Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим / ЎЎЎў /

Олимпия захиралари коллежлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.08.2020 й. 480-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 12 августдаги

480-сон қарорига

2-ИЛОВА



Олимпия захиралари коллежлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом олимпия захиралари коллежларининг мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва бошқариш, шунингдек, уни молиялаштириш тартибини белгилайди.


2. Олимпия захиралари коллежи ўрта профессионал давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади ва унинг фаолияти юқори малакали мутахассислар ҳамда спортнинг олимпия турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт захирасини тайёрлашга йўналтирилади.


3. Олимпия захиралари коллежи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўз уставига амал қилади.

Олимпия захиралари коллежининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.


4. Олимпия захиралари коллежининг ўқувчилар сони - 600 нафарни, Республика олимпия захиралари коллежининг ўқувчилар сони - 750 нафарни ташкил этади.

Олимпия захиралари коллежида таълим жараёни икки босқичда: умумий ўрта таълим (VII-XI синфлар) ҳамда ўрта профессионал (XI синфдан кейинги бир йиллик таълим) таълим босқичларида амалга оширилади.


5. Олимпия захиралари коллежи юридик шахс ҳисобланиб, ўз мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


6. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги олимпия захиралари коллежларига умумий раҳбарлик қилади, назоратни ташкил этади, унинг ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради.


7. Олимпия захиралари коллежида хорижий мамлакатлар фуқаролари ўқитилмайди, халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



2-БОБ. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИНИНГ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


8. Олимпия захиралари коллежининг мақсади қуйидагилар ҳисобланади:

ўқувчиларга жисмоний тарбия ва спорт бўйича чуқурлаштирилган таълим бериш, уларни ҳар томонлама камол топтириш ва спорт мутахассисликлари ва касбларини эгаллашини таъминлаш;

ўқувчиларни истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тайёрлаш, уларда ўз Ватани билан фахрланиш ва миллий маданий-тарихий анъаналарни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантириш.


9. Олимпия захиралари коллежининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт клублари ёки бошқа спорт-таълим муассасаларида спорт тайёргарлиги ўқув-машқ босқичининг биринчи йил тайёргарлигидан ўтган ҳамда спорт билан шуғулланишга иқтидори бўлган, олимпия захиралари коллежида ўқиш истагини билдирган ўқувчилар ўртасида танлов асосида олимпия захиралари коллежида ўқишни давом эттириш учун танлаб олиш;

республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спорт захирасини терма жамоалар таркибига тайёрлаш;

ўқувчиларнинг республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиши учун зарур ва етарли бўлган касбий мойиллигини, маҳорати ва кўникмалари чуқур ривожлантирилишини таъминлаш, спорт тайёргарлиги таълимининг навбатдаги босқичларида ўқишини, шунингдек эгалланган мутахассислик бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишни давом эттириш;

мутахассислар ва спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, медико-биологик ва моддий-техник шарт-шароитларни таъминлаш;

давлат таълим стандарти доирасида умумий ўрта таълим ва ўрта профессионал таълим ўқув дастурларини амалга ошириш;

ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштирувчи йўналишини амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлаш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш.



3-БОБ. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ

КОЛЛЕЖИНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Олимпия захиралари коллежи:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар орқали республика ва халқаро спорт мусобақаларида қатнашиш, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига мувофиқ чет эл мамлакатларида ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ, олимпия спорт турларини ривожлантириш ва спорт захираларини тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш мақсадида олимпия захиралари коллежларида янги спорт турлари бўлимларини очиш ёхуд спорт захираларини тайёрлашга оид белгиланган спорт кўрсаткичлари даражаси паст бўлган спорт турлари фаолиятини тугатиш;

юридик ва жисмоний шахсларга ўз фаолияти ихтисослигига мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт соҳасида пуллик хизматлар кўрсатиш, кўрсатилган хизматлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш;

олимпия захиралари коллежининг тренер-ўқитувчилар таркиби ходимлари ва ўқувчиларини алмашиши, қўшма спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ва шу кабиларни ўтказиш бўйича хорижий спорт ташкилотлари билан белгиланган тартибда битимлар тузиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро фаолиятда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Олимпия захиралари коллежи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Олимпия захиралари коллежи спортчилар ва тренер-ўқитувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига мувофиқ турли спорт тадбирларида, халқаро мусобақалар қатнашишини (шу жумладан, хорижий давлатларда тажриба алмашиши ва шу каби мақсадларда юборишни) амалга ошириши мумкин.


12. Олимпия захиралари коллежлари:

таълим-тарбия ва спорт тайёргарлиги ўқув-машқ жараёнини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, тренер-ўқитувчилар таркиби ва педагог-ходимлар жамоаси ҳамда бошқа тегишли мутахассисларнинг ўз фаолиятига оид топшириқларининг бажарилишини, шу жумладан, таълим олувчилар томонидан ўз мажбуриятлари доирасида танлаган спорт турлари бўйича таълим ва спорт тайёргарлиги ўқув дастурларини босқичма-босқич ўзлаштиришини таъминлашга;

таълим стандартига мувофиқ тасдиқланган ўқув дастурлари, спорт тайёргарлиги дастурлари асосида йиллик ўқув режасини, ўқув жадвалини ва ўқув-машқ мағулотлари жадвалини ишлаб чиқишга;

таълим ва ўқув-машқ машғулотлари жараёни ўтказилаётган даврда таълим олувчилар ва тренер-ўқитувчилар таркиби ва педагог-ходимлар жамоаси ҳамда бошқа тегишли мутахассисларнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлашга;

таълим-тарбия ва спорт тайёргарлиги ўқув-машқ жараёнини жорий назорат қилиш, таълим олувчи ўқувчи-спортчиларнинг назорат нормативлари топширишини таъминлашга;

моддий-техника базаси ва мол-мулкининг сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлашга мажбур.

Олимпия захиралари коллежи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши мумкин.



4-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Олимпия захиралари коллежида ўқув жараёни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режага асосан амалга оширилади.


14. Ўқув жараёни жадвали, ўқув машғулотлари турлари, аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув-тарбиявий, шунингдек ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг бошқа шакллари давлат таълим стандартига мувофиқ амалга оширилади.


15. Олимпия захиралари коллежларида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади.


16. Олимпия захиралари коллежида ўқиш кундузги шаклда амалга оширилади. Ўқув машғулотларининг давомийлиги, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси ва ўқув-тарбия жараёнининг бошқа масалалари тасдиқланган ўқув режага мувофиқ белгиланади.


17. Олимпия захиралари коллежи ўқув режаси ўқув, ўқув-машқ машғулотлари, якка тартибда ишлаш ва тарбиявий ишларни ташкил этиш шакллари ва усулларини белгилайди.

Ўқув дастурлари ўқув режасига мувофиқ қуйидаги шаклларда амалга оширилади:


ўқув дарси - ўқув жараёнининг ажралмас қисми бўлган таълим иштирокчиларининг ўзаро боғлиқлик шакли, таълимнинг мақсади, мазмуни усул ва воситаларини ўзида мужассам этган тизим;


маъруза - ўқитишни ташкил этишнинг етакчи шакли бўлиб, ўқувчиларни ўқув материалининг асосий ҳолатларига, ўқувчиларни йўналтирувчанлик, ахборотлилик, методологик, тарбияловчилик ва ривожлантирувчилик вазифаларини амалга оширишга имкон беради;


семинар - таълим берувчини таълим олувчилар билан фаол суҳбатга киришишига йўналтирилган, назарий билимларни амалий фаолиятда амалга ошириш учун зарур шароитни таъминловчи машғулот шакли;


лаборатория иши - ўқувчилар томонидан мустақил равишда экспериментлар ўтказган ҳолда фанларни ўзлаштириши. Тажрибалар шахсий ёки гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилиши мумкин;


мустақил тайёргарлик - ўқувчилар томонидан ўқитувчи билан мулоқотга киришмаган ҳолда махсус ўқув материалларини ўзлаштириш мақсадида қўлланиладиган ўқув фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Мустақил тайёргарлик дарс жараёнида ва дарсдан ташқари жараёнда оғзаки ёки ёзма равишда қўлланилиши мумкин;


амалий машғулот - ўқитувчи раҳбарлигида илмий-назарий билимларни чуқурлаштириш ва мустақил ишлашга ўргатиш кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида ўтказилади.


18. Олимпия захиралари коллежида ўқув-машқ машғулотлари гуруҳ ва якка тартибда (индивидуал) ўқув-машқ машғулотлар доирасида спорт тайёргарлиги ўқув режасига мувофиқ қуйидаги шаклларда амалга оширилади:


ўқув-машқ машғулоти - бу спорт тайёргарлиги жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, спорт тайёргарлиги иштирокчиларининг ўзаро боғлиқлик шакли, спорт тайёргарлигининг мақсади, мазмуни усул ва воситаларини ўзида мужассам этган тизим сифатида қуйидагиларни ўз ичига қамроб олади: назарий тайёргарлик, амалий тайёргарлик (булар умумий жисмоний тайёргарлик, махсус жисмоний тайёргарлик, тактик-техник тайёргарлик, психологик тайёргарлик, кўчириш (ўтказиш) назорат синовлари, нозорат мусобақаларда иштироки, йўриқчилик ва ҳакамлик амалиёти, мусобақаларида иштирок этиш, тикланиш тадбирлари ва тиббий назорат шакллари ҳисобланади);


назарий тайёргарлик - ўқувчи-спортчиларга шахсни анатомик ва физиологик режалаштириш, спорт тайёргарлигига оид санитария-гигиеник талаблар, ўқув-машқ машғулотларининг техник хавфсизлиги, шунингдек, уларнинг таланган спорт турлари бўйича спорт тайёргарлигига тааллуқли турли назарий маълумотлар доирасида назарий билимлар берилади;


умумий жисмоний тайёргарлик - ўқувчи-спортчиларнинг ёши, жинсига оид спорт тайёргарлигига, ўқув-машқ машғулотлари жараёнида умумий жисмоний машқларни ўрганиш ва ўзлаштириш, умумий жисмоний тайёргарлик даражаси кўрсаткичларини бажаришини амалга ошириш ва назорат қилишга қаратилади;


махсус жисмоний тайёргарлик - ўқувчи-спортчиларнинг танланган спорт турлари бўйича спорт тайёргарлигига оид махсус жисмоний машқларни ўқув-машқ машғулотларини жараёнида ўрганиш ва ўзлаштириш, махсус жисмоний тайёргарлик даражаси кўрсаткичларини бажаришига йўналтирилади;


тактик-техник тайёргарлик - ўқувчи-спортчиларнинг таланган спорт турлари бўйича спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулотларини ўзлаштириш жараёнида тактик-техник машқлар, усуллар, ҳужум ва ҳимояланиш амалларини ўрганиш, шу жумладан, уларнинг ўзлаштириш ҳолатларини назорат қилишга қаратилади;


психологик тайёргарлик - ўқувчи-спортчиларнинг спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулотларини ўзлаштиришда ва спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларда иштирок этиш жараёнларига психо-физиологик ёндашувлар асосида ташхислар ва психологик тест-синовларини ўтказиш орқали уларни психологик жиҳатдан тайёрлаш фаолияти амалга оширилади;


кўчириш (ўтказиш) назорат синовлари - спорт тайёргарлиги жараёнида белгиланган тартибда ўқувчи-спортчиларнинг ёшни ва жисмоний имкониятлар ҳамда жисмоний ҳолатига кўра, умумий ва махсус жисмоний тайёргарлиги даражаси кўрсаткичлари аниқлаб борилади, шу жумладан, уларнинг тактик-техник тайёргарлиги маҳоратига баҳо берилади;


назорат мусобақаларда иштироки - ўқувчи-спортчиларнинг танланган спорт тури бўйича спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулотлари юкламаларини ўзлаштириш жараёнида назорат мусобақалари орқали, уларнинг спорт маҳоратини ўзлаштириш ва ривожлантиришга қаратилади (соатлар сеткасидан ташқари);


йўриқчилик ва ҳакамлик амалиёти - тренерлик ва ҳакамлик ишларига кейинчалик жалб қилиш учун спорт йўриқчилари ва спорт ҳакамларининг билим ва кўникмаларини олиш мақсадида олиб борилади;


мусобақаларда иштирок этиш - тасдиқланган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаси асосида олимпия захиралари коллежида таълим олувчи ўқувчи-спортчиларнинг ҳудудий, республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишлари назарда тутилади;


тикланиш тадбирлари - ўқувчи-спортчиларнинг спорт тайёргарлиги жараёнида ҳордиқ чиқариш, фаол дам олишини таъминлаш мақсадида турли тикланиш ва жароҳатланишнинг олдини олиш тадбирларини ўз ичига олади;


тиббий назорат - ўқувчи-спортчиларнинг ўқув йили давомида камида икки маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши ва спорт мусобақалари олдидан тиббий кўрикдан ўтказилишини назарда тутади (соатлар сеткасидан ташқари).


19. Таълим сифати ва спорт тайёргарлик даражасини назорат қилиш тасдиқланган давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ амалга оширилади.


20. Ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган олимпия захиралари коллежининг битирувчиларига ўрта профессионал таълим босқичини тамомлаганлик тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.

Ушбу диплом олимпия захиралари коллежи битирувчисига меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.


21. Олимпия захиралари коллежида ўқиш, спорт тайёргарлиги, овқатланиш, тиббий даволаниш, меҳнат ва дам олиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўқувчилар яшаш шароитлари, шунингдек уларнинг таъминоти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


22. Олимпия захиралари коллежи ўқувчиларининг спорт маҳорати даражасини ошириш мақсадида таътил вақтида 60 кун давом этадиган ўқув-машқ йиғинларини ўтказган ҳолда ўқувчиларнинг фаол дам олишлари ташкил этилади.


23. Олимпия захиралари коллежида ўқувчилар ўқув синфларида 25 нафардан иборат бўлади. Ўқувчилар умумтаълим ва махсус фанларни ўқитиш бўйича синфларга (ўрта профессионал таълим босқичида - гуруҳларга), спорт тайёргарлиги йўналишлари бўйича эса - спорт бўлимларига бирлашади.


24. Таълим стандартларига мувофиқ тасдиқланган ўқув режасидаги фанларни ўзлаштирган, шунингдек (босқичли назорат) имтиҳонларни муваффақиятли топширган ўқувчиларни навбатдаги синф (босқич)га ўтказиш олимпия захиралари коллежи директорининг буйруғи билан амалга оширилади.


25. Ўқувчилар:

бошқа таълим муассасасига кўчиришда, шу жумладан, ўқувчиларнинг ўз ташаббуси билан кўчиришда (ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси асосида);

тегишли спорт норматив талаблари топширилмаганда, спорт натижаси пасайганда ва тиббий номувофиқлик ҳолатларида;

ўқув интизоми ва олимпия захиралари коллежи ички тартиб қоидалари бузилганда, шу жумладан, ахлоқсизлик, спорт одоби, спорт тайёргарлиги режими бузилган, шу жумладан, тақиқланган фармокологик, алкоголли ва гиёҳванд воситалар қўлланилганда ҳамда спорт билан шуғулланиш учун рухсат этилмайдиган тиббий номувофиқлик бўлган тақдирда;

вафот этганда ўқув йили давомида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олимпия захиралари коллежидан четлатилади.


26. Олимпия захиралари коллежи ўқувчиларининг спорт тайёргарлик даражаси ўсиб боришини, спорт мусобақаларида эришган натижаларини таҳлил қилиш, ўқув режасида белгиланган фанларни ўзлаштириш, ўқувчилар турар жойида тартиб-интизом талабларига риоя этиш, жамоатчилик ишларида қатнашганлик даражасини аниқлаш мақсадида ўқув йили давомида икки маротаба аттестация ўтказилади.


27. Ўқув йили давомида турли сабабларга кўра ўқувчилар сафидан чиқарилганлар ўрнини тўлдириш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ

КОЛЛЕЖИНИ БОШҚАРИШ


28. Таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва бирхиллаштириш, педагог кадрлар билан таъминлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.


29. Олимпия захиралари коллежига олий маълумотга ва спорт-таълим муассасаларида камида 5 йил амалий иш тажрибасига эга шахслар орасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

30. Директор:

олимпия захиралари коллежи фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, ўқувчиларнинг ўқиши ва тарбияланиши, ўқув режалари ва дастурлари бажарилиши, молия-хўжалик фаолияти амалга оширилиши учун жавоб беради, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ходимларнинг штат жадвалини ҳамда тренер-ўқитувчилар ва ўқитувчилар таркибининг тариф жадвалини тасдиқлайди;

олимпия захиралари коллежи номидан иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

олимпия захиралари коллежи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, таълим муассасасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида олимпия захиралари коллежи ўқувчилари ва барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

олимпия захиралари коллежининг ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш, ўқув-машқ ва ўқув-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, малакали педагог кадрлар, тренер-ўқитувчилар билан бутлаш ҳамда олимпия захиралари коллежи фаолияти бўйича айрим масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви органларига таклифлар киритади;

педагоглар ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномаларни тузади ва уларни бекор қилади.

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


31. Олимпия захиралари коллежида директор ҳузуридаги коллегиал орган ҳисобланадиган педагогик ва тренерлар кенгаши ташкил этилади.

Педагогик ва тренерлар кенгашининг асосий вазифалари ва функциялари олимпия захиралари коллежи уставида белгиланади.

Олимпия захиралари коллежининг раҳбар ва мутахассис ходимларига, шу жумладан, фан ўқитувчилари, тарбиячилари, тренер-ўқитувчилари ва тиббиёт ходимларига қўйиладиган лавозим малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади.


32. Олимпия захиралари коллежида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат таркибда васийлик кенгаши тузилади.


33. Олимпия захиралари коллежини аттестациядан ва аккредитациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ


34. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва тренер-ўқитувчилар таркиби, тарбиячилар ва тиббиёт ходимлари олимпия захиралари коллежи таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.


35. Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари давлат таълим стандартларига мувофиқ бепул таълим олиш, қўшимча таълим хизматларидан фойдаланиш, таълим муассасасининг уставида белгиланган шаклда таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари олимпия захиралари коллежининг ички тартиб қоидаларига риоя қилишлари шарт.


36. Олимпия захиралари коллежига қабул қилинган ўқувчилар:

умумий ўрта таълим, ўрта профессионал таълим ва махсус спорт фанлари бўйича ўқиш;

ўқув-машқ жараёнида ва мусобақаларда иштирок этиш;

олимпия захиралари коллежининг ўқувчилари учун бир кунлик озиқ-овқат меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат билан таъминланиш (истеъмол қилиш);

олимпия захиралари коллежи моддий-техника базаси ва мол-мулкидан бепул фойдаланиш;

ўқувчилар турар жойида бепул яшаш;

белгиланган тартибда ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчиришга ҳақли.


37. Тегишли касб таълимига, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий фазилатга эга бўлган шахслар олимпия захиралари коллежида педагогик (тренерлик) фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Суд қарори билан педагогик (тренерлик) фаолият билан шуғулланиши тақиқланган ҳамда уларнинг судланганлиги олиб ташланмаган шахслар олимпия захиралари коллежида педагогик (тренерлик) фаолият билан шуғулланишларига йўл қўйилмайди.


38. Ўқитувчилар ва тренер-ўқитувчилар таркибини, тарбиячиларни ва тиббиёт ходимларини олимпия захиралари коллежига ишга қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


39. Олимпия захиралари коллежининг ўқитувчилар ва тренер-ўқитувчилар таркибини, тарбиячиларини ва тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


40. Ўқитувчилар ва тренер-ўқитувчиларнинг педагогик (тренерлик) юкламаси қонун ҳужжатларида белгиланган нормативларга мувофиқ аниқланади.


41. Ўқитувчилар, тренер-ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бепул амалга оширилади.


42. Педагог ходимлар ва тренер-ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари ва вазифалари қонун ҳужжатларига ва олимпия захиралари коллежи уставига мувофиқ белгиланади.


43. Ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) олимпия захиралари коллежининг таълим фаолияти билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар.



7-БОБ. ТИББИЙ-БИОЛОГИК ТАЪМИНЛАШ


44. Тиббиёт ходимлари тренер-ўқитувчилар билан биргаликда спорт машғулотлари, ўқув-машқ йиғинлари, мусобақалар, дам олиш даврида олимпия захиралари коллежи ўқувчиларини тиббий назоратдан ўтказадилар. Тренер-ўқитувчилар тиббий кузатувлар натижаларидан спортчилар тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларига тузатишлар киритиш учун фойдаланадилар.


45. Ўқув йили давомида ўқувчилар икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.


46. Олимпия захиралари коллежи ўқувчиларини тиббий таъминлаш мақсадида функционал ташхис ва саломатликни тиклаш тадбирлари учун саломатликни тиклаш марказига, зарур бино ва асбоб-ускуналарга эга бўлади.


47. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги спортчиларни танлаб олиш ва уларнинг функционал тайёргарлиги ҳолати юзасидан ташхис қўйиш, даволаш-профилактика тадбирлари ва спортчиларнинг саломатлигини тиклаш жараёнларини мақбуллаштириш, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун олимпия захиралари коллежини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида тегишли аппаратлар, зарур реактивлар ва дори-дармонлар билан таъминлайди.



8-БОБ. КИЙИМ-БОШ, СПОРТ АНЖОМЛАРИ ВА

ИНВЕНТАРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


48. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги олимпия захиралари коллежи ўқувчиларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси учун ҳар йили ажратиладиган маблағлари ҳисобидан кийим-бош, спорт анжомлари ва инвентарлар билан таъминлайди.


49. Олимпия захиралари коллежлари ўқувчиларини кийим-бош, спорт анжомлари ва инвентарлар билан таъминлаш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ОЛИМПИЯ ЗАХИРАЛАРИ КОЛЛЕЖИ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯВИЙ ВА МОДДИЙ

ТАЪМИНЛАШ


50. Олимпия захиралари коллежи фаолиятини молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлари;

таълим хизматларини амалга оширишдан, педагогика, ишлаб чиқариш ва олимпия захиралари коллежининг уставдаги вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

олимпия захиралари коллежи ўқувчиларини текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


51. Олимпия захиралари коллежлари белгиланган тартибда тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


52. Олимпия захиралари коллежи ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


53. Олимпия захиралари коллежларини тасдиқланган таълим стандартларига мувофиқ ўқув қуроллари, компьютер техникаси ва лаборатория анжомлари, спорт анжомлари ва инвентарлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан марказлашган ҳолда амалга оширилади.


54. Олимпия захиралари коллежи ўзининг молия-хўжалик фаолиятини бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар доирасида амалга оширади.


55. Олимпия захиралари коллежининг маблағлари, бинолари, спорт иншоотлари ва асбоб-ускуналари унинг мулки ҳисобланади ва улардан уставдаги вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.


56. Олимпия захиралари коллежи белгиланган тартибда ўз ишлари натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистик ва бухгалтерия ҳисоботларини юритади.


57. Олимпия захиралари коллежида хўжалик ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


58. Олимпия захиралари коллежини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 август







































































Время: 0.2289
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск