ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3271-сон билан рўйхатга олинган 20.06.2020 й. Халқ таълими вазирлигининг 8-мҳ-сон, Молия вазирлигининг 28-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 124/1-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 30 июнда 3271-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Халқ таълими вазирлиги,

Молия вазирлиги Соғлиқни

сақлаш вазирлигининг

2020 йил 20 июндаги

8-мҳ, 28, 124/1-сон қарорига

ИЛОВА



Умумтаълим муассасаларида синфларни

комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини

шакллантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сон "Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатларини шакллантириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


базавий тариф ставкаси - бир ставка дарс соати учун ўқитувчининг маълумоти ва малака тоифасига кўра белгиланган базавий ҳақ миқдори;


ўқитувчининг тариф ставкаси - ўқитувчига бириктирилган дарс соатлари асосида бир ставка учун белгиланган базавий тариф ставкадан келиб чиқиб аниқланадиган миқдор;


синф комплекти - ўқувчиларни белгиланган меъёрлар асосида битта синфга жамлаш;


дарс соатлари сеткаси - умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида умумтаълим муассасасининг синфлар сони, синф комплектидаги ўқувчилар сони ва тегишли мутахассислик бўйича ўқитувчилар мавжудлигини инобатга олган ҳолда барча фанлар бўйича шакллантирилган жами дарс соатлари;


электрон дастур - умумтаълим муассасалари тўғрисида зарур маълумотлар киритиладиган ва исталган вақтда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ушбу маълумотлардан фойдаланиш имкониятини яратиб берувчи дастур.


2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.



2-БОБ. УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

СИНФЛАРНИ КОМПЛЕКТЛАШ


3. Умумтаълим муассасаларининг синфлари ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, қуйидаги меъёрлар асосида комплектланади:

шаҳар ҳудуди ва туман марказларида 25-35 нафаргача;

қишлоқ ҳудудларида 20-35 нафаргача (олис (тоғли, чўлли) ҳудудларда жойлашган умумтаълим муассасалари бундан мустасно).

Ўқувчилар сони мазкур меъёрлардан кам бўлган ҳолларда умумтаълим муассасаси ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими ва молия бўлимлари билан келишилган ҳолда синфлар комплектланади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари, Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасалари, Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасалари ҳамда айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида синфлар тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сон "Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги, 2011 йил 13 сентябрдаги 256-сон "Имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида"ги, 2019 йил 17 октябрдаги 880-сон "Республика ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ комплектланади.


4. Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I-IV синфлар;

ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;

ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I вa III, II вa IV синфлар).


5. Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) ҳудудларда жойлашган умумтаълим муассасаларида, шунингдек, ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни комплектлашнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.


6. Умумтаълим муассасаларида синфлар комплектларини шакллантиришда синфлар бўйича жами ўқувчилар сони, шу жумладан ўғил ва қиз бола ўқувчилар, инклюзив таълим ва якка тартибда уйда таълим олувчи ўқувчилар сонининг мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган меъёрларга мувофиқ бўлиши ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан оқилона фойдаланиш ва ортиқча харажатларга йўл қўймаслик мақсадида умумтаълим муассасаларида мазкур Низомда белгиланган меъёрлардан ортиқ синфлар комплектларини шакллантиришга йўл қўйилмайди.


7. Умумтаълим муассасалари ҳар йили 30 августга қадар таълим олаётган ҳамда I синфга қабул қилинаётган ўқувчиларнинг номма-ном рўйхатини шакллантиради ҳамда электрон дастур орқали маълумотларни тегишлилиги бўйича ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органларига кўриб чиқиш учун юборади.

Синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотларнинг тўғри ва ҳаққоний киритилиши учун умумтаълим муассасасининг директори масъул ҳисобланади.


8. Умумтаълим муассасалари томонидан электрон дастур орқали юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади:

умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудуд (микроҳудуд) бўйича бир-бирига яқин бўлган умумтаълим муассасаларидаги ўқувчилар сони ва синф комплектини ўзаро таққослаш;

бошқа умумтаълим муассасаларидан келган ва кетган ўқувчиларнинг умумтаълим муассасаси директори буйруғи асосида саноққа киритилганлиги ёки саноқдан чиқарилганлиги ўрганиш;

ҳар бир синф бўйича ўтган йилга нисбатан синф сонининг ўсиши ёки камайишини таҳлил қилиш;

қиз ва ўғил болалар сонидан келиб чиқиб, синф ўқувчиларининг гуруҳларга тўғри ажратилганлиги ўрганиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда сунъий равишда синфлар сонининг кўпайиши ҳолатларига йўл қўймаслигини ўрганиш.


9. Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан кўриб чиқилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 15 сентябрга қадар тасдиқланади ёки аниқланган хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун юборилади.

Қайта ишлаш учун юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар умумтаълим муассасаси томонидан қайта кўриб чиқилади ва ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ҳамда ҳудудий молия органларига икки иш куни ичида электрон дастур орқали тасдиқлаш учун қайтадан юборилади.


10. Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ҳамда ҳудудий молия органлари томонидан кўриб чиқилган ва тасдиқланган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳудудий халқ таълими бўлинмасининг ўз ҳудудидаги умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган синфлар комплектлари тўғрисидаги тегишли буйруғи қабул қилинади.


11. Ҳар йили январь ойида зарурат туғилганда синфлар комплектлари мазкур Низомга асосан қайта кўриб чиқилиши мумкин.


12. Тегишли молия йили учун тузилган харажатлар сметасида кўзда тутилган синфлар сонидан ортиқ синфларни ташкил этиш, ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.



3-БОБ. ТАРИФИКАЦИЯ РЎЙХАТЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тарификация рўйхатларини шакллантириш учун умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси ишлаб чиқилади.


14. Умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.

Бунда таълим қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман тилларида олиб бориладиган кам комплектли умумтаълим муассасаларида ўқиш, она тили ва адабиёт фанлари бўйича дарс соатлари сеткаси ўқувчилар таълим олишни хоҳлаган тилдан келиб чиқиб, умумтаълим муассасалари томонидан ҳудудий халқ таълими бўлинмалари билан келишилган ҳолда шакллантирилади.


15. Умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:

халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;

ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;

чет тили ва STEAM фанларидан мутахассислиги бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар (TESOL Level 5, CEFR B2, IELTS 6 ва ундан юқори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланадиган бошқа сертификатлар);

TOP-1000 университетлар рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетларини битирган ўқитувчилар;

асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;

ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолиблари;

республика босқичидаги кўрик танловларда (йил ўқитувчиси) совринли ўринларга эга бўлган ўқитувчилар;

олий малака тоифасига эга ўқитувчилар;

биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;

асосий олимпиадаларнинг вилоят ва туман босқичи ғолибларининг ўқитувчилари;

иккинчи малака тоифага эга ўқитувчилар;

педагогик йўналиш бўйича магистр даражасига эга ўқитувчилар;

белгиланган тартибда ўз фанидан ўтказилган назарий ва амалий синовлар натижаси бўйича аъло баҳоларга эга ўқитувчилар;

олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар;

қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар;

олий таълим муассасаларининг педагогик йўналиш бўйича битирувчи босқич талабалари;

педагогик йўналиш бўйича хорижий давлатларнинг олийгоҳларини битирган, бироқ дипломи тан олинмаган ўқитувчилар;

олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар ўрта махсус, профессионал маълумотга эга ўқитувчилар;

олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимлари.

Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин.


16. Юқоридаги кўрсаткичлар кетма-кетлик асосида устунликка эга бўлган ўқитувчиларга дарс соатларининг максимал миқдорлари белгиланиши тавсия этилади.

Максимал дарс соати олиш имкониятига эга бўлган ўқитувчининг ёзма розилиги билан унга ажратилиши мумкин бўлган дарс соатлари бошқа ўқитувчиларга берилиши мумкин.

Ўқитувчи мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган кўрсаткичларнинг бир нечтасига эга бўлганда, кўрсаткичларнинг энг устуворини инобатга олган ҳолда дарс соатлари тақсимланади.

Айнан бир хил кўрсаткичлар мавжуд бўлган бир нечта ўқитувчилар ўртасида дарс соатлари тенг тақсимланади.


17. Умумтаълим муассасаларининг ўқитувчиларига йиллик бир ярим ставкадан (йиллик 2 322 соат) ортиқ дарс соатлари белгиланишига йўл қўйилмайди.


18. Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан тақсимланган дарс соатлари ҳар йили 17 сентябрга қадар электрон дастурга киритилади.


19. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда бола парваришидан қайтган ўқитувчиларга, шунингдек, ишловчи пенсионерларга дарс соатлари меҳнат қонунчилигига асосан мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган кўрсаткичлар устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади.


20. Ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатини шакллантириш мақсадида умумтаълим муассасаси томонидан ҳар йили 20 сентябрга қадар электрон дастурга қуйидаги маълумотлар киритилади:

ўқитувчилар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан исми, фамилияси, отасининг исми, диплом бўйича маълумоти, малака тоифаси тўғрисида маълумотлар;

базавий тариф ставкалари тўғрисида маълумотлар, шу жумладан ўқитувчининг тариф ставкалари тўғрисида маълумотлар (бунда ўқитувчининг ҳар бир фан учун маълумоти ва тегишли малака тоифаси берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади);

педагогик кенгаш томонидан ўқитувчилар ўртасида тақсимланган дарс соатлари;

дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ тўловлари;

информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари;

ўқитувчига бириктирилган синф ва синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари;

уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган ўқитувчиларга тақсимланган дарс соатлари ва улар бўйича ўқитувчи ходимнинг тариф ставкалари;

ўқитувчиларга директор жамғармаси ҳисобидан белгиланган ҳар ойлик устамалар миқдорлари (фоизи ва миқдори кўрсатилади);

амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ белгиланадиган бошқа устама ва қўшимча тўловлар.


21. Умумтаълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан электрон дастурга киритилган ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати тегишлилиги бўйича ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органларига ҳар йили 20 сентябрга қадар кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун юборилади.

Электрон дастурга ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатининг тўғри ва ҳаққоний киритилиши учун умумтаълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари масъул ҳисобланади.


22. Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари ҳар йили 25 сентябрга қадар ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатини кўриб чиқади ва уларни тасдиқлайди ёки тасдиқлашни рад этади.


23. Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади:

бир ставкада ишловчи ўқитувчи учун бошланғич I-IV синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси - 18 соат ва педагогик юкламаси - 18 соатни ҳамда юқори V-XI синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси - 20 соатни ва педагогик юклама - 16 соатни ташкил этади, бунда ўқитувчининг педагогик юкламаси ҳафталик ўқув юкламасига мос равишда бошланғич I-IV синфларда 1,0 коэффициентга, юқори V-XI синфларда 0,8 коэффициентга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланганлиги;

умумтаълим муассасасининг раҳбар ходими (директор ва унинг ўринбосарлари) томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилганлиги (ўқув юкламаси юритилишига) ҳамда улар томонидан бажарилган дарс соатларига соатбай ҳақ тўланганлиги;

умумтаълим муассасаларининг уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган ўқитувчиларига ҳақ тўлаш базавий тариф ставкасини ўқув ва педагогик юкламаларга бўлиш, уларни якка тартибда ўтказилган ҳақиқий дарс соатларига кўпайтириш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги 490-сон "Халқ таълими тизими ходимларига ҳақ тўлашни тартибга солиш тўғрисида"ги қарорида белгиланган ўқитувчининг тариф ставкаси ҳамда лавозим маошлари миқдорига қўшимча ойига 50 фоиз тўлов амалга оширилганлиги (бунда якка тартибда ўқувчини уйда ўқитаётган ўқитувчиларнинг асосий ойлик юкламаси мактабда бўлиши шарт);

дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ ўқитувчининг дафтарлар ва ёзма ишлар бўйича текшириладиган фанларнинг умумий соатлари ва синф комплектидаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланганлиги;

синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорлар бўйича ҳисобланганлиги;

умумтаълим муассасаларида ўқитувчиларга биттадан ортиқ синфга раҳбарлик қилишга ва меҳнатини соатбай асосда олиб борувчи ўқитувчиларга синфга раҳбарлик қилишга йўл қўйилмаслиги (бунда бошланғич синфларда синф раҳбарлиги она тили, ўқиш ва математика фанларидан дарс ўтадиган ўқитувчиларга юклатилади);

информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча тўловлар белгиланган миқдорлар асосида умумтаълим муассасасидаги мавжуд жиҳозланган информатика кабинети сонига кўра ҳисобланганлиги;

информатика кабинети мудирлиги информатика фани ўқитувчисига юклатилганлиги (бунда информатика фани бўйича мутахассис бўлмаган ҳолларда математика ёки физика фанлари ўқитувчиларига бириктирилиши мумкин, бир нафар информатика фани ўқитувчисига биттадан ортиқ информатика кабинети юклатилганда фақат битта информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча ҳақ белгиланади);

директор жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамалар белгиланадиган ўқитувчилар рўйхати умумтаълим муассасасида ташкил этилган Устамалар белгилаш, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам бериш бўйича ишчи гуруҳ томонидан белгиланган талабларга кўра аниқланиши ва устамалар миқдорлари ўқитувчининг тариф ставкасига нисбатан ҳисобланганлиги;

умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига ҳар ойлик қўшимча тўловлар ва устамалар амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ белгиланганлиги;

умумтаълим муассасасида фанлар бўйича вакант соатлар учун маблағларни режалаштириш барча устама ва қўшимчаларни (директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган устамалар бундан мустасно) инобатга олиб, бир ставкада ишловчи олий маълумотли ўқитувчининг базавий тариф ставкаси ҳисобидан келиб чиққан ҳолда электрон дастур орқали ҳисобланганлиги;

вакант синф раҳбарлиги бўйича қўшимча ҳақ тўловлари синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорларда ҳисобланганлиги.


24. Ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати мазкур Низомнинг 23-бандидаги мезонларга мувофиқ ҳолда тўлдирилган бўлса, улар ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан тасдиқланади.

Мазкур Низомнинг 23-бандидаги мезонларга номувофиқ ҳолда тўлдирилган ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатини тасдиқлаш рад этилади.

Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан тасдиқлаш рад этилган ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун умумтаълим муассасасига қайтарилади.

Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан қайтарилган ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати умумтаълим муассасаси томонидан икки иш куни ичида қайта кўриб чиқилади ва электрон дастур орқали қайта юборилади.

Қайта юборилган ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.


25. Ўқитувчиларининг тарификация рўйхати ўзгартирилиши ва қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Бунда ўқитувчилар ўртасида жами дарс соатлари режаси доирасида киритиладиган ўзгартиришлар умумтаълим муассасаси томонидан амалга оширилади.

Ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатидаги синф сонининг кўпайиши ёки камайиши оқибатида киритиладиган ўзгартиришлар тегишли ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан қайта тасдиқланиши лозим.


26. Бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларига мувофиқ оширилган тақдирда халқ таълими муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари (лавозим маошлари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда қайта кўриб чиқилади.

Қайта кўриб чиқилган базавий тариф ставкалари (лавозим маошлари) асосида ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати электрон дастур орқали қайта шакллантирилади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 10 август, 31-сон, 361-модда










































Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск