ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Саноат соҳасида бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.07.2020 й. ПФ-6033-сон "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.07.2020 й.

N ПФ-6033



АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА УЛАРНИНГ АЙЛАНМАСИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДА БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Республикада виночилик соҳасини жадал ривожлантириш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш, алкоголь маҳсулотлари ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси негизида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик);

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғармаси негизида Агентликнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.


2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шунингдек соҳани ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш;

виночилик хом ашё базасини мустаҳкамлашга ва саноатбоп токзорлар плантацияларини кенгайтиришга, виночилик корхоналарини комплекс модернизациялашга, замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этишга ҳамда виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;

маҳаллий вино тайёрловчиларнинг халқаро миқёсда рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек соҳага инвестицияларни жалб этишда узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш;

ўзбек виноларининг миллий брендини яратиш ва уни жаҳон бозорларида кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмларини, шу жумладан замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш орқали мониторинг қилиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этилиши ҳамда сақланиш сифатини, шу жумладан уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини назорат қилиш.


3. Агентлик:

алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширувчилар томонидан лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг қуйидаги вазифа ва функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ўтказилсин:

узумнинг хўраки ва кишмишбоп навлари плантацияларини кенгайтириш, узумчиликни жадал ривожлантиришга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

узумчилик корхоналарини комплекс модернизациялашга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш;

хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон реестрини юритиш.


5. Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан янги узум плантацияларини яратиш учун қуйидаги мақсадларда субсидиялар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ажратилиши белгилансин:

хўраки ва кишмишбоп узум плантацияларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш;

хўраки ва кишмишбоп узум токзорларида ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан сув етказиб бериш, артезиан қудуқлар, қувурлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос станциялари қуриш, сув сақлаш учун сиғимлар сотиб олиш.

Молия вазирлиги Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратилиши белгиланган субсидияларнинг тегишли қисмини 2020 йил 1 августдан бошлаб Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ажратилишини таъминласин.


6. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 2020 йил 21 июль ҳолатига маблағлари қолдиғини қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестиция лойиҳаларининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ўртасида тақсимласин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020 йил 1 августдан бошлаб:

ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинган табиий вино (қадоқлангандан ташқари) маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солинади.

8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.А. Абдухакимов) алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга туристларни жалб қилиш учун туроператорларнинг йўналиш дастурларига корхонага тегишли дегустация ҳудудлари киритилишини ташкиллаштирсин.


9. Агентликка 2020 йил 1 октябрдан бошлаб истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда тегишли лицензия ёки рухсат гувоҳномаларисиз ишлаб чиқилган ва сотилган, идентификация воситалари билан маркировкаланмаган, қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳақида далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, махсус ваколатли органни хабардор қилган ҳолда текширишларни амалга ошириш ваколати берилсин.


10. Белгилансинки, истеъмол ва техник этил спирти 2021 йил 1 июлдан бошлаб реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS) билан жиҳозланган ҳамда 2022 йил 1 январдан бошлаб истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ҳамда узумзорларнинг ягона реестри ахборот тизимига интеграция қилинган электрон ҳисоблагич ўрнатилган автотранспорт воситаларида ташилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси икки ой муддатда маҳаллий кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари рекламасига қуйидаги ҳолларда рухсат берилишини назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

меҳмонхоналарда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари савдо залининг ички қисмида ҳамда маҳсулотларни намойиш ва дегустация қилиш жойларида;

ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқарувчи ва савдо корхоналарининг расмий веб-сайтларида;

темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида;

оммавий ахборот воситаларида маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан 07:00 гача намойиш қилинишига.


12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4162-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


14. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 23 июлдаги

ПФ-6033-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5490-сон Фармонига 2-иловада:


1-позициянинг "Назорат қилувчи орган" устуни "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги" сўзларидан кейин "Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги" сўзлари билан тўлдирилсин;


26-позициянинг "Назорат қилувчи орган" устунидаги "Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси" сўзлари "Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5656-сон Фармонида:


а) 1-2-бандлари ўз кучини йўқотган деб топилсин;


б) 3-бандда:

иккинчи хатбошидаги "Инспекция томонидан" сўзи чиқариб ташлансин;

олтинчи хатбошидаги "Инспекция" сўзи "Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;

еттинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

саккизинчи-ўнинчи хатбошилар тегишинча еттинчи-тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3818-сон қарорига 2-илованинг рус тилидаги матнида:


а) "2403 99 900 9" ва "3824 99 930 0, 3824 99 960 8" позициялари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"

2403 99 900 9

Нагреваемая табачная палочка, нагреваемая капсула с табаком и другие изделия, содержащие табак, с аналогичным принципом использования

  

25 долл. США/кг



2403 99 900 9

Никотиновый бестабачный снюс

  

10 долл. США/кг****



3824 99 920 8

3824 99 960 8

Никотиносодержащая жидкость (в картриджах, резервуарах и других контейнерах для использования в электронных сигаретах)

  

0,045 долл. США/мл

".

б) изоҳ қуйидаги мазмундаги "****" ҳавола билан тўлдирилсин:

"****) Ставка налога применяется в отношении веса нетто товара, при этом не учитывается вес потребительской упакови (пластиковой банки, картонной упаковки и т.п.). В случае отсутствия на потребительской упаковке (таре) информации изготовителя о весе товара, ставка налога применяется к нетто весу с учетом потребительской упаковки (тары)".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4161-сон қарорида:


а) 1-5 ва 8-9-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин;


б) 10-бандда:

биринчи хатбошида "Жамғарма" сўзи "Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси, шунингдек, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси" сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги мазмундаги тўртинчи-олтинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"Бунда:

субсидиялар техник навли узум плантациялари учун Жамғарма ҳамда хўраки ва кишмишбоп узум плантациялари учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан субсидияларнинг бошқа суммалари ва узум етиштирувчиларни молиялаштиришнинг қўшимча йўналишлари белгиланиши мумкин";

бешинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


в) 14-банд ҳамда қарорга 1-3-иловалар ўз кучини йўқотган деб топилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги "Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4699-сон қарорига 5-иловада:


а) 2.2-позициянинг "Ташкилот ва лойиҳалар номланиши" устунидаги "Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси" сўзлари "Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 22.2-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"

22.2.

Ўзбекистон Республикасида айрим турдаги маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва уларни кузатиш имкониятини таъминлаш тизимини жорий этиш.


1. Алкоголь ва тамаки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун рақамли маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартиби бўйича тажриба лойиҳасини жорий этиш

  

2020 йил

август

Маркировкалаш тизими қатнашчилари ва "CRPT TURON" МЧЖ маблағлари

".

2. Тажриба лойиҳаси доирасида рақамли маркировкалаш тизимини синовдан ўтказиш

  

2020 йил

ноябрь

3. Синов натижаларига кўра рақамли маркировкалаш тизимини барча ишлаб чиқарувчиларда жорий этиш

  

2021 йил

давомида

7. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида"ги 227-сон қарори 2-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи-учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Импорт қилувчида эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголь маҳсулотлари мавжуд бўлганда, эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашига қадар беш ой қолган кунда тайёр маҳсулот қолдиқларига янги намунадаги акциз маркалари янгидан маркаланиб, товарлардан эски намунадаги акциз маркалари олиб ташланиши керак.

Товарлардан олиб ташланган акциз маркалари эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашига қадар беш ой қолган кунда инвентаризацияни ўтказиш комиссияси (солиқ ва молия органларининг вакиллари, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ходимларидан ташкил топади) томонидан куйдириш йўли билан йўқ қилиниши керак, бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади".


8. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 майдаги "Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби, шунингдек, лицензия талаблари ва шартларини бузганлик учун қўлланиладиган чоралар ва санкциялар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 301-сон қарори 5-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритган чакана савдо дўконларидаги қолдиқ алкоголь маҳсулотларини сотишга 2020 йил 1 сентябргача рухсат берилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 24 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 27 июль, 28-29-сон, 329-модда













































Время: 0.1900
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск