ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Туризм / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.05.2017 й. ПҚ-2953-сон "2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.05.2017 й.

N ПҚ-2953



2017-2021 ЙИЛЛАРДА ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ

ВА ХИВА ШАҲРИНИНГ ТУРИЗМ САЛОҲИЯТИНИ

КОМПЛЕКС РИВОЖЛАНТИРИШ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА



Хива шаҳри ва бутун Хоразм ҳудуди ҳақли равишда ЮНЕСКО ва жаҳон тадқиқотлар ҳамжамияти томонидан инсоният тамаддуни пайдо бўлган макон, энг қадимги тарихий-маданий марказлар қаторида тан олинган.

Хоразм ўзининг ноёб меъморий обидалари билан машҳур. Айниқса, Хива шаҳрининг "очиқ осмон остидаги музей" сифатидаги хусусияти, шунингдек, Хоразм вилояти ҳудудида жойлашган 250 та меъморий, тарихий, маданий ва санъат обидалари диққатга сазовордир. Инсониятнинг бебаҳо мероси - Хива шаҳрининг қадимий қисми - "Ичан қалъа" ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Ўзбекистоннинг миллий туризм салоҳиятини комплекс тарғиб қилиш доирасида ҳар йили Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм-маърифий салоҳиятини етакчи хорижий оммавий ахборот воситаларида, жумладан ВВС, NHK, Euronews, Discovery Network International ва бошқа телеканаллар тармоқларида мақсадли реклама ва тарғиб қилиш бўйича мунтазам равишда чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, шунингдек замонавий туризм инфратузилмасини барпо этиш, туристларга қулай шарт-шароитлар яратишда туризм соҳасидаги ваколатли бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бир қаторда Хоразм вилоятидаги 22 та туризм фаолияти субъектлари ва 52 та меҳмонхоналар ҳам шуғулланмоқда.

Шу билан бирга, тан олиш керакки, жорий босқичда ҳудуднинг мавжуд туризм салоҳияти етарли даражада самарали фойдаланилмасдан қолмоқда. Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг янгиланган, замонавий қиёфасини яратиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, Европа, Осий ва МДҲ мамлакатларидан ташриф буюриши кўпайиб бораётган туристлар оқимига кенг хизматлар тури ва юқори сифатли хизматлар таклиф эта оладиган туризм фаолияти субъектлари, замонавий меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, хорижий оммавий ахборот воситалари ва туропериторлари вакилларига мақсадли таништирув турларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган чораларни давом эттириш, шунингдек туризм соҳасида кадрлар тайёрлашда замонавий ёндашув талаб этилмоқда.

Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини янада ривожлантириш ва ошириш, Хива шаҳрининг ноёб тарихий-маданий ва меъморий обидалари, шу жумладан очиқ осмон остидаги "Ичан қалъа" қалъа шаҳарча-музейи ҳудудидаги ёдгорликлар билан туристларни кенг таништириш мақсадида энг қулай шарт-шароитлар билан таъминлаш, ҳудудларнинг замонавий туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва кўрсатилаётган туризм, меҳмонхона ва транспорт хизматлари сифатини такомиллаштириш, ички туризмни фаоллаштириш, туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилаш, шунингдек янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадлари ўсишини рағбатлантириш мақсадида:


1. 2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва қуйидаги муҳим йўналишлар бўйича Дастурнинг самарали амалга оширилиши таьминлансин:

туристларни доимий равишда қабул қилиш учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Хива йўналиши бўйича туризм марказларини уловчи темир йўл қурилиши ва Хива шаҳрида замонавий вокзал бунёд этилиши, Европа, Осиё ва МДҲ мамлакатларидан чартер қатновларини ташкил этиш, Италия, Франция ва бошқа Европа мамлакатларидан Урганч шаҳри аэропортига доимий қатновлар сонини кўпайтириш, Урганч-Хива йўналишидаги алоҳида объектларда юқори қулайликка эга бўлган туризм тоифасидаги автобуслар билан қатновларни жорий этиш орқали Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш;

туристлар оқимини кўпайтиришга ва уларнинг ҳудудда бўлиш муддатларини узайтиришга имкон берувчи тақдим этилаётган хизматлар сифатини ва туризм йўналишларини такомиллаштириш. шу жумладан Амударё дарёсининг қирғоқ ҳудудларида экзотик туризмнинг янги турларини ташкил этиш. Хазорасп қалъаси негизида 600 ўринли очиқ амфитеатр, ҳунармандлар растаси ва дўконларни қамраб олувчи шарқий бозор қурилиши асосида туризм комплексини ташкил этиш, "Ичан қалъа" комплексининг Карвонсарой негизида замонавий меҳмонхона ва кўнгилочар комплексини қуриш, Хива шаҳридаги туризм намойиши объектларида ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси ва миллий анъаналарини намойишини таъминловчи маданий, кўнгилочар ва миллий спорт тадбирларини ўтказиш жорий этилишини назарда тутувчи хизматларни такомиллаштириш;

Хоразм вилоятининг туризм салоҳияти ва Хива шаҳрининг брендини инсоният тамаддунининг қадимий тарихий-маданий марказларидан бири сифатида МДҲ мамлакатларининг марказий телерадиоканалларида ҳамда етакчи хорижий телеканалларда, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг реклама кампаниясини ўтказиш, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва туроператорлар учун таништирув турларини ташкил этиш, шунингдек "Хоразм маданияти куни", "Хоразм воҳасининг халқ рақслари", "Хоразм қовуни" каби турли мавзулардаги фестиваллар ўтказиш, Пахлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб республика ҳудудлари ва хорижий мамлакатлар меҳмонлари иштирокида кураш, самбо ва дзюдо спорт турлари бўйича халқаро мусобақалар ташкил этиш орқали тарғиб қилиш;

хорижий ва миллий валютани қабул қилиш бўйича банкоматлар ва терминаллар тармоғини кенгайтириш ва доимий фаолият юритувчи комшекс кўнгилочар дастурларини яратиш, туристларга хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча инфратузилма объектларининг ҳолатини яхшилаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашни кўзда тутган ҳолда сифатли туризм хизматларини кўрсатиш;

Урганч ва Хива шаҳарларидаги касб-ҳунар коллежлари, Урганч давлат. университетида меҳмонхона ва туроператорлик фаолиятида инглиз тили саводхонлигига эга мутахассисларни тайёрловчи қисқа муддатли курслар ташкил этиш орқали туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш. қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш. ушбу жараёнга Франция, Испания, Туркия ва бошқа туризм саноати ривожланган мамлакатларининг ихтисосли таълим муассасалари етакчи маслаҳатчилари ва мутахассисларини жалб этиш;

2017-2021 йилларда туризм хизматлари экспорти ҳажмини 2,3 баробар, туристлар сонини эса 2,1 баробарга ошишини таъминлаш.


2. 2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури ижроси юзасидан назоратни таъминлаш бўйича 2-иловага* мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) ташкил этилсин.

Ишчи гypyҳ (Р.С. Азимов):

Дастурга киритилган чора-тадбирларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан белгиланган муддатларда амалга оширилишини назорат қилсин ва мувофиқлаштирсин;

Дастурга киритилган чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича "йўл хариталари"ни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

Дастурга киритилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида хорижий инвестициялар, донор мамлакатларнинг кредит ва грант маблағлари ҳамда халқаро молия институтларини жалб этиш чораларини кўрсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ишчи гуруҳнинг асосланган таклифлари асосида, Дастур параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Хоразм вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Хива шаҳрини лойиҳалаштиришнинг батафсил режасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда тақдим этсин. Бунда шаҳар ва "Ичан қалъа" ҳудудининг ташқи ва ички қисмларини жаҳон талабларига мос, замонавий туризм марказига айлантириш мақсадида комплекс реставрация ва тиклаш ишларини амалга оширишни. шунингдек Дастурга киритилган бошқа чора-тадбирларни бажаришни назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши (Закиров Б.И.) Хоразм вилоятининг алоҳида қўриқланадиган тарихий-маданий ҳудудлари - Хива шаҳрининг "Ичан қалъа" қалъа шаҳарчаси ва унинг қўриқланма ҳудудларида, унинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ноёб объект эканлигини ҳисобга олиб қурилиш, таъмирлаш-тиклаш ва бошқа ишларни амалга оширишда Бутунжаҳон маданий ва табиий меросини ҳимоя қилиш Конвенцияси (Париж, 1972 й.) нормалари ҳамда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси Марказининг тавсияларига мувофиқ минимал аралашув юзасидан зарур чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - уч ой муддатда Хоразм вилоятининг тарихий-маданий мерос объектларини хатловдан ўтказсин ҳамда 2017-2021 йилларда Хива шаҳри ва Хоразм вилоятининг тарихий-маданий мерос объектлари ҳолатини яхшилаш, реставрация қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Дастурга киритилган тадбирлар доирасида:

қурилаётган ва реконструкция қилинаётган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириб, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига қатьий риоя этган ҳолда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин;

Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - ноқонуний қурилиш ҳамда ажратилган ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги юзасидан қатъий назорат ўрнатсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Хива шаҳрининг брендини ишлаб чиқиш, 2017-2021 йиллар мобайнида хусусан, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ҳамда МДҲ давлатларида кенг реклама кампанияларини, шу жумладан энг оммабоп хорижий ахборот воситаларида, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида ҳам ташкил этган ҳолда Хива шаҳри ва Хоразм вилоятига туристлар оқимини ошириш бўйича зарур амалий-ташкилий чоралар кўрсин.


7. Лойиҳа ташаббускорлари ва тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари, банк кредитлари, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг кредит ва грант маблағлари, ҳомийлик хайриялари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ушбу қарорда назарда тутилган ва Дастурга киритилган чора-тадбирларни амалга оширишда молиялаштириш манбалари этиб белгиланснн.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда 2017-2021 йиллар даврида Дастурга киритилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Дастурга киритилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни Ишчи гуруҳга ҳар чоракда тақдим этиб борсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)














































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск