язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари/ Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.08.2020 й. 489-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 14 августдаги

489-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари

ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш

ва қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ва уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Ҳисобварақ-фактура - Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ уни тақдим этиш мажбуриятига эга бўлган товарларни (хизматларни) сотувчи (етказиб берувчи) томонидан расмийлаштириладиган қатъий белгиланган намунадаги (форматдаги), товарлар ҳақиқатда жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини ва уларнинг қийматини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Ҳисобварақ-фактура сотувчи (етказиб берувчи) томонидан тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи суммасини харидор (буюртмачи) ҳисобга олиши учун асос бўладиган бирламчи ҳужжат ҳисобланади.

Ҳисобварақ-фактура қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солиш айланмаси ва реализацияни ҳисобга олиш учун юритилади.


3. Агар ушбу банднинг иккинчи хатбошида бошқа қоида белгиланмаган бўлса, товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий муассаса орқали фаолият кўрсатаётган норезидент юридик шахслар (кейинги ўринларда - юридик шахслар) ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.

Ҳисобварақ-фактура қуйидаги ҳолларда тақдим этилиши шарт эмас:

сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда;

хўжалик юритувчи субъект томонидан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда расмийлаштириладиган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган шакл бўйича квитанция тақдим этилганда. Квитанциялар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда фақат назорат-касса техникаси таъмирлашга топширилганда ёки савдо шахобчасида (хизмат кўрсатиш жойида) электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади;

товарлар экспорти бўйича божхона юк декларациялари (кейинги ўринларда - БЮД) расмийлаштирилганда;

банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда;

товарлар текинга оммавий тарқатилганда;

ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда;

кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун банк орқали бухгалтерия ҳисобини юритишда асос бўлиб хизмат қилувчи бирламчи ҳужжатлар қўллаган ҳолда тўловлар амалга оширилганда.

Ушбу банднинг иккинчи қисми иккинчи-тўртинчи хатбошиларида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар ҳисобланади.


4. Ҳисобварақ-фактура, агар ушбу Низомнинг 5-7-бандларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади.


5. Товарлар (хизматлар) юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг (харидорнинг) талабига кўра товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилиши шарт.


6. Электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, шунингдек, товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда товарлар етказиб берилганда (хизматлар кўрсатилганда) ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади.

Бунда, ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади.


7. Объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда, шунингдек, узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади.

Узоқ муддатли шартноманинг календарь ойнинг охирида ҳақиқатда бажарилганлиги ҳисобот даврида қилинган харажатлар суммасининг шартномани бажариш учун кетадиган жами харажатлар умумий суммасидаги солиштирма миқдорини ҳисоб-китоб қилиш асосида белгиланади.

Календарь ойнинг охиридаги даромад шартнома бўйича қилинган харажатларнинг ҳисобланган солиштирма миқдори ва жами даромад суммасининг (шартнома баҳосининг) ҳосиласи сифатида аниқланади.

Бунда, ҳисобварақ-фактура хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар, хизматлар реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади.


8. Ҳисобварақ-фактурада товарларнинг (хизматларнинг) қиймати миллий валютада, сўмда кўрсатилади. Бунда, сумма кўрсатилаётганда бутун сондан сўнг юздан биргача яхлитланиши лозим бўлади.


9. Қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда - ҚҚС) солиқ тўловчилари сотиб олинган ва реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) журналини (реестрларини) юритишлари шарт.

Ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ юритилади.

Юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни амалга оширган ҳолда товарларни (хизматларни) сотиб олган ҚҚС солиқ тўловчилари онлайн назорат касса машинаси ва виртуал касса чекларини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали қайд этган ҳолда харидларни ҳисобварақ-фактуралар реестрига киритиш ҳамда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.


10. Агар ушбу Низомнинг 12-бандида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади ва уларнинг сақланиши ҳамда ҳисоби юритилиши электрон ахборот тизимида амалга оширилади.

Товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли.


11. Электрон ҳисобварақ-фактуралар ахборот тизимида техник носозликлар юзага келганда ҳисобварақ-фактура қоғоз шаклида расмийлаштирилади. Бунда, техник носозлик хизмат кўрсатувчи электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими оператори томонидан расман тасдиқланган бўлиши лозим ва ҳисобварақ-фактуралар кейинчалик электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимидаги носозликлар бартараф этилгандан сўнг беш кун ичида электрон шаклда ҳисобварақ-фактуранинг қоғоз шаклида кўрсатилган сана билан киритилиши шарт.


12. Солиқ тўловчилар томонидан давлат сирига тааллуқли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилганда қоғоз шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.


13. Ҳисобварақ-фактура қоғоз шаклда расмийлаштирилса камида икки нусхада тузилади ва улардан бири товарларни (хизматларни) сотиб олувчига тақдим этилади.



2-БОБ. ТОВАРЛАР (ХИЗМАТЛАР) РЕАЛИЗАЦИЯСИДА

ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ ТЎЛДИРИШ ТАРТИБИ


14. Ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами;

ҳисобварақ-фактура илова қилинадиган товар жўнатиш (хизматларни кўрсатиш) ҳужжатнинг ёки шартноманинг рақами ва санаси;

товарлар (хизматлар) реализация қилинган сана;

етказиб берувчининг ва товарларни (хизматларни) сотиб олувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами, банк ҳисобварағи ва хизмат кўрсатувчи банк номи ҳамда филлиаллараро айрибошлаш коди (МФО);

ҚҚС рўйхат рақами (ҚҚС солиқ тўловчисининг шахсий рўйхат рақами);

Товарлар (хизматлар) етказиб берувчининг (сотиб олувчининг) ҚҚС солиқ тўловчиси бўлмаган алоҳида бўлинмаси орқали, яъни ҚҚС марказлашган тартибда юқори турувчи юридик шахс томонидан тўланиши белгиланган ҳолатларда, етказиб берилганда (кўрсатилганда) ёки сотиб олинганда ҳисобварақ-фактурада ҚҚС солиқ тўловчиси бўлган юқори турувчи юридик шахснинг реквизитларидан ташқари қўшимча равишда етказиб берувчининг (сотиб олувчининг) (ҚҚС солиқ тўловчиси бўлмаган алоҳида бўлинманинг) номи ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами (мавжуд бўлса) кўрсатилиши шарт.


15. Ҳисобварақ-фактура ушбу Низомга 1-иловадаги шаклда қуйидаги тартибда тўлдирилади:

1-устунда-товарлар (хизматлар) номи;

2-устунда-товар (хизмат) ўлчов бирликлари. Кўрсаткич мавжуд бўлмаганда устун тўлдирилмайди;

3-устунда-ўлчов бирлигидан келиб чиқиб реализация қилинган (кўрсатилган) товарлар (хизматлар) миқдори (ҳажми). Кўрсаткич мавжуд бўлмаганда устун тўлдирилмайди;

4-устунда-ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда товар (хизмат) ўлчов бирлигига тўғри келадиган нарх (тариф);

5-устунда-реализация қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар жами сонининг (ҳажмининг) акциз солиғини қўшган ҳолдаги (ҚҚСсиз) қиймати;

6-устунда-ҚҚС ставкаси;

7-устунда-товарларни (хизматларни) сотиб олувчига тақдим этиладиган ҚҚС суммаси.

ҚҚС тўловчилари ҳисобланмаган ёки реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилувчилар томонидан 7-устунда "Қўшилган қиймат солиғисиз" ёки "ҚҚСсиз" ёзуви қайд этилади;

8-устунда-реализация қилинган товарларнинг (хизматларнинг) ҚҚСни қўшган ҳолдаги жами қиймати.

Якунловчи сатрда-5, 7 ва 8-устунлар бўйича суммалар жамланади.

Маркировкаланадиган товарлар реализация қилинганда ҳисобварақ-фактурада маркировкалаш коди кўрсатилиши шарт.

Акциз солиғи тўловчилари ҳисобварақ-фактурада акциз солиғи ставкаси ва акциз солиғи суммасини кўрсатишлари шарт.



3-БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ

БУЮМЛАРНИ  РЕАЛИЗАЦИЯ  ҚИЛИШДА

ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ ТЎЛДИРИШ

ХУСУСИЯТЛАРИ


16. Дори воситалари ва тиббий буюмлар реализация қилинганда ушбу Низомга 2-иловадаги шаклда ҳисобварақ-фактура тақдим этилади.


17. Ҳисобварақ-фактура қуйидаги тартибда тўлдирилади:

1-устунда-товарлар номи;

2-устунда-товарларнинг серияси;

3-устунда-товар ўлчов бирликлари;

4-устунда-дори воситаларни ёки тиббий буюмларни ҳар бир ўлчов бирлигига сотиб олиш нархи (базавий нарх) ёки сотишнинг асосий баҳоси (ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда);

5-устунда-асосий баҳодан ўсиб борувчи якун билан фоиз кўринишидаги савдо қўшимчаси (устамаси). Агар бир нечта улгуржи савдо ташкилотлари дори-дармон ва тиббий буюмларни етказиб беришда иштирок этаётган бўлса, савдо қўшимчаси (устамаси) умумий ҳолда аниқланади;

6-устунда-ўлчов бирлигидан келиб чиқиб миқдор (ҳажм);

7-устунда-ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда савдо қўшимчасини (устамасини) ҳисобга олган ҳолда товарнинг нархи;

8-устунда-реализация қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар жами сонининг (ҳажмининг) акциз солиғини қўшган ҳолдаги (ҚҚСсиз) қиймати.

9-устунда-ҚҚС ставкаси;

10-устунда-товарларни сотиб олувчига тақдим этиладиган ҚҚС суммаси;

ҚҚС тўловчилари ҳисобланмаган ёки реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод этиладиган товарларни реализация қилувчилар томонидан 10-устунда "Қўшилган қиймат солиғисиз" ёки "ҚҚСсиз" ёзуви қайд этилади;

11-устунда-реализация қилинган товарларнинг ҚҚСни қўшган ҳолдаги жами қиймати;

якунловчи сатрда-8, 10 ва 11-устунлар бўйича суммалар жамланади.

Маркировкаланадиган товарлар реализация қилинганда ҳисобварақ-фактурада маркировкалаш коди кўрсатилади.



4-БОБ. ВОСИТАЧИЛИК, ТОПШИРИҚ

ВА ТРАНСПОРТ ЭКСПЕДИЦИЯСИ ШАРТНОМАЛАРИ

АСОСИДА ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРИШДА ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ

ТЎЛДИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


18. Воситачи томонидан комитентнинг манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома асосида товарлар (хизматлар) реализация қилинганда воситачи (ишончли вакил) сотиб олувчига (комитентга) ушбу Низомга 1 ва 2-иловалардаги ҳисобварақ-фактура шаклларининг жадвал қисми 1-устунидан аввал 1а-"Комитентнинг (Етказиб берувчининг) номи", 1б-"Комитентнинг (Етказиб берувчининг) СТИРи", 1в-"ҚҚС рақами" қўшимча устунларни киритган ҳолда ҳисобварақ-фактура тақдим этиши шарт. Ҳисобварақ-фактура шакли ушбу Низомнинг 2 ва 3-бобларида белгиланган тартибда тўлдирилади.


19. Товарлар (хизматлар) комитентнинг топшириғи асосида реализация қилинганда воситачи ўзининг номидан икки нусхада ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Бунда "Етказиб берувчи" сатрида қўшимча равишда "Воситачи" сўзи кўрсатилади. Ҳисобварақ-фактуранинг 1а, 1б, 1в-устунларида мос равишда комитентнинг номи, СТИР ва ҚҚС рақамини кўрсатади.


20. Товарларни (хизматларни) топшириқ шартномаси бўйича реализация қилишда ишончли вакил сотиб олувчи номига топшириқ берувчи номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Ҳисобварақ-фактурада топшириқ берувчи ва сотиб олувчининг реквизитларидан ташқари ишончли вакилнинг реквизитлари ҳам кўрсатилиши лозим. Ҳисобварақ-фактура уч нусхада тақдим этилади. Биринчи нусха сотиб олувчига, иккинчиси топшириқ берувчига юборилади, учинчиси ишончли вакилда сақланади.


21. Комитентга (топшириқ берувчига) тегишли товарлар (хизматлар) реализациясини амалга оширувчи воситачи (ишончли вакил), ушбу товарлар (хизматлар)ни сотиб олувчига тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида сақлайди. Кўрсатиб ўтилган ҳисобварақ-фактураларга тартиб рақамлари воситачи (ишончли вакил) томонидан хронологик тартибда берилади. Бунда мазкур ҳисобварақ-фактуралар Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказилмайди ва воситачи (ишончли вакил) томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқарилмайди.


22. Товарларни (ишларни, хизматларни) топшириқ шартномаси бўйича ишончли вакил орқали олишда топшириқ берувчи учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос бўлиб топшириқ берувчи номига сотувчи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактура ҳисобланади.


23. Воситачилик шартномаси бўйича комитент учун товарлар (хизматлар) олинаётганда сотувчи ҳисобварақ-фактурани воситачининг номига тақдим этади.


24. Воситачи комитент учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича комитентга сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттирилган ҳолда у томонидан тақдим этиладиган хронологик тартибда рақамланган ҳисобварақ-фактура тақдим этади (сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани ўз номидан комитент номига қайта тақдим этади). Бунда "Етказиб берувчи" сатрида қўшимча равишда "Воситачи" номи кўрсатилади.

Ҳисобварақ-фактуранинг 1а, 1б, 1в-устунларида мос равишда товарларни (хизматлар)ни етказиб берувчининг (сотувчининг) номи, СТИР ва ҚҚС рақамини кўрсатади.


25. Комитентга тақдим этилган ҳисобварақ-фактура воситачининг Тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида сақланади. Кўрсатиб ўтилган ҳисобварақ-фактуралар воситачи томонидан хронологик тартибда рақамланади. Бунда ушбу ҳисобварақ-фактуралар воситачининг Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказилмайди ва воситачи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқарилмайди.


26. Товарлар (хизматлар)ни сотувчидан олинган комитент учун мўлжалланган ҳисобварақ-фактуралар воситачининг Олинган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида сақланади. Бунда ушбу ҳисобварақ-фактуралар воситачининг Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказилмайди ва ушбу ҳисобварақ-фактурада ажратилган ҚҚС суммаси воситачи томонидан ҳисобга олинмайди.


27. Воситачи (ишончли вакил) комитентга (топшириқ берувчига) воситачилик (топшириқ) шартномасини бажариш бўйича ўзининг ҳақи суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Ушбу ҳисобварақ-фактура воситачи (ишончли вакил) томонидан Сотиш реестрида, комитент (топшириқ берувчи) томонидан эса Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказилади. Воситачи (ишончли вакил) ҳисобварақ-фактурага қўшимча равишда комитент (топшириқ берувчи) томонидан имзоланган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириши лозим.


28. Воситачи (ишончли вакил) комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома асосида амалга ошириладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш ва (ёки) сотиб олиш операциялари бўйича унга бирламчи ҳужжатлар учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган воситачи (ишончли вакил) ва комитентнинг (топшириқ берувчининг) барча реквизитларига эга бўлган ҳисоботни тақдим этади. Воситачининг (ишончли вакилнинг) ҳисоботига қуйидаги маълумотлар киритилган бўлиши лозим:

тегишли ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда воситачи (ишончли вакил) томонидан реализация қилинган (сотиб олинган) товарлар (хизматлар) миқдори ва қиймати. Бунда ҳисоботга воситачи (ишончли вакил) томонидан товарлар (хизматлар) комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида реализация қилинганлигини (сотиб олинганлигини) тасдиқловчи шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинган бўлиши лозим;

воситачи (ишончли вакил) томонидан амалга оширилган ишлар бўйича комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган харажатларнинг қиймати. Комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган харажатларга воситачи (ишончли вакил) томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларни (операцияларни) комитент (топшириқ берувчи) ўзи бажарган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган, воситачи (ишончли вакил) томонидан учинчи шахсларга воситачилик хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича топшириқни бажариш муносабати билан (товарлар (хизматлар) учун ҳақ тўлаш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш) тўланган маблағлар тааллуқли.

Бунда воситачи (ишончли вакил) агар қонун ҳужжатларида ёки воситачилик (топшириқ) шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса комитентнинг (топшириқ берувчининг) мол-мулкини ўзида сақлаш бўйича харажатларни қоплатишга ҳақли эмас.

Ҳисоботга ушбу харажатларнинг юзага келиши ва тўланганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар илова қилинган бўлиши шарт. Воситачи (ишончли вакил) томонидан комитент (топшириқ берувчи) учун амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, комитент (топшириқ берувчи) ушбу суммаларни ўз харажатлари таркибига киритишга ва ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш пайтида тегишли ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга;

шартнома шартларига мувофиқ воситачининг (ишончли вакилнинг) (агар воситачи (ишончли вакил) ҚҚС солиқ тўловчиси бўлса) ҚҚСни ўз ичига олувчи ҳақи суммаси;

комитентдан (топшириқ берувчидан) олинган аванслар суммаси;

воситачилик (топшириқ) шартномасини бажариш билан боғлиқ воситачига (ишончли вакилга) тўланиши лозим бўлган сумма.

Воситачининг (ишончли вакилнинг) ҳисоботига шартномада назарда тутилган бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.


29. Ҳисоботни тақдим этиш муддати воситачи (ишончли вакил) томонидан комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида товарлар (хизматлар) реализация қилинган (сотиб олинган) ой тугаганидан сўнг беш иш кунидан ошмаслиги лозим.


30. Воситачи (ишончли вакил) комитентга тегишли бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича операцияларни амалга оширишда комитент (топшириқ берувчи) воситачидан (ишончли вакилдан) олинган ҳисобот асосида беш иш куни давомида воситачининг (ишончли вакилнинг) номига санаси, шунингдек, воситачи (ишончли вакил) томонидан сотиб олувчига тақдим этилган ҳисобварақ-фактуранинг кўрсаткичлари акс эттирилган ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Бунда "Етказиб берувчи" сатрига қўшимча равишда "Комитент" ("Топшириқ берувчи") номи кўрсатилади.


31. Комитент (топшириқ берувчи) томонидан воситачига (ишончли вакилга) тақдим этилган ҳисобварақ-фактура комитент (топшириқ берувчи) томонидан хронологик тартибда рақамланади. Комитент (топшириқ берувчи) томонидан воситачига (ишончли вакилга) тақдим этилган ҳисобварақ-фактура комитентнинг (топшириқ берувчининг) Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказилади.


32. Агар воситачилик (топшириқ) шартномасига асосан комитент (топшириқ берувчи) воситачи (ишончли вакил) томонидан унинг топшириғини бажариш билан боғлиқ харажат қилинган маблағларни қоплаши лозим бўлса, ушбу харажатлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби ушбу Низомнинг 22-26-бандларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


33. Воситачининг (ишончли шахснинг) ҳисоботига асосан комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган маблағлар, воситачи (ишончли вакил) томонидан ўзининг ҳақи суммасига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурага илова қилинадиган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги далолатномада кўрсатилади. Бунда воситачи (ишончли вакил) томонидан ўзининг ҳақи суммасига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган сумма кўрсатилмайди.


34. Транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш шартномасига мувофиқ мижознинг экспедиторлик топшириғини бажараётган юридик шахс, ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ва ҳисобини юритишда, агар мазкур юридик шахс мижоз номидан иш юритаётган бўлса, топшириқ шартномаси бўйича ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритиш қоидаларини қўллайди ёки агар ўз номидан иш юритаётган бўлса, воситачилик шартномаси бўйича ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритиш қоидаларини қўллайди.


35. Мижознинг экспедиторлик топшириғини бажараётган экспедитор транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш шартномасини бажариш бўйича ташувчилардан ва бошқа контрагентлардан олинган ҳисобварақ-фактураларни мижозга ўзининг номидан қайта тақдим этади. Бунда у ташувчилар ва контрагентларнинг ҳисобварақ-фактураларида кўрсатилган кўрсаткичларни акс эттиради. Экспедитор ушбу ҳисобварақ-фактураларни Сотиб олиш реестри ва Сотиш реестрларида рўйхатдан ўтказмайди.


36. ҚҚС тўловчиси бўлмаган, бироқ ҚҚС тўловчиси бўлган комитентнинг ҚҚС солинадиган товарларини (хизматларини) реализация қилишда ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этувчи воситачи, сотиб олувчи номига тақдим этилаётган ҳисобварақ-фактурада комитентнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш айланмасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатади.


37. ҚҚС солиқ тўловчиси бўлиб ҚҚС солиқ тўловчиси бўлмаган комитентнинг товарларини (хизматларини) реализация қилишда ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этувчи воситачи, сотиб олувчи номига тақдим этилаётган ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини кўрсатмайди ва "Қўшилган қиймат солиғисиз" ёки "ҚҚСсиз" ёзуви қайд этилади.


38. Комитент (топшириқ берувчи) учун реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлган норезидент томонидан кўрсатиладиган хизматлар олинганда комитентнинг (топшириқ берувчининг) номига ҳисобварақ-фактура ушбу Низомнинг 22-26-бандларида назарда тутилган тартибда расмийлаштиради.


39. Норезидент (Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширмайдиган чет эл юридик шахси) томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси, бюджетга комитент (топшириқ берувчи) томонидан, агар воситачилик (топшириқ) шартномасида ушбу мажбурият бевосита воситачига (ишончли вакилга) юклатилган бўлса, у томонидан тўланиши мумкин.

Комитент (топшириқ берувчи) воситачига (ишончли вакилга) тақдим этилган тўлов ҳужжатлари асосида тўланган ҚҚС суммасини қоплаб беради. Норезидент томонидан бажарилган хизматлар бўйича тўланган ҚҚС суммаси бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС ҳисоб-китобида комитент (топшириқ берувчи) томонидан Солиқ кодексининг 37-бобида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинади.



5-БОБ. ҚЎШИМЧА ВА ТУЗАТИЛГАН ҲИСОБВАРАҚ-

ФАКТУРАЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ

ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


40. Товарларни (хизматларни) етказиб берувчи томонидан қуйидаги ҳолларда реализация қилинган товарларнинг (хизматларнинг) етказиб бериш қийматига уни кўпайтиришга (камайтиришга) қаратилган тузатиш киритилган тақдирда, ушбу товарларни (хизматларни) олувчи томонидан тасдиқланадиган қўшимча ҳисобварақ-фактура тузилади:

товарлар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда;

кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда;

битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан, жўнатилган товарларнинг, кўрсатилган хизматларнинг нархи ва (ёки) сони (ҳажми) ўзгарганда;

товарларни (хизматларни) сотувчи томонидан чегирмалар берилганда.

Ушбу бандда назарда тутилган тузатиш киритиш, агар сийловлар бериш шартлари шартнома шартларида ёки солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатида назарда тутилган бўлса, илгари амалга оширилган товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича солиқ базасини камайтиради. Бундай шартлар товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) шартномасининг муайян шартларини харидор томонидан бажаришни, шу жумладан, товарларнинг (хизматларнинг) муайян ҳажмини олишни ва муддатидан олдин ҳақ тўлашни назарда тутиши мумкин.

Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳолатларда қўшимча ҳисобварақ-фактура мазкур ҳолатлар рўй берган санада расмийлаштирилади ва тақдим этилади.


41. Қўшимча ҳисобварақ-фактура тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуралар бўйича, улар тақдим этилган санадан бошлаб бир йиллик муддат доирасида ҳамда кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича - кафолат муддати доирасида расмийлаштирилиши мумкин.


42. Қўшимча ҳисобварақ-фактура қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

ҳисобварақ-фактура қўшимча эканлиги тўғрисида белги;

қўшимча ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва ёзиб берилган санаси;

тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси;

нархларга тузатиш киритиш миқдори (ижобий ёки салбий), етказиб беришнинг ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолдаги қиймати;

ҚҚС суммасига тузатиш киритиш миқдори (ижобий ёки салбий).


43. Товарларни (хизматларни) етказиб берувчи томонидан қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган ҳолда солиқ базасига тузатишлар киритиш амалга оширилганда олувчи етказиб берувчи томонидан расмийлаштирилган қўшимча ҳисобварақ-фактура асосида у томонидан илгари ҳисобга олиш учун қабул қилинган ҚҚС суммасига тегишли тартибда тузатиш киритади.


44. Ушбу Низомнинг 40-бандида қайд этилган ҳолатлардан ташқари қуйидаги ҳолатларда илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактура бекор қилинади ва унинг ўрнига олувчи томонидан тасдиқланадиган тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади:

хатоларни тузатиш натижасида солиқ базаси ўзгарган тақдирда;

илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактурага ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш зарур бўлганда.


45. Тузатилган ҳисобварақ-фактура Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 88-моддасига асосан даъво қилиш муддатлари давомида расмийлаштирилади.


46. Тузатилган ҳисобварақ-фактура қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

ҳисобварақ-фактура тузатилган эканлиги тўғрисида белги;

тузатилган ҳисобварақ-фактура тартиб рақами ва санаси. Бунда тузатилган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси тузатиш киритилаётган илгари расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси билан бир хил бўлади.

Тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши натижасида аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига ўзгартириш киритилиши шарт бўлган ҳолларда, тузатилган ҳисобварақ-фактура тегишли бўлган солиқ даври бўйича, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботлари тақдим этилади.


47. Ушбу Низом кучга киришидан олдин расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактураларга қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактура мазкур Низомга асосан тақдим этилади.



6-БОБ. АЙРИМ ШАРТНОМАЛАР БЎЙИЧА

ТОВАРЛАРНИ (ХИЗМАТЛАРНИ) РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШДА ҲАМДА ЧЕГИРМАЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШДА

ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ

ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


48. Ижарага берувчи томонидан етказиб берувчилардан олинган электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари ижарага олувчиларга берилади.


49. Агар ижара шартномасига мувофиқ электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматларининг қиймати ижара ҳақи суммасига киритилмаган ҳолда ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган хизматлар миқдорида қопланиши лозим бўлса, ижарага берувчи томонидан ижарага олувчи номига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада алоҳида қаторларда қуйидагилар акс эттирилади:

ижара шартномасига мувофиқ ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилган ҳолда (агар ижарага берувчи ҚҚС тўловчиси бўлса) ижара ҳақи суммаси;

ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар, электр энергияси, алоқа хизматлари учун ушбу хизматлар қийматига тўғри келувчи ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда қопланиши лозим бўлган сумма.


50. Ижара шартномасига мувофиқ қиймати ижарага олувчи томонидан қопланиши лозим бўлган электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун ижарага берувчи томонидан тўланган (тўланиши лозим бўлган) суммалар ижарага берувчининг харажатлари ҳисобланмайди ва ушбу хизматлар бўйича ҚҚС суммаси ижарага берувчи томонидан ҳисобга олинмайди. Ижарага олувчидан электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари истеъмоли учун олинган қоплаш суммаси ижарага берувчининг даромади ҳисобланмайди.


51. Электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматларининг ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига қоплаб бериладиган қиймати ижарага олувчининг харажатлари ҳисобланади ва улар бўйича ҚҚС суммаси ижарага олувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 37-бобида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинади. Ижарага олувчига электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун ижарага берувчидан олинган ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган хизматларнинг ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қоплаш суммаси алоҳида қаторда кўрсатиб ўтилган ҳисобварақ-фактура асос ҳисобланади.


52. Агар товарлар (хизматлар) текинга берилса (кўрсатилса), якунловчи сатрда "тўловсиз" деган ёзув киритилади. Агар товарлар (хизматлар) устав капиталига қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса), якуний сатрда "устав фондига (устав капиталига) қўйилма" ёзуви киритилади.


53. Товарлар (хизматлар) оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса), якуний сатрда "оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма" ёзуви киритилади.

Оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага), концессия битимига ёки мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилишда ширкатнинг ишончли шахси, концессионер ёки ишончли бошқарувчи ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда "Етказиб берувчи" сатрида қўшимча равишда "Ишончли шахс", "Концессионер" ёки "Ишончли бошқарувчи" сўзлари кўрсатади.


54. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасида тузилган шартномага асосан товарларни (хизматларни) реализация қилишда ҳисобварақ-фактура товарларни (хизматларни) реализация қилиш санасида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган чет эл валютасининг сўмга нисбатан курси бўйича сўмда расмийлаштирилади ва унга чет эл валютасида расмийлаштирилган инвойс (ҳисобварақ-фактура) ёки товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар илова қилинади.


55. Корхона мулкий мажмуа сифатида сотилганда сотувчи томонидан корхона сотилган нархни кўрсатган ҳолда жамлама ҳисобварақ-фактура тузилади.

Жамлама ҳисобварақ-фактурада асосий воситалар, номоддий активлар, ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланмаган мол-мулкнинг бошқа турлари, дебиторлик қарзининг суммалари, қимматли қоғозларнинг қиймати ҳамда баланс активларининг бошқа позициялари мустақил позицияларга ажратилади. Жамлама ҳисобварақ-фактурага инвентаризация далолатномаси илова қилинади.

Жамлама ҳисобварақ-фактурада ҳар бир мол-мулк турининг нархи Солиқ кодексининг 251-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда баланс қийматининг тузатиш коэффициентига кўпайтмасига тенг деб қабул қилинади.


56. Шартномага мувофиқ харидорларга товарларни жўнатиш (хизматларни кўрсатиш) санасида чегирмалар (бошқа тижорат бонуслари) тақдим этилган тақдирда, нарх бундай чегирма чиқариб ташланганидан кейин жами қийматни камайтириш йўли билан аниқланади ва ҳисобварақ-фактурада нарх чегирмалар (бошқа тижорат бонуслари) чиқариб ташланган ҳолда кўрсатилади.


57. Шартномада солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатига мувофиқ товарлар жўнатилганидан кейин сийловлар (чегирмалар) тақдим этиш шартлари белгиланган бўлса, яъни товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) шартномасининг муайян шартлари харидор томонидан бажаришни, шу жумладан, товарларнинг (хизматларнинг) муайян ҳажмини олишни ва муддатидан олдин ҳақ тўлашни назарда тутувчи шартлар белгиланган бўлса, сийловлар (чегирмалар) тақдим этиш шартлари бажарилганидан сўнг қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва сийлов (чегирма) миқдорида аввал расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурага тузатиш киритилади.



7-БОБ. ЭЛЕКТРОН ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЖЎНАТИШНИНГ ЎЗИГА

ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


58. Электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ушбу Низомда белгиланган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартиби асосида амалга оширилади.


59. Ушбу Низомнинг 3-бандига асосан товарлар (хизматлар) ҳисобварақ-фактура тақдим этмаган ҳолда реализация қилинганда етказиб берувчи ҳар календарь ой якуни билан бир марта умумлаштирилган ҳолда бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантиради. Товарлар экспорти бўйича БЮД расмийлаштирилган ҳолатлар бундан мустасно.

Сотиб олувчининг талабига асосан тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактуралар қиймати умумлаштирган ҳолда бир томонлама шакллантириладиган электрон ҳисобварақ-фактуранинг қийматига киритилмайди.

Умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан шакллантирилади.


60. Товарлар (хизматлар) экспорти (БЮД расмийлаштирилмайдиган ҳолатлар) бўйича етказиб берувчи электрон ҳисобварақ-фактурани ўзи шакллантиради. Бунда сотиб олувчининг фақат номи қайд этилади ҳамда норезидент сўзи қўшиб ёзилади.


61. Электрон ҳисобварақ-фактурани имзолаш:

юридик шахс номидан-ташкилот раҳбари ёки ташкилот номидан берилган ишончнома ёки бошқа ҳужжат билан ваколат берилган шахслар номига расмийлаштирилган электрон рақамли имзо орқали;

якка тартибдаги тадбиркор номидан-якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланувчи жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси орқали;

жисмоний шахс номидан-жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси орқали амалга оширилади. Бунда жисмоний шахс электрон рақамли имзога эга бўлмаса, унга юборилган электрон ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда тасдиқланади ва электрон ҳисобварақ-фактура икки нусхада қоғоз шаклида чоп этилади ҳамда бир нусхаси жисмоний шахсга тақдим этилади, иккинчи нусхаси товарлар (хизматлар) олинганлиги тўғрисидаги жисмоний шахснинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда солиқ тўловчида сақланади.


62. Электрон ҳисобварақ-фактурага қўшимча ҳужжатларни илова қилиш мумкин. Электрон ҳисобварақ-фактуранинг электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши илова қилинган ҳужжатларнинг ҳам электрон рақамли имзо билан тасдиқланганлигини ифодалайди.


63. Етказиб берувчи томонидан тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактура ўн календарь кун ичида сотиб олувчи томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши шарт.

Сотиб олувчи томонидан белгиланган муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган электрон ҳисобварақ-фактура тасдиқланган ҳисобланади.


64. Электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ва қабул қилиш бўйича белгиланган муддатнинг охирги куни қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.


65. Сотиб олувчи шахсий кабинетга тушган ва тасдиқланган электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олиниши ёки олинмаслиги тоифасини белгилайди.


66. Қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактуралар ушбу Низом 5-бобига мувофиқ электрон кўринишда расмийлаштирилади.


67. Товарлар транспорт воситасида ташилганда электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура QR кодга эга бўлган электрон тарзда ёки қоғоз нусхаси чоп этилган ҳолда ташувчига тақдим этилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


68. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



20__ йил "___" ____________ даги


____-сонли шартномага


20__ йил "___" ____________ даги


____-сонли



ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРА

Етказиб берувчи _____________________


Манзил: _____________________________


_____________________________________

Етказиб берувчининг идентификация

рақами (СТИР)

_____________________________________


ҚҚС рўйхат рақами ___________________


Банк ҳисобварағи ____________________


Банк МФО __________________________


Сотиб олувчи _________________________


Манзил: ______________________________


______________________________________


Сотиб олувчининг идентификация

рақами (СТИР)

______________________________________

ҚҚС рўйхат рақами ____________________


Банк ҳисобварағи______________________


Банк МФО ___________________________


Т/р

Товар (хизмат)лар

номи


Ўлчов

бирлиги


Миқдори


Нархи


Етказиб

бериш

қиймати


ҚҚС


Етказиб

беришнинг

ҚҚСни ҳисобга

олган ҳолда

қиймати


ставка


сумма


1


2

3

4

5

6

7

8

1










2











Жами






Раҳбар _________________________________



Товарни бердим ________________________

                                               (етказиб берувчи масъул

                                                    шахсининг имзоси)

Олдим_______________________


20__ йил "___" ______________даги


_____-сонли ишончнома бўйича

        





Низомга

2-ИЛОВА



20__ йил "___" ____________ даги


____-сонли шартномага


20__ йил "___"____________ даги


____-сонли



ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРА

(қатъий белгиланган устамаларда реализация қилинадиган

дори воситалари ва тиббий буюмлари учун)

Етказиб берувчи _____________________


Манзил: _____________________________


_____________________________________



Етказиб берувчининг идентификация

рақами (СТИР)

____________________________________



ҚҚС рўйхат рақами __________________



Банк ҳисобварағи ____________________


Банк МФО __________________________

      

Сотиб олувчи ________________________


Манзил: _____________________________


_____________________________________



Сотиб олувчининг идентификация

рақами (СТИР)

_____________________________________


ҚҚС рўйхат рақами ___________________



Банк ҳисобварағи ____________________


Банк МФО _________________________


Т/р

Товарлар

номи


Серия


Ўлчов

бирлиги


Сотиб

олиш

қиймати

(базавий

нарх)


Савдо

қўшим-

часи

(устама)

фоизда


Миқ-

дори


Нархи


Етказиб

бериш

қиймати


ҚҚС


Етказиб

беришнинг

ҚҚСни

ҳисобга

олган ҳолда

қиймати


ставка


суммаси


1


2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

1













2














Жами






Раҳбар _________________________________



Товарни бердим ________________________

                                                (етказиб берувчи масъул

                                                     шахсининг имзоси)

Олдим_______________________


20__ йил "___" ______________даги


_____-сонли ишончнома бўйича

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 август