ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Талабалар ва таълим олувчилар /

Атоқли адиблар номидаги махсус стипендиялар ва кўкрак нишонлари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 24.08.2020 й. 502-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 августдаги

502-сон қарорига

3-ИЛОВА



Атоқли адиблар номидаги махсус стипендиялар

ва кўкрак нишонлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом олий таълим муассасаларининг талабаларига адиблар номидаги махсус стипендиялар (кейинги ўринларда - махсус стипендия) тайинлаш ва тўлаш, шунингдек, адиблар номидаги кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Махсус стипендия ва кўкрак нишони тегишли адибга бириктирилган олий таълим муассасасида мазкур адиблар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, фаолиятини ёритиш, илмий тадқиқ қилиш ҳамда тарғиб этиш йўналишида изланиш олиб бораётган, алоҳида фаоллик кўрсатган ўқитувчи ва талабаларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилади.



2-БОБ. АДИБЛАР НОМИДАГИ МАХСУС

СТИПЕНДИЯЛАРНИ ТАЙИНЛАШ

ТАРТИБИ ВА МЕЗОНЛАРИ


3. Махсус стипендия квотаси олий таълим муассасаларидаги факультетлар сонидан келиб чиқиб, ҳар бир факультет бўйича биттадан алоҳида-алоҳида ажратилади.


4. Махсус стипендия қуйидаги мезонларга жавоб берадиган давлат олий таълим муассасалари кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган бакалавриатининг 1-3-босқич ҳамда магистратурасининг 1-босқич талабаларига белгиланади:

махсус стипендия номига таъсис этилган адибнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, фаолиятини ёритиш, илмий тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш йўналишида изланиш олиб бориш;

адабиёт ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўналишида алоҳида фаоллик кўрсатиш;

адабиёт ва китобхонликка доир конференцияларда (танловларда) қатнашиш;

нашр этилган ишларнинг (асарларнинг) мавжудлиги.


5. Махсус стипендия тайинланишида талабгорларнинг ушбу Намунавий низомнинг 4-бандида белгиланган мезонларга мувофиқ билим ва ижодий тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш мақсадида олий таълим муассасаси:

махсус стипендияга талабгорлар орасидан танлаб олиш учун таълим йўналишлари ва адабиёт соҳасидаги мутахассислардан иборат танлов комиссиясини (кейинги ўринларда - Танлов комиссияси) тузади ва унинг иш тартибини белгилайди;

адиблар ҳаёти ва ижоди бўйича тест синовлари (кейинги ўринларда - тест синови) саволларини тасдиқлайди.


6. Талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун факультет илмий кенгашига ҳар йили 20 мартга қадар қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:

синов дафтарчасидан кўчирма (ўзлаштириш кўрсаткичи);

кафедра тавсияномаси;

ижодий (илмий) иш, унинг аннотацияси ва тақриз (мавжуд бўлса);

мураббийнинг фикр-мулоҳазалари;

муайян адиб ҳаёти ва ижоди ҳамда фаолиятини (оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ва бошқа) тарғиботи бўйича материаллар;

муайян адиб ҳаёти ва ижодини, фаолиятини тадқиқ қилиш бўйича республика ва халқаро миқёсдаги журналларда чоп этилган якка муаллифликдаги илмий мақолалар, ўтказилган анжуманлардаги фаол иштирокини тасдиқловчи ҳужжат (асл нусхаси);

ўз соҳаси бўйича халқаро ёки республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришганлиги (мавжуд бўлса) тўғрисида тасдиқловчи ҳужжат.

Барча ҳужжатлар икки нусхада, ҳар бир нусхаси алоҳида жилдга жойланган ҳолда тақдим қилинади. Ҳар бир жилд муқовасида тақдим қилаётган факультетнинг номи, талабгорнинг исми ва фамилияси, ишнинг номи кўрсатилган бўлади.


7. Факультет илмий кенгаши ҳар йили 31 мартга қадар талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, махсус стипендияга номзодларни тавсия этиш, номзодликка талабгорларнинг ўқишдаги ва ижодий (илмий) фаолиятидаги муваффақиятларини баҳолаш учун муҳокамага қўяди.

Муҳокамадан сўнг яширин овоз бериш йўли билан энг муносиб талабгорлар танлаб олинади. Бунда талабгор ва унинг иши учун овоз беришда иштирок этган кенгаш аъзоларининг учдан икки қисмидан ортиғи овоз берганда, номзод талабалар маъқулланган ҳисобланади ва уларнинг номзодини факультет илмий кенгаши Танлов комиссиясига киритиш мақсадида факультет деканатига тақдим этади.

Факультет деканати ҳар йили 10 апрелга қадар номзодларнинг ҳужжатларини Танлов комиссиясига тақдим этади.


8. Танлов комиссияси:

ҳар йили 20 апрелга қадар талабгорлар билан тест синови ҳамда суҳбат ўтказади;

ҳар йили 25 апрелга қадар номзодларнинг сўнгги танловини яширин овоз бериш йўли билан ташкил этади, бунда талабгор ва унинг иши учун овоз беришда иштирок этган комиссия аъзоларининг учдан икки қисми ёқлаб овоз берганда, ушбу номзодни махсус стипендия тайинлаш учун тавсия қилади;

ҳар йили 27 апрелга қадар махсус стипендия тайинлаш учун тавсия этиш тўғрисидаги қарорни олий таълим муассасаси илмий кенгашига тақдим этади.


9. Танлов комиссиясининг махсус стипендияни тайинлаш тўғрисидаги қарори асосида ҳар йили 30 апрелга қадар олий таълим муассасаси илмий кенгашининг қарори қабул қилинади.

Олий таълим муассасаси илмий кенгашининг махсус стипендияни тайинлаш тўғрисидаги қарори ректор буйруғи асосида кучга киради.


10. Махсус стипендияга сазовор бўлган талабаларга ҳар йили 20 майга қадар "Адиблар номидаги махсус стипендия совриндори" гувоҳномаси (кейинги ўринларда - гувоҳнома) берилади.


11. Махсус стипендия талабаларга ҳар йили, бир ўқув йили учун 1 сентябрдан бошлаб белгиланган миқдорга қатъий риоя қилинган ҳолда тайинланади.

Махсус стипендия миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарори 2-иловасининг 2-бандига мувофиқ белгиланади.


12. Талаба ўқишини бошқа олий таълим муассасасига кўчирганда ёки академик таътил олганда махсус стипендия тўланмайди. 4-босқич талабаларига махсус стипендия ўқиган даври учун тўланади.



3-БОБ. АДИБЛАР НОМИДАГИ КЎКРАК

НИШОНЛАРИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

ТАРТИБИ


13. Кўкрак нишони билан олий таълим муассасаларида маданият ва маърифат соҳасини ривожлантириш, адиблар ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда аҳоли ўртасида, шунингдек, дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш борасида юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларининг ўқитувчи ва талабалари тақдирланади.


14. Кўкрак нишони билан ушбу Намунавий низомга мувофиқ олий таълим муассасаси ректори тақдирлайди.


15. Олий таълим муассасасида кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодларни танлаш ва тайинлаш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳ) тузилади.

Ишчи гуруҳ таркибига адабиётшунос олим ва мутахассислар, шунингдек, фуқаролик жамияти институти вакиллари киритилади. Ишчи гуруҳ таркиби олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланади.

Ишчи гуруҳ Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис ва адолатли кўриб чиқилиши учун масъул.


16. Кўкрак нишони квотаси олий таълим муассасаларидаги факультетлар сонидан келиб чиқиб, ҳар бир факультет бўйича биттадан ажратилади.

Олий таълим муассасаларининг таркибий бўлинмалари ва тегишлилиги бўйича деканатлари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни олий таълим муассасасининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлимига ҳар йили 1 апрелга қадар тақдим этади.

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими номзодлар бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда ҳар йили 20 апрелга қадар олий таълим муассасаси ишчи гуруҳига тақдим этади.


17. Кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 1 майга қадар энг муносиб номзодлар тўғрисида якуний хулоса қабул қилинади ҳамда олий таълим муассасаси ректорига тақдим этилади.

Олий таълим муассасаси ректорининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 8 майга қадар чиқарилади.


18. Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 20 майга қадар олий таълим муассасаси ректори томонидан тантанали равишда топширилади.


19. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир марта тўланадиган пул мукофоти оладилар.

Бир марта тўланадиган пул мукофотлари олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан (ўқитишнинг базавий қиймати миқдоридан ошадиган қисмида тўлов-контракт асосида ўқишдан тушадиган тушумлар) ички имкониятлардан келиб чиқиб молиялаштирилади.


20. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.

Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. КЎКРАК НИШОНИНИНГ ТАВСИФИ


21. Кўкрак нишони 0,25 микрон қалинликда олтин рангли мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.

Кўкрак нишонининг марказида адиб қиёфаси акс эттирилади. Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб, юқори қисмида оқ эмаль фонида адибнинг тахаллуси ёки исми ёзилган бўлади. Айлананинг қуйи қисмида адиб қаламига мансуб ҳикматли сўз жойлаштирилиши мумкин. Ҳарфлар баландлиги - 2,2 миллиметр.


22. Кўкрак нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланади.

Кўкрак нишонининг қалинлиги - 3 миллиметр.

Ёзув ва тасвирлар - бўртма.

Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган бўлади.

Кўкрак нишони илмоқ ва ҳалқа ёрдамида беш қиррали қадағичга уланади.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилади.


23. Ҳар бир кўкрак нишонининг тавсифи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишли олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Кундалик дарсларни ўзлаштирмайдиган, ўқув интизомини ва одоб-ахлоқни бузган талабаларни ўқув йили мобайнида факультет кенгашининг тавсиясига биноан олий таълим муассасаси ректори буйруғи асосида махсус стипендиядан маҳрум қилиниши мумкин.


25. Махсус стипендия ва кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича ариза ва шикоятлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 август
















































Время: 0.0179
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск