида.




2. Конлар бўйича ер қаъридан фойдаланувчидан геологик-техник маълумотларни олади, уларни таҳлил қилади ҳамда танлов савдолари бўйича таклиф тайёрлайди.



2. Геологик-техник маълумотлар тайёрланишига қараб.


3. Тайёрланган таклифни ер қаъридан фойдаланувчига тақдим этади.



3. Танлов ҳужжатларида белгиланган муддатларда.









3-босқич

Ер қаъридан фойдаланувчи


1. Танлов савдолари иштирокчиларидан таклифларни қабул қилади.



1. Таклифларни тақдим этилган пайтдан кечиктирмасдан.





2. Танлов комиссия томонидан иштирокчиларнинг таклифлари баҳоланишини ва ғолиб аниқланишини ташкил этади.



2. Танлов ҳужжатларида белгиланган муддатларда.








4-босқич

Еp қаъридан фойдаланувчи, пудратчи


Белгиланган минимал талабларга мувофиқ томонлар ўртасида тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга бўлган контрактни тузади.


Ер қаъридан фойдаланувчи ва пудратчи ўртасида келишилган муддатларда.




      

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 22 июль