язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.2020 й. 501-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 августдаги

501-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган

фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини

етиштирувчи бошқа субъектларга ажратилган ер майдонида

сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва

қоплаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектлар (кейинги ўринларда - қишлоқ хўжалиги ташкилоти) тугатилаётганда ёхуд мақбуллаштирилаётганда, уларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатларни бозор қийматида ҳисоблаш ва қоплаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ер майдонида сарфланган харажатлар - қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ажратилган ер майдонида бажарилган ишлар;


ер майдонида сарфланган харажатларни бозор қийматида қоплаш - қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан белгиланган тартибда ер майдонида сарфланган харажатларни бозор қийматида унинг тегишли ҳисобварағига ўтказиш ёки бошқа шаклда қоплаш;


талабгор - тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер участкасини ижара ҳуқуқи асосида олаётган қишлоқ хўжалиги ташкилоти.


3. Қишлоқ хўжалиги ташкилоти тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда, уларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатларни бозор қийматида ҳисоблаш ва қоплаш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


4. Ер майдонида сарфланган қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:

кўчатлар, кўп йиллик мевали, ҳосилга кирмаган кўчатлар ва манзарали дарахтлар, уларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари;

қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш мақсадида ўрнатилган томчилатиб суғориш тизимлари, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш насос станцияларини ўрнатиш ҳамда ариқ - зовурлар қазиш, уларни таъмирлашга кетган харажатлар (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган субсидия маблағлари бундан мустасно);

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида бажарилган агротехник тадбирлар (ерларни бегона ўтлардан, тош ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, ер майдонларини текислаш, ҳайдаш, экишга тайёрлаш);

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун сарфланган харажатлар, етказиб берилган моддий-техник ресурслар ва кўрсатилган хизматлар бўйича юзага келган қарздорликлар;

ишлаб чиқариш мақсадлари учун бошқа инфратузилма объектлари - газ, электр, оқава ва ичимлик суви, канализация тармоқлари ва йўл қурилишига сарфланган харажатлар;

чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қурилган иншоотлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш ва таъмирлашга сарфланган харажатлар;

қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси доирасида фойдаланишдан чиққан ерларни қайта фойдаланишга киритиш мақсадида сарфланган харажатлар;

жорий йил ҳосилидан пахта хомашёси, бошоқли дон, шоли ва сабзавот экинлари етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ресурслари ҳисобидан ажратилган кредит маблағлари.


5. Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер майдонида сарфланган харажатларнинг бозор қиймати мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилган баҳолаш натижалари асосида аниқланади.



2-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАШКИЛОТИ

ТОМОНИДАН ЕР МАЙДОНИДА САРФЛАНГАН

ХАРАЖАТЛАРНИ БОЗОР ҚИЙМАТИДА

ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


6. Ихтиёрийлик асосида тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган кўчмас мулкни, шунингдек, бажарилган ишлар қийматини аниқлаш учун тегишли баҳолаш ташкилотига мурожаат қилади.

Қишлоқ хўжалиги ташкилотининг кўчмас мулки ёки бажарилган ишлари қиймати баҳоловчи ташкилот томонидан қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ҳисобидан аниқланади. Бунда қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисобидан кўчмас мулкни ёки бажарилган ишлари қийматини аниқлаш харажатлари (кейинги ўринларда - баҳолаш харажатлари) танловда ғолиб чиққан талабгор томонидан қоплаб берилади.

Қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер майдонини мақбуллаштириш ёки уни тугатиш ишлари туман (шаҳар) ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилганда, туман (шаҳар) ҳокимлиги баҳолаш ташкилотига мурожаат қилади ҳамда баҳолаш харажатларини қоплаш туман (шаҳар) ҳокимлигига юкланади. Бунда, туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳисобидан амалга оширилган баҳолаш харажатлари танловда ғолиб чиққан талабгор томонидан қоплаб берилади.


7. Қишлоқ хўжалиги ташкилотига ажратилган ер майдонида жойлашган кўчмас мулк объектларининг қиймати баҳолаш шаклида аниқланади.


8. Баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги шартнома баҳоловчи ташкилот билан туман (шаҳар) ҳокимлиги ёки қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда тузилади.

Баҳолашни амалга ошириш муддати ва бошқа шартлар тарафларнинг келишувига мувофиқ шартномада белгиланади.


9. Баҳоловчи ташкилот ер майдонларида қурилган объектларнинг ёки ер майдонларида сарфланган харажатларнинг бозор қийматини аниқлаш мақсадида тегишли мутахассисларни шартнома асосида жалб этиши мумкин. Бунда баҳоловчи ташкилот туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги бўлимларига мурожаат этади.


10. Туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги бўлими баҳоловчи ташкилотнинг мурожаатига асосан уч кун муддатда баҳолаш учун зарур бўлган барча маълумотларни баҳоловчи ташкилотга тақдим этилишини таъминлайди.


11. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш якуни бўйича баҳолаш тўғрисида ҳисобот (кейинги ўринларда - ҳисобот) тузади.

Баҳоловчи ташкилот шартнома бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида буюртмачига етказилган зарар учун жавобгар бўлади.



3-БОБ. САРФЛАНГАН ХАРАЖАТЛАРНИНГ

БОЗОР ҚИЙМАТИНИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

ТАШКИЛОТИГА ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


12. Баҳолаш қишлоқ хўжалиги ташкилоти ташаббуси асосида амалга оширилганда, баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи нусхаси унга иловалар билан биргаликда ташкилот томонидан туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этилади.


13. Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳисобот ва унга илова қилинган ҳужжатларни икки кун ичида ўрганиб чиқади. Агар туман (шаҳар) ҳокимлигида баҳолаш натижалари бўйича ҳисоботга нисбатан эътирозлар мавжуд бўлса, уч кун муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолаш якунлари бўйича ҳисоботнинг ишончлилиги юзасидан экспертиза ўтказилади.

Экспертиза билан боғлиқ харажатлар баҳолаш натижаларидан норози бўлган тарафнинг маблағлари ҳисобидан қопланади.


14. Туман (шаҳар) ҳокимлигида ҳисобот бўйича эътирозлар мавжуд бўлмаганда, тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер майдони бир кун ичида Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танловга қўйилади ҳамда талабгорларни ҳисоботда кўрсатилган қопланиши лозим бўлган харажатларнинг бозор қиймати ҳақида белгиланган тартибда олдиндан хабардор қилиш таъминланади. Мазкур талаб бажарилмаган тақдирда, ушбу ер майдони бўйича танлов ўтказилишига йўл қўйилмайди.


15. Қишлоқ хўжалиги ташкилотига ажратилган ер майдонида сарфланган харажатларни қоплаш турлари қуйидагилардан иборат:

тижорат банкларининг кредитлари;

бошқа объектни мулк қилиб бериш;

компенсациянинг бошқа турлари.


16. Қишлоқ хўжалиги ташкилотига ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар пул маблағлари кўринишида қишлоқ хўжалиги ташкилотининг банк (депозит) ҳисобварағига ўтказиш йўли билан ёки нақд пул кўринишда қоплаб берилиши мумкин.

Харажатлар нақд пул кўринишида қоплаб берилганда харажатларнинг қоплаб берилганлиги пул маблағларининг қишлоқ хўжалиги ташкилотига кирим қилинганлигини исботловчи ҳужжатлар билан тасдиқланади.


17. Талабгорлар томонидан бошқа мулк объектларини қишлоқ хўжалиги ташкилотига мулк қилиб бериш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар олиб қўйилаётган мулкнинг қиймати қоплаб берилаётган мулкнинг бозор қийматидан ортиқ бўлса, ушбу фарқ талабгор томонидан қишлоқ хўжалиги ташкилотига қоплаб берилиши шарт.


18. Қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер участкасида сарфланган харажатлари ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш танлови натижалари асосида олган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан қопланади.


19. Талабгор танлов ғолиби деб эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида харажатларнинг бозор қийматини қишлоқ хўжалиги ташкилотига тўлиқ тўлаши лозим.


20. Агар талабгор харажатларнинг бозор қийматини белгиланган муддатда тўлиқ қоплаб бермаса, туман (шаҳар) ҳокимлиги кейинги календарь кунидан кечиктирмай қуйидагиларга хат юборади:

танлов ғолибига - у ғолиб деб топилган танлов натижасининг бекор қилинганлиги ҳақида;

ғолибдан кейин энг юқори балл тўплаган талабгорга - танлов ўтказилаётганда таклиф этилган ер участкаси харажатлар қийматини ўн кун мобайнида тўлаш тўғрисидаги таклиф ҳақида.

Агар ғолибдан кейин энг юқори балл тўплаган талабгор ўн кун ичида харажатларнинг бозор қийматини тўлиқ қопласа, у танлов ғолиби деб топилади ва унга мазкур ер майдони ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг қарори билан расмийлаштирилади. Танлов иштирокчиси ўн кун ичида харажатларнинг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бермаса, у харажатларни тўлашдан бош тортган ҳамда танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади. Бунда ер майдони туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан такроран танловга қўйилади.


21. Туман (шаҳар) ҳокимнинг тугатилган ёки мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер участкасини бошқа талабгорга ажратиш тўғрисидаги қарори қуйидагилардан сўнг қабул қилинади:

ер участкасида сарфланган харажатларнинг бозор қиймати, баҳолаш харажатлари тегишли қишлоқ хўжалиги ташкилотининг банк ҳисобварағига ўтказилганида ёки бошқа шаклда қишлоқ хўжалиги ташкилотига тўлиқ қоплаб берилганда;

қишлоқ хўжалиги ташкилоти ер майдонини мақбуллаштириш ёки уни тугатиш туман (шаҳар) ҳокимлиги ташаббуси асосида амалга оширилганда, баҳолаш харажатлари танлов ғолиби томонидан туман (шаҳар) ҳокимлигига тўлаб берилганда.


22. Тугатилаётган ва мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги ташкилотига қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш учун ҳосил йили даврида ажратилган банк кредитларининг, шу жумладан имтиёзли банк кредитларининг қопланмаган қисми танловда ғолиб бўлган талабгорга уч томонлама далолатнома асосида қайта расмийлаштирилади.


23. "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти тугатилаётган ва мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасига лизинг ва кредит асосида берилган қишлоқ хўжалиги техникалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ҳосил йили даврида ажратилган имтиёзли ва тижорат кредитлари (жорий йил пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар) қопланмаган қисми танловда ғолиб бўлган ёки мақбуллаштириш натажасида ер участкаси берилган қишлоқ хўжалиги корхонасига томонларнинг келишувига асосан уч томонлама далолатнома асосида қайта расмийлаштирилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Қишлоқ хўжалиги ташкилоти, талабгор ва туман (шаҳар) ҳокимлиги ўртасида юзага келадиган низо бўйича келишувга эришилмаган тақдирда, ушбу низо суд тартибида кўриб чиқилади.


25. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги

маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектлар

тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда, уларга

ажратилган ер майдонида сарфланган харажатларни

бозор қийматида ҳисоблаш ва қоплаш тартиби бўйича

СХЕМАСИ

  

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич


Фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъект, баҳоловчи ташкилот


Ер майдонида сарфланган ҳаражатларнинг бозор қийматини аниқлаш учун баҳоловчи ташкилотга мурожаат қилади.


Келишувга эришилмаган тақдирда, уч кун муддатда

2-босқич


Баҳоловчи ташкилот


Баҳоловчи ташкилот томонидан ер майдонларида қурилган объектларнинг ёки экин майдонларида сарфланган ҳаражатларнинг бозор қийматини аниқлаш мақсадида тегишли мутахассисларни жалб этиши ёки шу мақсадда туман ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги бўлимига мурожаат этади.


Фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъект билан шартнома тузилгандан сўнг икки кун муддатда








3-босқич


Баҳоловчи ташкилот, туман (шаҳар) ҳокимлиги


Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳисобот ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқади, агар баҳолаш натижалари бўйича тузилган ҳисоботдан норози бўлган тақдирда, ҳисоботнинг ишончлилиги бўйича экспертиза ўтказилади.


Икки кун муддатда

4-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлиги


Туман (шаҳар) ҳокимлиги тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектнинг ер майдони танловга қўйилганда, талабгорларнинг ҳисоботда кўрсатилган қопланиши лозим бўлган ҳаражатларнинг бозор қиймати ҳақида олдиндан хабардор қилинишини таъминлайди.


Бир кун муддатда

5-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлиги, талабгор, фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъект


Талабгор ҳаражатларнинг бозор қийматини тўлиқ тўламаса, туман (шаҳар) ҳокимлиги кейинги календарь кунидан кечиктирмай қуйидагиларга хат юборади:

ғолибдан кейин энг юқори балл тўплаган талабгорга - танлов ўтказилаётганда таклиф этилган ер участкасининг харажатлар қийматини тўлаш тўғрисидаги таклиф ҳақида.

Ғолибдан кейин энг юқори балл тўплаган талабгор ўн иш куни ичида ҳаражатларнинг бозор қийматини тўлиқ тўласа, у танлов ғолиби деб ҳисобланади ва унга мазкур ер майдони расмийлаштирилади.


Бир кун муддатда









Ўн кун муддатда



6-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлиги


Туман (шаҳар) ҳокимининг фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектнинг ер участкасини бошқа талабгорга ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.


Харажатларнинг бозор қиймати фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектга тўлиқ қоплаб берилгандан сўнг

7-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлиги


Танлов иштирокчиси ўн иш куни давомида ҳаражатларнинг бозор қийматини тўлиқ тўламаса, у харажатларни тўлашдан бош тортган ҳамда танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади. Бунда туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан ер майдони кейинги танловга такроран қўйилади.


Бир кун муддатда


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 август