ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Саноат, эренгетика ва бошка ишлаб чикариш объектларникуриш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.08.2020 й. ПҚ-4799-сон "Сирдарё вилоятида қуввати 1 500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.08.2020 й.

N ПҚ-4799



СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ҚУВВАТИ

1 500 МВТ БЎЛГАН ЯНГИ ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР

СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "The International Company for water and power projects" (Саудия Арабистони) (кейинги ўринларда - Инвестор) ва "Acwa Power Sirdarya" МЧЖ (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) ўртасида 2020 йил 6 мартда қиймати 1,2 млрд АҚШ долларига тенг бўлган Сирдарё вилоятида қуввати 1 500 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда - инвестиция лойиҳаси) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириш бўйича Инвестор мажбуриятларини назарда тутувчи инвестиция битими (кейинги ўринларда - Инвестиция битими) имзоланганлиги;

б) Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Инвестор номидан Ўзбекистон Республикасида иш юритадиган Лойиҳа компанияси таъсис этилганлиги;

в) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2020 йил 5 мартда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим (кейинги ўринларда - Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битими) тузилганлиги, унга мувофиқ:

Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ тимсолидаги ягона харидорга сотиш мажбуриятини олганлиги;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиш ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ электр энергиясини олти ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компания фойдасига чет эл валютасида тасдиқланган, тикланадиган, қайтариб берилмайдиган ва шартсиз банк кафолати тақдим этиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги Инвестиция битими тасдиқлансин.

Белгилансинки, Инвестиция битими у имзоланган кундан эътиборан кучга киради.


3. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Сирдарё вилояти ҳокимлигига Лойиҳа компанияси ва инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этаётган кредиторлар билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар лойиҳа компанияси томонидан бажарилмаган тақдирда Лойиҳа компанияси ҳуқуқларини кредиторларга бериш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.


5. Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга:

Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини олти ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига Ўзбекистон Республикасининг юқори даражадаги рейтинги бўлган тижорат банкининг тасдиқланган, тикланадиган, қайтариб берилмайдиган ва чет эл валютасида шартсиз банк кафолати тақдим этилсин;

инвестиция лойиҳаси эҳтиёжи учун табиий газ ва техник сув етказиб берувчи сифатида иштирок этишга ҳамда жалб қилинадиган чет эл инвестициялари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларини, истисно тариқасида, чет эл валютасига боғлаган ҳолда белгилашга рухсат берилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" АЖ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ билан Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажмларга ва параметрларга мувофиқ Лойиҳа компаниясига табиий газ ва техник сув етказиб бериш тўғрисида шартномалар имзоланишини таъминласин.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" АЖнинг айби билан табиий газ ва техник сув етказиб берилмаслиги натижасида "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан Лойиҳа компаниясига етказилган зарарлар, шу жумладан барча турдаги жарима ва бой берилган фойда суммаларини тўлаб бериш мажбурияти юзасидан агарда шартномада бошқа шартлар кўрсатилмаган бўлса, табиий газ ва техник сув етказиб берувчилар "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ олдида қонун ҳужжатларига мувофиқ регресс тартибида жавобгар бўлиши белгилаб қўйилсин.


7. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига, истисно тариқасида, қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

кредитлаш, чет эл валютасидаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, бошқалардан ташқари чет эл валютасида кредит маблағлари тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш ҳамда республикада очилган банк ҳисобварақларидан хорижда очилган банк ҳисобварақларига пул маблағларини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқарисидаги хорижий пудратчилар, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан тўғридан-тўғри амалга ошириш.


8. Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳа компаниясига Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларда қонунчиликда белгиланган тартибда ерни ижарага бериш бўйича шартнома имзоласин ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга ер участкаси ажратиб берсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция битими қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экология экспертизасидан ўтказилишини ҳамда инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя этилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Лойиҳа компаниясининг буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш даврида иштирок этадиган хорижий мутахассисларга, шунингдек уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари расмийлаштирилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш даврида иштирок этадиган хорижий мутахассисларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар расмийлаштирилишини, берилишини (муддати узайтирилишини) ҳамда вақтинча яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтишини ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаганлар орасидан) жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 17 август, 32-сон, 372-модда
















































Время: 0.1893
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск