ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банк операциялари / Бошқа операция ва битимлар /

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3266-сон билан рўйхатга олинган 24.06.2020 й. Марказий банк Бошқарувининг 357-В-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 13-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 30 июнда 3266-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқаруви ва

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши

курашиш департаментининг

2020 йил 24 июндаги

357-В ва 13-сон қарорига

ИЛОВА



Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар

тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий

фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни

молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил қилиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бенефициар мулкдор - якуний ҳолатда мулк ҳуқуқига эгалик қилувчи ёки мижозни ҳақиқатда назорат қилувчи, ва манфаати кўзланган ҳолда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция амалга оширилаётган жисмоний шахс;


ички назорат - тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг мижозларни лозим даражада текшириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш, шубҳали операцияларни аниқлаш, ҳамда террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар билан боғлиқ операцияларни аниқлашга доир фаолияти;


ички назорат хизмати - тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг ички назорат тизимини бошқаришга жавобгар бўлган тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг махсус бўлинмаси;

ички қоидалар - тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи ички ҳужжат;


мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текшириш мақсадида мижозлар ҳақидаги маълумотларни улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ёки ўрнатилган тартибда учинчи томонлардан олинган маълумотлар, очиқ манбаларда ва маълумотлар базаларида мавжуд бўлган қўшимча тасдиқланган маълумотлар асосида аниқлаш;


мижоз - тўловни амалга ошириш учун фармойиш берган шахс;


Рўйхат - махсус ваколатли давлат органи томонидан терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;


юқори мансабдор шахслар - давлат органларида доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув вазифаларини бажарувчи ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни содир этишга ваколатли шахслар, шунингдек, кўрсатилган функцияларни халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида бажарувчи шахслар;


таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги;


ички назорат тизими - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этишга қаратилган ташкилий тузилма, методика ва тартиб-таомиллар мажмуи;

махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;


масъул ходим - тўлов тизими оператори, электрон пуллар оператори ёки тўлов ташкилоти билан меҳнат шартномасини тузган, ўз лавозим мажбуриятларига асосан ички назоратнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган шахс;


электрон ҳамён - электрон пуллар сақланадиган ва улардан фойдаланиш имконини берадиган электрон пуллар тизимининг дастурий таъминоти, микропроцессор (чип) ва дастурий-техник воситалар;


электрон ҳамённи блоклаш - электрон ҳамёнга кириш ва электрон пулларни ишлатишни тақиқлаш, электрон ҳамёнга келиб тушган электрон пулларни ҳисобга киритиб қўйиш операциялари бундан мустасно;


электрон тўлов - техник воситалар, ахборот технологиялари ва ахборот тизимлари хизматларидан фойдаланган ҳолда электрон тўлов ҳужжатлари орқали нақдсиз пул тўловларини амалга ошириш;


учинчи томон - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасида кўрсатилган ташкилотлар;


юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси - чет давлатнинг қонунчиликка мувофиқ юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилган ва ўз иштирокчиларининг (пайчиларнинг, ишонч билдирувчиларнинг ёки бошқа шахсларнинг) ёхуд бошқа бенефициарларнинг манфаатларини кўзлаб даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилий тузилма (фондлар, шерикликлар, ширкатлар, трастлар, жамоавий инвестициялар ва (ёки) ишончли бошқарувнинг бошқа шакллари);

аккаунт - тўлов тизими оператори ёки электрон пуллар тизими оператори ёҳуд тўлов ташкилотининг мобил иловасида мижоз тўғрисидаги маълумотлар мажмуини ўз ичига оладиган ҳисобга олиш ёзуви.

2. Ички назорат тизими асосий мақсади қуйидагилар ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларни тарқатишни молиялаштиришга йўналтирилган операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг қасддан ёки қасддан бўлмаган ҳолда жиноий фаолиятга жалб қилинишига йўл қўймаслик;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.


3. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, улар агентлар ва (ёки) субагентлар орқали бевосита ёки билвосита ҳаракат қилишларидан қатъий назар, ички назорат тизимининг асосий вазифалари:

таваккалчиликларни аниқлаш ва баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва уларни камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш;

мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар билан белгиланган тартибда шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотлар (ҳужжатлар)ни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг операциясини кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туриш, бундан мижознинг банк ҳисобварағига (банк картасига, электрон ҳамёнга) келиб тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операциялар мустасно, ва (ёки) пул маблағларини ёки электрон пулларни ишга солмай тўхтатиб қўйиш;

операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида сақланишини таъминлаш;

сўровлар бўйича мижозлар базасидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, террорчилик фаолиятини молиялаштиришга ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлаш;

янги технологиялар асосида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш учун тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг хизматларидан фойдаланиш таҳдидини олдини олиш мақсадида зарур бўлган чора-тадбирларни қўллаш;


4. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ўзларининг тўлов агентлари ва (ёки) тўлов субагентларининг фаолиятини ҳисобга олган ҳолда, қонун ҳужжатлари ва мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиқиб қуйидагилар акс эттирилган ички қоидаларни мажбурий тартибда ишлаб чиқадилар:

ички назорат тизимини ташкил этиш тартиби ва унинг тузилмаси, масъул ходимини тайинлаш;

тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари бўлинмалари ходимларининг масъул ходим билан ўзаро муносабатлари тартиби;

тўлов агентлари ва тўлов субагентларининг масъул ходим билан ўзаро муносабатлари тартиби;

мижозларни лозим даражада текшириш, шу жумладан мижозларни ва уларнинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш, шунингдек мижозларнинг операциялари устидан доимий мониторингни амалга ошириш тартиби;

зарур бўлган ахборотни расмийлаштириш ва унинг махфийлигини таъминлаш тартиби;

шубҳали операцияларни аниқлаш тартиби;

шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни тайёрлаш ва уларни махсус ваколатли давлат органига юбориш тартиби;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг тўхтатиб қўйилган пул маблағлари ёки электрон пуллардан фойдаланишга рухсат олиш бўйича мурожаатларини махсус ваколатли давлат органига юбориш тартиби;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар билан амалий иш муносабатларига киришиш тартиби ҳамда улар томонидан амалга оширилаётган операцияларни чуқур мониторинг қилиш тартиби;

масъул ходимни ва бошқа бўлинмалар ходимларини тайёрлаш ва ўқитишга доир малака талаблари;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга оид таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, уларни камайтириш ва расмийлаштириш бўйича тегишли чораларни кўриш тартиби;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чоралар;

пул маблағларини олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақида талаб қилинган маълумотлари мавжуд бўлмаган пул ўтказмалари аниқланган ҳолларда кўриладиган чоралар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар.

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг ички қоидалари мазкур Қоидаларга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда аниқланган таваккалчиликлар ва уларнинг баҳосидан келиб чиқиб тузилиши ва янгиланиб борилиши керак.

Ички қоидалар, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ва тўлов ташкилотининг бошқарув органи томонидан тасдиқланади.

Ички қоидалар тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ва тўлов ташкилотининг барча бўлинмаларига ҳамда чет элдаги шўъба, филиал, ваколатхоналари ва бошқа бўлинмаларига ижро учун мажбурийдир.

Тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ва тўлов ташкилотининг чет давлатдаги шўъбаси, филиали, ваколатхоналари ва бошқа бўлинмаларининг ички назорат қоидалари, уларни рўйхатга олаётган давлат қонунчилиги талаблари инобатга олинган ҳолда тасдиқланади.

4-1. Тўлов тизими оператори ёки электрон пуллар тизими оператори ёҳуд тўлов ташкилотининг назорати остида ёки аҳамиятли таъсири доирасида битта ёки бир нечта пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар бўлган тақдирда ички қоидалар гуруҳий ёндашув асосида ишлаб чиқилиши ва қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш ва мижозларни лозим даражада текшириш учун зарур бўлган маълумотларни алмашиш қоидалари ва тартиб-таомиллари;

комплаенс назоратни, аудитни ва (ёки) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш функцияларини гуруҳ даражасида таъминлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадлари учун зарур бўлган ҳолларда филиаллардан ва шуъба корхоналардан уларнинг мижозлари, ҳисобварақлари ва операциялари тўғрисидаги маълумотларни олинишини таъминлаш;

махфийликни ва маълумотлардан фойдаланишни етарли даражада ҳимоя қилиш.

5. Ички қоидаларга риоя этилиши тўлов агентлари ва тўлов субагентлари учун мажбурийдир.



2-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Ички назорат тизими тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ишининг жиҳатлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, агент, субагент ва мижозлар базаси ҳамда мижозлар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ таваккалчилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг чет элда шўъбаси, филиали ва ваколатхонаси мавжуд бўлган ҳолатда, чет элдаги шўъбанинг, филиалнинг ва ваколатхонанинг ички назоратни амалга оширишга масъул бўлинмаси (масъул ходими) тўлов тизимлари оператори, электрон пуллар тизими оператори ва тўлов ташкилотининг бош офисидаги ички назорат масъул ходимига ҳисобдордир.


7. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг ички назорат тизими тузилмаси бошқарувнинг юқори ёки ижро органининг қарори билан белгиланади.


8. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг ички назорат масъул ходими ижро этувчи раҳбарнинг буйруғи билан тайинланади.

Ички назорат масъул ходими сифатида фақат тўлов тизими операторининг, электрон пуллар тизими операторининг ёки тўлов ташкилотининг ижро этувчи (ижроия) органи аъзоси ёки раҳбарининг ўринбосари тайинланиши мумкин.

9. Масъул ходимнинг лавозим вазифалари тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ёки тўлов ташкилотининг бошқа ходимига, унда тегишли иш тажрибаси мавжуд бўлганда ёки тегишли малака ўташ жараёнидан ўтганда, юклатилиши мумкин.


10. Ички назорат тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг масъул ходими ва бошқа бўлинмалари ходимлари томонидан амалга оширилади.


11. Масъул ходим лавозимига тайинланувчи шахс қуйидагиларни билиши лозим:

тўлов ва тўлов тизимлари, ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларни.

Масъул ходим мунтазам равишда малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курсларда иштирок этиб бориши лозим.

12. Масъул ходимнинг функцияларини қуйидаги шахслар бажариши мумкин эмас:

ўз фаолияти ва шахсий хулқ атворида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқаргани ёки ишни виждонан юритмаганини намоён этган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлари, бошқарув тартибига қарши жиноятлари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва террорчилик фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлари учун аввал суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар.


13. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ички назорат тизими тузилмасини шакллантириш ва масъул ходимни тайинлаш бўйича қарор қабул қилганларидан сўнг, тайинланган шахс тўғрисидаги сўровнома маълумотларини илова қилган ҳолда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва махсус ваколатли давлат органига ўн кундан кеч бўлмаган муддатда хабар бериши лозим.


14. Масъул ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ички назоратни амалга ошириш мақсадида тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларидан керакли ҳужжатларини талаб қилиб олиш;

ички назоратни амалга ошириш мақсадида олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг электрон маълумотлар базаларида, локал ҳисоблаш тармоқлари ва автоном компьютер тизимларида сақланадиган файллар ва бошқа ёзувлардан фойдаланиш ва нусхалар олиш;

тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг бошқа бўлинмалари ходимларидан ёрдам сўраш ва олиш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидаларга мувофиқ бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.


15. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг чет элдаги шўъба, филиал ва ваколатхоналари агарда улар жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларида тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ва тўлов ташкилотининг ички қоидаларига нисбатан енгилроқ ички назорат чоралари белгиланган бўлса, улар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ва тўлов ташкилотининг ички қоидаларига риоя қилишлари керак.


16. Масъул ходим, ички назоратга тегишли масалалар бўйича бевосита тўлов тизими операторининг, электрон пуллар тизими операторининг ёки тўлов ташкилотининг ижро этувчи органи раҳбарига ҳисобдор ва бошқа бўлинмаларидан мустақилдир.



3-БОБ. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


17. Мижозларни лозим даражада текшириш чора-тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

мижознинг шахсини текшириш ва идентификациялаш;

мижоз номидан иш кўрувчи шахсни идентификация қилиш, шахсини ва ваколат берувчи хужжатларини текшириш;

мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш;

ўрнатилган иш муносабатлари ёки ўтказилиши режалаштирилаётган операцияларнинг мақсади ва характерини ўрганиш;

мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти, таваккалчилик характери тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказиш.

Мижозларни лозим даражада текшириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилмайди:

банк картасидан фойдаланган ҳолда пул маблағларини товарлар (иш, хизматлар) учун тўлов сифатида ўтказилиши, агар бундай банк картасининг рақами ва бошқа идентификация маълумотлари тўловга бириктирилган бўлса;

томонлари тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, тўлов агентлари (субагентлари) бўлган операциялар амалга оширилганда;

электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган суммадан ошмаганда;

электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг битта электрон қурилмасида сақланадиган электрон пулларнинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварига тенг бўлган суммадан ошмаганда.


18. Мижозларни идентификация қилиш тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва(ёки) тўлов ташкилотлари томонидан мижознинг шахсан ҳозирлигида ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда ёхуд қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлмаган бошқа усулда, шу жумладан масофавий идентификация қилиш тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.


19. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, тўлов агентлари (субагентлари) мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширган учинчи томонларнинг текшириш натижаларига таянишлари мумкин. Мазкур ҳолларда мижозларни лозим даражада текшириш натижалари бўйича сўнгги жавобгарлик тўлов тизими операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг зиммасида қолади. Бунда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари қуйидагилар бўйича ишонч ҳосил қилишлари керак:

мижозларни лозим даражада текшириш бўйича зарур маълумотларни (электрон тизимлар орқали) кечиктирмасдан олиш имкониятига эга бўлиши;

сўровга асосан идентификация бўйича маълумотлар ва мижозларни лозим даражада текшириш бўйича тегишли ҳужжатларнинг нусхаларини кечиктирмасдан олиш имкониятига эга бўлиши;

учинчи томон жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялашгиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қоидалар асосида ишлашига.


20. Мазкур Қоидаларда белгиланган ҳар қандай истисноларга қарамасдан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича шубҳалар мавжуд бўлганда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни кўришлари шарт.

Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича шубҳалар мавжуд бўлган ҳолларда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари лозим даражада текширишни амалга ошириш мижозга маълумотни ошкор бўлиб қолишига олиб келишига ишончи комил бўлса, лозим даражада текширишни амалга оширмасдан шубҳали операция тўғрисида ваколатли органга хабар юбориши мумкин.


21. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, шу жумладан улар ўзларининг тўлов агентлари ва (ёки) субагентлари орқали иш олиб борган тақдирда мижозни лозим даражада текшириш имконияти мавжуд бўлмаса бу ҳақда махсус ваколатли давлат органига хабар бериши ва бундай мижоз билан ҳамкорлик муносабатларига киришиш ёки бундай мижознинг операцияларини амалга оширишдан воз кечиши ёхуд у билан ҳар қандай амалий иш муносабатларини тўхтатиши лозим.


22. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари юқори мансабдор шахслар бўйича қуйидаги чораларни кўришлари керак:

мижоз юқори мансабдор шахс эканлигини аниқлаш учун таваккалчиликларни бошқариш тизимларидан фойдаланиш;

юқори мансабдор шахснинг мавқеи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва операция бўйича пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг манбасини аниқлаш юзасидан ўринли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахс билан амалий иш муносабатларига фақатгина тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ва (ёки) тўлов ташкилотининг ижро раҳбари рухсати билан киришиш (ёки мавжуд мижозлар учун давом эттириш);

амалий иш муносабатларини мунтазам равишда чуқур мониторинг қилиб бориш.


23. Мижоз ёки мижоз томонидан амалга оширилаётган операция юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган тақдирда, тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ушбу мижозга нисбатан лозим даражада текширишнинг қуйидаги кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари шарт:

мижоз ҳақида очиқ манбалар ва маълумотлар базаларидан қўшимча тасдиқланган маълумотларни йиғиш ва қайд этиш;

мижоздан у томонидан амалга оширилаётган операциялар бўйича пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг манбалари ҳақидаги маълумотларни олиш;

мазкур мижоз томонидан ўтказилиши режалаштирилган ёки ўтказилган операцияларнинг мақсадларини ўрганиш;

ушбу мижоз томонидан амалга оширилаётган операциялар устидан доимий мониторинг юритиш.


24. Лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини амалга оширишни имкони бўлмаган тақдирда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари бу ҳақда махсус ваколатли давлат органига хабар беришлари ва бундай мижоз билан амалий иш муносабатларига киришиш ёки бундай мижознинг операцияларини амалга оширишни рад этишлари керак.


25. Мижоз ва мижознинг бенефициар мулкдори идентификацияси мазкур Қоидаларнинг 1 ва 2-иловаларида кўзда тутилган маълумотлар, шунингдек операциялар ва бошқа битимларнинг бажарилиши учун асос ҳисобланувчи ҳужжатлар ва бошқа зарур маълумотлар асосида, тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан, шу жумладан улар ўзларининг тўлов агентлари (субагентлари) орқали иш олиб борганда ҳам, амалга оширилади.

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, олинган маълумотлар (ҳужжатлар) ишончлигига шубҳалар мавжуд бўлганда, ушбу маълумотларни (ҳужжатларни) текшириш (верификациялаш) бўйича чораларни кўришлари лозим. Бундай ҳолатларда, тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари тегишли ташкилотларга мижозлар ҳақидаги маълумотларнинг (ҳужжатларнинг) ишончлигини (ҳақиқийлигини) аниқлаштириш учун мурожаат қилишга ҳақли.


26. Мижозни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи барча ҳужжатлар ёки учинчи томон маълумотлари мижоз билан амалий иш муносабатларига киришиш ёки операцияни амалга ошириш санасида амалда бўлиши шарт.


27. Юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар бажарилаётганда қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни;

юридик шахснинг раҳбарияти ҳақидаги, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар.

Ушбу Қоидалар билан юридик шахслар учун ўрнатилган талаблар юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасига нисбатан ҳам қўлланилади.

Мазкур маълумотлар тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизими орқали олинади, ушбу тизимдан маълумотларни олиш имконияти бўлмаган тақдирда, улар бевосита мижозни ўзидан олинади.

28. Юридик шахсларни лозим даражада текшириш жараёнида тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари алоқадор ёки ишончли манбадан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда, шу жумладан қуйида келтирилган маълумотларни ўрганиш орқали, мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш ва шахсини текшириш юзасидан ўринли чораларни кўришлари керак:

мижознинг мулкчилик шакли ва бошқарув тузилмалари;

мижознинг таъсисчилари (жамият акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорлари ва иштирокчилари);

пировард натижада юридик шахснинг (камида ўн фоиз) улушига эгалик қилувчи жисмоний шахс(лар)нинг шахсий маълумотлари (агар мавжуд бўлса).

Агар тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан кўрилган тегишли чоралар бенефициар мулкдорни аниқлаш имконини бермаса, улар мижознинг юқори раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган шахсни бенефициар мулкдор сифатида идентификация қилиш юзасидан ўринли чораларни кўришлари мумкин.


29. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари мавжуд мижозларга нисбатан уларнинг аҳамияти ва таваккалчиликлардан келиб чиққан ҳолда лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни кўриши ва тегишли вақтда бундай муносабатларни лозим даражада текширишни, текширишлар қачон ўтказилганлиги ва умуман ўтказилган ёки ўтказилмаганлигини ҳамда олинган маълумотларни етарлилигини ҳисобга олган ҳолда ўтказишлари керак.


30. Мижоз ва мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, шу жумладан улар ўзларининг тўлов агентлари (субагентлари) орқали иш олиб борганда, олинган маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан шакллантириладиган ва тақдим қилинадиган Рўйхат ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар рўйхати билан солиштириб чиқиши шарт.

Мижоз ва мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш жараёнида Рўйхатга киритилган шахслар аниқланган тақдирда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари мазкур Қоидаларнинг 8-бобида ўрнатилган чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.


31. Тўлов ташкилотлари, шу жумладан улар ўзларининг тўлов агентлари (субагентлари) орқали, пул ўтказмалари тизимлари орқали пул маблағларини қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича хизматларни кўрсатишда, улар:

ўзларининг бундай хизматларни кўрсатувчи таркибий бўлинмалари (тўлов агентлари (субагентлари), шохобчалари, бўлимлари ва бошқалар) ва ушбу таркибий бўлинмалар ходимларининг ҳисобини юритишлари;

пул ўтказмалари тизими орқали пул маблағларини қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича хизматларни мижозларни лозим даражада текширгандан сўнг кўрсатиш;

жўнатиладиган пул ўтказмаларини мижоз-жўнатувчи ҳақидаги (мижознинг тўлиқ номи; жисмоний шахслар учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд уларнинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжат) серияси ва рақами; юридик шахслар учун жўнатувчининг манзили ёки идентификацион рақами; агар операция жараёнида ҳисобварақ ишлатилган бўлса, у ҳолда унинг рақами ёки операциянинг хос рақами) ва олувчи ҳақидаги (мижознинг тўлиқ номи; агар операция жараёнида ҳисобварақ ишлатилган бўлса, у ҳолда унинг рақами ёки операциянинг хос рақами) аниқ маълумотлар билан бирга юборилишини таъминлашлари;

олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларга эга бўлмаган пул ўтказмаларини аниқлаш бўйича асосли ва имкони мавжуд бўлган чораларни кўришлари шарт.

Қабул қилувчи тўлов ташкилотлари қуйидагиларни аниқлаш мақсадида таваккалчиликка асосланган сиёсат ва тартиб-таомилга эга бўлишлари лозим:

олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларга эга бўлмаган электрон пул ўтказмасини қачон ижро қилиш ва рад этиш ёки тўхтатишни;

тегишли кейинги хатти-харакатларни (таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиш, махсус ваколатли давлат органига хабар бериш масаласини кўриб чиқиш ва бошқалар).

Жўнатувчи тўлов ташкилотларига, пул ўтказмаси юқорида кўрсатилган талабларга жавоб бермаса, пул ўтказмаларини амалга ошириш тақиқланади.

31-1. Пул ўтказилишида воситачи (транзит) сифатида иштирок этувчи тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари:

электрон тўловларга илова қилинадиган жўнатувчи ва олувчи ҳақидаги барча маълумотларни, жўнатув тўғрисидаги маълумотлар билан бирга юборилишини ва беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақланишини таъминлашлари;

олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларга эга бўлмаган халқаро пул ўтказмаларини аниқлаш бўйича асосли ва имкони мавжуд бўлган чораларни кўришлари;

таваккалчиликларни баҳолашга асосланган ҳолда олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларга эга бўлмаган халқаро пул ўтказмалари аниқланганда амалга ошириладиган чораларни белгиловчи дастурни ишлаб чиқишлари;

олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларга эга бўлмаган халқаро пул ўтказмалари аниқланганда, бундай ўтказмалар ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар бериш масаласини кўриб чиқишлари;

техник чекловлар халқаро электрон ўтказма бўйича ички электрон пул ўтказмага боғланган жўнатувчи ва олувчи тўғрисидаги талаб қилинаётган маълумотнинг сақланишига тўсқинлик қилган ҳолларда, жўнатувчи молиявий муассасадан ёки бошқа транзит молиявий муассасадан олинган барча маълумотлар бўйича ёзувларни беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлашлари керак.

32. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга шубҳалар мавжуд бўлганда, амалий иш муносабатларига киришиш ёки операцияларни (пул маблағларини ва электрон пулларни ҳисобга киритиш бўйича операциялар бундан мустасно) амалга оширишни рад этишлари ва бу ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар беришлари шарт.



4-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ


33. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари оператолари ва тўлов ташкилотлари таваккалчилик даражасини ўрганиш, таҳлил қилиш, аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, бошқариш, ҳужжатлаштириш ва уни минималлаштириш юзасидан тегишли режаларни ишлаб чиқиши ва амалга оширишга доир чораларни кўришлари керак.

Таваккалчилик даражаси мижознинг амалга оширадиган фаолият ва операциялари турларини, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар, мижозни лозим даражада текшириш натижаларини, таваккалчилик омилларини инобатга олган ҳолда маълумотларни, шу жумладан, мижоз томонидан тақдим қилинган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида, масъул ходим томонидан аниқланади ва баҳоланади.

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ўз фаолиятида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш юзасидан эҳтимолий таваккалчиликларни ўрганишни, таҳлил қилишни ва аниқлашни тизимли йилига камида бир марта амалга оширишлари, ҳамда ўрганиш натижаларини ҳужжатлар билан қайд этишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларидан ўзларида ўтказилган таваккалчиликларни баҳолаш натижаларини сўраб олишга ҳақли.

34. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари аввалдан қуйидаги мезонларга жавоб берадиган мижозларни юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритиб, уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратишлари лозим:

а) шубҳали операцияларни амалга оширувчи мижозлар;

б) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган ёки рўйхатга олинган шахслар;

в) Ўзбекистон Республикаси норезидентлари;

г) юқори мансабдор шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар;

г-1) аккаунтларига 20 та ва ундан ортиқ банк карталари бириктирилган шахслар;

д) ички қоидалар билан белгиланадиган бошқа шахслар.


35. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чораларни кўришлари керак. Ушбу мақсадда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари қуйида келтирилган ҳолатлардан келиб чиқиши мумкин бўлган таваккалчилик даражасини аниқлашлари ва баҳолашлари керак:

янги хизмат турлари ва янги иш амалиёти ишлаб чиқилиши;

янги ёки мавжуд хизмат турлари учун янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланилиши.

Таваккалчиликни бундай баҳолаш янги хизмат турларини, иш амалиётини татбиқ қилишдан ёки янги ёхуд ривожланаётган технологиялардан фойдаланишдан аввал ўтказилиши керак.


36. Электрон пуллар тизими фирибгарлик ҳатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш ва шубҳали транзакцияларни (операцияларни) аниқлаш, Рўйхатга киритилган шахслар томонидан амалга ошириладиган операцияларни ёки уларга тегишли бўлган электрон ҳамёнларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ блоклаш ва тўхтатиб туриш механизмларига эга бўлиши керак.



5-БОБ. ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР

МЕЗОНЛАРИ ВА АЛОМАТЛАРИ


37. Операция қуйидаги мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда шубҳали деб тан олинади:

операция бажарувчи томонлардан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса;

пул маблағларининг битта шахсга тегишли ёки унга расмийлаштирилган бир ёки бир нечта банк карталарига ёхуд электрон ҳамёнларга бир ёки бир неча маротаба 30 кун давомида умумий ҳисобда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ортиқ миқдорда ўтказилиши;

суммалари бўйича (масалан, четга чиқиш операцияларнинг ўртача суммасининг 50 фоизидан ошмайди) ўхшаш пул маблағлари ва электрон пулларнинг мунтазам равишда (3 ой ичида кетма-кет) бир хил мижозлар томонидан бир хил бенефициарларга ўтказилиши ёки бир хил жўнатувчилардан бир хил мижозларга келиб тушиши;

пул маблағларини ўтказилиши бўйича аҳамиятга молик миқдордаги операцияларнинг кўп мижозлар томонидан битта бенефициарга ёки аҳамиятга молик миқдордаги манбалардан битта мижозга амалга оширилиши (аҳамиятга молик миқдор сифатида, мижоз операциялари сонининг таққосланаётган вақт давридаги мижознинг шу тусдаги операцияларининг ўртача сонидан 10 баравардан ортиқ миқдорда ошиши тан олинади);

1 та аккаунт ёки электрон ҳамёндан бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталарига ёҳуд электрон ҳамёнларга ўтказилиши;

1 та электрон ҳамёнга бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталаридан ёҳуд электрон ҳамёнлардан келиб тушиши;

5 та ва ундан ортиқ электрон ҳамёндан бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 1 та хорижий электрон ҳамёнга пул маблағларини ўтказилиши;

5 та ва ундан ортиқ электрон ҳамёнга бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 1 та хорижий электрон ҳамёндан пул маблағларини келиб тушиши;

1 та аккаунтдан (электрон ҳамёндан) мобил илова орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 5 та ва ундан ортиқ хорижий банк картасига ёки хорижий электрон ҳамёнга пул маблағларини ўтказилиши;

1 та электрон ҳамёнга бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 5 та ва ундан ортиқ хорижий банк картасидан ёки хорижий электрон ҳамёндан пул маблағларини келиб тушиши;

мазкур бандда назарда тутилган, мазкур Қоидалар ва ички қоидалар билан ўрнатилаган мезон ва аломатларга эга бўлмаган, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадорлигига тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида шубҳа мавжуд бўлган бошқа операциялар.


38. Ички қоидалар билан шубҳали операцияларни қўшимча мезонлари ва аломатлари белгиланиши мумкин.

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари оператолари ва тўлов ташкилотлари махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан ишлаб чиқиладиган ва тавсиявий характерга эга бўлган услубий қўлланмалар асосида шубҳали операцияларни дастлабки аниқлаш индикаторлари тизимини йўлга қўйишлари мумкин.


39. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари барча мураккаб, ғайриоддий йирик операцияларга, шунингдек аниқ иқтисодий ёки қонуний мақсадга эга бўлмаган операцияни амалга оширишнинг ғайриоддий схемаларига кучайтирилган эътибор қаратишлари, лозим ҳолларда мазкур операцияларни шубхали сифатида тавсифлаб, бу ҳақида махсус ваколатли органига хабар беришлари керак.


40. Пул ўтказмалари бўйича юборувчи ва қабул қилувчи томонни ҳам назорат қилувчи электрон пуллар тизимлари операторлари ёки тўлов ташкилотлари:

шубҳали операцияларни аниқлаш учун барча маълумотларни, шу жумладан юборувчи томондан ҳам, қабул қилувчи томондан ҳам олинган маълумотларни инобатга олишлари;

шубҳали пул ўтказмаси боғлиқ бўлган мамлакат(лар)да шубҳали операция тўғрисида хабар юборишлари ва пул ўтказмаси тўғрисидаги тегишли маълумотларни тегишли мамлакат(лар)нинг молиявий разведка бўлимларига тақдим этишлари керак.



6-БОБ. ТЕРРОРЧИЛИК ФАОЛИЯТИ ЁКИ ОММАВИЙ

ҚИРҒИН ҚУРОЛИНИ ТАРҚАТИШДА ҚАТНАШАЁТГАН

ЁКИ ҚАТНАШИШДА ГУМОН ҚИЛИНАЁТГАН ШАХСЛАР

ИШТИРОКИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ОПЕРАЦИЯЛАР


41. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, шу жумладан улар ўзларининг агентлари (субагентлари) орқали, операцияларни амалга оширишда уларнинг иштирокчиларининг идентификация маълумотларини Рўйхат билан солиштиришлари шарт.


42. Мижоз ёки операция қатнашчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келган тақдирда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари бу операцияни кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туради (мижознинг банк ҳисобварағига (электрон ҳамёнга) тушган пул маблағларини (электрон пулларни) ҳисобга киритиш бўйича операциялар бундан мустасно) ва (ёки) пул маблағларини ёки электрон пулларни ишга солмай тўхтатиб қўяди.

Тўлиқ мос келиши дейилганда мижоз ёки операция иштирокчиси идентификация маълумотларининг Рўйхатда келтирилган барча тегишли маълумотлар билан аниқ ва сўзсиз мос келиши тушунилади.

Қуйидаги ҳолатларда ҳам пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни тўхтатиб туриш ва пул маблағларини ёки электрон пулларни ишга солмай тўхтатиб қўйиш лозим:

агарда операция қатнашчиларидан бири Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланилаётган пул маблағлари ёки электрон пуллар тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

операция қатнашчиси - юридик шахс Рўйхатга киритилган шахснинг мулкида ёки назорати остида бўлса.

43. Рўйхатга киритилган шахснинг операцияси тўхтатиб турилганда ва (ёки) пул маблағларини ёки электрон пулларини ишга солмай тўхтатиб қўйилганда тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ишга солмай тўхтатиб қўйилган суммани кўрсатган ҳолда махсус ваколатли давлат органига шубҳали операция тўғрисида хабар юборишлари лозим.



7-БОБ. МАХСУС ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИГА

МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


44. Шубҳали операция ҳақидаги хабар Ички назорат хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 402-сон қарори билан тасдиқланган Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ махсус ваколатли давлат органига берилади.

45. Ҳар бир хабар тўғрисидаги маълумот маъсул ходим томонидан сақланилиши таъминланадиган махсус журналга киритилади.


46. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари тегишли операциянинг шубҳали эканлигини тасдиқловчи ёки шубҳалилигини олиб ташловчи ҳар қандай маълумот юзасидан дарҳол махсус ваколатли давлат органига хабар беришлари шарт.



8-БОБ. РЎЙХАТГА КИРИТИЛГАН ШАХСЛАР

ИШТИРОКИДАГИ ОПЕРАЦИЯЛАР АНИҚЛАНГАНДА

АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР


47. Агар мижоз билан муносабатларни ўрнатиш даврида ёки операцияни амалга оширишда мижоз ёки операция қатнашчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келганлиги аниқланган тақдирда, масъул ходим кечиктирмасдан ва мижозни хабардор қилмасдан қуйидаги чора-тадбирларни кўриши лозим:

операцияни тўхтатиб қўйиш ва бундай операция бўйича пул маблағлари ёки электрон пулларни ишга солмай тўхтатиб қўйиш;

қонунчилик талабларига мувофиқ операция бўйича ишга солмай тўхтатиб қўйиш лозим бўлган пул маблағлари ёки электрон пулларни аниқлаш;

ишга солмай тўхтатиб қўйилган пул маблағлари ва электрон пулларнинг миқдорини кўрсатган ҳолда шубҳали операция тўғрисидаги хабарни зудлик билан махсус ваколатли давлат органига юбориш;

операция ҳақидаги маълумотни маъсул ходимнинг электрон журналига киритиш.


48. Ишга солмай тўхтатиб қўйилган пул маблағлари ёки электрон пуллардан фойдаланишга рухсат бериш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


49. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари тўхтатилган операцияни ўтказишни тиклашни ва ишга солмай тўхтатиб қўйилган пул маблағлари ва электрон пуллардан фойдаланишга рухсат беришни Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3327, 2021 йил 19 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширадилар.


9-БОБ. МАЪЛУМОТЛАР ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ, САҚЛАШ ВА

МАХФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


50. Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган мижоз тўғрисидаги маълумотлар, мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ маълумотларни ўз ичига олувчи мижознинг электрон анкетасида қайд этилади. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ички ҳужжатларга мувофиқ мижоз анкетасига бошқа маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга.


51. Барча мижозлар (лозим даражада текшириш талаб этилмайдиган мижозлар бундан мустасно) бўйича анкеталар электрон шаклда тўлдирилади. Барча мижозлар, шу жумладан шубҳали операцияларни амалга оширувчи мижозлар бўйича анкеталар реестри электрон шаклда юритилади.


52. Электрон шаклда тўлдирилган анкеталар мижозларнинг идентификациясини амалга оширувчи тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ҳамда уларнинг тўлов агентларининг (субагентлари) ходимларига мижоз тўғрисидаги маълумотларни текшириш учун доимий режимда тезкор фойдаланиш имкониятини берувчи электрон базада сақланади.


53. Мижоз анкетасида кўрсатиладиган маълумотларнинг ўзгаришига, шунингдек у томонидан амалга оширилаётган молиявий операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари зарур ҳолларда мижоз билан ишлаш бўйича таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқади.


54. Операциялар тўғрисидаги ахборот, зарурат туғилган тақдирда, операция тафсилотларини қайта тиклаш мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.


55. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш ва мижозларни лозим даражада текширишга доир барча маълумотларни, хизмат ёзишмалари, ҳар қандай ўрганиш ёки таҳлил натижаларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида, лекин бундай операциялар амалга оширилганидан ёки мижозлар билан амалий иш муносабатлари тўхтатилганидан кейин камида беш йил мобайнида сақлашлари шарт.


56. Электрон шаклдаги ҳужжатлар дастурий усул асосида архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи воситаларга ёзилиши ва масъул ходим томонидан сақланиши керак.


57. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотга, шу жумладан, архивда сақланаётган ҳужжатларга кириш имкониятини чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда мижозларга уларнинг операциялари ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар берилганлиги тўғрисида маълум қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ички назорат вазифаларини бажариш жараёнида олинган маълумотларнинг унинг ходимлари томонидан ошкор қилинмаслигини (ёки шахсий мақсадда ёхуд учинчи шахслар манфаатларида фойдаланилмаслигини) таъминлайди, мазкур Қоидаларда кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бундан мустасно.


58. Мижозларни лозим даражада текшириш натижасида олинган маълумотлар аҳамияти ва таваккалчиликлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда мижоз маълумотларида ўзгаришлар бўлганда, бироқ мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни амалга ошириш таваккалчилиги тўлов тизими оператори, электрон пуллар тизими оператори ёки тўлов ташкилоти томонидан юқори баҳоланганда йилига камида бир маротаба, бошқа ҳолларда икки йилда камида бир маротаба янгиланиши лозим.



10-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ХИЗМАТИ

ҲАМДА БОШҚА БЎЛИНМАЛАР РАҲБАР

ВА ХОДИМЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


59. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари, шу жумладан, масъул ходимлар ва бошқа бўлинмалар ходимлари мазкур Қоидаларни бузганлиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.


60. Қонун ҳужжатлари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ходимлари томонидан операцияларни амалга ошириш жараёнида бузиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлиб қолганда, тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ходимлари ушбу далилларни дарҳол ижрочи раҳбарга ёки масъул ходимга ёзма равишда етказадилар.


61. Тўлов ташкилотлари тўлов агентлари ва субагентлари томонидан ушбу Қоидалар ва ташкилотнинг ички қоидалари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишлари лозим.


62. Тўлов ташкилотлари ўзларининг тўлов агентлари ва субагентлари томонидан ушбу Қоидаларнинг талабларини бузганликлари учун жавобгар бўлади.


63. Тўлов агентлари ва субагентлари тўлов ташкилотининг ички қоидалари талабларини бузганликлари учун жавобгар бўлади.



11-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


64. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Марказий банк томонидан, зарур ҳолларда махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда, амалга оширилади.


65. Марказий банк тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда тақдим этилаётган ҳисоботлар асосида ички назоратни ташкил этилиши ва унинг самарадорлиги бўйича мазкур Қоидаларга риоя қилиниши устидан масофавий мониторингни амалга оширади.


66. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг ижро этувчи органи ўзгараётган ички ва ташқи вазиятларни инобатга олган ҳолда, ички назорат тизимини доимий равишда мониторинг қилади ва самарадорлигини баҳолаб боради, шунингдек самарали ишлашини таъминлаш учун заруратга қараб уни мустаҳкамлайди.

Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида масъул ходим ёки Ички назорат хизматининг фаолияти ички аудит хизмати ёки ташқи аудит томонидан текшириб борилади.

67. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида ички аудит хизмати мавжуд бўлганда, масъул ходим фаолиятининг самарадорлиги мониторинги ички аудит хизмати томонидан ҳам олиб борилиши мумкин.


68. Ички назорат тизимининг камчиликлари аниқланган тақдирда тўлов тизими операторининг, электрон пуллар тизими операторининг ёки тўлов ташкилотининг ижро этувчи органи раҳбари ушбу камчиликларини ўз вақтида бартараф қилинишини таъминлаши лозим.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Жисмоний шахсларни идентификациялашда зарур бўладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Фамилияси, исми, отасининг исми.


2. Туғилган санаси ва жойи.


3. Фуқаролиги.


4. Доимий ва (ёки) вақтинчалик яшаш жойи.


5. Паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд уларнинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжат реквизитлари: ҳужжат серияси ва рақами, ҳужжат берилган сана, ҳужжатни берган орган номи.

6. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами.

7. Мобил телефони рақами (агар мавжуд бўлса).






Қоидаларга

2-ИЛОВА



Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни

идентификациялашда зарур бўладиган

МАЪЛУМОТЛАР

1. Юридик шахсларни идентификациялашда зарур бўладиган маълумотлар:

а) тўлиқ, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган бўлса, қисқартирилган номи;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) солиқ тўловчининг идентификация рақами;

г) жойлашган ери (почта манзили);

д) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

е) лицензияланиши лозим бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган лицензиялар тўғрисида маълумотлар: фаолият тури, лицензиянинг рақами ва берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

ж) имзо ҳуқуқига эга жисмоний шахсни ёки юридик шахс номидан иш кўрувчи жисмоний шахсни идентификацияси тўғрисидаги маълумотлар;

з) таъсисчилар (акциядорлари, иштирокчилари) ҳақидаги ҳамда уларнинг устав фонди (капитали)даги улушлари тўғрисидаги маълумотлар;

и) рўйхатга олинган ва тўланган устав фонди (капитали) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

к) бошқарув органлари (бошқарув органларининг тузилмаси ва шахсий таркиби) тўғрисидаги маълумотлар;

л) телефон рақамлари.


2. Якка тартибдаги тадбиркорларни идентификациялашда зарур бўлган маълумотлар:

а) Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг 1-иловасида назарда тутилган маълумотлар;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) фаолият амалга ошириладиган жой;

г) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

д) фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд гувоҳномалар ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар: фаолият тури, лицензия рақами, берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

е) телефон рақамлари.






Қоидаларга

3-ИЛОВА



Мижоз анкетасида кўрсатиладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Мижозни идентификациялаш жараёнида олинган, Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларнинг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган маълумотлар.


2. Мижознинг бенефициар мулкдори тўғрисидаги маълумотлар.


3. Мижознинг юқори мансабдор шахс (унинг оила аъзоси ёки унга яқин шахс) эканлиги тўғрисида белги.


4. Таваккалчилик даражаси ҳақида маълумот, шу жумладан, таваккалчиликни баҳолаш асослари.


5. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан мижозни идентификациялашда амалга оширилган қўшимча чора-тадбирлар натижалари.


6. Мижоз билан муносабатлар ўрнатилган сана.


7. Мижоз анкетаси тўлдирилган ва ўзгартириш киритилган сана.


8. Мижоз билан ишлашга масъул ходим, хусусан, ҳисобварақ очган ва ҳисобварақ очилганлигини тасдиқлаган ходим (бош бухгалтер ва унинг муовини) фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими.


9. Қоғоз шаклидаги мижоз анкетасини тўлдирган ходим имзоси (фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда) ва электрон кўринишдаги мижоз анкетасини тўлдирган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими.


10. Ички қоидаларда белгиланадиган бошқа маълумотлар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 10 август, 31-сон, 354-модда






















































Время: 0.2083
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск