ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Ўрта махсус таълим /

"Ёш чегарачилар" ҳарбий-академик лицейи тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.08.2020 й. 473-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 11 августдаги

473-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ёш чегарачилар" ҳарбий-академик лицейи тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Ёш чегарачилар" ҳарбий-академик лицейининг (кейинги ўринларда - лицей) мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш, ўқувчиларни саралаш, қабул қилиш ва четлатиш тартибини белгилайди.


2. Лицей давлат таълим муассасаси ҳисобланади ва банкларда ҳисобварағи ва бошқа ҳисоблар, белгиланган намунадаги муҳр, штамп, ўз номи туширилган бланкаларига эга бўлади.


3. Лицей ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, мазкур Низом, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, ўз Уставига мувофиқ амалга оширади.


4. Лицейда ўқув-тарбия жараёни ўқувчиларни ҳарбий-касбий йўналтириш ва келгусида уларни республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқитиш назарда тутилган давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

Лицейда ўқиш муддати икки йил бўлиб, қабул квотаси 100 нафарни ташкил этади.


5. Лицейга умумий раҳбарлик қилиш, унинг фаолиятини молиялаштириш, моддий-техник таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади.


6. Лицейнинг ўқувчилар кийим-бош намуналари ва кийиниш тартиби, уларнинг суткалик озиқ-овқат паёги нормалари Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.



2-БОБ. ЛИЦЕЙНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. Ўқувчиларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини, чегаралари дахлсизлигини таъминлаш учун масъулият ҳиссини ошириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини, Ўзбекистон Республикасига содиқ, фидойи фуқароларни аниқ мақсадли ва тизимли тайёрлаш самарадорлигини такомиллаштириш лицей фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


8. Қуйидагилар лицейнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқувчиларда халқимизнинг маънавий-маърифий қадриятларига, унинг маданияти ва урф-одатларига чуқур ҳурматни, уларда ҳалоллик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахсий хислатларини, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш;

халқимизнинг тарихи ва бой маданияти, буюк аждодларимизнинг, энг аввало Амир Темурнинг бебаҳо мероси, Ватан озодлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини қурбон қилган замондош ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида Ўзбекистон халқига содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаш;

ўқувчиларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологиялари бўйича мустаҳкам билимларни шакллантириш, шунингдек, уларга ҳарбий ишдаги бошланғич билимларни сингдириш;

нотиқлик ва етакчилик хислатларига эга, жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлаш.



3-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


9. Лицейда ўқув жараёни Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари асосида ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкил қилинади.

10. Лицейда таълим давлат, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.


11. Тиббий ва педагогик асосларга асосланган таълим, меҳнат, дам олиш ва турли тадбирлар уйғунлигини таъминловчи кун тартиби ўқувчилар кечаю-кундуз лицейда бўлишини ҳисобга олиб тузилади ва илмий-педагогик кенгаш қарори билан тасдиқланади.


12. Лицей раҳбар ходимларининг ваколатлари ва функционал вазифалари, шунингдек, ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари лицейнинг устави билан белгиланади.


13. Биринчи курсда ўқув йили якунланганидан сўнг якуний назорат натижалари асосида лицей ўқувчиларини кейинги курсга ўтказиш тўғрисида директорнинг буйруғи чиқарилади.


14. Халқаро ва республика фан олимпиадаларида 1 - 3-ўринларни эгаллаган лицей ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчилари республика умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг ўқувчиларини ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантиришни (мукофотлашни) тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида рағбатлантирилади (мукофотланади).



4-БОБ. ЛИЦЕЙГА НОМЗОДЛАРНИ САРАЛАШ ТАРТИБИ

15. Лицейга умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг (кейинги ўринларда - умумтаълим мактаблари) 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган Ўзбекистон Республикасининг эркак жинсли фуқаролари ўқишга қабул қилинади.

Лицей фаолияти ва ўқишга номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (кейинги ўринларда - Чегара қўшинлари) расмий веб-сайтларига жойлаштириб борилади, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали лицейга қабул бошланганлиги тўғрисида эълон берилади.


16. Саралаш тадбирлари дастлабки танлов, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат.

Саралаш тадбирларини ўтказиш муддати Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) билан келишилган ҳолда белгиланади.


17. Номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари билан ишлаш, ташкилий ишларни бажариш, зарур материал ва ҳисоботларни тайёрлаш учун лицейда қабул комиссияси тузилади, унинг таркиби ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг буйруғи билан тасдиқланади.

Қабул комиссияси ўз фаолиятини лицейнинг устави асосида амалга оширади.


18. Ҳарбий-касбий танлов тадбирлари Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бошқа манфаатдор бўлинмалари билан ҳамкорликда ўтказилади.


19. Дастлабки танловни ўтказишдан асосий мақсад номзодларнинг кейинчалик олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши, давлат хизматчиси бўлиш истагида бўлган шахсларга соғлиғи, шахсий-психологик сифатлари, жисмоний тайёргарлиги бўйича қўйиладиган талабларга мувофиқлигини, шунингдек, юқори интеллектуал ва маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга номзодларни аниқлаш ҳисобланади.


20. Қуйидагилар дастлабки танловнинг асосий тадбирлари ҳисобланади:

лицей билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш;

умумтаълим мактабларининг маъмурияти билан ҳамкорликда 9-синф ўқувчилари орасидан фанларни ўзлаштириш даражаси юқори бўлган, ватанпарвар ва соғлом муҳитда тарбияланаётган ўқувчиларни танлаб олиш ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантириш;

номзодга тегишли ҳужжатлар ва номзодни тавсифловчи маълумотларни тўплаш;

номзод тўғрисидаги турли маълумотларни (оилавий аҳволи, ота-онаси ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва бошқалар), номзоднинг лицейга ўқишга киришни танлашига асослари ва сабабларини аниқлаш;

номзоддан ариза қабул қилиш.


21. Номзодлар учун дастлабки танлов уларнинг яшаш ва ўқиш жойи бўйича Чегара қўшинлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаларининг бўлинмалари, туман ва шаҳар бўлинмалари (бўлимлари) томонидан "Ёш чегарачилар" ҳарбий-академик лицейи масъул ходимлари билан биргаликда ўтказилади.

Дастлабки танлов натижалари бўйича Чегара қўшинларининг чегарани қўриқлаш взводлари, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармаларининг бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари (бўлимлари) томонидан лицейга ўқишга кириш учун тавсия қилинган умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчиларидан 5 сентябрдан 5 октябрга қадар аризалар қабул қилиниб, Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларининг шахсий таркиб билан ишлаш бўлинмаларига тақдим этилади.


22. Қуйидагилар лицейга ўқишга кириш учун рад жавобининг берилишига асос бўлади:

номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги;

номзодга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги, дастлабки тергов ёки суриштирув ўтказилаётганлиги, жиноят иши судда кўриб чиқилаётганлиги;

жазо чораси туридан ёки амнистия қарори қўлланилганлигидан қатъи назар, содир этилган жиноят учун айблов ҳукми чиқарилганлиги;

яшаш жойидан ва ички ишлар органларидан салбий тавсияномалар мавжудлиги;

номзод Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари учун белгиланган махсус талабларга мос келмаслиги.


23. Номзодлар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати лицей устави билан белгиланади.


24. Ҳарбий-касбий танловнинг бош мақсади ўзининг психофизиологик хусусиятлари ва соғлигининг ҳолати бўйича белгиланган талабларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг махсус талабларига мос келадиган, етакчилик сифатларига, ички ишончга, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятга эга, келгусида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг муносиб ҳарбий хизматчиси ва ходимлари ҳамда давлат хизматчилари бўла оладиган номзодларни аниқлашдир.


25. Ҳарбий-касбий танловнинг асосий тадбирлари қуйидагилардан иборат:

тақдим қилинган номзодга тегишли ҳужжатлар ва номзодни тавсифловчи маълумотларни ўрганиш;

номзодни тиббий кўрикдан ўтказиш;

номзоднинг психофизиологик хусусиятларини аниқлаш;

номзоднинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш;

номзоднинг саводхонлик даражасини баҳолаш (ижодий баён олиш);

номзоднинг Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари учун белгиланган махсус талабларга мос келишини аниқлаш;

номзод билан якка тартибда якуний суҳбат ўтказиш ва уни тест синовларига қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилиш.


26. Ҳарбий-касбий танлов номзоднинг яшаш жойи бўйича Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли бўлинмалари ва лицейнинг малакали ходимлари билан биргаликда 5 октябрдан 1 февралга қадар ўтказилади.


27. Тиббий кўрик Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган тартибда Чегара қўшинлари Ҳарбий госпитали ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармалари ҳарбий-тиббий муассасаларида Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи тасдиқлаган ҳарбий-тиббий комиссия (кейинги ўринларда - ҲТК) томонидан ўтказилади.

Тиббий кўрикни ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар ўсмирлар диспансери, вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари ҳузуридаги ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими мутахассис-шифокорлари жалб қилинади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари асосида мутахассис-шифокорлар хулосаларига кўра ҲТК номзоднинг лицейга ўқишга киришга яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқаради.


28. Саломатлигига кўра лицейга ўқишга киришга яроқсиз деб топилган номзодлар саралаш тадбирларининг кейинги босқичига қўйилмайди.


29. Номзодларнинг психофизиологик хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ишлаб чиқилган методикага мувофиқ ноябрь-декабрь ойларида Давлат хавфсизлик хизмати органлари мутахассис-психологларидан иборат психологлар гуруҳи томонидан ўрганилади.

Психологлар гуруҳи таркибига олий таълим муассасаларининг мутахассислари шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.

Номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш натижаларига кўра қуйидаги хулосалар чиқарилади:

ўқишга кириш учун тавсия этилади;

ўқишга кириш учун тавсия этилмайди.


30. Номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш натижаси бўйича ўқишга кириш учун тавсия этилмаган номзодлар саралаш тадбирларининг кейинги босқичига қўйилмайди.


31. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларида ноябрь-декабрь ойларида аниқланади.


32. Жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича талабларга жавоб бермайдиган номзодлар саралаш тадбирларининг кейинги босқичига қўйилмайди.


33. Номзодларнинг саводхонлик даражасини ижодий баён олиш орқали баҳолаш тадбири лицейнинг педагог ходимларидан иборат комиссия томонидан январь ойида ўтказилади.

Ижодий баён синови мазкур Низомга иловада келтирилган методикага мувофиқ ўтказилади ва баҳоланади.

Ижодий баён олиш комиссияси таркибига таълим муассасаларининг тегишли мутахассислари шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.


34. Ижодий баён якуни бўйича қониқарсиз баҳо олган номзодлар саралаш тадбирларининг кейинги босқичига қўйилмайди.


35. Номзодларни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари учун белгиланган махсус талабларга мос келиши Чегара қўшинлари томонидан аниқланади.


36. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари учун белгиланган махсус талабларга мос келмайдиган номзодлар саралаш тадбирларининг кейинги босқичига қўйилмайди.


37. Якка тартибдаги якуний суҳбат Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларининг ўқув-методик комиссияси томонидан номзодларнинг етакчилик сифатлари, мантиқий фикрлаш ва саводхонлик даражаси, ақлий қобилиятлари, шунингдек, ҳарбий хизматчи ва давлат хизмати ходими учун муҳим касбий сифатларини аниқлаш мақсадида 1 февралга қадар ўтказилади.

Якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра номзодларни тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилинади.


38. Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижаларига кўра лицейга ўқишга кириш учун тавсия этилмаган, саломатлигига кўра ўқишга яроқсиз деб топилган ва махсус талабларга мос келмаган номзодларга саралаш натижаларининг сабаблари ошкор этилмайди.


39. Тест синовларига қатнашишга тавсия этилган номзодларнинг Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари томонидан расмийлаштирилган шахсий йиғмажилдлари 15 мартга қадар лицейнинг қабул комиссиясига юборилади.


40. Тест синовларида қатнашишга тавсия этилган номзодларга Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари томонидан маълумотнома берилади. Маълумотнома умумтаълим мактабидан умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномани олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.


41. Шахсий йиғмажилдларни ўрганиш натижаларига кўра тест синовларига қатнашишга рухсат этилган номзодларнинг рўйхатларини Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларига етказиш учун лицейнинг қабул комиссияси масъул ҳисобланади.


42. Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақтини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Агентлик билан келишилган ҳолда белгилайди.


43. Тест синовлари ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида номзодларни ўз вақтида хабардор қилиш учун жавобгарлик уларни ўрганган ҳарбий қисм командирлари зиммасига юкланади.


44. Лицейга келиб-кетиш, тест синовларига тайёрланиш ва топшириш даврида жойлашиш ҳамда овқатланиш билан боғлиқ харажатлар номзодларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қопланади.


45. Тест синовлари Агентлик томонидан белгиланган тартибда ўтказилади.


46. Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрига кўра уч тилдан - ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирида топширадилар.


47. Агентлик томонидан ўтказилган тест синовларининг натижалари Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси белгилаган муддатларда мазкур комиссияга ҳамда лицей қабул комиссиясига тақдим этилади.


48. Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.


49. Лицейга қабул қилинмаган (саралашдан ўтмаган) номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари (бошқа ҳужжатлари билан биргаликда) далолатнома асосида уларни ўрганган Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларига юборилади.


50. Тест топшириқлари умумий ўрта таълим фанларининг (5 - 9-синфлар кесимида) давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.


51. Тест синовлари натижасидан норози бўлган номзодлар, уларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар (васийлар) тест синовлари натижаси эълон қилингандан кейин икки иш куни давомида тест синови ўтказилган Агентликнинг ҳудудий бўлимларида ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма равишда тест натижалари бўйича апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг шикояти қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


52. Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан муваффақиятли ўтган куйидаги номзодлар лицейга тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади:

халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари - белгиланган қабул квотаси доирасида;

ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари - квотадан ташқари;

етим, ота-она қаровисиз қолган, давлат ва жамият ёрдамига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятининг қарорлари асосида - квотадан ташқари белгиланган квотанинг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.


53. Ўзбекистон Республикаси Ешлар сиёсати ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолибларига Агентлик томонидан лицейга кириш учун ўтказилаётган тест синовларида улар тўплаган балларнинг 20 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.



5-БОБ. ЛИЦЕЙГА ЎҚУВЧИЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


54. Номзодларни лицей ўқувчилари сафига қабул қилиш Агентлик томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра амалга оширилади.

Мазкур Низомнинг 52-бандида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлган номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан ўқишга қабул қилинади.


55. Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан ўтган номзодлар сони белгиланган қабул квоталаридан кам бўлган тақдирда, тест синовлари ўтказилмайди ҳамда номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан қабул қилинади.


56. Бир нечта номзодларнинг ўтиш рейтинг баллари тенг бўлган ҳолларда, улар орасидан биринчи блок фанидан тест натижалари юқори бўлган номзод қабул қилинади, шунда ҳам баҳолар тенг бўлиб қолган тақдирда, умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномадаги математика, физика, она-тили ва адабиёт фанларидан олган якуний баҳолари йиғиндиси бошқаларникидан юқори бўлган номзод ўқишга қабул қилинади.


57. Тест натижалари тақдим этилгандан сўнг лицейнинг қабул комиссияси номзодлар рўйхатини тузади ҳамда баённомани расмийлаштиради. Мазкур ҳужжатлар қабул комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланиб, лицейнинг муҳри билан тасдиқланади.


58. Қабул комиссиясининг баённомаси номзодларни лицейга ўқувчилар сафига қабул қилиш тўғрисида лицей директорининг буйруғини чиқариш учун асос бўлади.


59. Лицейга ўқишга қабул қилинадиган шахслар ўқувчи деб аталади, уларга белгиланган намунадаги ўқувчи билети ва рейтинг дафтарчаси берилади.


60. Лицейнинг ташкилий-штат тузилмасига мувофиқ ўқув курслари бўйича академик гуруҳлар взводларга бирлашади.

Алгебра, геометрия, физика, хорижий тиллар, информатика, рус тили, она тили ва адабиёт фанлари бўйича машғулотларни ўтказиш вақтида ўқувчилар гуруҳи иккита кичик гуруҳларга бўлинади.


61. Лицейни тамомлагандан кейин битирувчиларга белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони берилади.

Лицейни тамомлаганлик тўғрисидаги кўкрак нишонининг ягона намунаси Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати қарори билан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Кўкрак нишони китель кўкрак қисмининг ўнг томонига тақилади.



6-БОБ. ЛИЦЕЙ ЎҚУВЧИЛАРНИ ЎҚИШДАН

ЧЕТЛАТИШ ТАРТИБИ


62. Ўқувчилар лицейдан қуйидагилар асосларга кўра четлатилади:

соғлиғи туфайли (тиббий комиссия хулосаси асосида);

ўқувчининг аризасига мувофиқ, ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг ташаббусига кўра;

академик ўзлаштиришдан ортда қолиш, бир семестр мобайнида икки ҳафта давомида (72 ва ундан кўп соат) узрли сабабларсиз машғулотларда қатнашмаслик;

ўқув йили якунида 3 та фанни яхши ўзлаштира олмаган ҳолда, қайта имтиҳон топширишда ҳам ўта олмаган тақдирда;

лицей уставида белгиланган ички тартиб қоидаларини қўпол равишда бузиш;

суднинг қарорига кўра жиноят содир этганликда айбдор деб топилиши;

вафот этганлиги муносабати билан.


63. Ўқувчилар лицейдан лицей илмий-педагогик кенгашининг қарорига мувофиқ директорнинг буйруғи билан четлатилади.

Ўқишдан четлатилган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар йиғмажилди лицей илмий-педагогик кенгашининг қарори қабул қилингандан сўнг лицей директорининг буйруғи билан имзоланган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда унинг бошқа умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олишни давом эттиришини ташкил этиш учун яшаш жойидаги болалар масалалари бўйича комиссияларига юборилади.

64. Шахсий ҳужжатлар йиғмажилди (бошқа ҳужжатлари билан биргаликда) тегишли таълим муассасаси раҳбарининг таълимга жалб қилиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилингани ҳақида хабарнома олингандан сўнг далолатнома асосида ота-онасининг иштирокида унга қайтариб берилади.


65. Ўқишдан четлатилган ўқувчиларни тиклаш ва бошқа таълим муассасаларидан лицейга ўтказиш тақиқланади.


66. Ўқувчиларни лицейдан четлатишдан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда юқори турувчи давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.



7-БОБ. РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ КАДРЛАР,

ЛИЦЕЙНИ БОШҚАРИШ


67. Раҳбар ва педагог кадрлар ҳамда контракт бўйича ҳарбий хизматчилар лавозимларини бутлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


68. Лицейга қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.


69. Директор лицейнинг фаолиятига раҳбарлик қилади, ўқувчиларга сифатли таълим бериш ва уларни тарбиялаш, ўқув режаси ва дастурларининг бажарилиши, лицейнинг ўқув-услубий ва молия-хўжалик фаолияти лозим даражада амалга оширилиши учун жавоб беради. Директор ишчи ва хизматчиларни ишга қабул қилади ва ишдан озод қилади, ўз ваколати доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда лицей бўйича буйруқлар чиқаради.


70. Лицей директори Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда, таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича республика ва хорижий таълим муассасалари билан халқаро меморандум ва битимлар тузиш ҳуқуқига эга.


71. Лицейда педагогик фаолият билан шуғулланишга тегишли маълумотга ва профессионал тайёргарликка ҳамда юксак ахлоқий сифатларга эга шахслар ҳақлидир.


72. Лицейда директор ҳузурида ўқув-тарбия жараёнини ташкил қилиш ва такомиллаштиришга кўмаклашувчи, коллегиал орган ҳисобланадиган Илмий-педагогик кенгаш тузилади.

Илмий-педагогик кенгашнинг вазифа ва функциялари лицей устави билан белгиланади.



8-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ ЛИЦЕЙНИ

БОШҚАРИШ БЎЙИЧА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


73. Қуйидагилар вазирлик ва идораларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

лицейга бириктирилган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этиш, ўқувчиларнинг олий ҳарбий, ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун сифатли тайёрлашда уларнинг роли ва масъулиятини ошириш, шунингдек, бевосита иштирокини таъминлаш;

таълим дастурлари ва ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш;

лицейни ҳарбий хизматга чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик учун мўлжалланган ўқув воситалари, махсус адабиётлар, спорт жиҳозлари, замонавий компьютер техникаси, ўқув мақсадлари учун мўлжалланган қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулкларнинг замонавий намуналари билан таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ёшларини ҳарбий хизматга чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик дастурига мувофиқ ўқув ва кўргазмали қўлланмалар билан таъминлаш;

лицей ўқувчилари билан ҳарбий ва ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг дала ўқув майдонлари базаларида чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик амалий машғулотларини ўтказиш;

лицей ўқувчиларининг олий ҳарбий таълим муассасаларига, ҳарбий қисмлар ва муассасаларга ташрифларини ташкил этиш;

лицей ҳарбий хизматчиларини олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг малака ошириш факультетларида ҳамда Қуролли Кучлар Академиясида (Мудофаа вазирлиги ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчи кадрлари малакасини ошириш маркази)да малака оширишини ташкил қилиш;

ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва эстетик тарбиялашни таъминлайдиган комплекс маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ўтказиш;

Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси билан биргаликда лицейга муносиб номзодларни танлаб олиш учун умумтаълим мактаблари 5-6 синф ўқувчиларининг билими, жисмоний қобилиятлари ва шахсий сифатларини доимий равишда ўрганиш ва улар бўйича ягона маълумотлар базасини тузиш ҳамда умумтаълим мактабларида лицейнинг фаолияти, қабул шартлари ва тақдим қилинаётган имтиёзлар тўғрисида ўқувчиларни хабардор қилиш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам равишда олиб бориш.


74. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

вазирлик ва идоралар томонидан давлат таълим стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган лицейнинг ўқув режалари ва дастурларини келишиш;

соҳадаги олий таълим муассасалари негизида ва малака ошириш муассасаларида лицей педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқув жараёнини ташкил этиш учун лицейни барча зарур расмий ҳужжатлар ҳамда ўқув муассасасини тамомлаганлик тўғрисида давлат намунасидаги диплом ва сертификатлар билан таъминлаш;

лицейни зарур ўқув ва илмий адабиётлар билан таъминлаш.


75. Қуйидаги масалаларда кўмаклашиш лицейга бириктирилган олий ҳарбий, ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқув-тарбиявий жараённи ташкил қилиш, таълим дастурлари ва ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, таҳсил олаётган ёшларни олий таълим муассасасига қадар касбга йўналтириш ва педагог кадрлар малакасини оширишни самарали ташкил этиш;

ўқувчиларнинг билим даражаси ва интеллектуал салоҳиятини янада ривожлантириш, уларни аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттиришга тайёрлаш;

миллий ва хорижий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, таълим жараёнини ташкиллаштиришнинг замонавий методларини жорий этиш, шунингдек, унинг мазмунини доимий равишда янгилаш;

юқори билим даражаси, интеллектуал салоҳият ва профессионал маҳоратга ҳамда қоида тариқасида камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган ўқитувчиларни лицейда ишлаш учун танлаб олиш.



9-БОБ. ЛИЦЕЙНИНГ МОЛИЯВИЙ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНОТИ


76. Лицей фаолияти қуйидагилар ҳисобидан молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

ҳарбий-маъмурий секторларнинг маблағлари;

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бюджетдан ташқари маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


77. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бюджетдан ташқари маблағлари, тегишли ҳарбий-маъмурий секторларнинг маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан шакллантириладиган Лицей ишчи ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдоридаги директор фонди ташкил этилади.

Ушбу фонднинг маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан мустақил белгиланади.

Лицей директори фондининг жорий йилда ўзлаштирилмаган молиявий маблағларини улардан кейинчалик мақсадли фойдаланиш учун келаси йилга ўтказишга рухсат этилади.


78. Лицей белгиланган тартибда ўз ишининг натижаларини оператив ва бухгалтерия ҳисоб-китобларини амалга оширади, статистик ва бухгалтерлик ҳисобини юритади.

Лицейда хўжалик ва молия интизомига риоя этилиши ваколатли давлат органи томонидан назорат қилинади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


79. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.






Низомга

ИЛОВА


Ижодий баён синовини ўтказиш ва баҳолаш

МЕТОДИКАСИ


1. "Ёш чегарачилар" ҳарбий-академик лицейига саралаш тадбирларида номзодлар она тили фанидан ижодий баён ёзадилар.

Номзоднинг она тили таълими жараёнида эгаллаган кўникма ва малакалари у ёзган баёнда акс этади. Ёзма ишда асосий кўрсаткич фикрни мантиқий изчилликда она тилининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда равон ва тўғри баён эта олиш малакаси, фикр баён этилаётган соҳа бўйича номзоднинг билимлари кенглиги ва чуқурлиги, тузган матнининг имловий, услубий саводлилик даражаси билан белгиланади.


2. Ижодий баёнда номзодларнинг танлаган матнни бадиий жиҳатдан аниқ ва пухта, мантиқий изчил, ижтимоий ҳаёт ва воқелик билан боғлиқ ҳолда ёритиши, мустақил ижодий фикрлаши, она тилининг бой ифода воситаларидан унумли фойдаланиш кўникмаси ва саводхонлик даражаси баҳоланади.


3. Ижодий баённинг мавзуси ва намунавий матнлари 1 январга қадар ишлаб чиқилади ва лицей директори томонидан тасдиқланади.


4. Ижодий баённинг тасдиқланган мавзуси ва намунавий матнлари "Ёш чегарачилар" ҲАЛ директорида сақланади. Директор уларнинг ошкор қилинмаслиги учун масъул ҳисобланади.


5. Ижодий баён ўтказилаётган аудиторияга китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш тақиқланади.


6. Ижодий баён бошланишидан олдин комиссия аъзолари томонидан номзодларга синов ўтказиш тартиби тушунтирилади ҳамда рақамланган дафтарлар тарқатилади.


7. Номзод рақамланган дафтарнинг устки қисмига ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исмини ёзади.


8. Номзодларга ўқиб эшиттириладиган ижодий баён намунавий матнининг ҳажми 150 - 200 та сўздан иборат бўлади.


9. Ижодий баён намунавий матнлари 3 вариантда тайёрланади.


10. Бир номзод 3 та вариантдан (конвертдан) биттасини танлаб олади. Танлаб олинган конвертдаги матн мавзуси доскага ёзиб қўйилади.


11. Комиссия аъзолари томонидан ижодий баён намунавий матни икки марта ўқиб эшиттирилади.

Номзодларга намунавий матнни ўқиб эшиттириш учун комиссияга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудий бўлимидан мутахассис жалб этилиши мумкин.


12. Номзод эшитган намунавий матн юзасидан режа тузади ва ижодий баён ёзади.


13. Ижодий баён ҳажми камида 3 - 3,5 бет бўлиши лозим.


14. Ижодий баён ёзиш учун 2 астрономик соат берилади.


15. Номзод ижодий баённи ёзиб тугатганидан кейин рақамланган дафтарини комиссия аъзосига топшириб, аудиторияни тарк этади.


16. Номзодлардан қабул қилиб олинган дафтарлар текшириш учун мутахассисларга топширилади.


17. Мутахассислар номзодларнинг ёзган ижодий баёнларини икки кун ичида текширади. Баён матнини ўқиб эшиттирган мутахассис томонидан шу аудиториядаги номзодларнинг ёзган ижодий баёнларини текширишга йўл қўйилмайди.


18. Номзодларнинг ёзган ижодий баёнларини текширган мутахассис ижодий баёнларга ва ҳар бир рақамланган дафтарга ўзининг фамилияси, исми, отасининг исмини ёзади ва имзо қўяди.


19. Ижодий баён натижалари лицей томонидан уч кун муддатда ҳарбий қисмларга номзодлар эътиборига етказиш учун тақдим этилади.


20. Номзодларга ижодий баённи қайта топширишга рухсат берилмайди.


21. Номзодлар томонидан ёзилган баён "5" балли тизимда баҳоланади.

            

Т/р

Билим, кўникма, малакалар

         

балл

1.

Режа мавзуга мувофиқ тузилган, матн мазмуни тўғри баён қилинган бўлса; баён мантиқли ва изчил бўлса; сўз бойлиги, ифода қурилиши ва услуби адабий тил талабларига мос бўлса; мазмун ва ифодада бир-икки хатога йўл қўйилган бўлса; саводхонликда қўпол бўлмаган битта имло ёки иккита ишоравий хатоси бўлса; услубий хато бўлмаса.


5 балл

2.

Матн режа асосида ёритилиб, лекин кичик хатоларга йўл қўйилган бўлса; фикр баёнида изчиллик қисман бузилган бўлса; сўз танлашда ва ифода қурилишида ҳар хиллик бўлса; мазмун ва ифодада 2-3 хатога йўл қўйилган бўлса; саводхонликда 2 та имло, 2 та ишоравий ва 2 тагача услубий хато мавжуд бўлса.


4 балл

3.

Мавзу тўлиқ ёритилмаган, мавзудан қисман четга чиқилган бўлса; аниқ воқеалар изоҳида хатоларга йўл қўйилган бўлса; сўз бойлиги ва ифода тузилишида саёзлик сезилиб турса; саводхонликда 3 тагача имло, 4 тагача ишоравий, 3 тагача услубий хатога йўл қўйилган бўлса.


3 балл

4.

Матн мазмуни кўп бузилган бўлса; иш режага мос бўлмаса, фикр баёни ва қурилишида камчилик бўлса, фикрлар бир-бирига боғланмаса; сўз бойлиги саёз бўлса; мазмун ва ифодада 5-6 тагача хатога йўл қўйилган бўлса; саводхонликда 7 тагача имло, 7 тагача ишоравий ва 7 тагача услубий хатога йўл қўйилган бўлса.


2 балл

5.

Матндаги хатолар миқдори баҳолашнинг "2" балл учун белгиланган мезонидан ошган тақдирда


1 балл

        

Изоҳ. Баъзан ўқувчининг ижодий баёндаги хатолар миқдори юқоридаги мезонга мос келмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда иккита ишоравий хатони битта имло хато ўрнида, 2-3 та имло хатони битта услубий хато сифатида баҳолаш мумкин.


22. Қуйидагилар хато деб ҳисобланмайди:

тасодифий хатолар (масалан, "тушмоқ" сўзи айрим ўринларда тўғри, айрим ўринларда хато ёзилган бўлса);

такрорий хатолар (масалан, "қутулмоқ" сўзи 5 тагача ўринда "қутилмоқ" тарзида қўлланилган бўлса);

айрим атамаларнинг ёзилишидаги хатолар (масалан, Чўлпон ота - Чўпон ота).

Ижодий баёндаги тузатишлар миқдори 5 тадан ортиқ бўлса, тегишли равишда пасайтирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 август










































Время: 0.0523
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск