ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш /

Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3274-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 12.06.2020 й. 124-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 30 июнда 3274-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2020 йил 12 июндаги

124-сон буйруғига

ИЛОВА



Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонунга асосан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби ва шартларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тиббиёт муассасалари томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладор аёлнинг хоҳишига кўра;

ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганда ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар.


2. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш акушерлик-гинекологик муассаса томонидан эр ва хотиннинг ёзма розилиги билан, эр бўлмаган тақдирда аёлнинг ўз розилиги ёки ота-онасининг розилиги ёхуд у вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларининг мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни қўллаш бўйича ихтиёрий розилик аризасига асосан амалга оширилади.


3. Аёл ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга мажбур қилиниши мумкин эмас.


4. Тиббиёт муассасаси ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тўғрисида ёки ҳомиладорликни тўхтатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган аёлни унинг соғлиғи учун ҳар қандай эҳтимол тутилган салбий оқибатлар ҳақида хабардор этиши шарт.


5. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга оширишда ҳомиладор аёлнинг қонун ҳужжатларида белгиланган репродуктив ҳуқуқлари таъминланиши шарт.


6. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш ва ундан кейинги контрацепция билан боғлиқ маълумотлар қонун ҳужжатларига мувофиқ шифокорлик сирини ташкил этади.



2-БОБ. ҲОМИЛАДОРЛИКНИ СУНЪИЙ РАВИШДА

ТЎХТАТИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ


7. Ҳомиланинг ҳолати бўйича бирламчи маслаҳат олиш, тиббий текширувдан ўтиш ва ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун ҳомиладор аёл яшаш манзили ёки доимий яшаш жойи ёҳуд вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига (марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари) (бундан буён матнда бирламчи тиббий-санитария муассасаси деб юритилади) мурожаат қилади.


8. Бирламчи тиббий-санитария муассасасининг умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор томонидан ҳомиладор аёлга ҳомиладорлик муддатини аниқлаш ва ҳомиладор аёлнинг соғлиғи ҳолатини баҳолаш учун керакли текширувни ўтказиш ҳамда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг оқибатлари тўғрисида маълумот берилади.


9. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун ҳомиладор аёл умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор томонидан ҳомиладорлик муддати ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган стандартларга мувофиқ зарур бўлган тиббий текширувлардан, шунингдек тор мутахассислар маслаҳатидан ўтказилади.


10. Текшириш натижасида ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ рўйхат бўйича аниқланади.


11. Текширувлардан ўтган аёл ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун яшаш манзили ёки доимий яшаш жойи ёҳуд вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган акушерлик-гинекологик муассасага юборилади.


12. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш дори воситалари ёки жарроҳлик усули орқали амалга оширилади.


13. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усуллари тўғрисида акушер-гинеколог шифокор, умумий амалиёт шифокори, акушерка ва патронаж ҳамширалари ҳомиладор аёлга маслаҳат беришлари лозим.


14. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усули ҳомиланинг муддати, ҳомиладор аёлнинг умумий аҳволи ҳамда тиббий кўрсатмалар асосида ҳомиладор аёлнинг хоҳишига кўра танланади.


15. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш ҳомиладорликнинг муддати ва ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усулига кўра амбулатор ёки стационар шароитда ўтказилади.


16. Ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда дори воситалари билан тўхтатиш бирламчи амбулатор-поликлиникада, жарроҳлик усули билан тўхтатиш акушерлик-гинекологик муассаса қошидаги амбулатор-поликлиникада амбулатор шароитда амалга оширилади.

Ҳомиладор аёлда юқори хавфли ёндош касалликлар ёки ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар бўлганда ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш қандай усулда бўлишидан қатъи назар тиббиёт муассасасининг гинекология бўлимида стационар шароитда амалга оширилади.


17. Ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтадан йигирма икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш қандай усулда бўлишидан қатъи назар тиббиёт муассасасининг гинекология бўлимида, ҳомиладорликнинг йигирма икки ҳафтадан кейинги муддатларида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш қандай усулда бўлишидан қатъи назар тиббиёт муассасасининг акушерлик бўлимида стационар шароитда амалга оширилади.


18. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилаётган ҳомиладорга оғриқсизлантириш усуллари таклиф этилади. Бунда, оғриқсизлантириш усулини танлаш ва қўллаш бўйича анестезиолог-реаниматолог томонидан кўрсатмалар берилади ва ҳомиладор аёлнинг танловига асосан оғриқсизлантириш усуллари амалга оширилади.


19. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш ўтказилаётган акушерлик-гинекологик муассасада ҳомиладор аёл тўғрисидаги мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун лозим бўлган ҳужжатлар шакллантирилади.


20. Мазкур Низомнинг 2-иловасидаги ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш учун марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникаси раҳбари буйруғига асосан консилиум ташкил этилади.

Консилиум таркибига марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникада ишловчи бўлим мудири, акушер-гинеколог шифокор, умумий амалиёт шифокори, неонатолог, ультратовуш текшируви шифокори, заруратга кўра тор мутахассислар ва ҳуқуқшунослар киритилади.

Консилиум ҳомиладор аёлнинг ва ҳомиланинг ҳолатидан келиб чиқиб ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса қилади.


21. Умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор ҳомиладор аёл, унинг эри, эри бўлмаган тақдирда ота-онаси, шунингдек ҳомиладор аёл вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларига текширув натижалари, ҳомиладор аёлнинг ёндош касалликлари, ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар, ҳомиладор аёл ёки ҳомила соғлиғи ва ҳаёти учун келажакда кутилаётган хавфлар, даволаш усуллари, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг кутилаётган оқибатлари, асоратлари ҳақида маълумот беради, унинг асосида консилиум томонидан ҳомиладор аёл ҳомиладорликни давом эттириш ёки уни тўхтатиш тўғрисида хулоса қилинади.


22. Ҳомиладор аёл ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш таклифини рад этса, консилиум хулосасига биноан умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор томонидан ҳомиладор аёлнинг эри, эри бўлмаган тақдирда ота-онаси, шунингдек ҳомиладор аёл вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларига ушбу ҳомиладорликда юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида маълумот берилиши лозим.


23. Ҳомиладор аёлнинг эри, эри бўлмаган тақдирда ота-онаси, шунингдек ҳомиладор аёл вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларига аёлнинг ҳомиладорлигида юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида маълумот берилгандан сўнг, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш рад этилган тақдирда, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни рад этиш белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва аёлнинг ҳомиладорликни давом эттириши назорат қилиб борилади.


24. Мазкур Низомнинг 2-иловасидаги ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилгандан сўнг эр-хотин ёки аёл ўз ҳудудидаги скрининг марказларга кейинги ҳомиладорликкача текшириш ўтказиш учун юборилади.


25. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш натижасида олинган барча материаллар (ҳомила, плацента, ҳомила тухуми) акушер-гинеколог шифокор томонидан тегишли лабораторияларда патологоанатомик, генетик текширишдан ўтказиш учун юборилиши лозим.


26. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилган аёлда қон резуси манфий бўлганда, унга 72 соат ичида одам rho (Д)-антирезуси иммуноглобулин препарати билан муолажа ўтказилади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


27. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.


28. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА


_______________________ нинг раҳбари

  (тиббиёт муассасаси номи)

___________________________________

                         (раҳбарнингФ.И.О.)

____________________ манзилда яшовчи,

______________________ йилда туғилган

фуқаро _________________________дан

                                         (Ф.И.О.)


Ҳомиладорликни сунъий равишда

тўхтатишга ихтиёрий розилик

АРИЗАСИ


да яшовчи фуқаро

(яшаш манзили)


            

(туғилган йили, ёши)


нинг

(ҳомиладор аёлнинг Ф.И.О.)


__________________ ҳафталик муддатдаги ҳомиладорлигини сунъий равишда тўхтатишга ва бунинг учун муолажа ўтказишларига ўз ихтиёрим билан розилик бераман.


Мен шифокордан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг усуллари (дори воситалари ва жарроҳлик йўли билан) ҳамда бу усулларнинг афзалликлари, камчиликлари, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг кутилаётган оқибатлари, асоратлари, оғриқсизлантириш усуллари, уларнинг самараси, кузатилиши мумкин бўлган асоратлари тўғрисида ҳамда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тартибига қатъий риоя қилинган ҳолда ҳам муолажа вақтида ва ундан кейин кузатилиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олишга тўлиқ кафолат йўқлиги, даволовчи шифокор ёзиб берган дори воситаларини қабул қилишим лозимлиги, жинсий ҳаёт тартиби ҳақида ва бу тартиб бузилганда кузатилиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида маълумот олдим. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга ишончим комил бўлмаса, мазкур усулдан бош тортишим мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилдим.


Хомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усуллари билан танишган ҳолда, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг қуйидаги усулини танладим(кераклисини тагига чизилсин):

дори воситалари орқали;

жарроҳлик йўли билан.


Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни дори воситалари орқали амалга ошириш баённомаси,унга қарши кўрсатмалар ва муолажани қўллашда юз берадиган ножўя таъсирлар ҳамда дори воситаларини қўллаш йўриқномаси билан танишиб чиқдим ва қуйидагилардан бирини танладим (кераклисини тагига чизилсин):

Дори воситаси(лари)ни уйда қабул

қилишга ва ўз вақтида шифохонага

мурожаат қилишга ва ҳомила тўла

тушгунча шифокор назорати

остида бўлишга розиман

Дори воситаси(лари)ни шифохонада

қабул қилишга ва ҳомила тўла тушгунча

шифокор назорати остида бўлишга

розиман

Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни жарроҳлик усули билан амалга ошириш баённомаси, жарроҳлик йўли билан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш босқичлари, жарроҳликдан сўнг кузатилиши мумкин бўлган асоратлар ва оқибатларбилан танишдим ва ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни жарроҳлик усули билан амалга оширишни танладим.


Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш учун оғриқсизлантириш усуллари билан танишдим ва қуйидагилардан бирини танладим (кераклисини тагига чизилсин):

вербал усул;

маҳаллий усул;

оғриқсизлантирувчи дори воситалари орқали;

седация усули;

умумий оғриқсизлантириш орқали;

бошқа усуллар.


Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишда эҳтимолий асоратлар ҳақида тўлиқ маълумотларни олганлигимни, ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаганлигини ҳамда онгли ва ихтиёрий равишда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга қарор қабул қилганимни тасдиқлайман.


__________________

(Ф.И.О.)

__________________

(имзо)

__________________

(ариза тўлдирилган сана)

       





Низомга

2-ИЛОВА



Ҳомиладорнинг ҳаётига хавф

солувчи тиббий кўрсатмалар

РЎЙХАТИ

Т/р

Тиббий кўрсатмалар номи


Қарши кўрсатмалар шакли,

босқичи, даражаси, фазаси


Изоҳлар


Айрим инфекцион ва паразитар касалликлар

1.

Силкасаллиги:


Барча фаол шакллари


а) бактериологик ва гистологик тасдиқланган нафас аъзолари сил касаллиги



б) бактериологик ва гистологик тасдиқланмаган нафас аъзолари сили



в) асаб тизими сили


Силменингити (туберкулёзли менингит) - мия пўстлоғи сили (бош мия, орқа мия) ҳомиладорликни тўхтатиш учун нисбий қарши кўрсатма бўлиб ҳисобланади, консилиумда индивидуал равишда ҳал этилади.


г) бошқа аъзолар ва тизимлар сили



д) суяклар ва бўғимлар сили


е) сийдик йўллари сили (аёлларда)


ж) ичак ва чарви лимфатик тугунлари сили


з) милиарсил


Ҳомиладорликни тўхтатиш учун нисбий қарши кўрсатма бўлиб ҳисобланади, консилиумда индивидуал равишда ҳал этилади.


2.

Қизилча



Ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтасигача бўлган муддатида тўхтатиш, жумладан ҳомиладор аёл қизилча билан касалланган бемор билан алоқада бўлганида, ҳомиладор аёлда иммунитет мавжуд бўлмаганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


Ўсма касалликлар

3.

Кичик тос соҳасидаги кимётерапия ёки нур терапиясини талаб этадиган хавфли ўсмалар




Қон ва қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари

4.

Илк бор аниқланган ўткир лейкозлар




5.

Миелодиспластик синдромлар




6.

Юқори хавф гуруҳидаги лимфомалар




7.

Лимфогранулематоз


III-IV босқичлар



8.

Сурункали миелолейкоз:


а) тирозинкиназа ингибиторлари билан даволашни талаб этадиган

б) касалликнинг сўнгги босқичи


Ҳомиладорликни ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида тўхтатиш;

тирозинкиназа ингибиторлари билан даволаш даврида ҳомиладорлик юзага келганда, даволаш тўхтатилиши ва терапиянинг бошқа турлари тавсия этилиши зарур.


9.

Сурункали миелопролифератив касалликлар




10.

Апластик камқонлик


Оғир шакли

Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтагадан кейинги муддатларида ҳомиладорликни сақлаб қолиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


11.

Гемолитик камқонлик


Ўткир гемолитик кризларнинг оғир қайталанувчи кечиши



12.

Идиопатик тромбоцитопеник пурпура


Сурункали узлуксиз қайталанувчан кечиши, терапиянинг ҳар қандай шаклига рефрактерлик


Ҳомиладорикнинг муддатидан қатьи назар ҳомиладорликни сақлаб қолиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


13.

Порфириянинг ўткир даври, сўнгги ҳуружидан 2 йилдан кам бўлган даврда “ёруғ” даврнинг давом этиши




              

Изоҳ: 1. Илк ташхисланган ўткир лейкоз, миелодиспластик синдромлар, юқори хавф лимфомалари, лимфогранулематоз III-IV босқичи, сурункали миелопролифератив касалликлар, гемолитик камқонлик ва порфириянинг ўткир ҳуружида ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тавсия этилади.


2. Ҳомиладорликни ўн икки ҳафтадан кейинги муддатларида ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи қон ва қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари мавжуд бўлганда, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади, бунда шифокор-гематолог иштироки таъминланиши лозим.


3. Ҳомиладорликни суньий равишда тўхтатиш қон компонентлари (янги музлатилган, тромбоконцентратлар, эритроцитар масса) билан таъминлаш шароитига эга бўлган тиббиёт муассасаларида стационар шароитда амалга оширилади.

          

Эндокрин тизим касалликлари.

Овқатланиш тартиби ва модда алмашинувининг бузилиши

14.

Қандли диабет касаллиги оғир нефропатия асорати билан




15.

Буйрак трансплантациясидан кейинги қандли диабет




16.

Қандли диабет пролифератив ретинопатия ривожланиши билан




17.

Гиперпаратиреоз


Фаол даври (жарроҳликкача)


Висцерал ва суякларда ўзгариш билан бўлган оғир кечиши мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


18.

Акромегалия




19.

Пролактинома



Допамин агонистларига резистентлик ва хиазмал бузилишлар мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


20.

Иценко-Кушинг синдроми


Фаол даври


Руҳий бузилишлар

21.

Сурункали ва давомли руҳий бузилишлар, оғир ва барқарор оғриқ билан (психозлар ва ақлий заифлик) ёки ҳомиладорлик ва туғруқ таъсирида зўрайишининг катта эҳтимоли билан




22.

Ирсий ва дегенератив руҳий бузилишлар



Психиатрия муассасаситомонидан боланинг онаси ёки отасида тасдиқланган бўлиши керак.


23.

Яққол ифодаланган психоген бузилишлар




24.

Психоактив моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ руҳий бузилишлар




25.

Кайфият бузилишлари (аффектив бузилишлар)



Ҳомиладор аёлда ўз жонига суиқасд қилиш ҳаракатлари мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


Асаб тизими касалликлари

26.

Марказий асаб тизимининг яллиғланиш касалликлари




27.

Асосан марказий асаб тизимини шикастловчи тизимли атрофиялар (Гвитингтон хореяси)


Оғир кечиши

Кучли ифодаланган деменция, психотик бузилишлар мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


28.

Ҳаракат неврони касаллиги (ёнбош амиотрофик склероз)


Оғир кечиши


Ўсиб бораётган бульвар фалаж, орқа мияга хос, мушак атрофиялари мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


29.

Паркинсонизм


Оғир шакли (ўзига ўзи хизмат қилишнинг имкони йўқлиги)


Паркинсонга қарши даволаш асоратлари (дискинезиялар, ортостатик гипотония) мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


30.

Дистониялар


Умумлашган шакллари



31.

Марказий нерв системасининг демиелинизирловчи касалликлари (тарқалган склероз)


Ривожланувчи кечиши

Ўсиб бораётган фалажлар, кўрув асабларининг атрофияси, ютиниш, нафас олиш, юрак қон-томир фаолияти бузилиши, тос ўзгаришлари (сийдик тутиб тура олмаслик, сийдикнинг ўткир тутилиб қолиши)мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


32.

Эпилепсия


Оғир кечиши


Эпилепсияга қарши терапия ва эпилептик психозларга резистентлик, ҳуружларнинг тез-тез кузатилиши мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


33.

Мия қон айланишининг ўткир бузилишлари (церебрал, орқа мия)


Оғир кечиши

Кучли ифодаланган онг (сопор, кома) ва витал функцияларнинг (нафас олиш, юрак қон-томир фаолияти) бузилишлари мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


34.

Уйқу бузилиши: каталепсия ва нарколепсия




35.

Нерв чигаллари ва тутамларининг шикастланиши




36.

Яллиғланишли полиневропатия, Гийена-Барре синдроми


Оғир кечиши

Ўсиб бораётган бўшаштирувчи тетрапарез, витал функциялар бузилиши мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


37.

Асаб-мушак синапси ва мушак касалликлари




38.

Гепатолентикуляр дегенерация (Вильсон-Коновалов касаллиги)


Оғир шакли

Жигар етишмовчилиги ва портал гипертензия мавжудлиги, қизилўнгач веналари варикоз кенгайишларидан қон кетиш, психотик бузилишлар мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


Кўз ва унинг ёндош аппарати касалликлари

39.

Кўриш аъзоларининг хавфли ўсмалари (ёрдамчи аппарати, кўз, кўз косаси)



Аралаш кимёвий нурли даво муолажалари олиш даврида ва шу муолажа ўтказилганидан кейин 3-5 йил давомида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


Қон айланиш тизими касалликлари

40.

Юрак ревматоид нуқсонлари:




а) ревматоид жараён фаоллиги билан кечадиган юрак нуқсонлари




б) қон айланиши етишмовчилиги билан кечадиган юрак нуқсонлари


2Б, 3-даражаси


в) бактериал эндокардит асорати бўлган юрак нуқсонлари




г) юрак ритми бузилиши билан кечадиган юрак нуқсонлари: тебранувчи аритмия, пароксизмал тахикардиянинг тез-тез ҳуружлари, Морганьи-Адамс-Стокс ҳуружлари билан кечувчи тўлиқ атриовентрикуляр блокада



Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларида электрокардиостимулятор ўрнатилиши мумкин, бунда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилмайди.


д) ҳомиладорлик давомида ёки анамнезда тромбоэмболик асоратлар билан кечадиган юрак нуқсонлари, ҳамда юрак соҳасида тромблар мавжудлиги




е) атриомегалияли ёки кардиомегалияли юрак нуқсонлари




41.

Юракнинг туғма нуқсонлари:




а) қон отилиши нуқсони бўлган юрак касалликлари (юрак бўлмаси орасидаги тўсиқ нуқсони, юрак қоринчалар орасидаги тўсиқ нуқсони, очиқ артериал найча):

қон айланиши етишмовчилиги 2Б-даражаси билан ёндош кечадиган юрак нуқсонлари;

ўпка гипертензияси билан кечувчи юрак нуқсонининг 3-даражаси;

бактериал эндокардит асорати бўлган юрак нуқсонлари.


Ўпка гипертензияси II-IV даражаси

(Хит-Эдвардс бўйича таснифлаш)


б) юрак чап қоринчаси (аорта стенози, аорта коарктацияси) ёки ўнг қоринчадан (ўпка артерияси стенози) қон отилиши қийинлашган юрак нуқсонлари:

қон айланиши етишмовчилиги 2А-даражаси ва ундан юқори даражалар билан кечадиган юрак нуқсонлари;

постстенотик кенгайиши мавжуд нуқсонлар (аорта ёки ўпка артерияси аневризмаси).




в) 3-4 даражали регургитация ва ритмнинг жиддий бузилишлари билан кечадиган атриовентрикуляр клапанларнинг туғма нуқсонлари




г) кардиомиопатиялар:

дилатацион кардиомиопатия;

рестриктив кардиомиопатия;

чап, ўнг ёки иккала қоринчалар чиқиш трактининг кучли обструкцияси билан кечувчи гипертрофик кардиомиопатия;

юрак ритми жиддий бузилишлари билан кечадиган чап қоринча обструкциясисиз гипертрофик кардиомиопатия.




д) Фалло тетрадаси



Паллиатив жарроҳликдан кейин коррекция қилинмаган ҳолларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


е) Фалло пентадаси


Паллиатив жарроҳликдан кейин коррекция қилинмаган ҳолларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


ж) Эбштейн аномалияси


Коррекция қилинмаган ҳолларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


з) юракнинг мураккаб туғма нуқсонлари (магистрал томирлар транспозицияси, атриовентрикуляр коммуникациянинг тўлиқ шакли, умумий артериал устун, юрак ягона қоринчаси, атриовентрикуляр ёки ярим ой қопқоқлари атрезияси)




и) Эйзенменгер синдроми




к) Лютамбаше синдроми




л) Айерс (Аэрза) (синдроми) касаллиги (ўпка гипертензияси билан кечувчи ўпка артериясининг чегараланган склерози)




42.

Миокард, эндокард ва перикард касаллиги:




а) ҳар қандай этиологияли миокарднинг ўткир ва ўткир ости шакллари




б) сурункали миокардит, қон айланиш етишмовчилиги 2Б ва 3-даражаси, ритмнинг мураккаб ва турғун бузилишлари - тебранувчи аритмия, пароксимал тахикардия қайталанувчи ҳуружлари, тўлиқ атриовентрикуляр блокада, Морганьи-Адамс-Стокс ҳуружлари билан кечадиган миокардиосклероз ва миокардиодистрофия




в) ҳомиладорлик вақтида ёки анамнезда қон айланиши етишмовчилиги ва ритм бузилишлари мавжуд вазиятдаги миокард инфаркти




г) бактериал эндокардит:ўткир ва ўткир ости бактериал эндокардит




д) перикардит: ўткир, ўткир ости, жарроҳлик ва констриктив перикардит




43.

Юрак ритми бузилишлари:




а) тебранувчи аритмия



Антикоагулянт дори воситаларини қабул қилмасдан ҳомиладорликни суньий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


б) ҳуружлар тез-тез кузатиладиган пароксизмал тахикардия



Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларда радиочастотали аблация қўлланилиши мумкин.


в) аритмиянинг тез-тез ҳуружлари билан кечадиган Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми



Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларда радиочастотали аблация қўлланилиши мумкин.


г) Морганьи-Адамс-Стокс ҳуружлари билан кечадиган тўлиқ атриовентрикуляр блокада ва юрак қисқаришлар сонининг бир дақиқада 40 тадан кам бўлиши



Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларда радиочастотали аблация қўлланилиши мумкин.


44.

Бошдан кечирилган кардиожарроҳлик амалиётларидан кейинги ҳолатлар:




а) митрал комиссуротомиядан кейин:

митрал клапаннинг травматик етишмовчилиги;

рестеноз;

ўпка гипертензияси;

фаол ревматизм




б) сунъий ёки биологик транплантатлар билан протезлашдан кейин (ревматик ёки юрак туғма нуқсонларида) кўп клапанли протезлашдаги бир клапан протези функциясининг бузилиши




в) юрак туғма нуқсонининг паллиатив (тўлиқмас) коррекцияси




г) ўпка гипертензияси қолдиқ аломатлари қолган юрак туғма нуқсонининг жарроҳлик коррекциясидан кейин




д) қониқарсиз натижа билан бажарилган ҳар қайси юрак нуқсонининг жарроҳлик коррекцияси




45.

Томир касалликлари:




а) аорта ва унинг шохлари касалликлари: аортанинг ҳар қайси соҳасида жойлашган аневризмалар (кўкрак, қорин), жумладан реконструктив жарроҳлик амалиётидан кейин, яъни магистрал артерия қон томирларини (мия, буйрак, талоқ, ёнбош) шунтлаш ва протезлаш шунингдек жарроҳлик амалиётидан кейинги даврда




б) тромбоэмболия касаллиги ва тромбоэмболик асоратлар (бош мия, қўл, оёқ, буйраклар артериялари, мезентериал қон-томирлар ва ўпка артерия шохларининг тизимли эмболияси)




46.

Гипертония касаллиги, гипертония касаллиги ўтказилган терапиядан самара бўлмаган вазиятда


II-III босқичлари

Гипотензив терапиянинг муносиблиги консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади.


Нафас аъзолари касалликлари

47.

Ўпка касалликлари натижасида келиб чиққан, терапевтик даво муолажалари самара бермаган оғир нафас етишмовчилиги




48.

Терапевтик даво муолажалари самара бермаган юқори ўпка гипертензияси билан кечувчи касалликлар




Овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари

49.

Ўн икки бармоқли ичак пилорик қисми стенози ва қон кетиши билан асоратланган ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яра касаллиги




50.

Жигар етишмовчилиги билан кечувчи юқори фаол сурункали гепатит



Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади.


51.

Портал гипертензия мавжуд ҳолатдаги жигар циррози, қизилўнгач варикоз веналаридан қон кетиш хавфи, жигар етишмовчилиги




52.

Жигар ўткир ёғли дистрофияси




53.

Стеноз ва оқмалар билан асоратланган, сўрилиш ва қон кетишлар билан кечадиган Крон касаллиги




54.

Йўғон ичак токсик дилатацияси, профуз ич кетишлар, ичакдан массив қон кетиш билан асоратланган неспецифик ярали колит




55.

Целиакия, ингичка ичакда сўрилиш бузилиши



Ташхис ингичка (ўн икки бармоқли ичак) ичакнинг гистологик текшируви ва тўқима трансглутамазаси ва глиадинга антителарни иммунологик тестлар орқали текшириш йўли билан тасдиқланиши лозим.


56.

Қорин девори чурраси



Қорин девори ажралиши билан кузатиладиган катта ҳажмдаги чурралармавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади.


57.

Ичак тутилиши билан кечадиган ичак чандиқ касаллиги




58.

Ичак яралари



Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади.


Сийдик-айирув тизими касаллиги

59.

Ўткир гломерулонефрит




60.

Сурункали гломерулонефритнинг ҳар қандай шакли


ҳуруж даврида: нефротик синдром; антигипертензив терапияга резистент артериал гипертензия; буйраклар функциясининг бузилиши (қондаги креатинин 200 мкмоль/л)


Антигипертензив терапиянинг ҳомиладор аёл ҳолатига мослиги консилиум томонидан баҳоланади.


61.

Ҳар қандай этиологияли сурункали буйрак етишмовчилиги



Ҳомиладорлик юзага келгунга қадар ҳар қандай ташхисда қон зардобидаги креатинин даражаси 200 мкмоль/л (1,8 мг/дл) дан ошмаслиги зарур;

Ҳомиладорликнинг муддатидан қатъи назар қон зардобида креатинин миқдорининг прогрессив ошиб борганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


62.

Ягона буйрак (туғма ёки нефрэктомиядан кейин), азотемия, артериал гипертензия, сил, пиелонефрит, гидронефроз




Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқима касалликлари

63.

Туғма кўп сонли артрогриппоз




64.

Ахондроплазия




65.

Дистрофик дисплазия




66.

Ахондрогенезия




67.

Тугалланмаган остеогенез




68.

Қўл-оёқнинг туғма йўқлиги




69.

Ревматоид васкулит


Ҳуруж даврида



70.

Бошқа аъзолар ва тизимлар иштирокидаги ревматоид артрит


Ҳуруж даврида


Ҳаёт учун муҳим аъзоларни зарарловчи юқори фаоллик бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


71.

Катта ёшдаги шахсларда ривожланадиган Фелти синдроми, Стилл касаллиги


Ҳуруж даврида



72.

Тугунли полиартериит


Ҳуруж даврида ва (ёки) оғир кечиши


Хавфли гипертензия, кўп аъзолар зарарланиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


73.

Ўпкани зарарловчи полиартериит (Чердж-Стросс)


Ҳуруж даврида


Ўпка зарарланиши ва қон туфлаш натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


74.

Вегенер гранулематози


Ҳуруж даврида ва (ёки) оғир кечиши


Ўпка ва буйраклар зарарланиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


75.

Аорта ёйи синдроми (Такаясу) (носпецифик аортоартериит)


Оғир кечиши


Қон айланиши етишмовчилиги симптомлари билан кечувчи юрак аортал клапанлари зарарланиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


76.

Тизимли қизил бўрича


Ўткир кечиши, жараён юқори фаолликда сурункали кечиши, ҳаётий муҳим аъзоларнинг зарарланиши


Буйраклар (нефротик синдромли нефрит), марказий асаб тизими (психоз, эписиндром), юрак (эндокардит, перикардит), ўпка (пневмонит, плеврит) зарарланиши ёки функцияларининг бузилиши ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


77.

Дермато(поли)миозит


Ҳуруж даври ва (ёки) узоқ вақт глюкокортикоидлар катта дозаларини талаб этадиган терапия



78.

Кучайиб борадиган тизимли склероз (тизимли склеродермия)


Жараённинг юқори фаоллигида ўткир ва сурункали кечиши


Буйрак, ўпка, юрак зарарланиши, функцияларининг бузилиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


79.

Қуруқ синдром (Шегрен)


Ҳуруж даврида


Буйрак, ўпка зарарланиши, гипергамма ва (ёки) криоглобулинемик пурпура натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


80.

Бириктирувчи тўқиманинг аралаш касаллиги


Ҳуруж даврида

Ўпка, буйрак, юракни зарарловчи юқори фаоллик натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


81.

Анкилозловчи спондилит (Бехтерев касаллиги)



Қон айланиши бузилиши аломатлари билан кечадиган аортал қопқоқлар зарарланишида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


Ҳомиладорлик, туғруқлар ва туғруқдан кейинги давр

82.

Елбўғоз



Елбўғоз 2 йилдан кам бўлмаган муддатда аввал ўтказилган бўлса, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.


83.

Хорионэпителиома




84.

Стационар шароитда даво чоралари ўтказилганлигига қарамасдан ҳомиладорлик даврида давомий кучли қайд қилиш



Даво муолажаларининг ҳомиладор аёл ҳолатига мослиги консилиум томонидан баҳоланади.


85.

Ҳомиладорлик даврида тератоген таъсирга эга дори воситаларини қабул қилиш тавсия этилган касалликлар ва ҳолатлар



Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум ва шифокор-генетик томонидан индивидуал равишда қилинади.


Физиологик ҳолатлар

86.

Физиологик ҳолатлар

14 ёшга тўлгунга қадар ҳомиладор аёлнинг физиологик етилмаган ҳолати



Ҳомиладорликнинг йигирма икки ҳафтасигача бўлган муддатда ҳомиладорлик сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади, ҳомиладорликнинг йигирма икки ҳафтасидан кейинги муддатларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи индивидуал равишда консилиум томонидан ҳал қилинади.


            

Изоҳ: Ҳомиладор аёлда мазкур Рўйхатда мавжуд бўлмаган касаллик(лар) аниқланса ҳамда мазкур касаллик(лар) ҳомиладорлик ва туғруқ учун хавф туғдирса ёки ҳомиладор аёл саломатлиги учун жиддий шикаст етказиши мумкин бўлса, ҳомиладорликни суньий равишда тўхтатиш масаласи индивидуал тартибда консилиум томонидан ҳал қилинади.






Низомга

3-ИЛОВА



Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш

учун лозим бўлган ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


1. Амбулатор тиббий варақа (Ф.025/Х)


2. Ҳомиладор ва (ёки) туққан аёлнинг индивидуал варақаси (Ф.111-х)


3. Амбулатория-поликлиника шароитида дори воситаси орқали ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш баённомаси


4. Шифохона шароитида дори воситаси орқали ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш баённомаси


5. Жарроҳлик йўли билан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш баённомаси


6. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш варақаси (Ф.003-1)


7. Ҳомиладор аёлнинг касаллик тарихи (Ф.003/Х)


8. Ҳомиладор аёлнинг туғруқ тарихи (Ф.096/У)


9. Ҳомиланинг ривожланиш тарихи (Ф.097/Х)


10. Консилиум журнали


11. Ҳомиладорликни дори воситалари орқали сунъий равишда тўхтатишга ихтиёрий розилик аризаси


12. Дори воситаси орқали ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш уйда ўтказилган аёлларга ўз-ўзини кузатиш бўйича эслатма


13. Ҳомиладорлиги сунъий равишда тўхтатилган аёлларга ўз-ўзини кузатиш бўйича эслатма


14. Аёлларга маслаҳат бериш мақсадида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни жарроҳлик йўли биланамалга ошириш таърифланган кўргазма ва ёзма материаллар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 30 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 24 август, 33-сон, 387-модда














































Время: 0.2001
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск