ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта-махсус касбий таълим (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари) /

Ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган техникумларнинг Намунавий устави (ЎзР ВМ 07.08.2020 й. 466-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 7 августдаги

466-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўрта махсус профессионал таълим босқичида

кадрлар тайёрлайдиган техникумларнинг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган техникумларнинг мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Техникумлар - Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган, олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият юритадиган таълим муассасалари ҳисобланади.


3. Техникум ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Устав асосида амалга оширади.


4. Техникумлар тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг тизимидаги ташкилий тузилма ҳисобланади, фаолияти маҳаллий ва хорижий грантлар, таълим хизматларини кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари асосида молиялаштирилади.

Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар техникум ўқувчиларини касбий таълим жараёнида амалий кўникмаларини шакллантиришда, меҳнат бозорида Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи мутахассисларга (кейинги ўринларда - мутахассислар) бўлган эҳтиёжни аниқлашда, битирувчиларни иш билан таъминлашда кўмаклашади.

Олий таълим муассасалари техникумларнинг идоравий бўйсинувидан қатъи назар, таълим жараёнига ўқув- методик кўмаклашади.


5. Техникум юридик шахс ҳисобланиб, ўзининг мустақил балансига, алоҳида мол-мулкига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга, давлат намунасидаги бланкаларга, Молия вазирлигининг Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлимларида шахсий ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ва бошқа ҳисобварақларига, реквизитларга эга бўлган, ўз номидан шартномалар тузадиган, мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширадиган, юкланган мажбуриятларни бажарадиган ҳамда суд, арбитраж органларида даъвогар ва жавобгар бўладиган таълим муассасаси ҳисобланади.


6. Техникумнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи: "….", қисқартирилган номи - "…." ;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи: "….", қисқартирилган номи - "…." ;

в) рус тилида:

тўлиқ номи: "….", қисқартирилган номи - "….".


7. Техникумнинг жойлашган жойи (почта манзили):, ҳудуд, туман (шаҳар), -мавзе,- "…"-уй.



2-БОБ. ТЕХНИКУМЛАРНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


8. Техникумларнинг асосий мақсади:

кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3 ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан "Ҳаёт давомида таълим олиш" принципи асосида шакллантирилган гуруҳларда мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш;

кадрлар буюртмаси асосида профессионал касбий малакага эга бўлган кадрлар тайёрлаш:

Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлаш;

ўқувчиларни танланган мутахассислик бўйича замонавий талабларга жавоб берувчи, пухта билим, амалий кўникма ва малакага ҳамда юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган, интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар этиб тайёрлашдан иборат.


9. Қуйидагилар техникумларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

иқтисодиёт соҳа ва тармоқларида талаб юқори бўлган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тизимли фикрлаш, иш юритиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш кўникмаларига эга ҳамда хорижий тилларни биладиган мутахассислар тайёрлаш;

эгаллаган мутахассислик бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, юқори даражада сифатли билим олишни ва касбий тайёргарликни таъминлайдиган давлат таълим стандартлари доирасида танланган мутахассислик бўйича ўқитиш;

танлаб олинган мутахассислик бўйича бир ёки бир неча квалификацияни эгаллаш жараёнида ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ошириш;

мутахассисларни тайёрлаш тизими ва мазмунини жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият ва замонавий инновацион техника ютуқларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;

ўқувчиларда ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, Ватан билан ғурурланиш ва ифтихор туйғусини шакллантириш;

ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда камол топтириш;

давлат таълим стандартлари талабларига кўра ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган малака ва кўникмаларни ўқувчилар онгига сингдириш;

ўқитувчи, таълим олувчиларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини жорий этиш, уларнинг билим олиши, турмуши ва дам олиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш;

таълим жараёни учун зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиб бориш.



3-БОБ. ТЕХНИКУМЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Техникум:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан юридик ва жисмоний шахслар билан ваколати доирасида шартномалар ва норматив ҳужжатлар тузиш;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ва ушбу Уставга зид бўлмаган фаолиятни амалга ошириш;

таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида танловлар ташкил этиш;

республика иқтисодиёти, хўжалик ва хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассисларга бўлган талаб ва реал эҳтиёжлар асосида белгиланган тартибда тегишли мутахассислар тайёрловчи қўшимча йўналишлар, шартнома асосида касбга тайёрловчи қисқа муддатли ўқув курслари очиш;

техникум ўқувчисининг касбий ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, бюджетдан ташқари маблағ ишлаб топиш мақсадида аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш бўйича турли соҳалар билан боғлиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган маблағларни техникумнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга ва таълим-тарбия жараёнини замонавий ўқув-техник воситалар, мебеллар билан таъминлашга, техникум ходимларини ижтимоий ҳимоялашга ва уларнинг фаолият самарадорлигини оширишни рағбатлантиришга сарфлаш ҳуқуқига эга.

Техникум қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Техникум:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим-тарбия соҳасидаги фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва фармойишлари, тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органларининг норматив ҳужжатларида белгиланган вазифаларни бажаришга;

техникумнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда маблағ билан таъминлашнинг муқобил манбаларини, шу жумладан, ташкилотлар, ҳомийлар маблағларини, хорижий инвестицияларни жалб этишга;

давлат таълим стандартлари, малака талаби, ўқув режа ва фан дастурлари асосида юқори сифатли ўрта махсус профессионал таълимни беришга;

техникум ахборот-кутубхона фондини умумий ўқувчилар сонини ҳисобга олган ҳолда замонавий талабга жавоб берадиган дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар (шу жумладан, бадиий адабиётлар) мажмуи билан етарли даражада мунтазам равишда тўлдириб боришни таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишга;

техникум ўқитувчилари малакасини ошириш, тажриба алмашинувини ташкил этиш ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;

таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилишга;

педагогик фаолиятнинг сифати, ижтимоий мақоми, нуфузи ва обрў-эътиборини ошириш борасида фаолият кўрсатишга;

меҳнат муҳофазаси талабларига жавоб берадиган таълим-тарбия ва меҳнат шароитларини яратишга мажбур.

Техникум қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. ТАЪЛИМ ОЛУВЧИЛАР


12. Техникумга ўқишга қабул қилинган фуқаро ушбу таълим муассасаси ўқувчиси ҳисобланади.


13. Ўқишда эришган ютуқлари, ўқув-ишлаб чиқариш, ижодий фаолият ва техникумнинг бошқа ишларида фаол қатнашган ўқувчиларга моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг турли хил шакллари қўлланилади.


14. Техникум ўқувчилари:

профессионал таълим муассасаси фаолиятига доир масалаларни муҳокама ва ҳал этишда бевосита ёки билвосита (маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари орқали) иштирок этиш;

белгиланган тартибда профессионал таълим муассасалари маъмуриятининг буйруқлари устидан шикоят қилиш;

таълим дастурлари бўйича таълимни давом эттиришини тўхтатиш бўйича профессионал таълим муассасаси раҳбариятига мурожаат қилиш;

ахборот-кутубхона, профессионал таълим муассасасининг ўқув, ижтимоий, даволаш ва бошқа бўлинмалари хизматларидан таълим муассасаси уставида белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

касбий компетенцияларни ривожлантиришга қаратилган турли кўрик танловларда белгиланган тартибда иштирок этиш;

иш берувчилар томонидан тавсия қилинган иш жойларида ишлаш бўйича мурожаат қилиш;

олий таълим муассасасининг тегишли йўналишларида таълимни давом эттириш;

таълим олишда ўрта махсус профессионал таълим дастурида ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Техникум ўқувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Техникум ўқувчилари:

Давлат таълим стандартларида белгиланган талабларни ўқувчилар белгиланган муддатларда бажариши ҳамда билим ва кўникмаларни эгаллашга;

узрсиз сабабларга кўра дарс машғулотларини қолдирмаслик;

ушбу Уставга, Техникумнинг ички тартиб-қоидаларига, одоб-ахлоқ қоидаларига ҳамда ўқув интизомига риоя қилишга;

техникум бинолари ва унинг мол-мулкини асраб-авайлашга;

тўлов-контракт бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга мажбур.

Техникум ўқувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



5-БОБ. ЎҚУВ ТАРБИЯВИЙ ВА ИЛМИЙ-МЕТОДИК ИШ


16. Техникумларда идоравий бўйсинувидан қатъи назар ўқув-методик раҳбарлик қилиш ҳамда бу соҳада давлат сиёсатини юритиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.


17. Техникумда:

таълим бериш камида 2 йил муддатда кундузги, кечки, сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқиш муддати ва семестрлар давомийлиги ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган меъёрлар асосида шакллантирилади;

ўқувчилар ўқитиш курслари бўйича гуруҳларга, ўқитиш йўналиши бўйича эса бўлимларга бирлаштирилади;

гуруҳларда ўқувчилар сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган меъёрлар асосида шакллантирилади;

ўқув йилининг бошланиши, тугалланиши, ҳафталик юклама, таътилларнинг муддати, давомийлиги, шунингдек, ўқув-тарбия жараёни якунланларини белгилаш шакллари, амалиёт турлари ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби ҳамда таълим жараёнига тегишли бошқа талаблар қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режалари ва бошқа норматив ҳужжатлар асосида белгиланади;

техникумда барча турдаги ўқув машғулотлари давомийлиги тегишли норматив ҳужжатлар билан белгиланади;

техникумда ўқитиш курси тугагандан кейин назоратларнинг якуний натижалари асосида ўқувчини навбатдаги курсга ўтказиш, курсда қолдириш, ўқишдан четлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчиларни курсдан курсга ўтказиш, ўқишдан четлаштириш, курсда қолдириш илмий педагогик кенгашнинг қарори ва техникум директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади;

курсдан курсга шартли равишда ўтказишларга йўл қўйилмайди;

ўқувчиларни техникумда ўқитиш таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан ўзаро ҳамкорлиги асосида қуйидагича амалга оширилади;

техникум ўқувчиларининг муассаса ва ташкилотларда тизимли асосда ишлаб чиқариш ва малакавий амалиёт ўташи учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, иш берувчиларни ўқув жараёнига фойдаланиладиган ўқув-норматив хужжатларни ишлаб чиқишга жалб этиш;

бевосита ишлаб чиқаришни модернизациялаш жараёнларида иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни қўллаб, техникум ҳамда муассаса ва ташкилотларнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш;

ўқувчиларнинг ўқув, ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиёти белгиланган норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади;

ўқув режа ва фан дастурларининг барча талабларини бажарган ўқувчи техникум илмий педагогик кенгашининг қарори ва директорнинг бўйруғи билан Якуний давлат аттестацияси имтиҳонларига қўйилади. Якуний давлат аттестацияси белгиланган норматив ҳужжатларга мувофиқ тартибга солинади;

Якуний давлат аттестацияси комиссияси қарори билан таълим олган мутахассислиги (касби) ва эгаллаган малакаси (малакалари) кўрсатилган ҳолда давлат намунасидаги диплом берилади;

Дипломга ўзлаштирилган фанлар рўйхати, ўтилган соатлар ҳажми, уларни ўзлаштириш даражаси (баҳолар) ва Якуний давлат аттестацияси натижалари кўрсатилган қўшимча варақ илова қилинади;

техникумни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом эгалланган билимларни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради;

ўрта махсус таълим дастурларини мувоффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги сухбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишни давом эттириш хуқуқига эга бўлади;

ўқув-методик, илмий-методик ва тажриба ишларини амалга ошириш мақсадида техникум фан кафедраларини ташкил килади;

ўқув жараёни шакли илмий асосланган инновацион восита ва ўқитиш усулларини танлаш асосида ташкил этилади;

ўқув жараёнига йўналишлар бўйича олим ва мутахассислар жалб қилинади. Техникумда ўқитувчиларнинг ўқув-методик ва илмий ижод қилишлари учун шароит яратилади ва рағбатлантирилади.


18. Техникумда маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар умумбашарий қадриятларга ва миллий анъаналарга асосланади.

Техникумда:

ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига садоқатли ҳамда жамият тараққиётига ҳисса қўшишга қодир шахсни тарбиялаш ўқув жараёни билан узвий равишда оила, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа жамоат ташкилотлари иштирокида амалга оширилади;

ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий-маданий, тарихий анъаналарига, урф-одатларига асосланган тарбиявий ишларнинг турли шаклларини оммалаштириш мақсадида техникумнинг веб-сайти ва ижтимоий саҳифаларини яратиш йўлга қўйилади;

ўқувчиларнинг ўз интеллектуал даражасини оширишлари учун бадиий адабиётларни ўқишга қизиқтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини олиб бориш янги адабий китобларнинг тақдимотини уюштириш ва тарғиб қилиш орқали амалга оширилади;

техникум ўқувчиларида мулоқот маданиятининг замонавий шаклларини яратиш мақсадида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда баҳс-мунозаралар ва давра суҳбатлари уюштирилади;

чет тилларидаги бадиий адабиётлар, илмий материалларни ўрганиш ва таълим-тарбияга татбиқ этиш мақсадида видеороликлар, буклетлар, флайерлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

ёш авлодни маънавий-ахлоқий, миллий ғояларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрлашга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантиришда миллий-маданий, тарихий анъаналарга, урф-одатлар ҳамда умумбашарий қадриятларига асосланган тарбиявий ишларнинг турли хил шакллари қўлланилади;

ўқувчиларда таълим муассасаси ва танлаган касбни эгаллаш бўйича берилган имкониятлардан ғурурланиш ҳиссини оширишга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқилади;

ўқув йилининг биринчи куни вазирлик, ҳокимият, ҳудудий касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси, олий таълим муассасаси ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўқувчиларнинг тантанали сафланиши, Ўзбекистон Республикаси байроғини олиб чиқиш, Давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланади ва белгиланган тадбир асосида давом эттирилади;

биринчи машғулот Ўзбекистон Республикасининг миллий мустақиллик ғояларига бағишланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ҳудудий касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбарияти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида ёшларга оид муҳим масалаларни муҳокама этиш учун мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб борилади.



6-БОБ. ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


19. Техникумни бошқариш директор томонидан амалга оширилади.

Олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган техникумлар директори ректор тавсиясига биноан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Техникум директори:

техникум фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва техникумга юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўринбосарлар ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, техникумнинг таркибий бўлинмаси раҳбарлари ваколатларини, уларнинг фаолияти учун жавобгарлигини белгилайди;

техникум фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, буйруқлари ва кўрсатмалари амалга оширилишини ташкил этади;

қонун ҳужжатларига асосан техникум номидан иш олиб боради, барча ташкилотларда унинг вакили сифатида қатнашади, шартномалар тузади, ишончномалар беради;

техникум таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

техникум ўқитувчи ва ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

техникум таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

техникум педагогик ходимлари ва ўқувчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

техникумнинг ташкилий ва молиявий фаолияти масалаларини ҳал қилади;

техникумнинг мол-мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш бўйича белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;

техникумнинг штат жадваллари ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

техникум ўқитувчилари ва бошқа ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, ўрнак кўрсатган техникум ходимларига унвонлар бериш ва давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида таклифлар киритади.

техникум директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.



7-БОБ. ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИНГ ТУЗИЛИШИ


20. Техникум штатлари жадвали амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилади, тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказилади.


21. Техникумда Илмий педагогик кенгаш, методик кенгаш, ота-оналар кенгаши, Жамоатчилик кенгаши тузилади ва фаолият юритади.


22. Техникум фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун техникум илмий педагогик кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) ташкил этилади. Кенгаш тўғрисидаги низом ва унинг иш режаси Кенгаш йиғилишида тасдиқланади.

Кенгаш таркиби директор томонидан тасдиқланади. Кенгаш таркибига олий таълим муассасасининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, директор ўринбосарлари, котиб, юқори малакали ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари ҳамда бириктирилган олий таълим муассасаси вакиллари киради.

Кенгаш қарорларининг ижроси директор ва унинг ўринбосарлари томонидан таъминланади.


23. Кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар киради:

техникум фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларининг буйруқлари, ҳудудий касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармасининг кўрсатмалари ва топшириқлари ижроси таъминланишини ташкил қилиш;

техникумнинг йиллик иш режаси ва бошқа режаларни тасдиқлаш;

бюджетдан ташқари маблағлар сарф-харажати ҳисоботларини кўриб чиқиш;

техникум педагогик жамоасининг фаолиятини ўқувчиларнинг эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларини таъминлашга, ўқувчиларга таълим бериш сифатини оширишга йўналтириш;

олий таълим муасасаси билан ҳамкорликда ўқув-методик жараённи ташкил этиш, моддий-техник базадан унумли фойдаланиш масалаларини кўриб чиқиш;

техникум ўқувчиларининг йўналишлар бўйича ахборотлари ва ҳисоботларини эшитиш, таълим муассасасининг санитария-гигиеник ҳолати, ёнғинга қарши амалга ошириладиган ишлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, ўқувчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига оид ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилиш ва қарор қабул қилиш;

техникум гуруҳ мураббийлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни эшитиш;

қабул комиссиясининг техникумга ўқувчиларни қабул қилиш юзасидан ҳисоботини эшитиш;

ўқувчиларга таълим беришда ўқитишнинг илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни татбиқ этиш чораларини кўриш;

ўқувчиларни юксак маънавий-ахлоқий, умуминсоний ва миллий руҳда, ўз Ватани, халқини ардоқловчи, тинчлик ва барқарорликка қаратилган миллий қадриятлар асосида тарбиялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

техникумда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва таълим самарадорлигини ошириш бўйича зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;

ўқувчиларни курсдан курсга ўтказиш, курсда қолдириш, четлаштириш, ўқишга тиклаш, битирувчиларга ўқишни тамомлаганлик тўғрисидаги дипломлар, шу жумладан, уларнинг дубликатини бериш масалаларини кўриб чиқиш;

юқори малакали педагогларнинг иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш, ёш педагог ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;

ўз ваколати доирасида локал ҳужжатларни тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

чин етим, етим, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчиларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш;

директор ўринбосарлари, таркибий бўлинма раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш.

Кенгаш техникум фаолиятига тааллуқли бўлган бошқа муҳим масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.


24. Техникум таркибида касаба уюшмаси, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилот, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, мураббийлар кенгаши ва таълим-тарбия жараёнига дахлдор бўлган бошқа жамоат тузилмалари ташкил этилади.

25. Техникумда фан кафедралари ва бириктирилган олий таълим муассасаларининг кафедра филиаллари ташкил этилади.

Ташкил этилган кафедралар улар фаолияти тўғрисидаги низомлар билан тартибга солинади.


26. Техникумнинг ўқитувчилари ва тегишли олий таълим муассасаси кафедраларининг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда таълим сифатини ошириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилади.


27. Техникум директори таълим муассасасидаги ўқув-тарбия ва илмий-методик ишлар самарадорлиги бўйича олий таълим муассасасининг кенгашида ҳисобот беради.

Олий таълим муассасаси кенгаши йиғилишларида техникум директори иштирок этади.



8-БОБ. ПЕДАГОГ ХОДИМЛАР,

ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ХОДИМЛАР


28. Техникумда педагог ходимлаор, бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар фаолият юритади.


29. Педагог ходимлар таркибига олий маълумотли, катта, етакчи ва бош ўқитувчи ва ишлаб чиқариш устаси лавозимлари киради.


30. Белгиланган талабларга мувофиқ тегишли олий маълумотга, касб тайёргарлиги ва замонавий талабларга жавоб берадиган, юксак малака, профессионал тайёргарлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар техникумда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Суд қарори билан касб-ҳунар таълими муассасаларида ишлаши тақиқланган шахсларнинг техникумга фаолият олиб боришига йўл қўйилмайди.


31. Техникумларга ходимларни ишга қабул қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ўриндошлик асосида ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари асосида педагогик фаолиятга жалб этилиши мумкин.


32. Педагог, бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари техникумнинг ички тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ қоидалари ва лавозим йўриқномаларида белгиланади.


33. Техникумнинг ўқитувчи ва бошқа ходимлари таркибини даврий аттестациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


34. Техникум директори ўринбосарлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишган ҳолда техникум директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.



9-БОБ. ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИ


35. Техникумда ўқувчи, педагог ходим, маъмурий ва ёрдамчи ходимларни бирлаштирувчи жамоат ташкилотлари фаолият кўрсатади. Жамоат ташкилотларининг фаолияти амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


36. Техникум ўқувчиларининг Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти ўзини ўзи бошқарадиган нодавлат, нотижорат ташкилот бўлиб, ёшларни ихтиёрий равишда бирлаштиради ҳамда ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида иш юритади.


37. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти Низоми асосида фаолият кўрсатади.


38. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг мақсад-вазифалари техникум ёшларини бирлаштириш, соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга кўмаклашиш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишдан иборатдир.


39. Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмаси қўмитаси техникум ходимлари ва ўқувчиларининг кўнгилли жамоат бирлашмаси сифатида эътироф этилади.


40. Касаба уюшмаси қўмитаси касаба уюшмалари тўғрисидаги ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан иш кўради.



10-БОБ. ТЕХНИКУМНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


41. Техникум ўзининг молия-хўжалик фаолиятини бюджетдан ташқари маблағлар доирасида амалга оширади. Техникум фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ва маблағлар орқали амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбаалар ҳисобидан амалга оширилади.


42. Техникумнинг молиявий маблағи унинг тўлиқ ихтиёрида бўлиб, қонун билан белгиланган тартибда таълим муассасасининг эҳтиёжини қондиришга ишлатилади.


43. Бино, хоналар меҳнатни муҳофаза қилиш, санитария-гигиена меъёрларига ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ жиҳозланади ва фойдаланилади.


44. Техникум ўз фаолияти натижаларининг бухгалтерия ҳисобини белгиланган тартибда амалга оширади, молия ва статистика ҳисоботларини юритади ҳамда тегишли органларга тақдим этади.


45. Техникумнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



11-БОБ. ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


46. Техникумни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 август











































Время: 0.1919
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск