ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Машинасозлик /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.09.2018 й. ПҚ-3944-сон "Ўзбекхиммаш заводи" АЖ негизида янги қуюв цехи қуриш билан қуюв ишлаб чиқаришини модериизациялаш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.09.2018 й.

N ПҚ-3944



"ЎЗБЕКХИММАШ ЗАВОДИ" АЖ НЕГИЗИДА

ЯНГИ ҚУЮВ ЦЕХИ ҚУРИШ БИЛАН ҚУЮВ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШИНИ МОДЕРИИЗАЦИЯЛАШ" ИНВЕСТИЦИЯ

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Жаҳон стандартларига мос қуюв маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш, нефтгазкимё ускуналари экспорти ҳажмларини ошириш ҳамда республиканинг нефть ва газни қайта ишлаш саноати инфратузилмасини ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан "Ўзбекхиммаш заводи" АЖ негизида янги қуюв цехи қуриш билан қуюв ишлаб чиқаришини модериизациялаш" инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда - лойиҳа)ни амалга ошириш ҳисобига нефтгазкимё ускуналари учун йилига 4 000 тонна қуйма чиқариш қувватига эга бўлган қуюв маҳсулотларини ўзлаштириш масаласи пухта ишлаб чиқилди;

"Ўзбекхиммаш заводи" АЖнинг ўз маблағлари ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ кредитлари лойиҳани молиялаштириш манбалари бўлиб, уларнинг суммаси "тайёр ҳолда топшириш" шарти билан янги қуюв цехи қурилишига пудратчини тайинлаш ҳамда инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш бўйича танлов асосида белгиланади.


2. Қуйидагилар:

"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБнинг кредити бўйича "Ўзбекхиммаш заводи" АЖ қарз олувчи, "Ўзбекнефтгаз" АЖ эса биргаликда қарз олувчи ҳисобланади;

лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб этиладиган кредитни сўндириш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ сарф-харажатлар "Ўзбекхиммаш заводи" АЖ ва "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Лойиҳани амалга ошириш доирасида "Ўзбекхиммаш заводи" АЖга, истисно тариқасида:

"тайёр ҳолда топшириш" шартларида янги қуюв цехи қурилиши пудратчиси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ танлов асосида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқувчиси билан шартномалар тузишга;

2019 йилнинг 1 июлига қадар муддатда иш ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга;

"Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертизадан ўтказиш маркази" ДУКда экспертизани ўтказмасдан лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишга ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этишга рухсат берилсин.


4. "Ўзбекнефтгаз" АЖ 2018 йилнинг 30 ноябрига қадар муддатда янги қуюв цехининг 2019 йил 1 декабргача қуриб битказилишини ва фойдаланишга топширилишини назарда тутган ҳолда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


5. "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертизадан ўтказиш маркази" ДУК "тайёр ҳолда топшириш" шарти билан янги қуюв цехи қурилишига пудратчини белгилаш бўйича танлов ўтказишнинг техник топшириғини экспертизадан ўтказишни, шунингдек, тузилган шартнома экспертизадан ўтказилиши ва қайд этилишини белгиланган тартибда таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳа-смета ҳужжатлари келишиш учун тақдим этилган санадан бошлаб икки ҳафта муддатда унинг давлат экспертизасини, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан тегишли давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминласин.


7. Лойиҳани амалга ошириш доирасида:

а) "Ўзбекхиммаш заводи" АЖ:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш материаллари, ускуналар, технологик жиҳозлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек, бутловчи буюмлар 2019 йилнинг 1 декабрига қадар муддатда божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан;

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

б) юридик шахслар - Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари - Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали ҳам, тўлов манбаидан ҳам олинган даромадлар бўйича фойда солиғи тўлашдан;

в) хорижий жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари - лойиҳани амалга ошириш доирасида олинган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўлашдан озод қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги қора металлар чиқиндилари, темир-терсакларни тайёрлаш ва фойдаланиш балансини ишлаб чиқишда "Ўзнефтгазмаш" АЖ корхоналарининг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти жараёнида ҳосил бўладиган қора металл чиқиндилари ва темир-терсаклардан "Ўзбекхиммаш заводи" АЖнинг ўз эҳтиёжлари учун тўла ҳажмда фойдаланишини назарда тутсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг буюртманомаларига биноан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг буюртманомаларига биноан, лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинчалик яшаш жойида вақтинча рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда давлат божи ундирмасдан таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг буюртманомаларига биноан, лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар берилиши (муддати узайтирилиши)ни, шунингдек, мазкур хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С. Султонов ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси Б.Б. Ашрафхонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 сентябрь














































Время: 0.1905
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск